Ўзинг учун ўл, етим…

Юртимизни чекка қишлоқларига борганимда доим бир хил манзарага кўзим тушади: шароит оғир — уйда электр ҳар доим ҳам бор эмас, сув узоқдан келтирилади, насос билан тортиш учун ток йўқ. Газ йўқлигига эса, 20 йил бўлган. Уйда дарвоза ҳам йуқ ҳатто. Лекин эшикни тагида қоп-қора Каптива туради. Ўтин ёқиб исиниш учун янги Малибуда ўтин ташиётган биродарларимизни расмлари ҳам интернетда роса тарқаган эди.

Агар шу биродарларимиз Каптива ёки Малибуни ўрнига, ҳеч бўлмаганда, Жентра олганларида, нархи орасидаги фарқга биз уйларини қуёш панеллари ёрдамида доимий электр таъминоти билан таъминлаб берар эдик. Гаплашиб қолсак, шароитдан нолишади. Давлат газ ва электр таъминотини эплолмаяпти, деб. Кечирасизлар, давлат сизларга честно айтди: «Газ экспортда, электр ҳам. Кунингни ўзинг кўр, болам» деб.

Мен албатта, бу бойвачча амакиларга қуёш панеллари ҳақида тушунтиришга ҳаракат қиламан. Биласизларми, қанақа жавоб оламан? — Бу нарсалар қиммат ва ўз нархига арзимайди. Қиммат ва ўз нархига арзимайди деганда, менинг кўз олдимга биринчи бўлиб Каптива ва Малибу келади.

Фарзандларимиз дарс қилиши учун шароит яратиш, аёлларимиз кундалик меҳнатини сал бўлсада енгиллаштириш, ҳар қанақанги понтдан муҳим эканлигини бу амакиларга тушунтириш қийин бўлаяпти. Охирги аргумент сифатида: «Ҳали шароитлар зўр бўлиб кетади, ислоҳотлар кетяпти-ку» келтирилади. Блин, балки яхши бўлиб кетар, давлат марказлашган таъминот механизмини тўлиқ йўлга қуяр келажакда. Лекин, қоронғуда китоб ўқишга имкони бўлмаган авлодни нима қиламиз? Ҳамма инвестициялар Каптива ва Малибуга тикилгани сабабли, ривожланмай қолган юқори технологиялар соҳаси ва бизнеси нима бўлади?

Илтимос, тўйлардаги бўлар-бўлмас дабдабаларни қадрият даражасига чиқариб берган опалар, онахонлар, бизнинг технологияларни ҳам трендда бўлиши мумкинлигини ақлсиз эркакларимизга тушунтириб беринглар. Чойхоналарда уйимизга ўрнатилган автоном тизим билан бир мақтаниб ўтиришсин.

Ҳурмат билан, амакиларга бу нарсани тушунтиришдан «сайпал» бўлган олим —

Рустам Ашуров

Биринчи изоҳ

  1. Зур стратегик йул танланибди-аёлларимизни ишга солиш керак…кизларни сепига куёшли батареяларни бериш урф булсин-бу факат бошланиши …

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *