Жокер революцияси: филмдаги яширин маънолар ҳақида

“Мен бутун умрим давомида ўзимга бир савол бериб яшадим: мавжудманми? Мавжудман! Ва сизлар мени тан олишга мажбурсизлар!”

Аслида, бу фильмни DVDда чикишини кутиб, оригинал «озвучка»сида томоша қилмокчи эдим. Овоз — актёрлик маҳоратида катта рол ўйнайди (каламбур бўлиб колди), таржима ҳам кўп ҳолатларда сценарий муаллифининг фикрини тўлиқ етказиб бера олмайди. Лекин фильм кўтарган шов-шув ва қатор биродарларнинг у ҳақида фикр билдиришимни илтимос қилишгани сабабли, куни кеча мен ҳам кинотеатрларимиз кассаларига ўз кичик ҳиссамни қўшишимга тўғри келди (бутун залда мендан ташқари яна иккита одам бор эди, шунга қарамай, кинонинг биринчи қисми давомида шу иккита одамнинг бири билан Жокер фильмнинг охирида Мюррей билан қилган ишини қилгим келиб ўтирди, телефонда ва ёнидаги шериги билан гаплашиб ўтирганидан).

 

— Ҳей, Мюрей, мени бир илтимосим бор.

— Хўш?

— Навбатим келганда, мени Жокер деб эълон қил.

Фильмнинг «революцион» деб баҳолашимга қатор сабаблар бор:

1. Тод Филлипс (фильм режиссёри) комикслар жанрини реализм борасида янги чўққига олиб чикди. Ноланнинг трилогияси ҳам бу борада катта қадам эди, лекин у ерда асосий қаҳрамоннинг резинка қулоқлари ушбу реализмнинг катта қисмини ўлдириб турарди. Бу фильмда эса комикс персонажлари ва уларнинг тарихи — шунчаки антураж, режиссёр ушбу антураж орқали асл комикс вокеаларига деярли алокаси бўлмаган, буткул ҳаётий ва биринчи ўринда бугунги ижтимоий-сиёсий воқелик ҳақида сўз олиб борган (Артур Флек шахсий қиссаси орқали ёритиб). Очиғи, комедиялар режиссёридан бунақа жиддий ижтимоий драма кутмагандим, қойил колмай илож йўқ.

“Юзига ниқоб тақиб олган одам — қўрқоқдир! Улар шундай — биз каби ҳаётда кўп нарсага эришганларга ҳасад қилишади ва ўзларига жой топа олмайдилар. Мен бунақаларни масхарабоз деб атайман” (Томас Уэйн)

2. Яна бир революцион ёндашув — асл комикс қаҳрамонларининг умуман бошқача, аксил қиёфада акс эттирилгани. Брюс Уейн (Бэтмен)нинг отаси бу ерда олийжаноб, саховатпеша меценат ва олим эмас, реал хаётдаги прототипларига анча яқинроқ бўлган циник, оддий аҳолини бир тийинга олмайдиган, ўз фойдасидан бошқасини ўйламайдиган капиталист-олигарх сифатида очиб берилган. Жокер ҳам комикслардаги ўзига ишонган, ҳеч қандай принципларсиз «хаос элчиси» эмас, балки шафқатсиз капиталистик жамиятга қарши бир ўзи қолган ва ушбу курашда мағлуб бўлаётган чорасиз, қашшоқ ва касал инсон (ўзи каби миллионлаб инсонлар қатори).

3. Ва охирги сабаб — фильмдан бугунги кунда бутун дунё бўйлаб тобора кучайиб бораётган нотенглик (99% аҳоли камбағаллашиши ҳисобига энг бой 1%нинг тинмай бойиб келиши) ва у келтириб чиқараётган РЕВОЛЮЦИОН ШАРОИТ ва унинг доимий шериклари бўлмиш оммавий депрессия, чорасизлик ва ғазаб кайфияти уфуриб туради. Мен фильмни асосан ушбу жиҳатдан таҳлил қилишга ҳаракат қиламан.

Умид қиламанки, менинг ўлимим бутун борлиғимдан кўра кўпроқ маънога эга бўлади”

Фильмнинг асосий ғояларидан бирини Артурнинг психиатри оғзидан эшитишимиз мумкин: «Уларнинг (капиталистларнинг) сизга ва, айниқса, менга (психиатр негр эканлигига эътибор беринг) тупургани бор».

Ва психиатрнинг Артурга қулоқ солмаётгани сабаби — унинг Артурга нисбатан бефарқлигидан эмас, балки психиатрнинг ўзи ҳам худди Артур каби капиталистик жамиятнинг қурбони эканлигидандир — у яқинда ишсиз колишини билади ва бундай вазиятда уни кўпроқ ўз оиласи олдида турган муаммолари қизиқтиради (иқтисодий инқироз шароитида капиталистик жамиятда ишсиз қолишдан ёмон нарса йўқ). Артурнинг Брюс Уейн (булажак Бэтмен) билан суҳбати пайтида уларни ажратиб турувчи панжара ҳам ижтимоий синфларни бир-биридан ажратиб турувчи жарликни ифодалайди. Эътибор беринг, бу жарлик (панжара) айнан Брюс Уэйн акс эттирувчи ижтимоий синф томонидан ўрнатилган. Ва жамиятдаги «Жокер»ларни (яъни, ушбу образда акс этувчи жиноятчилик, оммавий психоз, норозичилик ва руҳий-маънавий тубанлашувни) айнан мана шу Уэйнлар, яъни Бэтменнинг ўзи келтириб чиқаради (ана холос!). Шу сабабдан хам Бэтмен (капиталист образи) ҲЕЧ ҚАЧОН Жокерни (капитализм келтириб чиқарувчи нотенглик ва, ўз навбатида, шу нотенглик келтириб чиқарувчи жиноятчиликни) юта олмайди, ҳатто комиксларда. Жокер — Бэтменнинг «альтер-эгоси». Бири йўқолиши учун иккинчиси ҳам йўқолиши керак. Яъни, нотенглик йўқолиши учун биринчи ўринда капиталист (аниқроғи, хусусий мулкчилик) йўқотилиши керак.

“Сизлар ўзларингизни катта тизим деб ҳисоблайсизлар. Нима яхши, нима ёмонлигини сизлар ҳал қиласизлар. Худди шу тариқа нима кулгили-ю, нима кулгили эмаслигини ўзингиз белгилаб беринглар!”

Артурни (ва у акс эттирувчи камбағал меҳнаткашларни) жамиятда ҲЕЧ КИМ кўрмайди. Ва у бу фикрни кино давомида қайта ва қайта такрорлайди: «Мен умр бўйи тирик ё ўликлигимни билмай келганман» (бутун умрининг мазмуни — эрталабдан кечгача меҳнат қилишдан иборат бўлган ва бундан қандайдир бахт ё кўнгил тўлиши ҳиссиётини сезмай ўтувчи миллионлаб меҳнаткашлар ҳам ўзларига худди шу саволни беришлари мумкин). Ва қуйи табақалар меҳнати ҳисобига бойликка кўмилиб юрувчи юқори табақа ўша қуйи табақа вакилларини кўришни ҳам, борлигини билишни ҳам истамаслигини қатор саҳналар очиб берган. Масалан, финалдаги ток-шоуда Артурнинг: «Намунча мен отиб ўлдирган бу учта иқтисодчига жонларинг куйиб қолди? Агар улар ўрнида мен ерда ётган бўлганимда, устимдан хатлаб ошиб ўтиб кетардиларинг!» репликасида ёки Артурнинг Томас Уейн билан ҳожатхонадаги суҳбатида. Уэйн Артурни буткул игнор қилишга уринади, Артур (меҳнаткашлар) овозини кўтариб, ўзининг борлигини билдиришга уриниши биланок, Томас (капиталистлар) унинг башарасига яхшигина мушт туширишида ҳам чуқур символизм бор. Ва қачонки БИТТА одам овозини кўтарар экан, унинг овозини «ўчириб қўйиш» нақадар осонлиги, бу овоз МИНГЛАБ одамлар томоқларидан бир ҳайқириқ бўлиб чиққандагина унга тепадан кимдир қулоқ сола бошлаши ҳам кўрсатилган.

Айтганча, шу пайтда ушбу ҳожатхона жойлашган кинотеатрда Чарли Чаплиннинг «Янги замонлар» фильми кетаётганини кўришимиз мумкин, унда ҳам капитализм шароитида ишчиларнинг аянчли аҳволи зўр очиб берилган.

Яна бир штрих — бутун шаҳар (жамият) ахлат ташувчиларнинг иш ташлагани сабабли ахлатга тўлиб кетган. Бу ахлат ўз навбатида каламушлар армиясини келтириб чиқарган, шаҳар турли касалликлар эпидемияси олдида турибди. Лекин эътибор беринг, бу ҳолатдан ким қийналяпти? Томас Уэйн ва бошқа мирзакаримбойларми, ё оддий халқми? Ушбу муаммони Томас Уэйн бемалол мэр бўлмасдан ҳам ҳал қилиб бериши мумкин (масалан, иш ташлаш намойиши ўтказаётган ишчиларнинг маошларини ошириб), лекин у учун ахлат муаммоси — шунчаки ўз сиёсий кучини ошириш ва бу орқали бойлигини янада орттириш имконияти, холос (сайловлар вақтида берилувчи ваъдаларнинг ҳокимиятга эришилгандан кейинги тақдири ҳаммага маълум).

Режиссёр Артурни атайин «сиёсатга аралашмайдиган» қилиб кўрсатган ва бунга алоҳида урғу берган. Бу ҳолатни «сен сиёсатга аралашмаганинг билан, сиёсат ҳар доим сенинг ҳаётингга аралашиб боради» иборасига ёрқин иллюстрация, деб баҳолашимиз мумкин. Бундан ташқари, сиёсатдан узоқ одамларнинг аксариятига хос инфантиллик (ёш болача фикрлаш) ҳам Артур, ҳам унинг онаси мисолида кўрсатиб берилган.

“Психикаси бузилган инсонни уни доимо рад этадиган ва уни ахлатдек хор қиладиган шафқатсиз жамиятга топширсанг, якунда нималар бўлишини биласанми? Бир кунмас бир кун у «портлайди» ва сен ўзингга лойиқ бўлган муносабатни кўрасан!”

Мавжуд жирканчли ва тобора тубанлашиб борувчи воқеликда Артур (ва у акс эттирувчи меҳнаткашлар синфи) олдида икки йўл ётади:

  • ё қандайдир гўзал иллюзиялар (нафақат бу дунёга тегишли), пуч орзу-ҳаваслар, фаразий ютуқлар орқали ўзини-ўзи алдаб юриш (Артурнинг севгилиси, кумири шоусида биринчи қатнашуви — қуруқ фантазия маҳсули) — бунда гигант фармацевтик корпорацияларга миллиардлаб даромад келтирувчи минг хил антидепрессант таблеткалар жуда қўл келади (фильмда Артур уларни ҳовучлаб ютиб ётади) ва ақлдан озишда давом этиб, реал воқеликдан тобора узилиб бориш;
  • ё бошқа меҳнаткашлар билан бирлашиб, ўз ҳақ-ҳуқуқлари ва бахти учун курашиш.

Иккинчи йул борасида ҳам фильмда жуда аниқ қонуният акс эттирилган: магар оммавий ҳаракат ортида қуруқ ғазаб, норозичилик ва «ижтимоий қасос» ётиб, ҳеч қандай позитив, яъни мавжуд воқеликни яхши томонга тубдан ўзгартирувчи СИЁСИЙ ДАСТУР (ва ушбу дастурни амалга оширувчи орган — сиёсий партия) ётмас экан, бундай норозичилик ҳаракати тепасига лидерлар сифатида «психопатлар» (ё бошқа капиталистлар) келади. Улар эса, табиийки, меҳнаткашлар ҳаётига ҳеч қандай ижобий ўзгариш олиб кела олмаслиги аниқ, қуруқ талон-тарож қилинган дўконлар, иккала томондан кўплаб ҳалок бўлган одамлар ва энг бой 1% нинг янада бойигани қолади, холос (тарихий жиҳатдан янги мисоллардан бири — Украинадаги ҳодисалар).

Умуман олганда, Артурнинг адолатсизлик ва нотенглик жамиятидаги тақдирини Маяковскийнинг «Единица! — Кому она нужна?!» шеъри яхши очиб берган (уни интернетдан топиб, ўқиб кўришни тавсия қиламан). Ёлғизликда инсон — фақат ақлини йўқотиб, секин-аста жинни-телбага айланиб бориши мумкин, холос (бунда жиннилик — ҳар хил шаклда акс этади). Шундай экан, ҳар бир меҳнаткаш олдидаги йўл битта — фақат ўзининг эмас, ҲАММА меҳнаткашларнинг бахти учун курашиш. Бунга эришишнинг эса БИРЛАШИШдан бошқа йўли йўқ (ва политэкономия қонунларини ўрганиб чиқиш ҳам, албатта).

P.S. Фильмга ўша капиталистлар эгалик қилувчи масс-медиа гигантлари муносабати ҳам жуда намунали:

𝗡𝗲𝘄-𝗬𝗼𝘂𝗿𝗸 𝗧𝗶𝗺𝗲𝘀: «Фильм — муҳокама қилишга арзимайдиган, реал ҳаётга умуман алоқаси йўқ, иккинчи навли ясама фильм».

𝗚𝘂𝗮𝗿𝗱𝗶𝗮𝗻 (Британия): «Фильм — йилнинг энг катта муваффақиятсизлиги».

Кимдир хавотир ола бошлаганга ўхшайди.

Мирзиёд Мирусманов

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Этот сайт использует Akismet для борьбы со спамом. Узнайте как обрабатываются ваши данные комментариев.