Жиноятчи қўлга олинди, адолат-чи?

Самарқанд вилоят ҳокими Туробжон Жўраев қурилиш фирмалари раҳбарларидан ҳар бир қурилаётган уй учун белгилаб қўйилган “ставка” бўйича пора олганликда айбланиб, қўлга олинди. Фирма раҳбарлари унга қанча пора бергани ҳақида кўрсатма бераётгани айтилди.
Хўш, Т.Жўраевга қураётган уйи учун пора бермаган уйсозлар-чи? Пора бермагани учун тазйиққа учраган тадбиркорлар-чи? Уларга қўйилган босим ҳам олиб ташланадими?

Валинеъматлари қамоққа олинганидан чўчиб, айрим “тадбиркор”лар чет элга жуфтак ростлагани ҳам айтилди. Энг қизиғи, уларга “қочишни” айнан ҳокимлик вакиллари “таклиф” қилган. Ана шундай таклифни Самарқандда илк хусусий банк – “Умарбанк”ни ташкил қилган тадбиркор, қурган уйлари билан тилга тушган, самақандликлар меҳри, муҳаббатини қозонган, хайрия ишлари билан тилларда достон бўлган Умар Ражабовга ҳам секин “шипшитишди”. “Нега мен она ватанимни ташлаб, чет элга қочишим керак? Нега қочсам, ўзимга яхши бўлар экан? Мен Т.Жўраевга ҳам, бошқа бирортангга ҳам бир сўм пора бермаганман. Бандасининг олдида ҳам, Аллоҳнинг олдида ҳам юзим ёруғ, қўлимни пора билан булғамаганман”, деди У.Ражабов. Бундан ташқари айнан пора бермагани учун тазйиққа учраганини, унга вилоят ва шаҳар ҳокимликлари томонидан босим ўтказилаётганини айтди.

Биз бу босим нималардан иборатлигини билиш мақсадида Умар Ражабовни ахтариб бордик. Даҳбед кўчасида қурилган иморатлар ҳовлисида шу уйларда истиқомат қилаётган одамлар билан суҳбатлашиб туришган экан.

− Туробжон Жўраев бир неча марта орага одам қўйиб, қураётган иморатларим учун пора сўради, − деди Умар Ражабов. – Эшитдим, ҳар бир уйнинг белгилаб қўйилган “шапка”си бор экан, аммо мен бу одам вилоятга келгунча ҳам тадбиркор эдим ва аввалдан охир бирор инсонга пора бермасдан, ҳалол ишлашга ўрганганман. Мустақилликнинг бошидан бошлаб шу эл, шу юрт учун жоним борича хизмат қилиб келаяпман. Тадбиркорлигимни биринчи президентимиз Ислом Каримов ҳам олқишлаб, менга оқ йўл тилаган эдилар. Яратилган имкониятлардан фойдаланиб, кўп яхши ишлар қилдим. Биринчи бўлиб, хусусий банк ҳам қурдим. Афсуски, кейин бошланган сиёсий, иқтисодий найранглар боис “Умарбанк” номли банкимни ҳам тортиб олишди, мен қурган кўп бинолар ҳам кимларнингдир мулкига айланиб кетди.

Умар Ражабов нималарга эришди?

Мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ Умар Ражабов хусусий тадбиркорлик йўлини тутди. У ишлаб чиқариш ва савдо-сотиқ соҳаларини қамраб олган корхоналар ташкил этишга киришди. Самарқанд шаҳрининг Даҳбед ва Рўдакий кўчалари кесишган жойда пластмасса буюмлар ишлаб чиқарадиган цех ҳамда тикув цехи, савдо дўкони ва маиший хизмат кўрсатиш корхоналари ташкил этди. Ёш тадбиркорнинг муваффақияти тез орада нафақат вилоятда, балки бутун мамлакат бўйлаб ёйилди.
Умар Ражабовнинг довруғи шунчалик тарқалдики, 1994 йилнинг 15 январида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов унниг корхонасида бўлиб, бу ерда амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди ва “Тадбиркорликни Умар Ражабовдан ўрганинглар, мана шундай оловқалб йигитларни қўллаб-қувватлаймиз”, деди. Бу сўзлар телевидение орқали намойиш қилинди.
Президент далдасидан мадад олган тадбиркор 1994 йилнинг 1 августида “Умар” хусусий тижорат банкига асос солди. Банк тез орада мижозлар сонини кўпайтирди ва тадбиркорлар учун ишончли молиявий муассасаларидан бирига айланди. Банк кенгаши раиси ва “Умар” хусусий тижорат ишлаб чиқариш фирмаси директори вазифаларида ишлаган иқтисод фанлари номзоди Зоҳир Ҳайдаров 1996 йилда Ўзбекистонда “Йилнинг энг яхши тадбиркори” танловининг ғолиби бўлди.
Бу орада “Умар” акциядорлик хусусий тижорат банкига айланган муассаса 2000 йилда “Ипак йўли” акционерлик инновацион тижорат банкига қўшилди. Айни пайтда у “Ипак йўли” АИТ банки “Умар” минтақавий филиали сифатида фаолият юргизмоқда.
Умар Ражабов ўз фаолиятининг дастлабки давридан бошлаб ишлаб чиқариш соҳасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратди. Чўпонота мавзесида ташкил этилган ишлаб чиқариш мажмуаси қарийб 14 гектар ер майдонини эгаллаган бўлиб, олдин у ташландиқ жой эди. Бу майдон чиқиндилардан тозаланиб, текисланди ва айни пайтда бу ерда ташкил эдилган мажмуа 17 та цехни ўз ичига олади. Уларда 200 нафарга яқин ишчи меҳнат қилмоқда. Улардан бир қисми касб-ҳунар коллежи битирувчиларидир.
Корхонада пишиқ ғишт, темир-бетон маҳсулотлари, мармар, ювиб тозаланган қум, асфальт, оҳак, бетон блоклар, йўлакларга қоплаш учун ишлатиладиган плиткалар, мармар, гранит ва травертиндан қурилиш материаллари ишлаб чиқарилмоқда. Мажмуада, шунингдек, техника воситаларини таъмирлаш учун ташкил этилган токарлик цехи ҳам ишлаб турибди.
Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар тўласинча “Умар” ишлаб-чиқариш ва қурилиш корпорацияси таркибидаги “Афросиёб Хосият бегим макони” МЧЖ олиб бораётган қурилишларда, яъни ўз эҳтиёжи учун ишлатишга мўлжалланган. Яқин келажакда арматура ва цемент ишлаб чиқаришни ҳам режалаштиришган.
Яна бир йирик ишлаб чиқариш мажмуаси Кимёгарлар қўрғонида ташкил этилмоқда. Бу ерда 27 гектар майдонда 10 та корхона қурилиши мўлжалланган. Бу ерда қумдан 100 атмосфера босимида пресслаш йўли билан мустаҳкам ғиштлар, черепицалар ишлаб чиқарилади. Ҳаммаси бўлиб ушбу корхоналарда 120 кишининг иш билан таъминланиши кутилмоқда. Уларнинг тўртдан бир қисми касб-ҳунар коллежи битирувчилари бўлади.
Умар Ражабов Рўдакий кўчасида жойлашган Самарқанддаги энг эски ғишт заводини сотиб олиб, уни тўла қайтадан тиклади. Объектда ўнлаб ишчилар кенг кўламдаги қурилиш ишларини олиб борганлиги натижасижа у тезда ишга тушди. Заводда лойдан бошлаб хом ғишт тайёрлаб беришгача бўлган барча босқичларни ўз ичига олган линия ҳамда хумдон ўрнатилди. Булардан ташқари, яна чинни идишлар ишлаб чиқарувчи цех ҳам ишга туширилади.
Умар Ражабовни машҳур қилган иши у қурган арзон, аммо қулай ва, энг муҳими, мустаҳкам ва кўркам уйлардир. “Афросиёб Хосият бегим макони” МЧЖ Самарқанд шаҳрининг учта мавзесида кўп қаватли уйлар барпо этмоқда. Даҳбет кўчасида бунёд этилаётган уйларнинг бир қисми тайёр бўлди. Бу ерда уй соҳиблари учун барча шароит муҳайё этилган. Аҳолига максимал қулайликлар яратиш мақсадида ва ер майдонининг қимматлигини инобатга олиб, кўп қаватли уйларнинг остидан ҳам унумли фойдаланилган. Ер остининг биринчи қаватидан автомобил тўхташ жойи, иккинчисидан савдо ва хизмат кўрсатиш мажмуалари ўрин олган.

Бешта кўп қаватли бинолар уйғунликда бир қурилиш мажмуасини ташкил этади. Бу ўзига хос шаҳарчада истиқомат қилаётганлар учун барча шароит муҳайё этилмоқда. Ўқув марказлари, спорт майдончалари, сув ҳавзалари, ресторану тўйхоналар, нонвойхона хонадон соҳиблари хизматида бўлади. Уйларда ёзда салқинликни, қишда иссиқликни сақлаш мақсадида уларнинг деворлари стекловата ва фольга билан ўралиб, устидан травертинадан тайёрланган плиталар ётқазилган.
Компания қурувчилари ишининг сифати, бинолар дизайнининг ўзига хослиги бу ерда амалга оширилаётган ишлар овозасини бошқа шаҳар ва вилоятларга ҳам тарқатди. Уй-жой қурилишини келиб кўрувчилар сони ортиб бормоқда. Ҳатто аниқ таклифлар ўртага ташланмоқда. Масалан, Пастдарғом тумани ҳокимлиги туман маркази Жума шаҳрида кўп қаватли уйлар қуришни сўраб, Умар Ражабовга мурожаат қилди. Айни пайтда Жумада кўп қаватли уй, болалар боғчаси ва ўрта макатаб учун спортзал қурилиши давом этмоқда.
Умар Ражабовга Қарши шаҳри ҳокими мурожаат қилиб, уй-жой ҳамда савдо ва маиший хизмат объектлари мажмуаси қуришни таклиф қилди. Тадбиркорнинг сўзларига қараганда, Қаршида унга барча керакли шароит яратиб берилган ва у ўз фаолияти давомида ҳеч қандай тўсиққа дуч келмасдан қурилиш ишларини олиб бормоқда.

Хайрия тадбирлари

Умар Ражабов фаолиятининг дастлабки йилларидан бошлаб шаҳар ва вилоят миқёсида ўтказилаётган хайрия тадбирларида иштирок этиб келмоқда. Бундан ташқари, ўз ташаббуси билан ҳам “Меҳрибонлик” ва “Саховат” уйларига, боқувчисини йўқотган оилаларга мунтазам ёрдам беради. Қабристонларни ободонлаштиришга сезиларли ҳисса қўшади.
Мустақиллигимизнинг дастлабки пайтида, хусусий тадбиркорликка энди оёққа тураётган бир пайтда Умар Ражабов деярли 10 йил давомида Самарқанднинг “Динамо” футбол жамоасига ҳомийлик қилган эди. Даҳбед кўчасидаги спорт зали 18 йил вилоят каратечилари ихтиёрига бериб қўйилди. Спортчиларнинг халқаро мусобақаларда иштирокига ҳомийлик қилди. Улар мусобақаларда ғалаба қозониб, шода-шода медаллар билан қайтганда, ўзида йўқ хурсанд бўлди.
“Умар” компанияси марказий истироҳат боғида бунёд этилган амфитеатр қурилиши ва қайта таъмирлашида фаол иштирок этди. Кўп йиллар давомида “11-Меҳрибонлик уйи”га ҳомийлик қилди, Сўзангарон маҳалла маркази биносини қуриб берди.
“Афросиёб Хосият бегим макони” МЧЖ Самарқанд банк коллежи учун янги замонавий бино қуриб беришни режалаштирган.
Умар Ражабов 2016 йили “1-Меҳрибонлик уйи” тарбияланувчиларидан 26 нафар ҳамда яқин атрофдаги маҳаллаларининг ночор оилаларидан 6 нафар ўғил боланинг суннат тўйини ўтказиб берди. Болаларга бошдан оёқ сарпо сотиб олинди. Тўй куни уларга совға-салом улашилди. Шу куни тўкин дастурхон тортилди, санъаткорлар, болалар севган мультфильм қаҳрамонлари даврага хуш кайфият улашишди. “1-Меҳрибонлик уйи” ихтиёрига янги қурилаётган уйлардан бир хона ажратиб берили. Уларга битта замонавий автобус ҳадя қилинди.
Умар Ражабов ўтган йили 57 нафар боланинг хайрия суннат тўйини ўтказди ва уларнинг ҳар бирига банкда ҳисоб рақами очиб, унга бир миллион сўмдан пул қўйишни ниятида юрибди. Тадбирга 1-сон Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари, Самарқанд ва Жума шаҳарларидаги саккизта маҳаладан кам таъминланган оилаларнинг фарзандлари таклиф этилган эди.

− Болаларнинг бегонаси бўлмайди, − деди Умар Ражабов. – Бир болани Даҳбед кўчасини кесиб ўтаётганида машина уриб кетди. Ўзим касалхонага қўлларимда кўтариб олиб бордим. Қўлларимга оққан қонга қараб туриб, “Ўша ерда ер ости йўли қураман”, дея аҳд қилдим.

Даҳбед кўчасидаги жуда кўпчилик ўтадиган, машина қатнови ҳам катта бўлган йўл остидан туннел кавлангани, чиройли ер ости ўтиш йўли қилингани ўша пайтда элнинг олқишига сазовор бўлган эди. Кейинчалик Умар Ражабов давлатдан бир сўм таъма қилмасдан ўз маблағидан қурган бу ер ости йўлини ҳам кўмдириб юборишди. Қизиғи, 2018 йилда Самарқанд шаҳрини ободонлаштириш режаси ҳақида маъруза қилган амалдорлар ўша ер ости йўли яна очилиб, замонавий кўринишда иш бошлашини ҳам айтишганда бу ишлар яна Умар Ражабовнинг гарданига юклангани ҳақида лом-мим дейишмади. Ваҳоланки, Самарқандни обод қилиш учун Ўзбекистон Президенти ажратган 50 миллион долларнинг сарф-харажат режалари эълон қилинганда ўша пулнинг каттагина қисми айнан ер ости йўлларини таъмирлашга ажратилгани айтилган эди…

Суҳбатнинг давоми

− Мен пешона терим билан топган ҳалол давлатимни порага сарфлаб, ҳаромга чиқармайман, бунинг ўрнига муттасил равишда топганимнинг бир қисмини хайрия ишларига сарфлайман, етим-есирнинг бошини силайман, − деди У.Ражабов.

— Биринчи президентимиз Ислом Каримов қабри атрофи ободонлаштириладиган бўлганда у ердаги қурилиш ишларида жоним борича иштирок этдим. У ерда бир чойхона қурилиши керак экан. Ҳеч бир тадбиркор гарданига олмади. Вилоят ва шаҳар ҳокимлари бу юқоридан тушган топшириқ, бажармасак, калламиз билан жавоб берамиз деб, чойхона қуришни мендан илтимос қилишди. Бу ишга қаттиқ бел боғладим ва 46 кунда ўзимнинг лойиҳам бўйича кўркам бир чойхонани қуриб битказдим. Энг қизиғи, бу чойхонага эгалик ҳуқуқини берувчи ҳужжатни ҳали ҳам беришмаяпти.
Гўзал чойхона қурилгани учун давлат раҳбарларидан олқиш олган вилоят ҳокими чойхонани кўришга келганида, “Менинг олдимга бош эгиб бормадинг, унутма, сен қурган уйларни битта қолдирмай, ер билан яксон қилдираман”, деди. Кўп ўтмай, ростдан ҳам бирин-кетин турли суд идораларининг шубҳали қарорлари чиқартирилиб, вилоят ва шаҳар ҳокимликларининг вакиллари, суд ижрочилари келиб, мен ҳокимият қарори билан қурган ва қураётган уйларни бузиб ташлашни талаб қила бошлашди.
Яна бир қурилишимиз ҳақида қисқача сўз юритмоқчиман. Бу “Янги бозор”даги 5 қаватли савдо ва маиший хизмат кўрсатиш мажмуи бўлиб, унинг ҳар бир қавати 1500 м2 майдонни эгаллайди. Мажмуа ишга тушгач, унда камида 500 киши иш билан банд бўлади ва давлатга 5-6 миллиард сўм миқдорда солиқ ва тушумлар тушади. Уни хитойлик инвесторлар билан ҳакорликда ишга туширишни режалаштирганмиз. Куни кеча Хитойдан бир гуруҳ тадбиркорлар шу масалада келиб кетишган эди.

Биз Мироншоҳ кўчасида Умар Ражабов қурган, шаҳарнинг кўркига кўрк қўшиб турган, шаҳарда ўхшаши бўлмаган гўзал иморатни кўриб, унинг санъатига, маҳоратига тан бердик. Аммо шундай гўзал бинони нега бузиш кераклигини тушунмадик.

− Бинони бузишга 200 та ишчини олиб келишди, − дейди Умар Ражабов. – Бинонинг гўзаллигини кўриб, бундай янги иморатни бузиш гуноҳлигини айтган 200 ишчининг 190 таси бу ишдан бош тортиб, ўша куниёқ кетиб қолишди. Қолган 10 таси 15 кун уннаб, иморатнинг томини ҳам буза олишмади. Чунки мен бу имоартни 5-10 йил эмас, асрлар бўйи хизмат қилсин, дея мустаҳкам қилиб қурганман.

Умар Ражабовнинг ўзи қурган уйни зудлик билан бузиб беришга ўзини мажбур қилишибди.

− Барча қурувчиларимни жалб қилганимда ҳам бу бинони олти ойсиз буза олмайман, − дейди Умар Ражабов. – Бу қурилишда фақат цемент эмас, цементга меҳримиз ҳам қўшилган.

Бу уйнинг эгалари билан гаплашдик. Фиғонлари фалакка чиққан.

− Тўғри, бу уйни Умар Ражабов қурди, − дейди рус аёли Елена Столярова. – Аммо у уйни ўз пулига қургани йўқ. У бу уйни бизнинг пулимизга қурди. Уйни бузмоқчи бўлаётганлар жавоб берсин, бизнинг пулларимизни ким қайтаради? Кейин ким бизга бундай мустаҳкам ва гўзал уйни қуриб беради? Бошқа қурувчилар қурган, кўчиб кирсанг, умринг таъмирлаш билан ўтадиган омонат қурилган уйларни кўриб юрибмиз-ку? Адолат талаб қиламиз, бу уй бузилмасин!

Даҳбед кўчасидаги уйларнинг яшовчилари билан гаплашдик. Уларнинг айримлари кўчиб киришганига уч йил бўлибди. Уч йилда бу уйларда ўндан ориқ болалар ҳам туғилибди. Умар Ражабов ҳар бир янги туғилган чақалоққа яхши ният билан совға қилишни анъанага айлантирибди.

− Бу уйларга биз энг сўнгги пулларимизни, бир умр йиққан пулларимизни тикканмиз, − деди бир яшовчи. – Бор орзу-умидимиз мана шу уй билан боғлиқ. Бизнинг орзуларимизни яксон қилишмоқчи. Бу уй бузилса, биз қаерга борамиз? Умар ака бизнинг пулларимизни қайтармасликлари аниқ, чунки у киши биз берган пулларни ишлатиб ҳам бўлдилар, пулимизга яраша уй ҳам қуриб бердилар. Уй бузилиб, пулимизни тўлайман десалар ҳам бунча пулни тўлай олмайдилар, буни ҳаммамиз яхши тушунамиз. Бу “қуйма” уйларга даҳшат пул сарфланган.

Ростдан ҳам, бу гўзал уйлар бузилгандан кейин нима бўлади? Яна қайсидир қурилиш фирмаси келиб, бу ерда уй қурадими? Қурмасликнинг иложи йўқ, одамларга уй керак. Аммо энди бунақа мустаҳкам қилиб ким қуради? Қурилган уйларнинг нархи энди қанақа бўлади? Умар Ражабов ҳар квадрат метрига бир ярим миллион сўмдан олиб қурган уйни бузиб, бошқа фирма қурадиган уйнинг квадрат метри неча сўмдан бўлади? Кўриб юрибмиз, “бўл-бўл” билан қурилган уйларнинг ҳам квадрат метри камида уч миллиондан беш миллион сўмгача бўлаяпти. Хуллас, вилоят ва шаҳар ҳокимиятининг бу ғалати ишларига соғ одамнинг ақли етиши қийин.

− Бу иморатларни бузишга ЮНЕСКО халқаро ташкилоти тасарруфидаги ҳудудда қурилганини, шунингдек, қурилиш қоидаларига амал қилинмаганини важ қилиб кўрсатишмоқда, − дейди Зоҳир Ҳайдаров. – Аммо бу қоидалар, важлар барча қурилиш ташкилотлари ва қурилган барча кўп қаватли уйларга бирдек тегишли бўлиши керак эмасми? Ота Турк кўчасидаги собиқ шаҳар ХТБ биноси ўрнида икки қаватли ўрнига саккиз қаватли бино қад кўтарди. Бино билан бошқа бинолар орасида атиги 2-3 метр жой қолган, нега бу бино қурувчиларининг мушугини биров пишт демайди, аслида бу бино Умар Ражабов қурган бинога қарганда шаҳарнинг тарихий қисмига яқинроқ ҳудудда жойлашган. Навоий кўчасидаги 32 мактаб биносини бузиб кўп қаватли уй учун чуқур қазиган “Бекзод Бек Барака” фирмасига нега ҳеч ким нима қилаяпсан, демайди? “Алоқабанки” биноси орқасида, “Кўзмунчоқ” хусусий боғчаси қаршисида 9 қаватли бино қурилиб, фойдаланишга топширилганлигига анча бўлди, бунга ҳам ҳеч ким эътибор қилмаяпти. Нега?

Суҳбатнинг давоми

Ҳаммасига сабаб битта – менинг каттаконларга пора бермаганим, − дейди Умар Ражабов. – Сизга яна битта нарсани айтай, пора бермаганим билан бирорта қурилиш ўрнини шундайгина олганим йўқ. Бирор бинони қуришга қарор чиқаришдан олдин ҳамиша шаҳар ёки вилоят ҳокимияти бирор катта вазифани бўйнимга юклаган. Масалан, Мироншоҳ кўчасида қурган уйимга рухсат беришлари учун эски бинони Самарқанд шаҳар Президент қабулхонаси учун қайта реконструкция қилишни, атрофини ободонлаштириш, кўприкни таъмирлаш, йўлни асфальтлаш каби вазифаларни “илтимос” қилишган эди. Ҳаммасини бекаму кўст бажарганман. Бир тийин олмасдан! Ўз кучим билан! Албатта, бу ишларни “бажарганлари” учун давлат бюджетидан кимлардир қанчалар маблағни ишлатилди, деб “ишлатиб” юборгандир, у ёғи менинг ишим эмас. Фақат шуни айтишим лозимки, бу ишларга 300 млн. сўм пулим кетди.
Қаерда, қайси ишни бошласам, албатта, битта ҳокимият топшириғини бажариб, сўнг бу ишга рухсат олганман. Аммо “ставка”да белгиланган порани бермаганман. Худди шунинг учун ҳам “ставка”даги порани берган қурилиш ташкилотлари қурган меникидан ҳам баланд биноларга биров тегмаяпти-ю, мен қурган уйларни бузишга ёпишишди. Ваҳоланки, қадимий ҳудудда уй қурган, меникидан баланд қилиб қурган қурилиш фирмалари раҳабарлари орқасида қайси амалдорлар турганини ҳам яхши биламан.
Мен ҳақимда қурилиш учун керакли ҳужжатларни расмийлаштирмасдан ишлайди, деган бўлмағур гапларни тарқатишган. Нима қилай, ҳар бир ҳужжат учун неча марталаб вилоят ва шаҳар ташкилотларига мурожаат қилганмиз. Аммо рухсат олиш у ёқда турсин, ҳатто оддий жавоб ололмасдан сарсонимиз чиққан. Ишни бошласам, сифатли қурсам, мутасаддилар инсофга келиб қолар, адолат юзасидан, қўлимга қарамасдан, ҳужжатларни раймийлаштиришар, деб юрган эдим. Афсуски, қаттиқ адашган эканман.

Айрим қурувчи фирмалар бир неча кун ичида ҳужжатларни тайёрлаб беришлари тагида қандай сиру синоат борлигини англагандирсиз?!

− Т.Жўраев йўл қўйган камчиликлар ҳақида эълон қилинган мақолада шундай дейилган: “Жорий йилнинг 1 июлига қадар ишга туширилиши лозим бўлган 16 та йирик саноат лойиҳалари амалга оширилмаган. Вилоят табиий минерал хомашё ресурсларига бой бўлиб, улардан самарали фойдаланиш тўғри йўлга қўйилмаган”. Биз хитойлик ҳамкорлар билан цемент ишлаб чиқарадиган корхона ташкил этиш учун қанча югурдик. Бир йил ўтган бўлса ҳам, керакли ҳужжатларни ололганимиз йўқ, — дейди Умар Ражабов. − Худди шундай вилоятимизнинг бир қатор туманларида гранит, гипс, қум-шағал, мармар, оҳак, бўр каби қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича ҳаракатлар қилдик. Аммо “ўзбошимчалик” билан ҳоким бовага бўйин эгмаганимиз туфайли бу ҳаракатларимиз ҳам зое кетди. Бу йўналишларда қилган ишларимиз ҳақида керакли жойда керакли ҳужжатлар билан боришга тайёрмиз. Хитойлик ҳамкорларимиз биргина Самарқанддаги бирга қиладиган ишларимизга бир ярим миллиард доллар миқдорида сармоя киритишга тайёр эдилар, аммо, афсуски, ҳар ишдан ўз улушини кўзлайдиган вилоят раҳбари шахсан ўзига фойда тегмаслигидан бу ишларга рухсат бермади ва Президент талаб қилиб турган чет элдан сармоя киритиш ишига ҳам тўсқинлик қилди.

Суҳбатнинг охири

Маҳаллий ҳокимиятлардан шунча заҳмат етган, камситилган бўлишига қарамай тадбиркор бировдан ёзғирмайди,бировга чора кўрилишини ҳам талаб қилмайди, у яхши кунлар келишига, ҳамма иш адолат билан ҳал қилинишига умид қилади.

− Мен барибир адолат тантансига ишонаман, − дейди Умар Ражабов. − Ҳаммаси аниқ бўлганидан кейин, бу ишлар учун вилоят ҳокими Туроб Жўраев қамоққа олингандан кейин адолат қарор топади, пишиқ-пухта қилиб мен қурган, ичида юзлаб хонадон соҳиблари яшаб турган биноларни бузмасалар керак, бу ишларга энди инсоф, иймон, ақл, фаросат кўзлари билан қарасалар керак, деган умиддаман. Бундан кейин ҳам эл, юрт учун жоним борича ишлашга, қадим Самарқандни янада обод, кўркам қилишга қўлимдан келганча ҳисса қўшишга шайман. Менга имкон беришса, энг арзон, энг пишиқ уйлардан юзлабини, минглабини қуриб бера оламан. Юрагим ана шундай куч, завқ, шижоат билан тўла!

Ҳокимиятдагилар нима дейди?

Бу ғалати ишларга муносабатларини билиш мақсадида Самарқанд шаҳар ва вилоят ҳокимликларининг мутасадди мулозимлари билан суҳбатлашгани боришни ният қилдим. Аммо …
Аммо улгурмадим. Шаҳар ҳокимининг ўзи “можароли” уйлар олдига келди. Энг қизиғи, одамларнинг фикрини эшитишни истамаган ҳоким бу уйларни барибир буздиришини айтди. Ана шунда бор-йўғидан айрилаётганини тўла ҳис қилган бу уйларнинг яшовчилари жунбушга келди. Оломон йиғилган жойда, биласиз, паст гап ҳам, баланд гап ҳам айтилади. Вазият чигаллашди. Юздан ортиқ куч ишлатар тизим вакиллари, милиционерлар етиб келишди. Баланд гапирганлар “Олиб бориб тиқилиши” айтилганда, одамлар “шок”ка тушди.
Яна энг катта зарба Умар Ражабовга тушди. У … ҳушидан кетиб қолди.
Бу ишлардан асаби бузилиб юрган Умар Ражабовнинг қанд касали хуруж қилиб турган экан, бу воқеалардан қон босими ошиб кетди. Уни “Тез ёрдам” машинаси олиб кетди.
Бу воқеалардан кейин шаҳар ҳокимиятига боришим, воқеа-ҳодисаларга изоҳ сўрашимнинг ҳожати қолмади…

Хулоса

Мана Самарқандда бўлаётган ғалати ишлар ҳақида эшитдингиз. Иморат қурганларнинг сўзларини, “устабузармон”ларнинг важларини ҳам билдингиз.
Хулоса чиқариш сиздан.
Биз эса, Самарқанд вилоятига тайинланган, эл ундан кўп яхшиликларни кутаётган янги ҳоким Эркинжон Турдимов бу ишларда ҳақни қарор топширишидан умидвормиз. Ишонамиз-ки, бу можарога нуқта қўйишга у кишининг кучи етади.
Бундан ташқари ҳамма нарса инсон учун, инсон манфаати учун, дейдиган, доимо элнинг, халқнинг ғамини еётган, одамларга яхши бўлсин, деб қайғурадиган, одамларимиз келажакда эмас, бугун яхши яшасин, деган Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг бу ишларга муносабат билдиришини, бу ақл ишониши қийин ишларга ўз баҳосини беришини, минглаб, ўз пулига уй қурдирган одамлар истаётган адолат тантанасини таъминлаб беришини истаб қоламиз.

Каримберди Тўрамурод, “Fayzbog.uz”нинг махсус мухбири.

Биринчи изоҳ

  1. ДАВЛАТИМИЗДА УЧИНЧИ КУДРАТЛИ ЕВУЗ КУЧЛАР БОРГА УХШАЙДИ. ХАЛОЛ УДДАБУРОН ТАДБИРКОРЛАР ВА БИЛИМЛИ АХЛИ ИЛМЛАРНИ ЖАМИЯТДАН ЧЕТЛАТИШ УЧУН БОР ИМКОНИЯТЛАРИНИ ХАТТОКИ ТЕЛЕВИДЕНИЯНИ ХАМ ИШГА СОЛИШГАН.

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *