Жиноят изидан: Ваҳший МХХ ва Одил Суд

“Қўрқсанг – ёзма! Ёздингми – қўрқма!”

Ана шу шиор билан ижод қиладиган журналист Каримберди Тўрамурод билан Шуҳрат Барлоснинг диалог интервьюси.

Шухрат Барлос:

− Кеча телефон орқали гаплашганимизда жуда жирканчли ва мудҳиш воқеа ҳақида айтиб берган эдингиз. Бу ҳақда ижтимоий тармоқларда пост қўйган эдим. Сал норози бўлибсиз.

Каримберди Тўрамурод:

− Шуҳратжон, ваҳима қилиб юборибсиз-ку? Мен бировга айтманг, деб айтган гапимни дунёга ёйиб юборибсиз. Энди яна миш-миш тарқаб кетади. Тушунмаганлар Каримберди Тўрамурод яна “пиар” қилаяпти, деб ўйлайди, гарчи, бунга менинг эҳтиёжим йўқ бўлмаса ҳам. Бизга чин мухлис бўлган дўстларимиз эса, хавотир олиб қолишади. Яхши бўлмабди.

Шухрат Барлос:

− Ҳожи бобо, ўртада жиноят бор. Агар жиноят ҳақида хабари бўлиб, бу ҳақда тегишли жойга билдирмаган одам ҳам жиноятчининг шериги ҳисобланиши ҳақида хабарингиз борлигига шубҳам йўқ. Ҳеч бўлмаганда бундан хабарингиз борлигига умид қиламан. Кечаги бўлган воқеа нимаси билан сизни жунбушга солди, очиқроқ ёзинг, илтимос!

Каримберди Тўрамурод:

− Ноҳақ қамалгани аниқ бўлган бир йигитни турмадан чиқаришга бел боғлаган эдим, Аллоҳ юзимни ёруғ қилди: кеча суд залидан озод қилинди!

Шухрат Барлос:

− Ака, сиз адвокат ёки ҳуқуқшунос эмассиз. Сиз журналистсиз. Яъни, суд жараёнига фақат журналист сифатида аралаша оласиз. Журналист, кимдир қонундан чиқиб кетган бўлса, уни жазолай олмайди, хато-камчиликни тузатиш учун буйруқ ҳам бера олмайди. Журналист ҳеч кимни ҳуқуқий томондан ҳимоя қилишга ҳам ҳақи йўқ. Журналистга бундай ваколат берилмайди. Лекин муаммога, масалага ёки қандайдир воқеага Қонунчилик ҳокимияти, Ижро ҳокимияти, Суд ҳокимиятининг диққатини жалб қилишга журналистнинг ҳаққи бор. Айнан мана шу эгаллаб турган ҳақ ва ҳуқуқи эвазига давлат бошқарув тизимидаги учта ҳокимиятни ўзига, яъни журналистикага қарам вазиятда ишлашини талаб қилади.
«Тўртинчи ҳокимият» атамаси жамиятдаги ижтимоий фикрга журналистиканинг қанчалик таъсир кўрсата олишини ифодалайдиган абстракт ва лирик атама ҳисобланса-да, оммавий ахборот воситалари жамиятимизда бўлаётган сиёсий-ижтимоий жараёнга нисбатан ҳар бир Ватандошимизнинг диққатини жалб қилиб, унда дахлдорлик туйғусини ўйғота олади, бу унинг вазифаси ва бунга ҳақ-ҳуқуқи ҳам етарли даражада мавжуд. Агар, аксинча журналистика учта ҳокимиятга қарам вазиятда бўлса, давлатда ҳеч қандай ривожланиш юзага чиқмайди. Бу аҳволда давлат тизими коррупция ботқоғидан чиқа олмай пароканда бўлиши мумкин. Бунга тарихдан мисоллар жуда кўп.

Каримберди Тўрамурод:

— Журналистика масаласидаги фикрларингизга қўшиламан. Тўғри, мен адвокатлик қилмадим. Лекин бир бечорани ҳимоямга олмасам бўлмас эди. Ошкора ноҳақликни кўриб, қандай индамай турай?
Адолат чекинган жойда таъмагирлик пора либосини кийиб, хушомад ила безаниб, яхши одамларга ғийбат, бўҳтон балчиғи чапланиб, диёнатсизлик авж олади. Бу ҳолни кўриб, баъзиларда ошкора нафрат, баъзиларда паст товушдаги, пичирлаш даражасидаги норозиликлар авж ола бошлайди. Тепадагилар, иқтидор эгалари бу норозиликларни турли йўллар, куч ишлатар тизимлар орқали, ишдан олиш, қамаш каби қўрқитиш йўллари билан шафқатсиз бостиради. Ана шунда оммавий лоқайдлик бошланади. Бу нарсани ўтган чорак асрда хўп кўрдик. Аммо журналистнинг, агар у пок виждонли бўлса, амал билан, имтиёз билан сийланмаган бўлса, лоқайд бўлишга ҳақи йўқ! Мен умрим етганича, жоним борича адолат тантанаси учун, ҳақ қарор топиши учун курашишга аҳд қилганман. Мени билмаган, танимаган ўқувчиларда ортиқча савол қолмаслиги учун айтиб қўяй: мен умримда мансаб, лавозимга эга бўлмаганман, бунга интилмаганман ҳам. Шунингдек, бирор партияга аъзо бўлмаганман ва бунга интилмаганман ҳам. Давлатнинг бирор мукофотини олмагаман ва бунга интилмаганман ҳам. Энди, ёшим 60 га етганида эса, бунақа нарсаларга на эҳтиёжим бор, на қизиқишим. Энди қиладиган ишларим охират заҳираси бўлишидан умидворман.

Шухрат Барлос:

− Бегона бировнинг ғам ташвишига индамай қараб туролмаслигингизни яхши биламиз. Шунинг учун ҳам кўпчилик сизни ҳурмат қилади. Ҳожи бобо, ўзи нима бўлган эди? Батафсилроқ масалага ойдинлик киритинг. Илтимос.

Каримберди Тўрамурод:

— Бир йигит ўғирлик қилган. МХХ ходими “Бир ўзини қамаш менга ҳеч нарса бермайди, буни уюшган гуруҳ содир қилган жиноят” даражасига олиб чиқсам, унвоним ошади, медаль-педаль ҳам оларман”, дея ғайрат қилади, доимгидек.

Шухрат Барлос:

− МХХ ходими, сиз тавсифлагандек фикрлар асосида “ғайрат” қилганини фақат тахмин қила оламиз, холос. Ҳар доимгидек, бу масалага далил ва исботлар келтириш мушкул. Майли, унинг нима мақсадда терговга аралашганини тегишли идора вакиллари аниқлар. Сиз эса, журналист сифатида воқеа тафсилотлари ҳақида маъумот берсангиз?

Каримберди Тўрамурод:

− Ўғирлик содир қилинган корхона МХХ томонидан қўриқланган. Шунинг учун арзимаган ўғирлик фош бўлганида у ишчини ишдан ҳайдаб қўя қолган корхона раҳбарларини урушган МХХ ходими ўғирлик қилган болани Самарқанд шаҳар ИИБ га олиб боришга ҳам, уни ўзи истагандек тергов қилдиришга ҳам бош-қош бўлади. Хуллас, у ва у тайинлаган терговчилар шу ўғирлик қилган болани уриб-сўкиб, қўрқитиб, ёнида ишлайдиган иккита йигит ҳам шериги бўлгани ҳақида кўрсатма олади. Кейин учала йигитни “зўрлаб”, мен ҳимоясига ёрдам бераётган 4-йигитга қарши кўрсатма ҳам олиб, уни ҳам турмага тиқади. МХХ ходими бошида турган терговчилар йигитлардан кўрсатмани қандай олгани ҳақида ёзсам, этингиз жўнжикади.

Шухрат Барлос:

− Бундай воқеалар Ўзбекистонда содир этилганлиги ҳақида кўп эшитганмиз. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳам ўз маърузаларида бу ҳақда халқимизга айтган эди. Ҳатто-ки, кўпчилик давлат лавозимини суистеъмол қилган генералларнинг погонларини юлиб ташлаганидан ҳам хабаримиз бор. Ўзингиз кўрган ва ўз қулоғингиз билан эшитганларнигина айтиб беришингизни сиздан илтимос қилаяпман.

Каримберди Тўрамурод:

− Сиз шошаяпсиз. Ўзим мақолани эълон қилмагунимча, сиздан мана бу постни олиб туришини илтимос қиламан.

Шухрат Барлос:

− Минг бор узр. Аммо бунинг иложи йўқ. Отилган ўқ орқага қайтмайди, кўтарилган байроқ пастга туширилмайди. Агар бу гапларни мен сизга айтмаганман, деб орқага чекинсангиз, майли, постни олиб ташлашим мумкин. Бу ҳам ҳурмат юзасидан. Лекин бу постни олиб ташлаганимдан сўнг иккинчи қайтиб сиз билан мулоқат қилмаслик шартим бор.

Каримберди Тўрамурод:

− Бу шошиш менинг зиёнимга бўлиши ҳам мумкин. Сабаби, энди МАҒЛУБЛАР тезлашиши, жиддийлашиши мумкин. Шунинг учун мен ҳали бу ғалаба вақтинча бўлгани учун ошкор қилмай турган эдим.

Шухрат Барлос:

− Хабарингиз бор, баъзи бир одамлар Каримберди Тўрамурод айбланувчилардан пул олган, ўзини машҳур қилиш учун пиар (PR) уюштирмоқда, деган сафсата гаплар ҳам ижтимоий тармоқларда изғиб юрибди. Баъзи йигитларимизда сизга нисбатан ишончсизлик бор. Масалан, “биз кўйиб пишамиз, Каримберди Тўрамурод акамизни ҳимоя қиламиз. Лекин, охирида улар келишиб олади, икки ўртада биз ёмонга чиқамиз”, деб турганлар ҳам бор. Таъкидлаш жоиз-ки, сиз ҳаққингизда салбий фикр билдирганлар ҳам йўқ эмас. Масалан, “Беҳудага одамларни таҳликага солаяпсиз! Сиз кабиларнинг режаси маълум! Соддагина ўзбегимнинг миясига, мана шунақа, ҳақ гапни гапирсанг, балога қоласан, ҳаётингга, яқинларинга тажоввуз қилишади, деган фасодни жойлаштирмоқчисиз”, деб ёзган кап-катта ёшдаги, ўқимишли аёллар ҳам бор. Сизнинг фаолиятингиз ҳақида фикр билдирар экан, “Ўзбeкистoндaги xaбapлapни ошкopa ëpитгaнимдa Kapимбepди Tўpaмypoд ДOД дeб ҳyкумaтгa тил тeкизмaнг деб, мени блоклaгaн эди. Демaк, Каримберди Тўрамурод ҳукyмaт билaн биp caфдa ҳapaкат қилaди”, деган кишилар ҳам мавжуд.
Баъзилар эса сиз ҳаққингизда, “Шу инсонни таниганимиздан бери бошлари суддан чиқмайди” пиар қилаяпти, дейдиганлар бор. Ваҳоланки, сиз журналистикага қўл урган ўзбекнинг мард йгитисиз. Шунинг учун, тезкор ҳаракат қилмасак, ўзини омма олдида оқлаб, сизни ёмон отлиққа чиқараман, деб турган душманларингиз сизга зиён етказмаслигига кафолат берсангиз, ҳозироқ постни олиб ташлайман.

Каримберди Тўрамурод:

− “Пиар” деган нарсага эҳтиёжим йўқлигини аввал бошдан айтувдим. Олдинги сафар, яъни Диана Енекеева фожиаси ҳақида ёзганим туфайли бўлган таҳдидларни ҳам ошкор қилмасдим, устозимиз Тошпўлат Раҳматуллаев хавотир олиб, бу ҳақида ёзганларидан кейин, қолаверса, аниқ суиқасдга ҳаракатлар бўлганидан кейин ФБ га ёздим, бир гап бўлса, бу уюштириладиган иш бўлади, деб. Қолгани “Озодлик”, “Бибиси” ва бошқа халқаро ОАВ лар аралашуви билан шов-шув бўлиб кетди. Мана, эндигиси ҳақида ҳам мен ўзингизга “Орамизда қолсин”, деб тайинлашимга қарамасдан буни оммага СИЗ ошкор қилдингиз. Буни паст-баланд гапларни ёзаётганларга сиз айтинг. Мен ҳали-бери бу ҳақда ёзмоқчи ҳам эмасдим. Билиб қўйинг, деб фақат ва фақат сизга атгандим. Унда ҳам ёзишингиз учун эмас!
Айбдорлардан пул олиб ёзган, деганлардан буни исботлашларини талаб қилмайман, аммо Қиёматда талаб қиламан, ўзларига қийин бўлади. Яширмайман, кеча ОЛТИ ЯРИМ ЙИЛГА “КЕСИЛГАН” йигитнинг отаси БИТТА ТАРВУЗ, БИТТА ҚОВУН олиб берди. “Бир борасиз, чой ичамиз”, ҳам деди. “Чой ичиш” учун тупканнинг тубидаги қишлоққа бормаслигимини ақли жойида одам билади. 15 йил журналистлик қилдим, юзлаб қўшиқчилар, шоирлар, ёзувчилар, Ўзбекистон Қаҳрамонлари билан суҳбатларимиз чиқди. Биттаси бир сўм берган бўлса, айтсин! Ака-ука Яҳёбек ва Муҳсинбек Мўминовлардан интервью олганимда ҳайрон бўлишган эди, “Шунақа журналист ҳам бўлар экан-да”, деб. Бўлади. Мендурман ўша! Худога шукур, бандасидан тилим қисиқ жойим йўқ. Кеча Самарқандда Умар Ражабов қураётган чиройли уйлар у пора бермагани учун бузилаётгани ҳақида мақола ёзсам, “Умар Ражабов сизга неча хоналик квартира берди?” деб ёзди биттаси. Мақоламга уй берадиган Ҳотам Тойлар бўладиган бўлса, айтинглар, 20 йил тўхтамай фақат шу одамнинг ишлари ҳақида мақола ёзаман.
“Ҳукуматга тил теккизманг” дегани учун қора рўйхатга тиркалган одам ҳақида. Мен уни эслай олмайман. Ўзи хотирам бузилган. Аммо бўлар-бўлмасга давлатни, ҳукуматни айблайдиганларни ёмон кўраман. Сабзи қиммат бўлди, деб порталга ёзган одамларни соғ деб ҳисобламайман. “Иккита болам “Каптива”да юради, менга машина олиб беришмайди, Мирзиёев қаёққа қараяпти?” деб ёзган ОТАларни мен маънили одам деб ҳисобламайман. Ундайларни қора эмас, қоп-қора рўйхатга тиқаман. Аммо мен умримда бирор ҳукумат билан тил бириктирмаганман. Умримда мен яшаган юртга эгалик қилган еттита подшоҳнинг ҳукуматини кўрдим, бирортаси мени танигани йўқ. Умримда мактаб директоридан катта раҳбар билан қўл бериб сўрашмаган эканман, ўйлаб қарасам. Ҳа, бир марта РайОНОнинг мудири мактабга келганда, ўзи қўл тутган, мен ҳам кўришган эканман. Икки туманнинг ҳокими билан қучоқлашиб кўришаман, аммо улар билан дўст бўлганимда уларнинг ақалли ҳоким бўлишини ҳам билмас эдим. Талабаликдаги дўстларим улар…
Энди таҳдидлар масаласига келсак, тўғри, таҳдидлар бор. Аслида у тўхтаган эмас. Қўни-қўшниларимдан мен ҳақимда маълумот йиғадиганлар кўпайиб қолди. “Қайси йилдан бери соқоли бор?” “Нега узун кўйлак кияди?”, “Уйига кимлар кириб чиқади?” деган саволларни беришибди. Ҳатто “Малибу”ни қаердан олган, деган аҳмоқона саволларни ҳам сўрашибди. Қаердан олардим, салондан олганман-да. “Яхши машинани фақат биз минишимиз керак”, деб ўйлашади, шекилли? 40 йил эшшакдай ишлаган, мен каби бир йўла тўрт жойгача ишлаган, ишдан ортиб, томорқага ҳам экин қилган, даладан ер олиб, тамаки экиб, ундан ҳам даромад қилган одам, икки азамат ўғли Россияда “қора ишчи” эмас, фирмада бош менежер ва иш бошқарувчи бўлиб ишлаётган одам, аслида, самолёт олиши керак. Худога шукур, рўзғоримга ҳаром пул КИРМАГАН!

Кейинги шубҳали ишлар биз Жиззахдаги судда ютиб чиқишимиз билан боғлиқ. Ўша ерда терговчиларга берган қалтис саволларимдан кейин улар менга узоқ тикилиб қолишган эди. Энди билсам, мени “сканер” қилишган экан. Ўша юзлаштиришдан бери менга қизиқиш кўпайиб қолди. Хуллас, яна ҳалиги гап: “Каримберди Тўрамуроднинг уйидан наша чиқибди, қурол чиқибди, ўз жонига қасд қилибди, машинаси ёниб кетибди”, каби гаплар тарқалса, билингларки, бу қасддан қилинган иш бўлади. “Яна ҳоким бова ҳақида бирор салбий мақола ёзсангиз, энди сизни “Озодлик” ҳам, “Бибиси” ҳам, “ФБ” ҳам сақлаб қола олмайди”, деган огоҳлантириш – “Сариқ карточкам” борлигини ҳам унутманглар!

Шухрат Барлос:

− Хўш, шундай аҳвол мавжуд экан, бошингиздан шундай савдолар ўтаётган экан бу нусхалар сизга зиён етказмаслигига қандай кафолат берасиз? Аллоҳ сақласин. Эртага сизнинг бошингизга бу кимсалар бир кулфат ёғдирса, камина сиз ҳаққингизда ёзган постини омма эътиборидан олиб ташлагани учун бутун умр виждон азобида куйиб-ёниши мумкин-ку.

Каримберди Тўрамурод:

− Биз яшаётган мамлакатда биров бировга зиён етказмаслигига ҳеч ким кафолат беролмайди. Айниқса, зиён инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиши керак бўлган кучлар томонидан келиши кутилганда. Аммо Аллоҳдан умидимиз бор, Аллоҳ иймон аҳлини золимларга хор қилиб қўймас. Воқеани катта мақола қилиб, ваъдамга мен ҳам вафо қилиб, бу судьянинг номини Президентга ўқитаман. Аммо бунга озроқ вақт керак, деб ўйлаган эдим. Лекин фикр қилиб қарасам, тезкорлик ва халқнинг қўллаб-қувватлаши менга ёрдам бериши мумкинлигини тушундим. Майли, олиб ташламанг, бир гап бўлса, тургани дуруст экан.

Шухрат Барлос:

− Ҳожи бобо, рухсатингиз билан, агар ижоза берсангиз, суҳбатимизни давом этдирсак.

Каримберди Тўрамурод:

− Чатоқ ҳамкасб экансиз. Сизнинг аргументларингизни тан олмай иложим йўқ. Давом этайлик. Марҳамат.

Шухрат Барлос:

− Ташаккур. Кеча Жиззах судида содир бўлган воқеа тафсилотлари ҳақида маълумот берсангиз.

Каримберди Тўрамурод:

− Худога шукур, менинг “Битта адолатли суд қилиб беринг, номингизни Президент ўқийдиган мақолани мен ёзаман”, деганимда “Сиз сўраган адолатли судни қилиб бераман, Самарқанднинг куч ишлатар тизимларидан ҳайиқмайман!” деган судья мен айтган йигитни суд залидан озод қилди. Биласизми, бу иш Суд тизимида РЕВОЛЮЦИЯ бўлди. Мен иштирок қилган бирор суд ҳали олдинги инстанция ҳукмини бекор қилмаган эди. Бу менинг ҳаётимда БИРИНЧИСИ бўлди. Жиззах судининг бу қарори у йигитни аввал суд қилган, 6,5 йилга “кесиб юборган” судларнинг, инсон қадрини оёқ ости қилиб кўрсатма олган терговчиларнинг ишини БРАК қилди. Тушуниб турибсизки, энди анови “Глдянчилар”ларга чора ҳам кўрилади. Аммо, яхши биласизки, мағлуб бўлганлар унча-бунча одамлар эмас, ўзларини ердаги Худо санаб юрган мансабдорлар. Улар осонликча жон бермайдилар. Улар Олий Судгача чиқиб, нима бўлса ҳам биринчи ҳукм ўз кучида қолишига эришиш учун БОРИНИ ТИКАДИЛАР. Иш жуда катта бўлиб кетишини, суд тизимидаги ЯРАЛАР очилиб кетишини истамаса, ОЛИЙ СУД ҳам уларнинг илтимосини қондириши, шўрлик жабрдийдани яна турмага қайтариб тиқиши ҲЕЧ ГАП ЭМАС. Суд тизимида бундай МЎЪЖИЗАЛАР рўй бериши оддий ҳол.

Шухрат Барлос:

− Айбланувчиларга нисбатан қийноқ ва исканжалар қўлланганлиги ҳақида ҳам маълумотимиз бор. Айбланувчиларнинг номларини ошкор қилмаган ҳолда қандай қийноқлар уларга нисбатан амалга оширилгани ҳақида изоҳ берсангиз, илтимос!

Каримберди Тўрамурод:

− Айбланувчиларнинг бирининг кетига “дубинка” тиқиб, товонига тўхтовсиз “дубинка” билан уришибди. Иккинчиси уйланмаган йигит экан, “Уйланишни орзу ҳам қила олмайдиган қиламиз”, дея совуқда бочкадаги муздек сувга ярим белигача солиб қўйишибди, “ҳалигиси”га икки литрлик “Кола”ни осиб қўйишибди. “Эркаклигимини ҳис қилмаяпман, − дейди бечора йигит. – Ҳалигим шишиб кетган, грижа бўлиб қолди”. Учинчисини айтсам, бизнинг терговчилар Гдляннинг шогирди эканига амин бўласиз: Уни ашаддий каллакесар армани ётган камерага киргизишади ва гомосексуалист армани икки кун бу шўрликнинг орқасига… Учинчи куни мен айтган йигитга қарши кўрсатмага қўл қўяди. (Бу кетишда ҳомиладор бўлиб қолишдан қўрқади…)
Бизнинг талабимиз билан терговчилар билан Жаслиқда ётган маҳбусларни ҳам олиб келтирган судья улар билан юзлаштирди. Ҳаммасини очиқ-ойдин айтиб беришди.
Терговчиларга мен “Бу ишларни Гитлер ҳам қилмаган, ўзимизнинг миллатдан бўла туриб, ўз миллатдошимизнинг кетини арманига тутиб беришга уялмадиларингми?” деган саволларим уларнинг ғашига тегди, албатта. Уларнинг олдинги иккитадан тишлари “ўсиб чиққанинини” аниқ “кўрдим”.

Шухрат Барлос:

− Энди нима қилмоқчисиз?

Каримберди Тўрамурод:

− Ўзи Олий Суд ўз қарорини эълон қилгунча кутиб турмоқчи эдим. Чунки барибир иши брак бўлган судьялар, терговчилар, ҳалиги МХХ ходими энди ақалли ухлай олмайди. Республика ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновнинг шахсан ўзи Самарқандда нопок ички ишлар ходимларини “уборка” қилиб юрган пайтда Жиззах судининг бу қарори уларни тириклай гўрга тиқиши аниқ-ку? Шунинг учун уларга Олий Суд орқали Жиззах судининг қарорини йўққа чиқариш ҳаёт-мамот масаласи. Бир умр йиққанини Тошкентга олиб чопишади энди. Шунинг учун улар бу ишларни “қўзғаган”, уч ойдирки, барча суд мажлисларида фаол иштирок этган, судьянинг АЛОМАТЛИГИ боис судланувчига ҳам, гувоҳларга ҳам, ҳатто терговчиларга ҳам саволлар бера олган журналистни бир ёқли қилиш ҳам “Гдлянчи”лар учун муҳим масалага айланди.
Шунинг учун мен Олий Суд кўриши муқаррар бўлган бу ишнинг якуний натижасини кутиб турмоқчи эдим. Аммо сиз воқеалар ривожини тезлаштириб юбордингиз.
Энди мен ҳам мақоламни бугуноқ ёзиб, эртага эълон қилишга қарор қилдим.
Яна ўша гап: “Қўрқсанг – ёзма! Ёздингми – қўрқма!” Мен эса ёзиб бўлдим.
Бир гап бўлса, инша Аллоҳ, ёруғ юз билан кетаман! Халқимизни деб қўлдан келганча ҳақиқатни ёздим, юртим озод, ҳур бўлсин, элим бой бўлсин, адолат қарор топсин, дедим. Мазлумлар томонда бўлдим. Ҳақ томонда бўлдим. Бир гап бўлса, заррача пушаймон бўлиш йўқ.
Аллоҳ умр берса, яна ўша гап: жоним борича адолат тантанаси учун курашаман!

Шухрат Барлос:

− Ҳожи бобо, сизга катта раҳмат! Бизнинг суҳбатимизни ўқиган Ўзбек Миллий Оммавий Ахборот Воситаларида хизмат килаётган йигит ва қизларимиз, албатта, бу суҳбатимизни ўз нашрлари, сайтларида эълон қилишларига умид қиламиз.

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *