Жамшид Ниёзовнинг саволи провокацион эдими?

1 594 views

Блогер Шуҳрат Мусаевнинг Kun.uz мухбири Жамшид Ниёзовга айтган гапини кўриб жаҳлим чиққанди. Шуҳратнинг мазкур видеони Youtube тармоғига жойлаб, қўйган сарлавҳаси икки карра ғазабга сабаб бўлди.

Устоз журналист Сафар Остонов бугунги журналист ва блогерларни ўқитиш керак деганларида ҳақ бўлганларини ўша куни тушуниб етдим.

Матбуот анжуманида ўзига хос қоида бор: конференцияни ўтказаётган ташкилот фаолияти ёки қандайдир муносабат юзасидан ахборот берилади. Кейин савол-жавобларга ўтилади. Ҳа, айнан шундай. У ерда тилак ҳам билдирилмайди, ўзидан олдинги савол берган одамнинг гапига муносабат ҳам билдирилмайди. Кимдир шу ишни қилса, бу унинг профессионал эмаслигидан дарак беради.

Шуҳрат Мусаев томонидан хайрия ишлари амалга оширилишидан хабарим бор ва бу таҳсинга лойиқ. Аммо бу нарса блогерга матбуот анжуманида бошқаларнинг фикрига қўпол муносабат билдириш ва савол берган одамни хоинга чиқариш ҳуқуқини бермайди.

Ушбу видеони Youtube тармоғига жойлаган Шуҳрат «хоинлар орамизда» деб ёзади. Яъни Жамшид Ниёзовнинг «провакацион» саволини «хоинлик» деб баҳолайди.

Хоинлик деганда Ватанга нисбатан хоинлик тушунилмоқда ва бу аслида жиноят. Ватанга хоинлик қилганлар қамоқда ё четда. Яъни орамизда хоин бўлса, унга чора кўрилиши аниқ. Шуҳратбой эса бир одамни тап тортмай хоинликда айблаворди. Бунинг учун қонуний тартибда жавоб бериши шарт деб ўйлайман.

Матбуот анжуманида «менда савол йўқ» деб гап бошловчи одамларга «саволингиз бўлмаса ўтиринг» дейишганиги кўп кўрганман. Ўша жойда Комил Алламжонов ҳам шу ишни қилса, тўғри бўларди.

Шуҳрат Мусаевнинг Жамшид Ниёзовга гапи бўлса, ўша гапини ташқарига чиқиб ҳам айтиши мумкин эди. Ўша жараён «публикага ўйнаш» дейилади. Ва блогерни ким, нима учун чақиргани ҳам билиниб қолди.

«Четда юрган, бизни кўролмайдиган ифлослар» аслида йўқ. Улар ўйлаб топилган. Биз нимада илдамлаб кетдикки, бизни биров кўролмайди. Диний эркинлик йўқ, сўз эркинлиги сал оёққа туряпти, иқтисодиётдаги камчиликларни ёпиш учун телефон сотиб олган одамданам солиқ олишни бошладик… Мана шу нарсаларнинг нимасини кўролмаслик мумкин? Коммунистик бошқарувда ҳар доим «ташқаридагилар бизни кўролмайди» деб уқтирилган. Бу халқни ёлғон ғояга ишонтириш учун ўйлаб топилади одатда. Биз ҳамон ўша йўлдан юришда давом этамизми?

Мавзуга қайтамиз. Журналистикада таълим олмаган ижодкорлар ва блогерларни баъзи нарсалар бўйича ўқитиш шартлиги кўриниб қолди. Матбуот анжуманида ўзини тутиш, материалга сарлавҳа қўйиш бўйича билим керак, энг камида. Акс ҳолда юқоридаги сингари ҳолатлар тўхтамайди.

Муҳаммад Темур Аъзам

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Этот сайт использует Akismet для борьбы со спамом. Узнайте как обрабатываются ваши данные комментариев.