Жаҳонгир Муҳаммад: Зеҳният зарпечаги

Митти болаларни уруш, қон тўкиш эмас, балки тинчлик, яхшилик билан иш кўришга чорлаб, бир эртак битгандим. Уни “Бир бор экан, бир йўқ экан, қадим ўтган замонда, узоқ узоқ томонда” деб бошлагандим. Фақат қаҳрамон ва жой исми тарихда бор. Қолгани тўқима. Эртак шундай бўлади-да. Лекин учар гилам ҳақидаги эртакни ўқиб, йўқ гилам учмайди, бу бўлмаган гап, деган Афандига ўхшаб каминанинг эртагини ҳам жиддий олиб, бу миллий тарихга ёт қараш, деганлар ҳам топилди. Фикр эркинлиги. Бу уларнинг қараши ва ҳурмат қиламан.
Шу баҳонада миллий тарихга қараш ҳақида эртак эмас, жиддий бир нарса айтмоқчиман.

Маълумки, бугун зеҳниятимизни қуллик зарпечаги ўраб олганини ҳукмдорлар сўкканида, камситганида, урганида, кўча тозалатганида ва ҳоказо ҳолатларда кўрдик, кўраяпмиз. Хўш, бизни бугунги қуллик зеҳниятига солган, ҳатто эртак билан тарихни ажрата олмайдиган ҳолга туширган нарса нима?

Бу бир сўз билан айтганда бу ҳукмдорлар — шоҳлар, амирлар, хонлар, ҳокимлар ҳақидаги асарлардир. Уларнинг ҳаммасида ҳукмдорларнинг босқинчилиги, урушдаги қон тўкишлари, одам ўлдиришлари, зулми оқланади ёки бундан кўз юмилиб, уларга донишмандлик “чопони кийгизилади”. Қон эвазига қурилган шаҳарлари, бинолари “буюк маданият” деб улуғланади. Аммо эзилган халқ, зулмнинг қурбони бўлган авом ҳақида ёзилмайди. Ўша шаҳарлар қайси қулларнинг жасадлари устида тургани ва ўша биноларга ғишт ташиган бечораларнинг ҳатто мозори йўқлигини хаёлга келтирмаймиз ҳам. Чунки уларнинг суяклари устида ҳукмдорларнинг мақбаралари қад ростлаган. Ҳукмдорларнинг мозорлари, мақбаралари абадий ва дилларга, тилларга ҳайрат солади. Бирор жойда бу бино тиклангунча мана шунча одам ўлди, жабр кўрди, деб ёзилганми?

Тарихимизда қачон қайси ҳукмдор халққа қайишди ва халққа эркинлик берди, ҳокимиятни халқ билан баҳам кўрди? Кўпчилиги оиласи билан баҳам кўрган ва содда қилиб айтганда халқни талаган. Бу ҳақда ёзмаймиз! Ёзишни истаймиз, аммо бугунги ҳукмдорга тегиб кетади, деб қўрқамиз. Шундай эмасми? Мард бўлайлик, ҳеч бўлмаса ойнага қараб “ҳа шундай” деб қўялик.

Йўқ, аксинча, каминани боболарга “тош отиш”да айблаш осонроқ. Ўлганларнинг руҳини безовта қилмоқда, деб дод солиш қулайроқ. Шундай қилинг, бундан фойда бор, аммо кеча-кундуз қулдек ишлатилган халқни эслашдан зиён топиш мумкин — мана шундай фикрлаш мавжуд зеҳниятда.

Геннес китобига ош, сумалак билан кириш учун мусобақалар қилинмоқда. Лекин мусобақасиз ҳам бу китобга кирадиган томон бор. Бу ҳукмдорларни улуғлаб ёзилган асарларимиз. Уларни тўпласа, хирмон шу қадар чош бўладики, “дала”да ҳеч нарса қолмайди.
Биламизки, ҳукмдор тахтдаги умрини маддоҳларни эркалатиш билан бошласа, халқни йиғлатиш билан тугаллайди. Чунки бундай ҳукмдорнинг дилида мақтов ва алдовга иштиёқ ётади. У ҳар куни мақтов эшитишни ва халқни маддоҳлар кўмагида алдашни истайди. Бу ҳақиқатни якка ўзим биламан, деб ўйлайди. Ваҳоланки, маддоҳлар ҳам билишади. Лекин барибир пойига бош қўйишади.
Ҳукмдор атрофдаги муносабату мақтовлардан ўзини жаҳон султони, деб ўйлаб қолади. Халқнинг туйғуларини ўйнатади. Ўзи диндан узоқ бўлса ҳам, тили диндор. У динни олқишлайди, динга чақиради, ибодатхоналар қурдиради, қабристон-қабрларни зиёрат этишни канда қилмайди- ҳамма асарларда шундай.

Ҳукмдор ҳар қандай йўл билан бўлсада одамларни ўзига ишонтириш пайида бўлади. Бунинг учун ҳар соҳанинг “пир”ларини аниқлайди. Халқни бирлаштиришда роли бўлган тарих, дин, адабиёт, санъат, илм, спорт, пул, мафия ва бошқа соҳаларнинг ўлиб кетган “пир”ларини улуғлайди, уларга ҳайкал қўйдиради, улар ҳақида китоблар ёздиради, филмлар олдиради, музейларини очади. Муридларини сийлайди. Бу билан “мурид”лари кўнглида ўзига абадий жой топади. Ҳукмдор муридларнинг пирига, «пир»ларнинг зўрига айланади. Натижада мамлакатни идора этишда умум халқнинг иштироки йўқолади — мана сизга зеҳниятни зарпечак қоплаши.

Бу билан тарихимизда ўтган ҳамма ҳукмдорлар золим, бутун адабиёт шундай демоқчи эмасман. Беш бармоқ бирмас. Аммо тарихимизда ўтган халқлар рўшнолик кўрмагани, эркинлик, озодлик нима эканлигини билмагани, урушларда ер тишлагани, қамчилар остида қон қусгани, камситилгани, ҳақоратлангани, оммавий тарзда қулдек ишлатилгани бу бор гап — асарларда эса деярли кўрмаймиз.

Хуллас, айтмоқчи бўлганим шуки, ҳукмдорларни улуғлашни бас қилайлик, уларнинг улуғларини улуғласак ҳам босқинчилик, зулм кўрсатганлари, қасрлар қурдирганлари учун эмас, балки келажагимизга тинчликсевар, оқил ва одил бўлиш руҳини олиб кирадиган қаҳрамонлар сифатида тасвиру тафсил этайлик. Ҳеч қурмаса, эртакларда!

Зеҳниятни қуллик зарпечагидан тозалаш учун зарпечакни юлиб отмоқ керак, лекин зарпечак зеҳниятни қўпориб кетмаса, бўлгани! Бу энди бошқа мавзу.

 

Жаҳонгир Муҳаммад, Ўзбекистонда Хизмат кўрсатган журналист

Биринчи изоҳ

  1. Сиз бекорга хафа буласиз Жахонгир Мухаммад бизлардан. Узингиз бир хисоб китоб килинг. Нечанчи йили чикиб кетгансиз Узбекистондан? 1994 ёки 1995 йиллар тугрими? Демак сиз 20 йилдан буён мухожирликдасиз. Сиз озод куш булиб яшагансиз. Сиз демократик давлатда умргузоронлик килдингиз шу даврлар ичида. Сиз яшайдиган мамакатда бирор конун кабул килинишидан аввал у конунни халк мухокама килади, агар халк тасдикламаса кабул килинмайди. Бизда эса утган давр мобайнида факат «Ахборот» курсатувидан кабул килинган конунлар тугрисида бир биридан гузал дикторларимизни чиройли ва бехато укишини томоша килдик. Агар дикторни нуткини яримида тухтатиб бу конунни халкка кандай фойдаси бор деб сурасангиз, сизга инопланетянга карагандек караган буларди. Чунки бизда шундай эрди. Шунинг учун хам бизда тинчлик хукм сурди, шунинг учун хам биз яшаётган жамият гуллаб яшнади. Козилар факат халкни уйлади, порахурлик килмадилар, гарчи 10 йиллаб курсини бушатмаган булсалар хам, харомдан тийилдилар. Шунинг учун бизлар улардан рози булиб яшадик жаннатмакон юртимизда. Сиз яшаётган Америкада эса тинмай уруш булди, шу халкни уйлаган парламентдаги тортишувлар окибатида. Караб туриб хайрон булсан Америка сенатидаги тортишувларга. Бирини бири хурмат килмайдилар. Ха энди битта конун учун шунча тортишувми?! Мана бизларда Президент айтганидан сунг конуншуносларимиз конунларимиз хакикатдан ишламаганини, «энди кузлари очилганини» уз огзилари билан айтдиларку? Шунгаям ота гури козихонами? Зато биз тинч яшадик. Сизларга ухшаб ёкалашиб иш жойлари яратиш учун бир бирларимизни ёкамизни йиртмадик. Жимгина тепадагилар билади дедик. Мана барака топишсин. Айтганимиздек хамма иш билан таъминланиб 25 йил давомида чет элларни кул бозорини тулдириб юрибмиз. Ахир бу яхшику? Уларга хам ортикча дахмаза булмадик, секингина чет элларга чикиб кетавердик, чунки бизларга уларни тинчлиги мухимда. Ахир улар бир бирлари билан уришишса бизларга кийин буладида. Улар тинчгина ишлашса (пул килишса) бизлар хам бола чакани тирикчилигида тинчгина козок чулларида улиб кетаверамиз, ёниб кетаверамиз. Ахир бизга тинчлик керакда. Сизларга эса уруш керак. Сиз яшаётган жойларда хар бир фукаро дилидагини тилида гапиради, мушохада килади, бизларда эса тилидагини дилида гапиради, сабр косасини тулдиради. Хафа булманг, сиз билан биз яшаётган жамиятлар уртасидаги тафовут геометрияда 180 градусни ташкил килади, агар ундан куп булмаса. Шунин учун ажаблаганизни тушуна олмадим. Аллакандай зарпечаклар хакида ёзасизмией? Ахир бу зарпечак конунлар билан химоя килинганини нахотки билмасдингиз? Уша зарпечакни оламан деганни зарпечак билан бугиб улдирилишини билиш учун менимча олим булиш шарт эмас. Факат бир бор хакикат сузни гапириб куринг кифоя эди. Хуллас узингиз хам уша зарпечакни оломай, балки кабул килмай кетдингиз бошингиз оккан томонга. Энди мана орадан 20 йил утиб бизларни онгимиздан 10 минг км дан туриб уни юлмокчи булаяпсиз. Афсуски буни иложи йук энди Жахонгир Мухаммад. Биз энди уша зарпечакни севамиз, бизлар уша зарпечаксиз яшай олмаймиз, бизлар уни юлиб олмокчи булганни ватан хоини деймиз, террорист деймиз, экстремист деймиз. Сабаби биз уша зарпечакни улжаларимиз, бизларни бошка иложимиз йук…

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *