Ўзбекистон Республикаси Президентига таклифлар

Мен сиз олиб бораётган барча ислоҳотларни маъқуллайман!

Шаҳарларда битта янги кўприк ёки бир янги кўча қурилиши учун юзлаб уйларни бузиб юбориш учун саноқли кунлар керак бўлаяпти. Минглаб кўчирилган оилаларнинг уй-жойлари ўрнида замонавий иншоотлар арзимаган муддатда қад ростлаяпти.

Шуларни ҳисобга олиб, ўзбек халқи номидан қуйидагиларни таклиф қиламан:

1. Барча туман, шаҳар, вилоят ИИБ, прокуратура ва ДХХ бинолари бузиб ташлансин!

2. Барча ИИБ, прокуратура ва ДХХ учун замонавий бинолар қуриб берилсин!

3. Барча ИИБ, прокуратура ва ДХХ янги биноларида ертўлалар бўлмасин!

4. Барча ИИБ, прокуратура ва ДХХ янги биноларининг деворлари ойнадан қилинсин!

5. ИИБ ва ДХХ олиб кетиб, қайтиб биров кўрмайдиган фуқаролар кўриниб турсин!

6. Терговчилар қандай тергов қилаётгани ташқаридан кўриниб турсин!

7. Барча ИИБ ва прокуратура ходимлари ишдан бўшатилиб, қўли булғанмаган ёшлар ишга олинсин!

8. ИИБ ва прокуратураларга шу соҳа собиқ амалдорларининг болалари ишга олинмасин!

9. ИИБ, прокуратура, ДХХ билан ҳар қандай алоқаси, қариндошчилиги бўлган одамлар судларга ишга олинмасин!

10. Судларга ўз ақли, билими билан суд қила оладиган, ИИБ, прокуратура, ДХХ, шунингдек, юқори суд идораларидан маслаҳат сўрамай, ўз биносидан чиқмай туриб, ўзи ҳукм ўқий оладиган салоҳиятли кишилар ишга олинсин ёки шундай судьялар ўқитилиб, тарбиялаб чиқарилсин!
Шундай судьялар етишиб чиққунча, чет эллардан судьялар таклиф қилинсин!

Ана шундагина Ўзбекистонда адолат бўлади!

Ана шундагина ИИБ бинолари ичида ўзбек аёллари яп-ялонғоч қилинмайди!

Ана шундагина ўзбек йигитлари ертўлаларда уриб ўлдирилмайди.

Ана шундагина ўзбеклар армани жиноятчилари ётган камераларга киритилиб, ечинтирилиб, … ори топталиб, баччавозлик қилиниб, кўрсатма олинмайди.

Ана шундагина ўз фуқароларимизнинг оёғини осмондан қилиб осиб қўйиб, кўрсатма олинмайди.

Ана шундагина ертўлага кириб чиққан миллатдошларимизнинг эси оғиб қолмайди!

Ана шундагина ертўладан чиққан 30 ёшли йигитлар 70 ёшли чолга ўхшаб, букчайиб қолмайди!

Ана шундагина ертўладан чиққан одамлар серйўтал бўлиб қолмайди!

Ана шундагина ертўладан чиққан юртдошларимиз кўп ўтмасдан ўлиб қолмайди.

Ана шундагина ертўладан чиққан одамлар “дубинка”ни кўрганда талвасага тушиб қолмайди!

Ана шундагина одамлар эртанги кунга ишонади!

Ана шундагина одамлар Ўзбекистоннинг келажаги буюк бўлишига ишонади!

Ана шундагина одамлар Сизга ишонади, ҳурматли Президент!

Фуқаронгиз

Отабек Марғилоний

Биринчи изоҳ

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *