Ўзбек тилининг тақдири кимнинг қўлида?

Эртага ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига роппа-роса 30 йил тўлади. Бу вақт ичида ўзбек тилининг ростмана давлат ва халқ тили мақомига кўтарилиши учун нима қилинди? Деярли ҳеч нарса, аксинча, ўзбек тилининг мақоми, обрўсини пасайтириш учун жуда катта ҳажмдаги ҳаракатлар ва ҳаракатсизликлар содир этилди. 30 йил ичида минглаб бегона сўзлар ўз ҳолича қабул қилинди, энг юқори даражаларда рус тили асосий мулоқот ва иш тили сифатидаги мақомини янада мустаҳкамлади, лотин алифбосига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш ортга сурилди, чет элликлар ва бошқа тилда суҳбатлашувчи фуқароларга ўзбек тилини ўргатиш бўйича қарийб ҳеч нарса қилинмади. Кўчалар рус ва инглиз тилидаги пешлавҳалар, реклама ва эълонларга тўлди, асосий аҳолиси ўзбекларни ташкил этувчи мамлакатда ишлаб чиқарилган ва импорт қилинган маҳсулотлар ёрлиқларида ўзбекчани учратавермайсиз. Президент девони қайта ташкил этилиб, унинг номида ўзбекча муқобиллари қолиб, «администрация» сўзи қўлланилди ва ҳоказо.

Нима учун тил муҳим?

Тил – миллатнинг борлиги ва яшаши учун энг зарур бўлган кодлардан бири. У миллатнинг сиёсат, дин, маданият, адабиёт, тарих каби муҳим атрибутлари ўртасида воситачилик қилади. Яъни уларнинг ҳар бири бўйича замон ва макон ўртасидаги ҳалқаларни бирлаштириши билан биргаликда, ўзаро боғлиқлигини ҳам таъминлайди. Яъни, биргина динни оладиган бўлсак, бир авлод эътиқодининг асосларини тил ёрдамида навбатдаги авлодларга ўргатади. Ўз навбатида, дин, маданият ва адабиёт ўртасидаги алоқалар ҳам тил орқали ўрнатилади.

Агарда тил ўртада бўлмаса, миллатнинг асосини ташкил этувчи бу тамал тошлари парчаланишни, бир-биридан узоқлашишни бошлайди. Бу пайтда бошқа тил, бошқа маданият, бошқа динларга эҳтиёж пайдо бўлади. Натижада миллат ҳам бўлиниб, парчаланишни бошлайди.
Тарихда бекорга босқинчи мустамлакачилар ўз қўллари остидаги миллатларнинг тилини ўрганмаган. Чунки уларни ўз тиллари ёрдамида бошқариш, бўйсундириш ва ўзига оғдириш осонроқ бўлади. Миллатни тилидан узоқлаштирган босқинчи уни тарихи, дини, маданиятидан узоқлаштиради. Чунки тилини билмаган одам миллий ўзлигини англаши учун зарур бўлган тарихини ва маданиятини ўргана олмайди. Миллий ўзликни йўқотиш эса ўзи эга бўлган қадриятлар, миллий бойликлар, миллатга тегишли тупроқларни аста-секинлик билан йўқотишга олиб боради.

Ким жавобгар?

Ўзбек тили нафақат Ўзбекистонда, балки Афғонистон, Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Туркманистон, Покистон, Туркия, Россияда, қўйингки, Хитойдан тортиб Америкагача бўлган бутун ер юзида яшаётган 60 миллиондан зиёд ўзбекларнинг она тилидир. Ўзбекистон эса барча ўзбекларнинг тарихий ватани сифатида ўзбек тилининг яшовчанлиги, бойлиги, мослашувчанлиги учун жавобгарликни зиммасига олиши керак.

Бу жавобгарлик, энг аввало, ўзбек тилини ўқитиш дастурлари, дарсликликларини ишлаб чиқиш, янги кириб келаётган сўзларнинг ўзбекча муқобилини тақдим этиш, бутун дунёда ўзбек адабиётини ривожлантиришни молиялаштириш ва қўллаб-қувватлаш (масалан, махсус халқаро жамғарма ташкил этиш орқали), ўзбек тилини ўқитиш, ривожлантириш ва тарғиб қилиш бўйича институт ҳамда унинг вилоятлар ва бошқа давлатлардаги филиалларини ташкил этиш (Туркиядаги Юнус Эмро институти сингари) кабиларни ўз ичига олиши керак.

Тўғри, ҳозирги иқтисодимиз бу каби серҳаражат вазифаларни кўтара олмаслиги мумкин. Аммо бу ишга Ўзбекистон ва дунёдаги бадавлат ўзбекларнинг моддий ёрдамлари, ҳомийлик маблағларини жалб қилиш мумкин. Бунинг учун уларга ишончли ва ҳукумат томонидан кафолатланган таклифлар, тайёр дастурлар ва лойиҳаларни тақдим этиш кифоя. Илк фойдалар кўзга ташланиши биланоқ қўллаб-қувватлаш истагида бўлганлар сони ортиб кетиши аниқ.

Ўзбекистондаги вазиятга келсак, ўзбек тилининг бу аянчли қисмати бир кишининг қўлида, деб ҳисоблайман. Ўша бир кишининг иродаси, қатъияти, жасорати ва бирозгина ҳаракати билан бутун вазият ижобий томонга ўзгариши, ишламаётган ёки нотўғри йўлда бўлган барча тизимлар ўз вазифасини бажаришга киришиши мумкин. Унинг рус тилидаги баннер ёки пешлавҳа қаршисида «Бу нима аҳвол, нега ўзбекча ёзилмаган! Бошқа кўзим тушмасин!» деган топшириғи барчасини ўзгартириши мумкин. Агарда у бунга бефарқ, ёки Худо кўрсатмасин, шундай бўлишини талаб қилаётган бўлса, қолганларнинг барча уринишлари, саъй-ҳаракатлари бесамар қолаверади…

Санжар Саид

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Этот сайт использует Akismet для борьбы со спамом. Узнайте как обрабатываются ваши данные комментариев.