Замонамиз “шоири замонлари”

—…Ҳар бир маддоҳнинг ўз даври бўлади. Жуда кўп нарса одамларнинг ўз муҳитига.

—Ўз муҳитининг иллатларига ҳам…

—Нечоғлиқ мослаша олиш қобилиятига боғлиқ.

—Борди-ю, мослаша олмаса, ўзлигича, ўз виждони, эътиқоди, маслаги билан қолса.

—“Замон сенга боқмаса, сен замонга боқ”, қабилида иш кўролмаса…

—…Ёки “Тоғ Муҳаммадга қараб юрмаса, Муҳаммад тоғ томон боради”, деган рус мақоли мантиқига қараб қадам босмаса, нима бўлади?

—Нима бўларди? Ундай одам — “халқ душмани” бўлади-да, сўнгра…

—…Кўпи билан ярим аср ўтгач, салкам миллий қаҳрамонга айланади.

—Чиндан ҳам, масалан, даҳо билан ёвуз ўртасида қандайдир фарқ бўлиши керак-ку, ахир. Бир қарабсанки, бировни доҳийга чиқарамиз ва унда ўлгунча қуллуқ қиламиз.

—Яна бир қарабсанки, кеча “доҳий” деб сиғинган одамни ашаддий ваҳшийга чиқарамиз, ернинг қаърига тиқиб юборамиз. Илон пўст ташлайдиган айбларни қидириб топамиз баъзан.

—Бунга ким айбдор?

—Айбдор? Ким бўларди? Одамлар, сен билан менга ўхшаган одамлар-да.

—Маддоҳлар, яъни мадҳиябоз, қасидагўй, лаганбардор “шоири замонлар” айбдор.

—Бир латифа ёдимга келди шу тобда.

Подшо ўзининг яқин кишиларидан бирига “тила тилагингни” дебди. Ҳалиги киши подшога илтижо қилиб қолибди:

—Ҳар ҳафта ва ҳар гал аъёнларингизни йиғиб машварат ўтказганингизда, мени имлаб ёнингизга чақирасиз-да, секингина қулоғимга шивирлаб: “Ҳе, оғзингга!..” деб болахонадор қилиб сўкасиз. Мен бўлсам, “қуллуқ, қуллуқ, олампаноҳ!” деб жойимга бориб ўтираман. Тамом. Менга бошқа ҳеч қандай мукофотнинг ҳожати йўқ, дебди.

—Эсингизни едингизми, тақсир! — дебди подшо бу гапга.

—Агар мени чиндан сийламоқчи бўлсангиз, — деб туриб олибди сўзида ҳалиги одам, — ўзингнинг шивирлаб сўкишингиздан каминани бенасиб этмагайсиз. Шунинг ўзи бизга зўр илтифот.
Подшо ҳеч нарсага тушунмай, ноилож рози бўлибди.

Сўкиниш “таомили” бир йил давом этибди. Ҳамма ҳайрон. Аъёнлар билмайдики, подшо ҳалиги одамнинг қулоғига ҳар гал нимани шивирлайди. Саройда васваса бошланиб, ҳар хил миш-мишлар кучайиб кетибди.

Бир кун қозикалон бояги одамдан секин сўрабди:

—Тақсир, ҳар гал подшо ҳазратлари сизни ҳузурига чақириб, “бир нима” деб шивирлайди. Ўшанда нима дейдилар сизга, а?

—Нима дейдилар? Йўқ, айтиб бўлмайди…

Қозикалок ахийри ялиниб-ёлворишга тушади.

—Ишингиз чатоқ,— дейди “сирли” одам. — Олампаниҳ сиздан кўп хафалар. Ул нобакорни ишдан бўшатмасак бўлмайди деяптилар. Ҳаддингиздан ошган эмишсиз.

—А? — дейди қози ўтакаси ёзилиб. —Нима қилиш керак, тақсиржон? Бир иложини қилмасангиз бўлмайди…

Қози ваъда эвазига ҳалиги одамга ўз мулкининг ярмини келтириб беради. Хуллас, бир йил ичида раис, амлакдор, ҳудайчи, мингбоши, додхоҳ, юртнинг боёнлари борми, барисидан катта “мукофотлар” олиб, юртнинг энг нуфузли, бой кишига айланиб кетибди…

—Шоир Рамз Бобожон ўзининг “Виждон овози” номли достонида бир вақтлар “аблаҳни аблаҳ деёлмагани”, “сукут сақлагани”, “сув оқар томонга қараб сузгани”, “бировларга тақлид қилиб, ўзликни ўрнига қўя олмагани”, “мақтовдан нарига ўтолмагани”, “эртаю кеч офарин, ҳамду сано билан банд бўлгани”дан жўшиб қалам тебратади-да, “масъулият ҳиссини буткул унутган ҳолда ошириб ёзардик, қўшиб ёзардик”, дея ўзини ўзи чунон койийдики… асти қўяверасиз.

—Нима бўпти. Жуда яхши: ўз-ўзини танқид. Демак, шоирларимиз ҳам ўзларини қайта қураяптилар.

—Шоирларимиз ўзларини “қайта қураяптиларми” ёки “Оби ҳаёт, оби ҳаёт!”, — деб давлат мукофотлари, “халқ шоири” деган унвон, яна қанчадан-қанча мансаб, лавозимларни олиб, эндиликда…

—Ўша дарёлар ва денгизнинг бошига сув қуйиб, сувини қуритгач…

—Отининг жиловини тескари буриб, “Во Сир! Во Аму! Во Орол” деб…

—Яна бирон мукофот ёки мансабдан умидвор бўлиб қолишдимикан-а?..

Ҳар ким ўзи билан ўзи овора,
Ҳаттоки, қуриди Оролнинг суви.
Ҳали келин келмай чалдик ноғира,
Чимилдиққа кирди куёвнинг қуви…

Қўлни қўл ювади… товон ялашлар,
Иғво-тамагирлик, сотқинлик, миш-миш…
Лаганбардорлиги, талон-тарожлар,
Қилмиш-қидирмиш…

Сархуш ел эсди-ю, уйғондим гўё,
Ўтган кунлар ўтди даҳшатли тушдай
Қайта яралгандай кўринди дунё,
Ўзимни ҳис этдим енгил бир қушдай.

Қани, ҳей, парвоз қил, қанотингни ёз,
Сен, энди аввалги тўтиқуш эмас,
Бургутсан, лочинсан, калхатларни бос,
Олақарғаларга олдирма нафас.

Жамшид Чўмич тайёрлади.

2 комментария

  1. — Алжираб қопсиз.
    — Ўзгача услуб яратмоқчи бўпсизда.
    — Чўмичмас, Қозонсочиқ деб тахаллус қўймабсизда.
    — …

  2. Ҳурматли, Жамшид Чўмич! Яхши мавзу топгандай бўлибсизу аммо ўзингиз ҳам Замонамиз «шоири замонлари»дан узоқ кетолмапсиз. Рамз Бобожонннинг дунёдан ўтганига салкам 10 йил бўляпти, Яратганнниг олдида нима учун ёлғон ёзганию маддоҳлик қилгани ҳақида сўроқ бериб бўлгандир ёки бераётгандир. Сиз бугунги, яъни сизга замондошу замонасоз шоирлар ҳақида ёзсангиз ёки ёзганингизда бошқаларга қарата «Олақарғаларга олдирма нафас» деган даъватингизга ишониш мумкин бўларди

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *