Зафар Ҳошимов: Валюта бозорининг эркинлаштирилиши импорт қилинадиган истеъмол товарлари нархининг ошишига сабаб бўлмайди

Ўзбекистонда валюта бозорини эркинлаштириш бўйича Президент фармони қабул қилинди. Бунга қадар валюта бозорини эркинлаштириш масаласи атрофида турли фикр-мулоҳазалар билдирилаётган эди. Шундай фикрлардан бири сўмнинг долларга нисбатан расмий курси девальвация қилиниши импорт қилинадиган истеъмол товарлари нархи ошишига сабаб бўлиши ҳақида эди. «Korzinka.uz» супермаркетлар тармоғи раҳбари Зафар Ҳошимов шу масала бўйича ўз фикрини билдирди.

Мендан жуда кўп сўрашади: валюта бозорининг либераллаштирилиши, яъни сўмнинг долларга нисбатан расмий курси девальвация қилиниши импорт қилинадиган истеъмол товарлари нархи ошишига сабаб бўлармикан?

Жавобим: йўқ.

Гап шундаки, истеъмол товарларининг импорти анчадан бери расмий конвертация йўли билан молиялаштирилмас эди, унинг нархи параллел («қора») бозор курси бўйича шаклланарди.

Бундан ташқари, импорт қилувчи компаниялар турли комиссия тўловлари ва биржа курслари сабабли валютага бозор курсидан кўпроқ маблағ тўлашга мажбур эдилар. Қайд этилиши лозимки, бунда ҳамма ҳам ушбу операцияларни, уларнинг аниқ тартиб ва тузилмага эга эмаслиги ва шаффоф эмаслиги сабабли, амалга ошира олмас эдилар. Бундай савдо компанияларнинг раҳбарлари ўз савдо операцияларини амалга ошириш ҳамда таннархни туширишдан кўра импортни молиялаштириш учун валюта манбаларини излашга кўпроқ ресурс ва вақтини сарфлар эди.

Эндиликда барча тадбиркорлик субъектларига валютани ўз банклари орқали бозор шартларида харид қилиш учун тенг имконият юзага келгандан сўнг, бозорда иштирокчилар сони кўпаяди, рақобат ҳам ошади, ушбу операциялар учун самарали курс уларни эркин харид қилиш осонлашиши, ҳамда шаффофлиги ошиши ҳисобига бир оз тушади ҳам.

Валюта бозорини либераллаштириш бўйича фармонда ижтимоий аҳамиятга молик истеъмол товарлари нархлари барқарорлигини таъминлаш масалалари алоҳида бандларда кўрсатиб ўтилган. Англашимча, бу қоидалар давлатнинг аҳоли учун озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари барқарорлигини таъминлаш бўйича ғамхурлиги билан боғлиқдир. Шунингдек, янги шароитда салбий кутувларнинг олдини олиш мақсадида ҳам ушбу қоидалар киритилган.

Аммо ишончим комилки, ушбу фармон туфайли ҳамма учун тенг шароитлар яратилиши натижасида яқин икки-уч ойда — ярим йилда импорт қилинадиган истеъмол товарлари нархлари туша бошлайди.

Фармонда яна божхона тўловларини уйғунлаштириш ҳақида сўз боради. Бу жуда муҳим. Чунки Марказий банк курси девальвация қилинганда бож тўловлари миқдори кескин кўтарилади. Яқинда, ўйлашимча, бундай кўтарилишларнинг олдини олиш мақсадида ҳукумат қарори қабул қилинган эди. Импорт қилинадиган қатор ижтимоий аҳамиятга молик озиқ-овқат маҳсулотлари, масалан, ун, гўшт, ўсимлик ёғи, крупа сингари маҳсулотлар учун божхона ва аксиз тўловлари пасайтирилди ёки бекор қилинди.

Зафар Ҳошимов, «Korzinka.uz» супермаркетлар тармоғи раҳбари

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *