Йўлдаги суҳбатдан

1 103 views

Ишхонага пешинга яқин ҳокимият, солиқ, прокуратура ва яна аллақайси ерлардан вакил келиб пахтага чиқмаса илож йўқлигини айтишди. Солиқ ходими мени четроққа тортиб: «Ока, ҳамманинг хатоси бор. Мен индамаяпман-у. Сизлар ҳам мени тўғри тушунинглар, пахта сиёсати жуда қаттиқ кетяпти. Ҳеч бўлмаса, ётоққа тўртта одам берасиз. Ёрдам қиворинг, ака», деди.

Илож йўқ – мардикор бозорига бордим. Одам йўқ. Бориям олтмиш, етмиш минг сўмдан келяпти. Менга ўхшаган тадбиркор тинмай келиб турибди. Бир-иккита бозорга бориб, ниҳоят олтмишни қоралаган аёлни қизи билан кунига эллик минг сўмдан гаплашдим. Ўша куни кечга яқин ўзимизга айтилган манзилга қўйиб келдик.

Пахтакорларни беш кундан кейин ёмғир ёғиб, кун совугани сабаб (усти юпун экан) олиб келдим. Табиийки, биринчи саволим «Далада пахта борми?» – бўлди. Аёл қуйидагиларни айтиб берди: «Пахта далада жуда кўп, ҳатто терилмаган пайкаллар бор. Боришимиз билан беш минг сўмдан кичкина этак сотишди. Мен қизим билан 40-50 килодан пахта тердик, лекин аксарият мардикорлар пахта термади. Чунки пулини вақтида бермади. Вақтида нақд берганда пулга қизиқиб терган бўларди».

«Қишлоқ аҳолиси ўзи термаяптими?» – деган саволга, «Улар бошқа пуллик ишларга кетиб қолибди. Кунига 40-50 мингдан одам ишлатаётган фермерлар кўп», деб жавоб берди.

Маҳалладан ҳам келиб уч юз минг сўм олиб кетишди. Маҳалла, ишхона ва кунликка боришга бир ҳафтада бир миллион сўм сарфлабман. Бу ҳали қўшимча харажат (йўл кира, озиқ-овқат ва бошқа) қўшилмаганда. Аммо шу харажатга яраша пахта терилмади. Ягона таскин бир аёлга фойда теккани булди.

Далада пахта кўп. Рости, ичим ачияпти. Увол, ахир. Мен тушунмаган нарса – ҳалиям эски услубда одамларни пахтага жалб қилиниши. Ахир, натижани кўриб-билиб туришибди-ку. Пахтани ким теради? Бир йиллик меҳнат сувга оқмаслиги учун наҳот бирон чора бўлмаса? Пахта теримини текин ишчи кучига асосланмаган реал тизимга солиш шунчалик мураккабми?

Мардикор пахтакорлар иш бермайди. Чунки уларнинг пулини тадбиркор тўлаяпти. Пахта экканга ҳеч бўлмаса терим учун минг сўмдан берилса, уволнинг олди олинган булармиди. Қанчадан-қанча оилалар тирикчилигига ёрдам бўлармиди…

Мусанниф Адҳам

3 комментария

  1. ПАХТА КОМПАНИЯСИ ВАКТИДАГИ ХАШАРЛАР ПАХТА ТЕРИШ УЧУН ЭМАС, БАЗИ БИР НОИНСОФ РАХБАРЛАР ВА УЛАРНИНГ ВАКИЛЛАРИГА ПУЛ КИЛИШ УЧУНЛИГИНИ БИЛМАЙДИГАН ОДАМ КОЛМАДИ ШЕКИЛЛИ-А???!!!

  2. Шунчадан бери айтилмокда…пахтага толанадиган пулни ошириб куйинглар, 1000 сумдан бошлаб, теримига караб 1500 сумгача туланиши керак вассалом.Агар бу камлик килса янаям ошириш керак, иктисодиёт конунларига амал килиш керак ахир рахбарлар!!! Качон пулга туясизлар.

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Этот сайт использует Akismet для борьбы со спамом. Узнайте как обрабатываются ваши данные комментариев.