ЁШЛАР СИЁСАТИ: ЎЗБЕКИСТОН ВА ЖАҲОН ТАЖРИБАСИ

Муқаддима

             Ҳар бир мамлакат олдида турган муҳим вазифалардан бири ёшларга оид сиёсатнинг миллий моделини ишлаб чиқишдир. Маълумки, ёшлар жамиятнинг энг фаол қатлами ҳисобланиб, улар ижтимоий ҳаётдаги ўзгаришларга сабаб бўладиган, бунёдкорлик ғояларини ҳаётга татбиқ этувчи асосий омил ва салоҳиятли куч ҳисобланади. Ёшларни ижтимоий, маънавий ва моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқларини тўлақонли рўёбга чиқариш, жамиятда ўз ўрнини эгаллашлари учун қулай шароитлар яратиш орқали уларни Ватан тақдирини ҳал этувчи катта кучга айлантириш мумкин. Ёшлар муаммоларини ҳал этиш нафақат мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, балки бутун мамлакат хавфсизлигининг кафолати ҳам ҳисобланади. Ҳар қандай давлатнинг ёшлар борасидаги сиёсати ўша халқнинг ўзига хослиги, қадриятлари, урф-одатларига бевосита боғлиқ бўлиб, ер юзининг турли мамлакатларида бу соҳадаги сиёсат ўзгача шакл, мазмун ва услубда йўлга қўйилган. Шундай экан, мавзуни бир неча давлатлар мисолида ўрганиб чиқишни лозим деб топиб, хорижий мамлакатлардан айримларига тўхталиб ўтмоқчимиз.

Франция: имкониятлар тенг…

             Хусусан, Францияда ёшлар сиёсати Ёшлар, спорт ва ижтимоий ташкилотлар билан ишлаш вазирлиги томонидан амалга оширилиб, унга таълим, маданият ва коммуникация ҳамда бандлик бўйича тегишли вазирликлар кўмаклашади. Францияда ишсиз аҳолининг кўпчилигини ёшлар ташкил этганлиги боис, ушбу муаммоларни ҳал этиш мақсадида “Янги хизматлар, янги иш ўринлари” давлат дастури жорий қилинган. Шунингдек, ёшларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун “Имкониятлар тенглиги тўғрисида”ги қонун қабул қилинган бўлиб, ушбу қонун мамлакатдаги хусусий корхона ва ташкилотларга ёшларни ишга қабул қилиш  бўйича қўшимча вазифалар юклайди. Бундан ташқари, Францияда маданият соҳасидаги давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш борасида ҳам кўпгина ишлар қилинмоқда. Хусусан, ёшлар кинематографиясини қўллаб-қувватлаш, бу борада жойларда турли  фестиваллар ўтказиш, ёшларни китоб мутолааси билан бандлигини таъминлаш бўйича ёшлар дастури ишлаб чиқилиб, бу дастур ёшларни тўлақонли баркамол шахс бўлиб улғайишига замин яратади.

АҚШ: дастурлар бадастир…

            Америка Қўшма Штатларининг ёшлар борасидаги давлат сиёсати ҳақида тўхталадиган бўлсак, унинг ўзига хослиги, яъни, мазкур сиёсатни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда бевосита ёшларнинг ўзлари иштирок этиши билан бошқа мамлакатлардан ажралиб туришига гувоҳ бўламиз. Ҳозирги кунда Америка ёшлари орасида наркотик моддалар истеъмоли, жиноятчилик ва ирқчилик билан боғлиқ муаммолар авж олган. Шундан келиб чиқиб, ушбу муаммоларни ҳал этишга қаратилган кўпгина қонунлар қабул қилиниб, амалга татбиқ қилинган. Айни пайтда АҚШда ёшларни қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш юзасидан 400 дан ортиқ дастурлар ишлаб чиқилган. Шундан энг кўп аъзоларга эга бўлганлари “Ёшларни ҳимоялаш лигаси”, “Талабалар очарчиликка қарши”, “Ташқарига назар”, “Ёрдам (Хелп)” ҳамда Қутқарув армияси кабилар ҳисобланади. Мазкур ҳаракатлар АҚШнинг барча касб-ҳунар ўқув муассасаларидаги ёшларни қамраб олган. АҚШда “Ёшлар сиёсати концепцияси”ни амалга оширишда давлатнинг роли бирмунча оз бўлиб, бу жараёнга, асосан, хусусий ташкилотлар кенг жалб  қилинган. Давлат ёрдами ижтимоий ҳимояга ўта муҳтож бўлган ёшларга қатъий чегараланган миқдорда кўрсатилади. АҚШда ёшлар сиёсати давлат идораларининг алоҳида бир фаолият  соҳаси  ҳисобланмайди, ёшлар муаммолари юзасидан бир неча вазирликлар иш олиб боришади. Жумладан, Меҳнат вазирлиги ёшларнинг бандлиги, Адлия вазирлиги жиноятчилик, Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий таъминот вазирлиги эса ёшлар ҳамда ўсмирларнинг соғлиги борасидаги муаммолар билан шуғулланишади. Ёшлар билан ишлашда сиёсий ташкилотлар, спорт муассасалари ҳамда диний ташкилотларнинг ўрни ҳам баланд. “Ёш республикачилар” миллий федерацияси ҳамда “Американинг ёш демократлари” АҚШдаги энг катта ёшлар сиёсий бирлашмалари ҳисобланишиб, улар мамлакатдаги икки йирик сиёсий партиянинг ёшлар бўйича расмий ташкилотларидир. Ёшлар сиёсий ташкилотларининг асосий мақсадларидан бири ёшларни сиёсий ҳаётга жалб қилиш, уларнинг давлат сиёсатидаги ўрнини ривожлантиришга қаратилган. Шунингдек, АҚШда “Лютеранлик лигаси” ва “Католик ёшларнинг миллий федерацияси” каби диний, миллий ёшлар ташкилотлари ҳам фаолият кўрсатиб келмоқда.

Англия: кўнгилли ҳаракатлар

             Мавзуни Англия давлатининг ёшлар бўйича олиб бораётган сиёсати мисолида давом эттирадиган бўлсак, бу мамлакат ушбу соҳада узоқ тарихга эга бўлиб, ўзининг кўп қирралилиги билан Европанинг бошқа давлатларидан ажралиб туради. Жумладан, Англиядаги сиёсат ёшлар билан боғлиқ барча жабҳаларни қамраб олган бўлиб, улар орасида таълим соҳаси энг юқори ўринга қўйилган. Инглиз ёшларининг аксарият қисми турли ташкилотлар томонидан ташкил этилган “ёшлар клуб”ига аъзо бўлиб, уларнинг ёшлар борасидаги тадбирларига кенг жалб қилинган. Шунингдек, ушбу давлатда ёшларнинг “кўнгилли ҳаракатлари” ўта ривожланган бўлиб, кичик шаҳар ва туманлар миқёсида давлат сиёсатини амалга оширишда муҳим аҳамият касб этади. Мазкур ҳаракатларни молиялаштириш давлат томонидан амалга оширилиб, фаолияти давомида, асосан, қийин вазиятларда қолган тарафдорларининг муаммоларини ҳал этишга ҳаракат қилинади. Шу билан бирга, ёшлар маданий ва ижтимоий соҳаларда ўз фаолликлари билан  аҳолининг бошқа қатламларига нисбатан ажралиб туради. Англиядаги ёшлар ташкилотининг камчиликларидан бири уларнинг давлат бошқарувидаги роли қатъий эмаслигидадир. Ушбу ҳолат давлат бошқаруви тизими консерватив тамойилларга асосланганлиги билан характерланади.

Германия: бандлик – энг муҳими…

            Европа давлатлари орасида Германиянинг ёшлар борасидаги давлат сиёсати ўзига хос хусусиятга эга. Немис ёшлар сиёсатининг моҳияти шундаки, унда асосий эътибор 18-27 ёшдаги аҳолининг ижтимоий бандлигига қаратилган. Бундан ташқари, ушбу сиёсат фуқароларнинг қонуний ҳимояси ҳамда уларнинг ижтимоий ва индивидуал ривожланишини ҳам кўзда тутади. Мамлакатнинг деярли барча катта шаҳарларида ёшларга тегишли бўлган кўпгина компанияларга қарашли махсус марказларни учратиш мумкин. Ушбу марказлар фаолияти ёш фуқароларнинг ишга жойлашиши билан боғлиқ муаммоларни ҳал этишга қаратилган, бу эса давлатнинг ишсизлик борасидаги сиёсати самарали амалга ошишида муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Мазкур ишларнинг масъулияти Оила ва ёшлар вазирлигига юклатилган бўлиб, ушбу вазирлик қошидаги ёшлар масалалари бўлими бевосита мазкур соҳадаги турли лойиҳаларни амалда қўллаш бўйича ўз фаолиятини олиб боради. Шу билан бирга, Германияда ёшларнинг ахлоқий қарашлари ва уларнинг маданий саводхонлигини ошириш ишлари билан шуғулланувчи ташкилотлар тузилган бўлиб, уларнинг ҳаракатлари жамиятнинг етук шахсларини камол топтиришга қаратилгандир.

***

           Европа давлатларининг ёшлар борасида олиб бораётган сиёсатининг умумий жиҳатлари инобатга олиниб, шунингдек, Европа Иттифоқи ёшларининг манфаатлари тенглигига асосланиб, ушбу соҳада ягона сиёсатни юритиш мақсадида, Иттифоқ томонидан Страсбург (Франция) ва Будапешт (Венгрия) шаҳарларида “Европа ёшлар Марказ”лари ташкил этилган. Шунингдек, Еврокомиссия томонидан “Европа Иттифоқининг ёшлар стратегияси – сармоялар ва ваколатлар” номли ҳужжат қабул қилинган бўлиб, мазкур дастур асосида Иттифоққа аъзо давлатларнинг ёшлар борасидаги сиёсати бўйича ҳамкорлик ишлари амалга оширилиши кўзда тутилган.

Япония: ёшлар тарбияси – миллий сиёсат

            Кунчиқар юртга қараб юзланадиган бўлсак, Японияда ёшлар сиёсати муҳимлиги инобатга олиниб, мазкур соҳада олиб борилаётган ишлар миллий сиёсат даражасига олиб чиқилган. Ушбу сиёсат БМТнинг “Бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги Конвенциясида кўрсатилганидек, ёшлар ва уларнинг ҳуқуқларини ҳурмат қилишга асосланган. Японияда ёшлар борасидаги давлат сиёсатини амалга ошириш учун Миллий ассамблея ташкил этилган бўлиб, бу ташкилот асосан 4 та дастур асосида иш олиб боради. Биринчиси, “Миллий ҳаракат” дастури бўлиб, у асосан куч ва воситаларини Ассамблея фаолиятини қўллаб-қувватлашга йўналтиради. Иккинчиси, “Ҳаёт йўлини танлашга кўмаклашиш” дастури 2007 йилда тасдиқланган бўлиб, унинг фаолияти ёшларни касб танлашга йўналтириш, уларнинг турли иқтидорларини ўрганишга қаратилган. Учинчиси, “Ўсмирлар орасида ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш чоралари” дастури бўлиб, унинг асосий мақсади ёшлар орасидаги жиноятчиликка қарши курашишда давлат органларига яқиндан ёрдам бериш ҳамда ёшларнинг жиноий хатти-ҳаракатларини ўрганиш марказлари билан ҳамкорликни амалга оширишдан иборат. Сўнгги, “ОИТСга қарши кураш” дастури ўз ичига ёшлар орасида ушбу касалликнинг келиб чиқиш сабабларини ўрганишга қаратилган турли маслаҳатлар бериш ва бошқа тадбирлар ўтказишни назарда тутади.

Ўзбекистон: бунёдкор иттифоқчилар

                Маълумки, Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг миллий модели ишлаб чиқилган бўлиб, 1991 йил 20 ноябрда қабул қилинган  “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги Қонун ушбу фаолиятнинг ҳуқуқий асоси бўлиб хизмат қилмоқда. Ушбу қонунда нафақат ёшлар бўйича давлат сиёсатининг мақсад ва вазифалари, балки, ушбу жараёнда бевосита ёшларнинг иштирокини таъминлаш масаласи ҳам ўз аксини топган. Иқтидорли ўғил-қизларни рағбатлантириш, ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, улар учун зарур ижтимоий хизматлар тизимини яратиш, ёш оилаларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш, вояга етмаганлар, шунингдек, ёшлар қатламининг айрим тоифаларини ижтимоий муҳофаза қилиш ана шулар жумласидандир. Ёшлар тарбияси, улар орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, жиноятчиликнинг олдини олишда, бандликни таъминлашда Кадрлар тайёрлаш Миллий дастури, “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”, “Таълим тўғрисида”, “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”, “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”, “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”, “Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги каби бир неча қонун ва дастурларнинг қабул қилиниши муҳим аҳамият касб этмоқда. Шунингдек, 2017 йил 30 июнь куни “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг Ёшлар иттифоқига айлантирилиши, ана шу ишларнинг мантиқий давоми бўлиб, давлат томонидан ёшлар борасида олиб борилаётган сиёсатни яна бир поғона юқорига олиб чиқди. Шунингдек, янги низом ва услубда иш олиб борилиши кўзда тутилган мазкур Иттифоқ олдига ёшлар орасига тобора чуқурроқ кириб бориш, жамият равнақи йўлида фаол иштирок этиш каби долзарб вазифалар юкланди.

Сўз якунида шуни таъкидлаш жоизки, давлатимиз томонидан олиб борилаётган ёшлар сиёсати юртимиз ёшларининг эртанги осойишта ва фаровон турмуши, уларнинг барча соҳалардаги ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолати бўлиб хизмат қилади. Ишонамизки, бу борада, авваламбор,  ёшларимизнинг ўзлари ташаббускор бўлишади.

Элёр Ўтбосов тайёрлади.

 

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *