Ёлғон маълумотлар асирлигида ёхуд кўчада қолган генофонд

Аграр ислоҳотни бошлашимизга нима ва ким тўсқин бўлиб турганини билаётгандекман. Менимча бу тўсқинлик манбаи – ёлғон маълумот. “Қанақа ёлғон маълумот” – дейсизми? “Одамларимиз томорқасидан тузук фойдаланмай турибди-ю, уларга гектарлаб ер берсак эплашадими?” – деган маънодаги комплекс ёлғон маълумот. Мисол келтираман.

Ўтган йили қишлоқ хўжалиги махсулотларини экспорт қилишга имкон яхшилангани боисидан Сурхондарёда томорқа участкаларидан фойдаланиш ҳамда фермерларнинг ерини ижарага олиб экин экиш рекорд даражага етди (тан олинган факт). Экин (асосан ер ёнғоқ) экилмаган томорқа қолмади. Бу нимадан дарак? Бу шундан даракки, экспортбоп махсулотни экспорт қилишга имкон яхшиланса, демак, одамлар ерда ишлашга қизиқишади.

Аммо, йўллар ёпилиб, сунъий тўсиқлар кўпайса, ердан фойдаланиш даражаси камаяди, қизиқиш сўнади.

Оддий мантиқий хулоса бу.

Аммо, бу – оддий мантиқий хулосани четга суриб қўйиб, жойлардаги мансабдорлардан Тошкентга борадиган нообъектив “сводка”ларга ишониб, “ҳаа, демак, аҳоли ерни эплай олмас экан”, – деган хулосани қиладиган бўлсак, ўзимизни ўзимиз алдаган бўламиз.

Қишлоқ ёшларига нисбатан яхши гумонда бўлмоғимиз, уларга ишонмоғимиз керак. Зеро улар – қишлоқларимизнинг бугуни ва… эртасидир. Ўзининг бугуни ва эртасига ишонч билдирмайдиган миллат… ривож топадими?

Шу пайтгача шу йигитлар ҳар йили юртга миллиардлаб валюта жўнатиб келишди. Қўлидан иш келмайдиганлар бу ишни қила олишармиди? Ўзга бир катта иқтисодиётни 20 йил мобайнида кўтаришда ўз салмоқли ҳиссаларини қўшиб келдилар. Бу ишни ҳеч ишни эплай олмайдиганлар қила олишармиди? Йўқ, албатта.

Биз эса ҳамоноқ қишлоқларимиз ёшларини “танимайдиган”, улар ҳақида ёмон гумонда бўлган “мутахассис” ва нообъектив, воқеликнинг эътиборини қилмасдан “сводка” берувчи мансабдорларнинг ноғорасига ўйнаб, эртанги кунимизни – генофондимизни “кўчага чиқариб қўйибмиз”, ўзга иқтисодиётга хизмат қилдириб қўйибмиз…

Ёлғонга асир бўлиш – мудҳиш бир манзара. Кўриб турибмизки, ёлғоннинг асирлигида бўлган жамият ҳатто зурриёдини, бугуну эртасини ҳалокатли аҳволда қолдиришга, бус-бутун битта авлод отасиз ўсиб катта бўлаётганига ҳам бепарво бўлишга ҳамда ўз жигарлари ҳақида ёмон гумонда бўлишга мойил бўлиб қолар экан…

Шундай ёмон нарса экан бу – ёлғон.

Кечаги куни битган бандаларини Аллоҳ таоло битта-битталаб турли жойларда жонини олиши ҳам мумкин эди. Ўшанда биз уларнинг ўлими ҳақида билмасдик ҳам. Аммо, бу бандаларини битта автобусга солиб, интиҳосини айнан ўша жой, айнан шу вақт ва айнан шу кўринишда қилди. Уммат ўлароқ сесканишимизни ва… мотам тутишимизни ирода этди.

Ҳолатимизнинг ўзгаришини истаган Зот бу – ҳолат ўзгариши ишида бизнинг ҳам иштирокимизни – ақлимиз ва қалбимиз иштирокини истаётган бўлса, не ажаб! Беҳудага берилмаган-ку бу аъзолар бизга!

Муҳаммад Шакур

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *