Ё раббим, ўзинг ҳар нарсани билгувчи ва ҳар нарсага қодирсан!

Бундан уч йил олдин божхона кўригидан ўтяпганимда назоратчи мени бошқалардан кўпроқ текшириб қолди. Тез-тез менга, компьютерга қарайверишининг ўзи мени шубҳага туширди. Бир пайт бошқа ходим келиб «биз билан юрасиз» деб, қўлимга кишан(наручник) солиб қўйди…
«Яна нима бўлди, яна қамаламанми?» деб хавотирга тушдим…
Идорасига олиб кирганда ичкарида ўттиз беш ёшлар атрфодаги аёлни бир киши сўроқ қилаётган экан.  Мени ўша хонанинг темир эшикли жойига олиб кириб қулфлаб қўйди. Бўлаётган  савол-жавобдан тахминимча аёл нима учундир юртдан ташқарига чиқиши мумкинмаслигини, аёл унга бепарво бўлиб четга чиқиб келмоқчилигини, иши жиддийлигини англамаганини тушундим. «Ака, хўп энди тушундим, мени қўйворинг, ёзманг, қайтиб кетаман» дея илтижо қиларди.  Ходим шунда аёлга «опа, ўзингиз зўрға юрган аёл экансиз, телефонга Қуръон, мавъиза ёзиб олишни  нима кераги бориди? Биз ҳам мусулмонмиз, тушунамиз, тўғри ёмон гап йўқ, лекин буйруқ бор, энди нариги ишингиз бунинг олдида ҳеч нарса эмас, энди бу эскичаларингиз билан нима бўлишини биласизми?» деб қоғозини тўлдиришни бошлади. «Тўхтанг, ака, илтимос, ахир  мен ўзим ёзмаганман, телеграмдаги группадан келган, атайин қилмаганман-ку» деб ялиниб. «Мен ҳам нима қилай, яна қайтариб айтаман, биз ҳам мусулмонмиз, ёмонлик йўқлигини кўриб турибмиз, лекин нима қилайлик, ишимиз шу, хизматчилик. Айб ўзингизда, шундоқ боссангиз ўчиб кетарди. Энди жавоб беришингизга тўғри келади» деди ишини давом эттириб.

Шу пайт қалбимга «Қиёматда шундан сўралмай, индамай туравермай, Аллоҳ учун гапириб қўяй» деб, Роббимдан қўрқув-у, ўзимнинг вазиятим қалтис бўлса ҳам,  ходимга нисбатан ич ичимда қаердандир шижоат пайдо бўлди. Панжара ортидан турганимча

-Сизга бир оғиз гапим бориди, -дедим.

-гапиринг, -деди мен томон ўгирилиб

-Мусулмонман дедингиз-а?

-Ҳа, мусулмонман

-Ўзингиз кўриб турибман, ичида ёмон нарсаси йўқ, Қуръон холос дедингиз

-Ҳа, шундай .

-Яна, шундоқ босганингизда ўчиб кетарди, муаммо бўлмасди, дедингиз ҳам

-Тўғри!

-Сиз агар айтганингиздек мусулмон экансиз, ўшани шундоқ босиб ўзингиз ўчириб қўя қолсангизчи!?, -дейишга куч топдим.

Зобит бир пас жим бўлиб қолди-ю,  менга қараб турди.  Кейин қўлига телефонни олди-да, бир четдан ҳаммасини ўчириб юборди, ҳатто, қоғозларини ҳам йиртиб ташлади. Буни кўриб аёл ҳўнграб йиғлаб юборди…

Орадан беш дақиқалар ўтди. Эшик очилиб, мени олиб келган ҳарбий кириб келди, мен турган панжарали қафас эшигини очиб «Сиз чиқаверинг, англашмовчилик  бўлган экан»  дея менга кетишга рухсат берди.  Бу воқеага  уч йил бўлса ҳамки,  ўша  пайтда нега адашилди, нега кирдим, ўзимнинг тақдирим қил устида турганда зобитга бировнинг тарафини олиб гапиришга кучни қаердан олдим,  тушунмагандим.  Кеча буни ҳамроҳимга айтсам, «Сиз буни ёзинг,  ибратли воқеа экан,  наҳотки сиз тушунмаганмидингиз, бу англашилмовчиликнинг моҳияти ўша аёлни чиқиб кетиши учун, ўша зобитни қалбини эритиш учун,   у ерга сизни Аллоҳ юборган» деди.
Ҳа, ўйлаб қарасам,  бир аёлнинг мушкулини ечиш  учун,  мени Аллоҳ қўлимга кишан солдириб,  яна ўзи шу кишандан озод қилган экан …Ё раббим ўзинг ҳар нарсани билгувчисан ва ҳар нарсага қодирсан!

Салим АЙЮБИЙ

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *