Янги жамият қуриш учун янги фикр керак

Иқтидорга келганидан бери янги Президентнинг сўзларини, ишларини кузатиб келяпман. Тўғриси, бир хулоса қилишга шошмайдиганроқ одамман. Лекин нимагадир Шавкат Мирзиёевнинг гапларига, жамиятни ўзгартириш йўлидаги хатти-ҳаракатларига ишонгим келяпти. Халққа енгиллик йўлида нималардир қилиш учун жон куйдираётгани одамда умид уйғотади.
Аммо бугун бор гап шуки, натижа у истаётганидай, халқ орзиқиб кутганидай бўлмаяпти.
Нимага?

1. Янги Президентнинг ўз командаси йўқ. Йигирма беш йил мудраб келган эски команда эса, янгича шароитда ишлашга тайёр эмаслигини яққол кўрсатиб қўйди. “Кўзимиз энди очилди, нима иш қилиш кераклигини энди билдик!” дейишдан бошқасига ярамади кўплари. (Шундай деганларнинг кетига тепиб, мардикор бозорига ҳайдаш керак эди, то бундан кейингиларнинг кўзи мудрамайдиган бўлиб очилсин!)

2. Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга барча соҳа бўйича илм асосида пухта ишлаб чиқилган янги сиёсий мақсадлар (стратегия) билан келмади. Шунинг учун ҳамма соҳада экспромт қилишига тўғри келяпти. Бу эса кўнгилдагидай натижа бермаяпти. Бермайди ҳам. Тўғрироғи, нималардир бўлаётганга ўхшайди, эски команданинг зарарига ишламайдиган енгил ўзгаришлар бўляпти ҳам, аммо негиз (фундаментал) масалаларда кўп нарса ўрнидан жилмай турибди.
Бу ҳол хавфли ‒ гапирилаётган гаплар қуруқ гап (популизм) эканини халқ тезда билиб қолади ва энг камида хафсаласи пир бўлади.

3. Ҳокимият алмашиши кутилмаганда ва тез содир бўлгани учун бизнинг (яъни, бошқарув диктаторликка ва “биркишиҳокимлиги”га асосланган) шароитда “янгича сиёсий мақсадлар” (стратегия) ишлаб чиқишга балки улгурилмагандир, лекин бу камчиликни тез тузатиб, иқтидорнинг илк кунларидан бошлаб бу йўлда топшириқлар берилиши ва киришилиши керак эди.
Мана, орадан бир йил ўтяпти, ҳамон жиддий гап айтилгани йўқ. Нега? Чунки президентга янги фикр ишлаб берилмади. Фикр берувчилар ҳаммаси эски тузумда суяги қотиб кетган, каллаларидан янги фикр чиқиши жуда қийин бўлган кадрлардир.

4. Оммавий ахборот воситалари ўз вазифасини бажармаяпти. Бажара олмайди ҳам. Чунки, биринчидан, кейинги йигирма беш йил ичида ўзининг асл вазифаси нима эканини тамоман унутган, одамга ўхшаб фикрлашдан мияси, одамга ўхшаб ёзишдан қўли чиқиб кетган бўлса, иккинчидан, икки кўзи тўрт, икки қулоғи саккиз бўлиб тепадан тушадиган ишорага маҳтал туришга ўрганиб қолган ОАВ бугунги шароитда нима қилишини, кимга қандай қулоқ солишини билмай қолди. Хуллас, гаранг. Гаранг бўлиб қолганини яшириш ва ўзини худди ишлаётган қилиб кўрсатиш учун йигирма беш йиллик эски қўшиғини варанглатиб куйлаб ётибди. Ҳатто Ислом Каримов давридагидан ҳам баланд овозда, рангли товушларда маддоҳлик қила бошлади.
Бу кетишда Оммавий ахборот воситаларимиз орқасидаги “кимлардир” тез орада янги Президентимизнинг ҳам обрўйини тўкади, тилини қисиб, қўлида қўғирчоқ қилиб олади. Ҳаракат шунга қараб кетяпти лекин.

5. Ва ниҳоят, айрим ҳолатлардан ‒ фармонлар бажарилмаётгани, баъзи карорлар тезда ўзгартирилаётгани каби ишлардан Ўзбекистонда бугун реал ҳокимият бошқа бировларнинг қўлидага ҳам ўхшаб қолди. Оллоҳ бундай бўлишидан сақласин…
Ва ҳоказо. Яни бир-икки сабаб кўрсатсак бўларди, лекин биз бугун энг муҳим деб санаганларимизни баён этдик. Қолаверса, бошқа жуда кўп томонлар мана шу айтилган сабабларга боғлиқдир. Булар тузалса, улар ҳам тузалади, иншаоллоҳ.
Президентнинг бир-икки ишорасидан у ижтимоий тармоқларни, хоссатан айрим чет эл ва ҳатто мухолиф фикрдаги тармоқларни ҳам кузатиб бориши билинди. Бу нарса яхши, албатта. Мамлакатдаги реал аҳволни билмоқчи бўлса, ўзбек файзбоғига ва сайтларига тез-тез кириб турсин.
Мен бу тармоқларда эълон этилаётган фикр-мулоҳазалао каби ушбу мақоламни ҳам у ўзи шахсан кўришини, ҳеч бўлмаганда яқинлари кўриб унга етказишларини истар эдим. Балки ўқиб қолар, балки яхши кишилар унга етказишар ҳам. Шу чиройли умидда сўзим якунида услубни ўзгартириб, бевосита президентнинг ўзига мурожаат услубига ўтмоқчиман.

Муҳтарам Президент!

Агар бир йилдан буён айтаётган гапларингиз, қилаётган хатти-ҳаракатларингиз самимий бўлса (мен шундай деб ўйлайман), мен сиз билан биргаман. Сўзда ҳам, амалда ҳам сизни қўллайман.
Ожиз фикримча, энг биринчи галда мафкура соҳасини тубдан ўзгартириш лозим. Чунки қатъий тажрибага кўра маълумки:
* Эски каллалардан янги фикр чиқмайди!
* Эски фикр билан эса янги жамият қуриб бўлмайди!
* Маддоҳлар сизга асло дўст эмас, улар билан узоққа соғлом бориб бўлмайди!
* Маддоҳлик давлатимизнинг биринчи рақамли душманидир!
* Баландпарвоз мақтовлар кучайиб бораётгани Давлат Бошлиғига шараф келтирмайди, балки сувдай тотли-ёқимли нарса темирдай мустаҳкам нарсани аста-секин занглатиб-чиритгани каби қулоқларни аллаловчи маддоҳлик ҳам ҳар қандай бошлиқни бора-бора еб битиради.
* Бугунги ўзбек матбуотига ишонманг, кўзига тупроқ сепинг!
* Аччиқ бўлса-да ҳақиқатни айтганларни қадрлаш керак. Чинакам ватанпарварлар ўшалардир. Чунки улар бошларига таҳлика бўлса-да, халқ ва ватан тақдирига чин юракдан ачинганларидан, қайғурганларидан ҳақиқатни айтадилар. Давлат шундайлар билан тик туради, мамлакат шундайлар билан обод бўлади!
* Сизга бугун соғлом кучлар керак, жаноб Президент! Чунки касал ақллар билан соғлом жамият қуриб бўлмайди.
Мафкура тузалмас дардга чалинган. Дарди енгил бўлганида, янги шароитда тезда ўнгланиб, оёққа туриб кетиши керак эди. Бундай бўлмади.
* Сиёсатни ахборот билан қўллаб-қувватлаш дегани тинимсиз чапак чалиш, ҳамду сано ўқиш дегани эмас. Мамлакатнинг ҳақиқий аҳволини ёзиш, гапириш, кўрсатиш билан ёрдам бериш деганидир. Ҳозир сизни алдашяпти, кўзингизни бўяшяпти. Ҳушёр бўлинг, салафингиз сингари бу ёлғонларга алданиб қолманг.
* Бугун ижтимоий тармоқларда давлатга чинакам ёрдамчи бўладиган фикрлар аста-секин айтила бошланди. Шуларни асос қилиб олиш, шуларга суяниш керак.
Оллоҳга ҳам, халққа ҳам хуш келадиган йўлни танлашингизда ва тўғри сиёсат юритишингизда сизга чин юракдан омад тилайман, муҳтарам Президент!

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон

2 комментария

  1. «Ўзбекистонда бугун реал ҳокимият бошқа бировларнинг қўлидага ҳам ўхшаб қолди.» Boshqa qo’llar deganda qaysi qo’llardan shubhalanayabsiz.

  2. Аллоҳ сизни ҳам, Президентимизни ҳам паноҳида асрасин. Ҳақиқатда, маддоҳларни юзига тупроқ сочиш керак!

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Этот сайт использует Akismet для борьбы со спамом. Узнайте как обрабатываются ваши данные комментариев.