Хусусий мактаблар керакми?

1. ҲА. Агар ёшларнинг билимли бўлишини, бу йўлда барча имкониятларни ишга солишни истар эканмиз, хусусий мактаблар албатта керак.

Кўпчилик бунга таълим бизнесга айланиб қолмасмикан, деган хавотир билан қарайди. Тўғри, хусусий мактаб фаолиятини тадбиркор одам йўлга қўяди ва бу мактабга кўпроқ ўқувчи жалб этишни истайди. Бунинг учун эса унинг мактаби бошқа мактабларга қараганда ҳар томонлама замон талабларига жавоб бериши керак бўлади. Дарс ўқитишда эса маҳоратли ўқитувчилар, лозим бўлса, фан номзодлари, докторларни ҳам жалб этади. Негаки, бундай мактабларни ота-оналар фарзандлари яхши ўқиши, келажакда олий таълим муассасаларига қийналмай кириши учун танлайди. Тўғрироғи, бундай мактаб ўқувчилари бошқа мактаб ўқувчиларига қараганда билимлироқ бўлиши лозим.

Бугун репетиторлар кўпайиб кетди. Истаган олийгоҳдаги истаган талабадан сўранг у кириш имтиҳонларига репетитор ёллаб тайёрланган бўлиб чиқади. Самарқанд шаҳрининг ўзида минглаб репетиторлар фаолият кўрсатишаяпти. Уларга эътироз билдиролмайсиз. Чунки ҳақиқатан яхши ўқитади ва ҳақли равишда яхши ҳақ ҳам олади. Фақат виждонга “тегиб кетадиган” бир масала бор: Ҳали бирор бир репетитор давлат рўйхатидан ўтиб, тегишли рухсатнома асосида фаолият юритаётгани ва давлатга даромад солиғи тўлаганини ҳеч ким эшитгани йўқ. Ота-боболаримиз таъбири билан айтганда, улар топган пулини “ҳалоллашни” унутиб қўйишмоқда.

Бекорга репетиторларга тўхталганимиз йўқ. Гап шундаки, хусусий мактаблар бунинг ўрнини тўлиқ боса олади. Қолаверса, ҳаммаси қонуний. Бунга нима етсин. Бугунги кунда кўпгина ота-оналар фарзандларини 5-6 синфдан бошлаб репетиторга юборишларини ҳисобга олсак, хусусий мактаблар эндиликда ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ керак. Тасаввур қилинг. Ҳар куни фарзандингиз мактабдан келиб, инглиз тили репетиторининг олдига — Сартепага, ўзбек тилидан тайёрланиш учун университет хиёбонига ва тарих фани репетиторини йўқлаб Даҳбед кўчасига боргани маъқулми ёки ўша ўқийдиган мактабининг ўзида пухта билим олиб, уйга қайтганими?

Яна бир масала. Бюджетдан таълим учун катта маблағ сарфланади. Битта мактаб сарф-харажатлари ҳам озмунчани ташкил этмайди. Табиийки, хусусий мактаб бошқарувчиси барча харажатларни ўз гарданига олади. У ҳам ўқувчиларни замонавий жиҳозлар билан, дарсликлар ва қўлланмалар билан таъминлашга ҳаракат қилади. Ўқувчиларга барча шарт-шароитларни яратишни, яхши ўқитишни, шу й´л билан бизнеси гуллаб-яшнашини истайди. Буни соғлом рақобатнинг вужудга келишидан бошқа нарса эмас. Хуллас, хусусий мактаблар очиш вақти аллақачон келди.

Айтганча, энг муҳими – хусусий мактаб ўқитувчиларини мажбурий меҳнатга ҳеч ким жалб этолмайди.

Анвар МУСТАФОҚУЛОВ.


2. ЙЎҚ. Хусусий мактаблар ҳақида гап кетганда, бир нарсани унутмаслигимиз зарур. Яъни, баъзи бир ота-оналар даромад ортидан қувиб, фарзандини савдога юбориш учун мактабдан олиб қолишнинг минг битта йўлини излаб турган бир шароитда хусусий мактаблар майдонга келса-я! Бундай ота-оналарнинг хусусий мактаб директори билан “келишиб” аттестатни “нақд” қилган ҳолда боласини умуман мактабга юбормай қўйиши керакми бизга?

Истаймизми йўқми, тартиб, натижа ва ютуқлар назорат бор жойда бўлади. Хусусий мактаблар эса табиийки, нисбатан давлат назоратидан холи. Айтайлик, хусусий мактаб раҳбари ўқувчиларнинг юқори билим олишини истайди, маъқул. Аммо бизнесмен ўзининг мактабида ўқиётган ўғил-қизларнинг ватанпарварлик ғоялари асосида вояга етишидан манфаатдорми? Ёки у ўқувчиларнинг турли маънавий-маърифий тадбирларда фаол иштирок этишини жудаям истайди, деб ким айта олади? Бизга нафақат билимдон, балки юксак маънавиятли ёшлар керак.

Давлат мактабларида ўқувчининг ҳар томонлама баркамол бўлиши мақсад қилинган. Хусусий мактаблар учун эса уларнинг олийгоҳга қабул қилиниши муҳим.

Тўғри, баъзилар “Мана, Европа, Америкада хусусий мактаблар кўп, уларда ўқитиш самаралироқ-ку”, деган фикрга боради. Биринчидан, юртимиздаги 8-синф ўқувчисининг билими Америкадаги 8-синф ўқувчисиникидан кам эмас. Бу гапни соҳа ходимлари ҳам кўп таъкидлашди. Қолаверса, бизда ¢арбнинг ўша хусусий мактабларидаги каби гиёҳванд ўқувчилар йўқ. Вояга етмаганлар ўртасида содир этилган жиноятчилик ҳолатлари бизда сезиларли даражада кам. Маънавиятсизлик ҳам.

Демак, хусусий мактабдан кўра, давлат тасарруфидаги мактаблар биз учун фойдалироқ.

И.СУЛТОНМАҲМУДОВ.

 

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Этот сайт использует Akismet для борьбы со спамом. Узнайте как обрабатываются ваши данные комментариев.