Ватанпарварлик ҳақида икки оғиз сўз

Ватанпарварлик — бу сўзни ҳамма ҳар хил тушунади, ҳар ким ўз қаричича, илмий саъвиясию дунёқарашининг кенглиги миқдорича идрок этади. Бу ўринда бирор кимни айблаш ёки бу сўзни оммадан бошқача тушунгани учун маломат қилиш соғлом ақлга зиддир.

Бизнинг юртимизда айниқса бу сўз кунда-шунда, ош-нонга қўшилиб истеъмол қилинадиган даражада оммалашган. Шу машҳурлик бу сўзни англангувчиларни ҳам (асосий) икки тоифага ажратганини кўриш мумкин. Биринчиси — «Ватанни қандай бўлса, борича севиш керак, уни муаммоларини ошкор этиш — ҳиёнат», деган даъводаги тоифа бўлса, иккинчиси ватанини ривожлантириш, уни янаям яхшироқ масканга айлантириш учун мақтовдан кўра муаммолари ҳақида кўпроқ қайғурадиган гуруҳдир. Ўзим ҳам айни иккинчи тоифа вакилиман. Қуйида ёзиладиган битикни айни шу тоифанинг биринчисига мурожаати сифатида ёзиш қулайроқдай кўринди. Нокамтарликка йўймайсиз.

Эй халқим, намунча дилларингиз бир бирларига ёвлашиб, фикрлар камони билан бир бирингизни яралашга уста бўлиб кетдингиз?! Ваҳоланки, юқорида айтилган иккала тоифа ҳам бир нарсани — ватан севгисини даъво қиладилар. Ҳозирги аҳволингиз эудди анави машҳур карикатурадаги 9 сонини икки тарафига туриб олиб, мен хақман, деяётганларни эслатиб юборяпти.

Бўлди, тўхтанг. Аввал, бир-бирингизнинг даъволарингизни эшитиб кўрингчи: ахир, бир нарса учун жон койитмаяпсизларми?

Эй биринчи тоифадаги ватандошлар, бизнинг муаммоларни очиқ айтишга, уни хал қилишга харислигимизни кўриб, ақлингизда бизга нисбатан ноўрин фикру хаёллар туғиляптими? Хотиржам бўлаверинг, биз ҳам Ватанни сиздан кам суймаймиз. Биз шунчаки, Ўзбекистонни дунёнинг энг ривожланган мамлакатлари қаторида кўришни, четга чиқиб кўриб, Ватанга қайтгач, оғзимизни суви қуригунча мақтанадиган, моддий қулайлигу афзалликлари бизда ҳам мавжуд бўлишини истаймиз холос. Сизнинг ва бизнинг отамиз, онамиз ака укаларимиз пахта даласида, йўлларни оқлаш, кўчат экиш ёки металлом йиғиш учун эмас, ўз вазифаларини сидқидилдан бажариш учун иш жойларига боришларини кўргимиз келади.

Бизнинг бор-йўқ хоҳишимиз — қаёқдаги қаланғи-қасанғи, ялоқхўрлар сиз ва бизнинг мулкимизни талон-тарож қилмасликлари, холос. Онангиз, ёки болангиз касал бўлиб қолиб, тез ёрдамга мурожаат қилганингизда, ишингиз тез ва сифатли битиши учунгина тиббиёт соҳасини «гўрига ғишт» қалаяпмиз. Қайсидир давлат идорасига ишингиз тушса, у ердаги югур-етим, бюрократияни ўйлаб ҳали бормасиданоқ, кўзингизни олди қоронғулашади, а? Биздаям айни ҳолат, биз шуларни йўқолиши учун жон куюктирамиз. Орамизда ҳар-хил иқтисодий аҳволдагилар мавжудлиги сир эмас, болангиз, боламиз ўз кучи билан йиллаб тайёрланган ўқишга кириб ўқишига, биргина бойваччанинг институт дипломига бўлган хоҳиши тўсқинлик қилмасин, бойми, камбағалми — адолат билан ўз кучи билан кириб ўқисин, деб чираняпмиз, холос.

Бундай мисолларни санаса, китоб ёзса бўлади аслида. Ҳозирча шу ерда якунлай қоламиз.

Илтимос, сиз бизларни маломат қилишдан олдин, биз асли нима учун қайғураётганимизни тушунинг. Агар тушунишга илм ва тажрибангиз етмаса ва кимнидир етовида бизга ёвқараш қилаётган бўлсангиз, илтимос, аввал ўқинг, ўрганинг, англанг. Кейин, майли, маломат қилинг, агар қила олсангиз. Ҳамма тарихда яшаб ўтган миллий қахрамонларимиз ҳам ватанни равнақи, бегонанинг қўлига ўтиб кетмаслиги учун курашиб халқ қаҳрамони бўлишган, юртини ким босиб олса, ўшанга ялтоқланиб, уни тарафига ўтиб кетганларни эса, ҳозиргача ҳамма хоин дея лаънатлаб эсга олади. Бизнинг муҳаббатимиз Ватанимизгадир, уни вақтинча бошқарадиган ҳокимиятларга эмас. Улар келиб кетаверадилар, Ватан эса ўзгармайди. Шу боис, нима учун ҳаракат қилаётганингизни аниқлаб олинг, агар сизга амал, курси, унвон керак бўлса, уларни албатта оласиз. Лекин, илтимос, ватанпарвар деган сўзни ўзингизга нисбатан қўлламанг.

Ҳа айтганча, айни кундаги Президент Шавкат Мирзиёевни ҳам бераётган баёнотларини кўраётгандирсизлар. У киши ҳам айни бизнинг тоифадан эканини англаб етиш мушкул эмас, назаримда.

Айюб Муҳаммад

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *