Ватаним…

Онам мени дунёга келтирганларидан то бугунги кунга қадар менга меҳр берганлар, тарбия қилганлар, эътиқодим ва иймонимни шаклланишига энг катта ҳисса қўшганлар. Онам менга ҳамма нарсани ўргатганлар. Ҳамма-ҳаммасини онамнинг дунё қарашлари орқали кўриб, тушуниб, ўрганганман. Онам менга ҳамма нарсани ўргатдилар, лекин бирор марта менга қандай қилиб ўзларини яхши кўришим кераклигини ўргатмадилар. Берган меҳрлари, садоқатлари орқали мен онамни яхши кўриб, севиб, ардоқлаб боравердим.

Ватанни ҳам онага ўхшатадилар. «Она — ватан!» Ҳамма менга ватанни қандай севишим кераклиги ҳақида маъруза ўқийди. Телевизорда ватанпарварлик ҳақида тинмай гапирилади. Ватанни севишга чақиришади. Ватан ҳақида шеърлар, ваъзлар ўқишади. Ватан хоинлари, ватангадолар ҳақида кўрсатувлар қилиб, уларни, ота-оналарини сазойи қилишади.

Ҳеч ақлимга сиғмайди: онани ёмон кўрадиган одам борми? Ҳатто онаси фоҳиша бўлганлар ҳам онасини яхши кўришса керак. Ватан онага қиёсланар экан, ким ватанини ёмон кўради? Мен ҳали ватанини ёмонлаган Ўзбекни кўрмадим. Ҳа, ишонаверинг, кўрмадим. Ёки сиз кўрдингизми? Ватанини — қишини, баҳорини ёмонлаган одамни кўрдингизми? Ватан тупроғидан, ватан ҳавосидан нолиган одамни-чи? Ватан нонини, мевасини ёмонлаган одам ҳақида эшитганмисиз? Ватанни ватандан узоқдаги ҳар бир одам соғиниб яшайди. Ватандан озгина узоқлашган одам буни ҳис қилган. Онани яхши кўришни она ўргатмагани каби ватан ҳам бизга яхши кўришни ўргатмаган. У меҳр берган. Бизни улғайтирган. Биз унинг ҳавосидан, неъматларидан баҳра олганмиз. Яшаганмиз, улғайганмиз ва яшаяпмиз. Бизга ватанни яхши кўриш қонимиз билан бирга кирган. Ҳар ким ўз тасаввурича яхши кўраверади.

Онангиз уйингизга ўгай отани олиб келса, у ўгай ота зулм қилса, сизни ўгай укангизни яхши кўриб, сизни таҳқирласа, хўрласа, хаққингизни олиб, «мен ҳам онангман», деса ишонасизми? Ўгай отани она ўрнида қабул қиласизми? Ҳа, афсуски, бугун ҳам, ўтмишда ҳам кўплар қабул қиляпти. Ўгай отани «она», деб ҳайқиряпти.

Ватан — бу ватан! Давлат билан ватанни адаштирманг, илтимос! Мен Ўзбеклар ичида ватанидан норози бўлганларни кўрмадим. Аммо давлатидан норози бўлганларни кўрдим. Давлат онангизни меҳрини, мол-давлатини, чиройи-ю, гўзаллигини тортиб олиб, ундан фақат ўзи фойдаланса, сизни хаққингизни еса-да, яна сиздан садоқат ва меҳр ила онангиз каби севишни талаб қилса, бу қанчалик ҳақиқат бўлади?

Мен ватаним олдида қарздорман. Ҳар бир қолган ўзбекистонликлар каби, онамни олдида қарзимни уза олмаганим каби қарздорман. Аммо менинг давлатдан қарзим йўқ.

Союз давридаги ҳам Давлат эди. Ўша давлат — мени укаларимни ўз манфаати йўлида пахта майдонларида ишлатиб, устидан зарарли дорилар сепди. Ўша Давлат — ер ости ва устки бойликларига эгалик қилиб, мени акаларим, опаларим ва сингилларим хаққини еди. Ўша Давлат — ўгай ота-онамга эгалик қилгани каби ватанимга ҳам эгалик қилди. Ўша давлат — ота-боболаримни (бугун сиз ва биз ватанпарвар деб эътироф этадиган) қатағон қилди. Халқи, ватани учун курашганларни «халқ хоини», «ватан хоини», деб қатл қилди, қувғин қилди.

Давлатлар келиб кетаверади. Кеча Союз, ундан аввал Хонликлар, қабилалар, Чингизлару, оқ пошшоҳлар давлатлик қилди. Эгалик қилди. Ҳар бир давлат ватанга эгалик қилиб «мен онангман» деб уқтирмоқчи бўлди. Ҳар бир давлат ўзини ватанга тенглаштирди. Ўз номини ватан номи ёнига қўйди. Вақт ва тарих давлат бошқа, ватан бошқа эканлигини кўрсатиб берди.

Давлат бугун бор, эртага йўқ. Бугун буниси, эртага бошқаси. Аммо ватан ягонадир! Ватан танланмайди!

Саййид Ислом

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *