Вақт машинаси ёхуд «ўрдакоғиз» бувилар

 

Ҳаво дим. Кўчага чиққан одамни ёзнинг жазирамаси куйдиради. Яхшиси хонамга кириб «архив» суратларни томоша қилганим маъқул. Оилавий албомни қўлимга олдим-да, бирин-кетин кўздан кечира бошладим. Ўтган асрнинг 80-90-йилларида тоғамнинг дўстлари билан тушган сурати эътиборимни тортди. Негадир уларнинг болаликдаги расмларини фақат оқ-қора фонда кўрганим учунми, тогъам яшаган даврни ҳам оқ-қора рангда тасаввур қиламан. Ҳалиги сурат ҳам оқ-қора бўлиб, ундан босмахонанинг ҳидига ўхшаш гидрохинон моддасининг ҳиди уфуриб турарди. Клёш усулида тикилган кенг почали шим ва парикка ўхшаш соч турмаги… Улар учун урф ҳисобланган бу кийиниш услуби менга кулгили туюлди. Буни қарангки, замон замонни тан олмас экан. Балки, биз «мода» деб ҳисоблайдиган ҳозирги юриш-туришимизни, тиззаси йиртиқ шимларимизни, соч турмаклаш услубимизни кўриб келажак авлод ҳам кулса керак. Сурат кўришни давом этар эканман, бундан 70 йил аввал тушган расмларини кўриб қолдим. Улар ҳеч қандай пардозсиз ҳам ниҳоятда гўзал эдилар. Сочлари қирқкокил қилиб ўрилган, эгниларида эса бўғма ёқа усулида тикилган оддий чит кўйлак, бошларида ҳошияли қора дўппи.

Ҳақиқий ўзбек қизи. Соғинч ҳисси бутун вужудимни қамраб олди. Албом томоша қилиб вақт ўтиб кетганини ҳам сезмай қолибман. Суратларни тахлаб жойига қўйиб қўйдим.

Орадан икки – уч кун вақт ўтди. Мен ҳамон кўрган «архив» расмлар таъсирида юрардим. Миямда фақат битта савол: Келажакдаги болаларим ўз фарзандларига «мана шу сенинг бувинг бўлади» деб менинг қандай суратимни кўрсатишар экан? Энди сизни ҳам шу савол ўйлантираётган бўлса керак. Қизиқ, уларда бизнинг фотосурат шаклидаги расмимиз бўлармикан? Чунки, охирги марта қачон расм ишлатиб уни олиб қўйганимни эслай олмайман. Балки, келажак авлод суратларимизни «шарт ит» орқали олишар, балки ижтимоий тармоқдаги профилларимиздан. Шундай бўлди деб тасаввур қилайлик…

… 2080 йил. Улар телефонимиздаги расмларни қаердандир топишди ёки ижтимоий тармоқдаги профилимизга ташриф буюрдилар. Ана энди кўринг муаммони! Телефонимиз, аккаунтларимиз бекорчиликдан тушган расмларимизга тўлиб ётибди. Уларнинг қайси бирини кўришсин? Ўпмоқчи бўлгандек «ўрдакоғиз» бўлиб тушган расмларимизними, тилимизни чиқариб бошимиздан чиқиб турган қуён, мушук, айиқларнинг қулоқлари билан тушган ёки худди қилган ишидан уялгандек юзимизни бекитиб, аммо чиройли позада турган суратларимизними?

Сон-саноқсиз расмларимизни томоша қилишар экан, уларнинг интернет трафиги тугаб қолди. Шунча рамларимизни кўргани, маъносиз статусларимизни ўқигани мегабайт қандай етсин? Ахир ҳар «секунд»ига расм жойлаштирамиз. Орамизда нима қилишини билмай бекорчиликдан «зерикдим» деб ижтимоий тармоққа ёзиб қўядиганлар ҳам йўқ эмас. Келажак авлод буни кўриб негадир ўз буви-буваларидан фахрланишмади. Менимча, бу ерда «негадир» сўзи ноўрин. Имловий хатоларга тўлиб ётган статусларимизни, бемаъно суратларимизни кўриб ким ҳам фахрланарди? Улар учун ҳавас қилиб ўрнак бўла оладиган инсон бўла олмадик…(бу тахминан 2080 йилларда бўлиб ўтаётган воқеалар)

2017 йил. Ўз замонамиздамиз. Ҳали ҳеч нарса амалга ошмаган. Айни дамда бу нарсаларни ўзгартириш ўз қўлимизда. Нафақат ижтимоий тармоқда, балки ҳаётда ҳам ўзимизни тутиб олсак, профилимизга реклама тарзида жойлаштирилган нима еб-нима ичаётганимиз, нима кийиб юрганимиз тўғрисидаги расмларни камайтириб, аккаунтларимизни муҳим воқеалар, жамиятга фойдаси тегадиган постлар билан бойитсак, мақсадга мувофиқ бўларди.

Робиябону Нуралиева, ЎзДЖТУ талабаси

http://yi.uz/  сайтидан олинди

Биринчи изоҳ

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Этот сайт использует Akismet для борьбы со спамом. Узнайте как обрабатываются ваши данные комментариев.