«Ўзимизнинг» журналист


Яқинда ўз блогимда “ХТВ танлов эълон қилади: томошага тайёр туринг” деб номланган постни эълон қилгандим. Халқ таълими вазирлиги ўтказган “Халқ таълими тизимидаги энг яхши веб-сайт – 2017” кўрик-танлови натижалари ҳақида.

Пост бир неча йирик сайтлар, жумладан Kun.uz сайтида эълон қилинди. Ўзига яраша шов-шувга сабаб бўлган постга вазирлик муносабати қандай бўлди, деб ўйлайсиз? Кўпчилик яхши бўлмаганини аввал-бошдан сезгани аниқ. Мана муносабатдан иқтибос:

“Санжар Рустамов (у пайтлар Санжар Саид эмас эди) ўзимиздан чиққан йигит. Кўп йиллар “Маърифат” газетаси, “Бошланғич таълим” журналларида фаолият кўрсатиб, халқ таълими тизимига оид кўплаб мақолалар эълон қилган. Соҳани ичидан яхши билади. Ҳатто, тизим янгиликларини ёритишдаги жонбозлиги учун ўтган йили Халқ таълими вазирлигининг “Фахрий ёрлиғи” билан ҳам тақдирланган. Блоггер Санжар Саидга айландию, халқ таълими тизимининг ашаддий танқидчисига айланди. Биз бундан фақат хурсандмиз. Зеро, кучли жамоатчилик назорати соҳадаги ислоҳотлар самарасини оширади”.

Пост ҳақида эса қуйидагича мулоҳазалар билдирилди:
“Мазкур тасдиқларни исботлаш учун далиллар етарлими? “Ғолибликка даъво қилишга ўтган янги иштирокчилар” қаердан пайдо бўлди? “Низомга очиқчасига тупуриш” деганда нимани тушуниш керак? Қайси “умид билан танловга ариза берганлар” ҳақида гап кетяпти? Балки муаллиф танловнинг республика босқичига чиқа олмаган “аламзада” веб-сайт эгасининг буюртмасига кўра мақола ёзгандир, буёғи бизга қоронғу”…

“Муаллиф мақолада кўрсатилган бирорта ҳам эътироз ҳақиқатга яқин эмас, шунчаки, ташқаридан веб-сайтдаги маълумотлар асосида ёзилган мақола”, дейилади хулоса қисмида.

Мен постни эълон қилишдан аввал ижтимоий тармоқлардаги, қолаверса таълим муассасаларида фаолият кўрсатаётган педагог дўстларимдан маслаҳат олдим. Фақат жорий танлов эмас, балки ХТВ ташкил этаётган бошқа кўрик-танловлар, фан олимпиадалари, билимлар беллашуви ва бошқаларда таниш-билишчилик, адолатсизликлар, порахўрлик оддий ва анъанавий ҳолга айланиб қолганини айтишди. Балки бу каби қинғирликлар айнан вазирлик марказий кенгаши томонидан амалга оширилмас. Аммо тизимда бу бўйича жиддий муаммолар борлиги, ҳудудий бошқарма ва бўлимлар коррупция ботқоғига чуқур ботгани айни ҳақиқат. Ойни этак билан ёпиб бўлмайди, ҳар қанча хаспўшланмасин, ҳақиқат ҳақиқатлигича қолаверади.

Очиғини айтаман, танловда мен техник консултантлик қиладиган сайт ҳам қатнашган, биринчи босқичда вилоятда биринчи ўрин билан навбатдаги босқичга йўл олган эди. Уни нафақа ёшига яқинлашиб қолган педагог юритади. Шунча ёшга кирганига қарамасдан АКТдан унумли фойдаланиб, уч-тўрт йилдан буён ўз фани бўйича билим ва тажрибаларини бутун мамлакат ўқитувчилари билан ўртоқлашиб келаётганининг ўзи таҳсинга лойиқ. Бугун унинг сайтига кунига 150-200 одам киради. Ўғли дастурчи. Сайт мазмун, техник ва дизайн томондан танлов талабларига мутлақо тўғри келади. Бир гап билан айтганда, фақат танлов учун очилган сайтлардан ўлса ўлиги ортиқ. Тўғри, мен тилга олган педагогга ҳеч қандай мукофот, ҳеч қандай совға-саломнинг кераги йўқ. У шунча ишларни бировдан нимадир кутгани учун қилмаган, холис, қалб амри билан иш тутади, ёш педагогларга касбий фаолиятида асқотувчи методик қўлланма, тавсиялар бериб боради, уларнинг саволларига имкон доирасида жавоб беради.

Педагогнинг керак эмас, дейишига қарамасдан постни эълон қилишга қарор қилдим. Зора, кейинги танловлар очиқлик ва ошкоралик, тенглик руҳида ўтказилса, бу борада жамоатчилик назорати таъминланса ва уларда фақат муносиб номзодлар ғолиб бўлса.

Санжар Саид

3 комментария

  1. туманимизда мажбурий равишда бир фирма билан шартнома қилдирилиб веб-сайт очиш топшириги берилди ва барча мактаблар сайт очишди. ишонч билан айта оламан бирортаси янгиланмади ва юритилмади. «для галочки» деганларидек очдингми-очдим бўлди. Аввало таълим муассасасалари, педагоглар сайт юритишлари, АКТдан унумли фойдаланишлари учун шарт-шароитлар яратилиши, ҳаққоний рағбатлантириб борилиши ва энг мухими эътироф этилиши керак. Бироқ, туман ХТБ бўлимлари чекка қишлоқ мактабларига «беминнат» пуллик хизмат кўрсатишу, яна оддий ўқитувчини шилиш билан банд. Методист яъни, услубчилар ўз фани, йўналиши бўйича таълим муассасасига бориб, методик ёрдам у ёқда турсин, хатто ўрганишни ўзларига эп кўрмайди. вазифамдан келиб чиқиб, туман ХТБ бўлимига амалга оширилган турли ишлар юзасидан хафтасига 2-3 марталаб фотолавхалар топшираман. Ўзим учун рангли принтер ва бошқа ускуналарни олиб шароит қилиб олганман. лекин бошқаларчи, ўртача хафтасига 12 000 сўмдан чиқим қилса ойда 50 000 атрофида бўлади. Иложсиз шундай юзакичилик ва қоғозбозлик билан ишлар эканмиз, тумандаги бўлим раҳбарларимизга ҳужжатларни, фотолавхаларни электрон шаклда, кўпчиликда имкони бор мессенжерлар орқали олди берди қилсак, сўзамол бўлим бошлиқларимизнинг кабинетларида камида битта компьютерлари борлиги ва уларга электрон кўринишдаги «отчет»ларни тақдим этиш таклифини 2 йилдан бери айтиб келаман. Қани энди бирор реакция бўлса экан. Мавзудан четлашган бўлсам узр, мазза қилиб фикр билдирадиган жой бўлгани учун ёздим. Рахмат

  2. Бир укитувчи республикада энг яхши веб сайт танловида иккинчи уринни киритди. Мукофот эса ХЕЧ НАРСА!!! ХЕЧ НАРСА!!! Узларингда тежаб колинган маблаглардан килиб берасизлармиш… Унда танлов нимага керак?
    Кайсидир кушик танловини реклама килишувди: 3 та уринга фалон млн сум деб. Уша пайтлари яна реклама бор эди «ёш олимлар» танлови. Мукофоти эса хаминкадар, ута пастда. Мана сизга томоша, ана сизга томоша. Зур-а «эътибор» ?!

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *