Ўзбекни уриб-сўкмаса ишламайдими?

Менимча 99 фоиз ҳокимлар шундай ўйлайди: ўзбекни уриб-сўкмасанг ишламайди. Урсанг эти, сўксанг бети қотади, деганларидек, сўконғич, уронғич бошлиқнинг қўл остида фақат «без»лар ишлайди. Урсанг ҳам, сўксанг ҳам фарқи йўқ: ҳароми дейсанми, гадой дейсанми, онасини сўкасанми – пинагини бузмайди. Жа-а бўлса сўкишни эшитиб, тепкини еб, ўз идорасига борадию қўл остидагиларни хуморидан чиққунича уриб-калтаклайди, сўкиб-ҳақоратлайди – биру бир. Телефон деган «бало» чиқдию кунда кунора ўшандай раҳбарларнинг қилиқлари оммага ошкор бўлиб, ўзбек ҳокимларининг асл башараси очилиб қолаяпти.

Аслида ростдан ҳам ўзбек тепкисиз қимирламайдими? Келинг, энг кўп сўкиш эшитаётган фермерлар ва таълим соҳаси вакиллари ҳақида озгина мушоҳада юритсак. Дадам узоқ йиллар туман газетасида ишлаган, Дўстлик туманининг паст-баландидан бохабар одам. Дадамнинг айтишича, бир пайтлар фермерлар учун дориламон замонлар бўлган. Ҳамма пул ҳисобига тушган, йиққан-тергани ўзиники бўлган. Аммо пули кўпайгандан кейин уларнинг жуда кўпчилиги ўзидан кетган. Техникаларини кўпайтириш, инновацияларни жорий этиш, ҳосилдорликни ошириш, қайта ишлашни ташкил қилиш, қўшимча иш ўринларини очиб, ҳар томонлама ривожланиш ўрнига айш-ишрат, маишатга берилган, ўйнаш-фоҳишалардан боши чиқмаган, ҳеч кимни менсимай қўйган. На ҳоким, на прокурор уларни тартибга чақира олмай қолган. Шундан кейин ҳукумат фермерларни ҳар томондан қисиб қўйган, хўлу қуруқ баробар ёниб, инсофли, интилувчан фермерлар бошига ҳам кулфату балолар ёғилган. Фермерлар шу даражада «бичиб» қўйилдики, ақли расо одам фермерликни топшириб, ўзига бошқа иш қидиришни маъқул кўриб қолди. Айрим тоифаларга эса ҳеч нарсанинг аҳамияти бўлмай қолди. На далага чиқади, на ҳосилдан хабар олади. Аммо кимдир далада ишлаши керакку. Ким? Топдингиз! Бюджетдан ойлик оладиганлар. Ҳукумат ҳар хил ишчи гуруҳларини тузди, уларга ИИБ, прокуратура ва бошқа куч ишлатар тузилмалардан қаттиққўл бошлиқларни тайинлади ваҳоказо.

Ерни чопиш, ағдариш, ариқ очиш, чигит қадаш, яганалаш, чеканка, ўғит бериш, суғориш, зараркунандаларга қарши курашиш, чопиш, бегона ўтлардан тозалаш, ҳосилни йиғиб олишгача мелиса, солиқчи, банкир, ўқитувчи, шифокор югур-югур қилади. Фермер куни билан ухлайди, ичкилик ичади, истаса даласига келади, истамаса қорасини ҳам кўрсатмайди. Чунки унга фермерлик қилишдан фойда йўқ, шунинг учун фарқиям йўқ!

Унақа тепса тебранмасларни ҳар қанча сўксангизам, Андижон ҳокими айтганидай орқасига …ни тирасангизам қилт этмайди. Этиям, бетиям бир бўлиб безлашиб кетган.

Биз одатда жабрдийда қилиб кўрсатадиган таълим вакиллари ҳам аслида мен таърифлаган фермерлардан фарқ қилмайди. Бу соҳа каламушларга шу қадар тўлиб кетганки, Ҳиндистондаги машҳур каламушлар ибодатхонаси Районо ёки Облононинг олдида пок-покиза. Чунки болаларнинг ҳаққини еяётган ҳам, уларни порахўрликка ўргатаётган ҳам, ёш мурғакларнинг кўз ўнгида зулм ва адолатсизлик қилаётган ҳам таълим ходимлари. Коллеж ва лицейларда пулсиз баҳо олиб бўлмайди. Олий таълим ҳам коррупцияга ботган. Президент мақтаётган Юридик университетида давлат имтиҳонидан ўтиш 3-5 минг долларга чиқиб кетганини ҳамма ҳам билавермайди, тан олгиси келмайди. Энг ишонган олий таълим муассасасида порахўрлик шафқатсиз равишда илдиз отганки, бундайлар табиий равишда хўрлик ва ҳақоратларга дуч келади. Чунки бу дунёда ҳамма нарсанинг жавоби бор. Бугун бўлмаса эртага, эртага бўлмаса индин.

Тизимда ғурури, ор-номуси бор одамнинг ишлаши жуда қийин. Жуда қийин ундайларга. Билимли, зиёли, ўзини ҳурмат қилган, ҳалол ва фидойи ўқитувчиларни ҳеч ким сўка олмайди, ҳеч ким ура олмайди. Агар урса ёки сўкса, биринчи ҳужумданоқ ҳаммасига тупириб, ишдан бўшайди. Бундай одамлар ризқни ҳоким ёки директор бермаслигини жуда яхши билади. Бир кунини кўра олади, қора қозони шусиз ҳам қайнайди. Ҳеч бўлмаганда чет элга кетади… Тизимдаги адолатсизлик, ноҳақликлар натижасида таълим ҳам безбетларга тўлиб-тошди. Мансабпараст, амалпараст, хушомадгўй, порахўр, қўрқоқ ва ношуд педагоглар (директорми, мудирми, оддий ўқитувчими -фарқи йўқ) ўз қадрларини шу даражада пасайтириб юборишдики, ҳокимнинг малайи, хизматкори, ювиндихўрига айланди-қолди. Бюджетдан ойлик олиши унинг айби. Шунинг учун ҳам урсаям, сўксаям, ҳар қандай ишга буюрса ҳам манқуртдек бош эгади, бўйсинади, хорлик ва хўрланишга рози бўлади.

Келинг, юқоридаги саволга қайтсак: ўзбек уриб-калтакламаса ишламайдими? Агар шундай бўлганида миллионлаб ўзбеклар Россия, Қозоғистон, Корея ва бошқа давлатларда нима қилаяпти? Танбал, дангаса, ишёқмаслар у ерларда йўқмидики ўзбекларни қучоқ очиб кутиб олган бўлса? Мен ўн йилдан бери корейс тилидан репетиторлик қилиб келаман. Шу пайтгача юзлаб шогирдларни тайёрладим. Ўнлаб ўқувчиларим ҳозир Кореяда ишлаб юришибди. Кўплаб корейслар билан ўзбеклар ҳақида гаплашганман. Энг ишчан, меҳнатсевар одамлардан деб билишади ўзбекларни (гуруч курмаксиз бўлмаганидек, ўзбеклар номига доғ туширганлар ҳам йўқ эмас). Кореядаги ўзбеклар орасида шундай ноёб кадрлар ҳам борки, ойига ўн минг доллар бериб уларни ушлаб туришади.

Бошқа миллатлардан фарқли равишда уйим-жойим дейдиган халқмиз. Шундай халқлар борки, куни ўтса бўлди. Бугуни учун яшайди. Бир сўм топиб қорнини тўйғазса, ётишга жойи бўлса тамом. Кореядаги аксарият ўзбеклар эса шанба-якшанбага қўшимча иш қилади, икки сменада ишлайди, ўзини ўққа ҳам, чўққа ҳам уради. Нега? Чунки ишлаганига яраша пул олади, меҳнати қадрланади, муносиб шароитлар яратиб берилади.

Россиядаги ўзбек мигрантлари ҳақида кўпинча салбий фикрлар билдирилади. Нима эмиш: паст ишларни ишларни қилиб, миллат обрўсини тушириб юбораётганмиш. Ошинг ҳалол бўлса кўчада ич дейишади. Дворникми, кўча тозаловчи, идиш ювувчими ёки уй хизматчисими, аввало ҳалол меҳнат қилаяпти улар. Йилига Ўзбекитонга юборилаётган миллиардлаб доллар кўчадан супуриб олинаётгани йўқ!

Корейс иш берувчилари билан кўп суҳбат қурганман, катта корпорация раҳбарига таржимонлик қилишга ҳам тўғри келган. Бирортасида на қўполлик, на катта кетишни кўрганман (ҳаммасиям шундай деб айтолмайман). Чет элда миллионлаб, миллардлаб пули бўлса ҳам ишчисига аввало инсон сифатида муомалада бўлади. Хато қилса тушунади, ёрдам, маслаҳат, имкон беради, кечиради, қўллаб-қувватлайди. Ўзбек раҳбарлари билан ҳам ишлаганман, вазирлар, раислар, бошиқларнинг кўпини кўрганман (ўн йилда ўн бир жойда ишлаганман). Аксариятининг димоғидан қурт ёғилади, осмон қўлимда деб ўйлайди. Қўрқса ҳурмат қилади, дейдими, ходим билан баландда туриб гаплашади. Хато қилганни хуморидан чиққунча уришиб беради (ҳалиям сўкиш эшитмаган).

Нега шундай? Нега чет элда ишлаб, ризқ топаётган ўзбек Ўзбекистонда ношуду нотавонга айланади? Ахир биз ўта қобилиятли халқмизку, қўлимиздан жуда кўп иш келади, хотирамиз кучли, истасак ўрганамиз, ўзлаштирамиз. Бошқа халқлардаги каби ўқиб-ўрганишга жуда кўп вақт сарфлашимиз шарт эмас. Беруний, Хоразмий, Бухорий, Бобур каби ота-боболаримизнинг гени қонимизда айланиб юрибди. Булар баландпарвоз гаплар эмас. Бизни ишлатиш учун уриш, сўкиш шарт эмас. Ишлашга имкон, ишонч берилсин, халал берилмасин, ишлаганга яраша оиласи бир ой етишмовчилик кўрмай яшашга етадиган маош ўз вақтида тўлансин, ишчиларга одамга ўхшаб муомала қилинсин, иш жойларида муносиб шароитлар яратилсин. Ўшанда кўрасиз ишлаш қандай бўлишини!

Ҳамма ҳам фаришта, ҳамма ҳам суперишчи эмас. Гуруч курмаксиз бўлмаслигини ҳаммамиз яхши биламиз. Ҳар қандай ҳолатда ҳам оғир-босиқлик, мушоҳада, ақл билан билан ёндашса бўлади. Ҳиссиётларга берилиш шарт эмас! Ҳар қандай хато, қилмиш, жиноят учун қонуний чора кўриш мумкин. Ҳар бир ҳоким, ҳар бир раҳбар шуни билиб олиши шарт: ЎЗБЕКНИ УРИБ-СЎКМАСАНГ ҲАМ ИШЛАЙДИ. Одам бўлиб қолинг охиригача!

Санжар Саид

 

9 комментариев

  1. Андишани отини қўрқоқ қўйишадида.Бошқарув тизимининг каттаю кичик мулозимларини мутлоқ янгиламагунча эски тос,эски ҳаммом давом этаверади.
    Футбол федерациясига куни кеча раҳбар бўлган одамни гапларини эшитиб ҳайрон қолдим.Ғирт маҳаллийчилик қилаябди.Насаф Осиё чемпиони бўлганини жуда тез унутибди,яқиндагина Насаф Пахтакорни ютгани учун бармоқ кўрсатган ўйинчига мухлислар эътирози учун каттагина жарима солишди.Бундай ноҳақлик ,айримчалик қон қонига сингиб кетган бурунгидан қолган раҳбарчалар билан соғлом жамият қуришга шуҳбам бор!

  2. Маҳаллийчилигига яна бир исбот,боксчиларни гапира туриб уларни ҳаммаси «колхозники»деб таъриф берворди! Қойил! Бу одам ўзининг 7 та жойдан ойлик олиши ҳақда мақтаниб гапирди,нима у роботми?!

  3. Ҳамма раҳбарларда маҳаллийчилик иллати жўш уриб туради,ўз шаҳар-қишлоғи билан фахрланишга қаршимасман.Лекин,бировни яшаётган жойи ё шахсини камситадиган одамларни ҳурмат қилмайман.Худди шунақалар,нима бўлса ўзимникига бўлсин,деб жамиятни булғаб юборади

  4. Яхши гаплар ёзилган. Муаммолар ва ечимлари борасида хам тухталиб утилган. Лекин лицейда пулга бахо олиш борасидаги гапларни сал уйлаб, фаросатни ишга солиб гапириш керакмиди дейман. Кимдир сизга «фалон лицейда мана мана шунака экан» деса ёш болага ухшаб ишониб кетаверасизми ? Хамма лицейларни кориштириб ташламасдан айнан кайси лицей эканлигини аник ёзинг. Умумий гаплардан кочинг. Узингиз репетиторлик килган экансиз, пулсиз репетиторлик кила оласизми?(1-2 таси буганди даманг). Репетиторлик килган экансиз — буни пул учун килгансиз. Маслахатим (зор булмасангиз хам): «сал огизга караб» гапиринг.

  5. Маколада кутарилган муаммо бор хакикат. Афсус, халкни бундай тахирлашларни охири бормикин узи? Оламон качон хакикий халк буларкин? Купчилик хозиргача туб узгаришларга шубха билан карамокда. Муаллифга ташаккур.

  6. Менежмент фани бор. Аникланган коидаси буйича рахбар ходимга овозини баланд кутарса, иккиласидан бири ишдан кетиши лозим.
    Рахбар ходимни бушатиб узига мос чаккон ходимни ишга олса, бунака холатлар булмайди. Иккинчи томондан, рахбар рахбарлик эплай олмаса овозни баланд кутаради.
    Сукишни эса жиноий хукуки фани урганади

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *