Ўзбекистонликлар хорижга чиқиб ишлашни хоҳламайди

Ўзбекистон Республикасининг “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Бандлик соҳасидаги давлат сиёсатини янада такомиллаштириш ва меҳнат органлари фаолиятининг самарадорлигини тубдан ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига, шунингдек, Одам савдосига қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссиясининг “2017-2018 йилларда одам савдосига қарши курашиш самарадорлигини янада ошириш бўйича тадбирлар режаси”га мувофиқ, “Миграция жараёнлари жамоатчилик фикри кўзгусида” мавзусидаги жамоатчилик фикри ўрганилди.

Мониторинг тартибида Ўзбекистондаги миграция жараёнларининг характерини, хусусиятлари ва сабабларини аниқлаш; фуқароларнинг миграциявий кайфиятларини, жумладан, меҳнат миграциясига муносабатини ўрганиш; меҳнат мигрантларининг одамфурушлар тўрига тушиб қолиш хавфига нисбатан ижтимоий ва ҳуқуқий ожизлиги даражасини аниқлаш ўрин олди.

Ҳаммаси бўлиб мамлакатнинг барча минтақаларида яшовчи 18 ва ундан катта ёшдаги 1100 нафар киши сўралди, уларнинг 49,4%и эркаклар ва 50,9%и – хотин-қизлар. Сўралганларнинг умумий миқдори минтақалар ўртасида уларда яшовчи аҳолининг сонига мутаносиб тақсимланди ва қуйидагичани ташкил этди: Қорақалпоғистон Республикасида – 5,7%; вилоятларда: Андижон – 9,2%, Бухоро – 5,7%, Жиззах – 4,0%, Қашқадарё – 9,5%, Навоий – 3,0%, Наманган – 8,2%, Самарқанд – 11,3%, Сурхондарё – 7,5%, Сирдарё – 2,5%, Тошкент – 8,9%, Фарғона – 11,1%, Хоразм – 5,5%; Тошкент шаҳрида – 7,9%.

Шаҳар ва қишлоқ жойларида сўралган фуқароларнинг сони ҳам яшовчи аҳолининг сонига мутаносиб танланди ва қуйидагичани ташкил қилди: 50,5% – шаҳарликлар, 49,5% – қишлоқликлар.

Сўралганларнинг ёш таркиби: 18-20 ёш – 5,8%, 21-30 ёш – 30,7%, 31-40 ёш – 22,4%, 41-50 ёш – 17,3%, 51-60 ёш – 13,5%, 61-70 ёш – 6,2%, 71 ёш ва ундан катталар – 4,1%.

Сўралганларнинг миллий таркиби: ўзбеклар – 86,8%; Марказий Осиё халқлари вакиллари (қирғизлар, қозоқлар, тожиклар, туркманлар, қорақалпоқлар) – 9,8%; славянлар (руслар, украинлар, белоруслар) – 1,6%, бошқа миллатлар (татарлар, корейслар ва бошқалар) – 1,8%.

Сўралганларнинг маълумот даражаси бўйича таркиби: олий – 17,3%, тўлиқсиз олий – 1,4%, ўрта техник – 24,8%, ўрта махсус – 21,4%, ўрта – 31,5%, тўлиқсиз ўрта – 3,6%.

Сўралганларнинг машғулот тури бўйича таркиби: давлат муассасасида, ташкилотида, корхонасида ишлайди – 22,8%; нодавлат ташкилотида, корхонасида, хорижий фирмада ишлайди – 5,7%; фермерлар, тадбиркорлар, якка тартибдаги меҳнат фаолияти билан шуғулланади – 35,1%; талабалар ва ўқувчилар – 6,5%; пенсионерлар – 9,3%; ногиронлар – 1,0%; уй бекалари ва бола парвариши бўйича таътилда бўлганлар – 14,2%; вақтинча ишга жойлашмаганлар – 5,4%.

Сўралганларнинг ўз ижтимоий мақомига ўзи берган баҳо даражаси бўйича таркиби (моддий даража бўйича): сўралганларнинг 3,7%и ўзини ва оиласини аҳолининг бой қатламларига, 88,3%и – ўрта, 6,4%и – ўртадан паст, 0,6%и – кам таъминланган қатламларига киритишди, 1,0%и – жавоб беришга қийналишди.

Бутун мамлакат миқёсида сўровнинг репрезентативлиги 1100 респондентдан олинган маълумотлардан фойдаланиш, Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг маълумотлари асосида кўп босқичли стратификациялашган танлаш, шунингдек, туманлар, аҳоли манзиллари, маҳаллалар, уй хўжаликлари ва респондентларни тасодифий танлаш асосида таъминланди.

Маълумотларни тўплаш уйда сўров ўтказиш воситасида ягона андозавий сўровнома бўйича шахсий мулоқот интервьюси усулида амалга оширилди.

Жаҳон иқтисодиётининг глобаллашув жараёнлари кучайган шароитларда аҳоли миграциясининг кенгайиши ва кучайиши юз бермоқда, у ҳам миқдор, ҳам сифат муносабатларида намоён бўлмоқда: инсон ресурслари ҳаракатининг миқёслари, шакллари, таркиби ва йўналишлари ўзгармоқда. Миграция оқимлари бир минтақа ва мамлакатлардан бошқаси томон ҳаракат қилиб, муайян муаммоларни туғдиради.

Ўзбекистондаги ҳозирги миграция вазияти мураккаб ва турли жиҳатли ижтимоий-иқтисодий жараёнлар таъсири остида шакллангандир. Мустақиллик йилларида иқтисодий ўсишнинг юқори суръатлари, жамиятнинг демократлашиши, янги қонунчилик ташаббусларининг шаклланиши, аҳолининг кўчиши ва ҳаракатланиши жараёнларига таъсир кўрсатди, аммо сўровда шу нарса аниқландики, мамлакат фуқароларининг мутлақ кўпчилиги (97,1%) ўз келажагини Ўзбекистон билан боғлайди.

Жамоатчилик фикри сўровлари мониторингининг натижалари ўзининг Ўзбекистонда яшаш ҳақидаги истагини билдирган фуқаролар сонининг барқарор юқори кўрсаткичини кўрсатди.

Манба: Uzbekistan 24

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Этот сайт использует Akismet для борьбы со спамом. Узнайте как обрабатываются ваши данные комментариев.