Ўзбекистонда солиқ маъмуриятчилиги тубдан такомиллаштирилади: ўзгаришлар, имкониятлар, мажбуриятлар

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 18 июль куни “Солиқ маъмуриятчилигини тубдан такомиллаштириш, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг йиғилувчанлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонини имзолади. Бу ҳақда ЎзА хабар қилди.

Фармонда солиқ маъмуриятчилиги борасидаги қатор долзарб муаммолар келтириб ўтилган. Жумладан:
биринчидан, солиқ органлари фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш ҳолати солиқ маъмуриятчилигининг шаффофлигини, солиқ солиш масалаларида манфаатдор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорлик қилиш ҳамда назорат самарадорлигини, шунингдек давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятини таъминламаяпти.
Солиқ тўловчиларнинг, энг аввало, тадбиркорлик субъектларининг уларга тўғридан-тўғри мулоқотсиз хизмат кўрсатишни таъминлайдиган “солиқ тўловчининг шахсий кабинети”дан фойдаланиш манфаатдорлигини ошириш бўйича фаол иш ташкил этилмаган;

иккинчидан, солиқ органларининг ташкилий-штат тузилмаси солиқ солиш объектларини тўлиқ қамраб олиш ва солиқ солинадиган базани кенгайтириш, шунингдек солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни ўз вақтида йиғиш учун мавжуд ресурсларни сафарбар қилиш имконини бермаяпти;

учинчидан, солиққа оид ҳуқуқий муносабатларнинг аҳволи ва ривожланиш тенденцияларини таҳлил қилиш, солиқ сиёсатининг ўрта муддатли ва истиқболли йўналишларини ишлаб чиқиш, солиқ солишнинг долзарб муаммоларини тадқиқ этиш, шунингдек бюджетга солиқ тушумларини ишончли прогнозлаштириш фаолияти такомиллаштиришни талаб қилмоқда;

тўртинчидан, солиқ назоратини ташкил қилиш механизмларининг мукаммал эмаслиги, шу жумладан солиқ текшируви объектларининг зарур таҳлилсиз белгиланиши солиққа оид ҳуқуқбузарликларни аниқлаш ва уларни барвақт профилактика қилиш самарадорлигини пасайтирмоқда;

бешинчидан, солиқ низоларини судгача ҳал этиш – солиқ апелляцияси институти имкониятларидан етарли даражада фойдаланилмаётганлиги солиқ тўловчиларнинг суд органларига мурожаатлари кўпайишига олиб келмоқда;

олтинчидан, солиқ солиш тизимининг мураккаблиги ва бир хил солиқ солиш базасига эга солиқларнинг етарли даражада унификация қилинмаганлиги, солиқ қонунчилигининг ўзгарувчанлиги солиқ тўловчилар томонидан ўз солиқ мажбуриятларини тўлиқ бажариш имконини бермаяпти;

еттинчидан, солиқ органларининг Давлат бюджетига тушумлар тўлиқлигини таъминлаш фаолияти устидан ташқи назорат механизмларининг мавжуд эмаслиги солиқ солинадиган базани кенгайтириш, солиқларнинг йиғилувчанлигини ошириш ва солиқ тўловчиларни ҳисобга олиш имконини бермаяпти;

саккизинчидан, солиқ тўловчиларнинг солиқларни тўлаш бўйича ўз конституциявий бурчини ихтиёрий бажаришини таъминлашга қаратилган ҳуқуқий маданиятини ошириш юзасидан, айниқса, жойларда амалга оширилаётган ишларни такомиллаштириш талаб этилади;

тўққизинчидан, бозорлар ва савдо комплекслари фаолияти устидан самарали солиқ назорати ўрнатилмаганлиги маҳаллий бюджетларни тўлдириш учун мавжуд резервларни тўлиқ сафарбар қилиш, шунингдек нақд пул маблағларининг кафолатли қайтишини таъминламаяпти;
ўнинчидан, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни йиғиш кўрсаткичларини яхшилаш, коррупция кўринишларини профилактика қилиш, шунингдек солиқ органларида хизмат қилишга ҳалол ва юқори малакали кадрларни жалб этиш мақсадида давлат солиқ хизмати органлари ходимларини моддий рағбатлантириш механизмларини такомиллаштириш талаб этилади.

Ушбу муаммоларни бартараф этиш, солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш мақсадида қуйидаги йўналишлар белгилаб олинди:

биринчидан, солиқ маъмуриятчилиги жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ва илғор автоматлаштирилган таҳлил услубларини кенг жорий этиш, солиқ тўловчиларга, энг аввало, тадбиркорлик субъектларига тўғридан-тўғри мулоқотсиз электрон хизмат кўрсатишга тўлиқ ўтиш;

иккинчидан, солиқ солиш объектлари ва солиқ солинадиган базанинг ўз вақтида ҳамда ишончли ҳисобга олинишини таъминлаш, ваколатли органлар ва ташкилотлар мансабдор шахсларининг солиқ солиш масалалари билан боғлиқ бўлган ишончли ахборотни ўз муддатида тақдим этиш бўйича масъулиятини кучайтириш;

учинчидан, солиқ мажбуриятларини бажаришда солиқ тўловчиларга ҳар томонлама кўмаклашиш, солиққа оид ҳуқуқбузарликлар профилактикасининг таъсирчан механизмларини ишлаб чиқиш ва солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш, солиқ назоратини амалга оширишнинг замонавий услубларини жорий этиш;

тўртинчидан, макроиқтисодий кўрсаткичлар динамикаси ва ҳудудларнинг солиқ салоҳиятини тизимли таҳлил қилиш орқали солиқ солиш объектларини тўлиқ қамраб олишни таъминлаш ва солиқ солинадиган базани кенгайтириш бўйича самарали чора-тадбирларни амалга ошириш;

бешинчидан, фаолият кўрсатмаётган корхоналарнинг фаолиятини тиклашга ҳар томонлама кўмаклашиш, паст рентабелли ва зарар кўриб ишлаётган корхоналарнинг молиявий аҳволини соғломлаштириш, ўзаро ҳисоб-китоблар механизмларини мустаҳкамлаш, солиқ қарзи ошишига йўл қўймаслик орқали солиқ солинадиган базани кенгайтириш;

олтинчидан, солиқ солиш масалаларида, шу жумладан республика ва маҳаллий бюджетлар даромадларини оширишнинг қўшимча захираларини аниқлаш орқали молия органлари, манфаатдор вазирлик ва идоралар, шунингдек маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан ҳамкорликни янада кенгайтириш;

еттинчидан, кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш, солиқ органларини маънавий-ахлоқий жиҳатдан юқори малакали ходимлар билан тўлдириш бўйича тизимли ишларни амалга ошириш, шунингдек ходимлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасини таъминлаш ва улар учун хизматни ўташнинг муносиб шарт-шароитларини яратиш.

2018 йил 1 январдан бошлаб кенгайтирилган ахборот алмашинувини назарда тутувчи солиқ назоратининг замонавий шакли – солиқ мониторинги жорий этилади.

Шунингдек, йирик солиқ тўловчилар бўйича солиқ маъмуриятчилиги функциялари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармалари томонидан амалга оширилади.
Вақтинчалик молиявий қийинчиликларга тўқнаш келган ҳалол солиқ тўловчилар – хўжалик юритувчи субъектларга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда солиқ таътиллари берилиши мумкин.
Ўтказилган камерал назорат натижалари бўйича аниқланган тафовутлар юзасидан солиқ тўловчилар томонидан асослар тақдим этилмаган тақдирда, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар суммаларини суд тартибида ундириш жорий этилади.

Ортиқча тўланган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни қайтариш ёки ҳисобга олиш солиқ тўловчи ваколатли органларга мурожаат этган санадан бошлаб 15 иш куни ичида амалга оширилади.
Давлат солиқ хизмати органларига кирим ҳужжатларини расмийлаштирмасдан товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қиладиган хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳисобварақлари бўйича операцияларини 5 банк кунигача бўлган муддатга вақтинчалик тўхтатиб туриш ваколати берилади.

Тошкент, Нукус шаҳарларида ва вилоят марказларида солиқ органларига ҳисоб-китоблар ҳақидаги маълумотларнинг онлайн режимида берилишини таъминлайдиган назорат-касса машиналарини қўллаш орқали нақд пул тушуми устидан автоматлаштирилган назорат тизими жорий этилади, республиканинг қолган ҳудудларида мазкур тизим босқичма-босқич киритилади.
Солиқ текшируви объектларини самарали танлаб олиш учун солиққа оид ҳуқуқбузарликларни содир этиш хавфларини таҳлил қилиш, шунингдек солиқ органлари томонидан юқори ликвидли маҳсулотлар ҳақиқий ишлаб чиқариш ҳажмининг доимий ҳисоби ва назоратини амалга ошириш бўйича ихтисослаштирилган автоматлаштирилган тизим жорий этилади.

Давлат солиқ хизмати органлари хўжалик юритувчи субъектлар ходимларининг ҳисоботдаги ва ҳақиқий сони мувофиқлиги устидан тизимли мониторингни амалга оширади, натижаси бўйича солиқ солинадиган базани аниқлаштиради.

Ишчи комиссия томонидан қуйидагиларни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ишлаб чиқилади:

солиқ маъмуриятчилиги ва назоратини ташкил этиш тартиби ҳамда методологиясини тубдан такомиллаштиришни;

хўжалик юритувчи субъектлар ва жисмоний шахсларнинг солиқ юкини янада камайтиришни;

хўжалик юритувчи субъектларни “йирик солиқ тўловчилар” тоифасига киритиш мезонларини белгилашни;
бир хил солиқ солиш объектларига эга бўлган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни бирлаштиришни;
солиқ солишнинг соддалаштирилган тартибини қўллаш учун қўшимча мезон (оборотнинг чегаравий миқдори) жорий этишни ва ушбу миқдор ошган корхонага, кичик тадбиркорлик субъекти мақомини сақлаб қолган ҳолда, қўшимча солиқ мажбуриятларини белгилашни;

бориш қийин бўлган ва тоғли туманларда фаолиятини амалга оширадиган, шунингдек деҳқон бозорларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини реализация қиладиган якка тартибдаги тадбиркорлар учун қатъий белгиланган солиқ ставкаларини оптималлаштиришни;

алкоголли маҳсулотлар ҳамда қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан тайёрланган буюмларни чакана сотиш ҳуқуқи учун йиғимнинг ҳудудлар бўйича табақалаштирилган ставкаларини;

ҳалол, шу жумладан иш ўринларини ва меҳнатга ҳақ тўлаш фондини легаллаштирадиган солиқ тўловчиларни рағбатлантириш чораларини жорий этишни;

Интернет тармоғида савдо ва хизматлар кўрсатиш соҳасида солиқ назоратини амалга ошириш механизмларини жорий этишни;

давлат солиқ хизмати органлари ходимларини моддий рағбатлантириш механизмларини такомиллаштиришни;

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси Солиқ академияси фаолиятини янада такомиллаштиришни.

Фармон ижроси доирасида тадбиркорлик субъектларини электрон рақамли имзо билан тўлиқ таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилади.

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Этот сайт использует Akismet для борьбы со спамом. Узнайте как обрабатываются ваши данные комментариев.