Ўзбекистон маблағлари билан Ўшда Алишер Навоий номли мактаб барпо қилинмоқда

Ўшда Ўзбекистон маблағлари ҳисобидан 630 нафар ўқувчига мўлжалланган Алишер Навоий номли мактаб қурилиши бошланди.

  Қурилиш ишлари Ўзбекистоннинг «Трест12» ва  «Бунёд Гранд Сервис» компаниялари томонидан олиб борилмоқда. Мактаб лойиҳаси ҳам ўзбек компаниялари томонидан яратилган. Лойиҳанинг умумий  майдони 3 851 квадрат метрни ташкил қилади.

Уч қаватли янги мактаб барча қулайликларга эга, жумладан, бинода спорт ва фаоллар заллари, меҳнат хонаси, тиббиёт пункти, ошхона, ёзги спорт комплекси ва бошқалар мавжуд. Айни дамда бинонинг пойдевори  якунланди.

Бундан ташқари Ўзбекистон қурувчилари янги обьект ҳудудидаги — 1936 йилда қурилган ва бир қисми авария ҳолатида бўлган №18 мактаб-гимназия биносини таъмирлашди.

​Эслатиб ўтамиз, 28 июнь куни Ўзбекистоннинг Қирғизистондаги элчиси Комил Рашидов ва Қирғизистон Таълим ва фан вазири Гульмира Қудайбердиева Ўш шаҳрида янги ўқув муассаси қурилиши борасидаги Битимни имзолаган эди. Мактаб Ўзбекистон бюджети ҳисобига қурилади ва Қирғизистонга мулк сифатида берилади.

Шу йилнинг 5 сентябрь куни Қирғизистонга давлат ташрифи билан борган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Ўшда қуриладиган янги мактаб лойихаси билан Алмазбек Атамбаевни таништирган эди. Ҳар икки мамлакат ҳукуматлари мазкур мактаб ўзбеклар ва қирғизлар ўртасидаги дўстлик алоқаларининг янада мустаҳкамланишига ҳисса қўшишига умид билдирмоқда.

Манба: “Sharh.uz”

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *