Ўзбекистон – Қирғизистон давлат чегараси тўғрисида шартнома имзоланди

Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 5 сентябрь куни давлат ташрифи билан Қирғизистонга борди.

Шу куни Шавкат Мирзиёев билан Алмазбек Атамбоев ўртасида тор доирада учрашув ўтказилди. Икки давлаь раҳбарининг музокаралари расмий делегациялар иштирокида давом эттирилди. Бу ҳақда ЎзА хабар қилади.

Музокараларда икки ва кўп томонлама муносабатларга оид долзарб масалалар муҳокама қилинди. Сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликни янада ривожлантириш хусусида атрофлича фикр алмашилди.

Музокаралар якунида Шавкат Мирзиёев ва Алмазбек Атамбоев Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида Қўшма баёнот ва Ўзбекистон – Қирғизистон давлат чегараси тўғрисида шартномани имзоладилар. Андижон ва Ўш, Тошкент ва Бишкек шаҳарлари ўртасида савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорлик тўғрисида, икки давлат Савдо-саноат палаталари ўртасида ҳамкорлик тўғрисида, Солиқ қонунчилигига риоя қилиш масалалари бўйича ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам тўғрисида, Минтақалараро ҳамкорлик тўғрисида ҳукуматлараро, илмий-техникавий ҳамкорлик, Олий таълим соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида битимлар, Чегарадош минтақалар ўртасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва кенгайтириш бўйича 2017-2019 йилларга мўлжалланган қўшма тадбирлар режаси, Парламентлараро ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум ва бошқа муҳим ҳужжатлар имзоланди.

Оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда Шавкат Мирзиёев ва Алмазбек Атамбоев музокаралар ўзаро ҳурмат, ишонч ва амалий руҳда ўтганини, эришилган тарихий келишувлар Ўзбекистон Қирғизистон ҳамкорлигини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтаришини таъкидладилар.

Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга давлат ташрифи давом этмоқда.

Манба: UZ24

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *