Ўзбекистон – Макс Пенсон нигоҳида: суратларда акс этган тарих

Машҳур фотограф, фотомусаввир, “Правда Востока” газетасининг ва ТАСС ахборот агентлигининг фотомухбири Макс Захарович Пенсон Россиянинг Витебск губернияси Велиже шаҳрида 1893 йил 17 мартда, камбағал босмахона ишчиси оиласида туғилган.

Болалигидаёқ уни муқовачига шогирдликка беришган, ўқиб-ёзишни эса унинг ўзи мустақил ўрганиб олди. 1911 йилда Велиже шаҳар билим юртини тугаллади, кейин Миргородга йўл олди – у ерда ярим йил бадиий керамика мактабида таҳсил олди. Кейин Вильнодаги бадиий-саноат мактабига кирди.

Биринчи жаҳон уруши бошланганда Макс Пенсон Марказий Осиёга, Қўқонга келади, у ерда ҳисобчи бўлиб ишга жойлашади. Бир вақтнинг ўзида, 1917 йилгача, мактабларда расмдан дарс беради. 1922 йилгача Халқ таълими Қўқон бўлимида ўқув-ишлаб чиқариш устахоналари мудири бўлиб ишлайди, 1923 йилда Маориф халқ комиссарлиги буйруғига кўра Тошкентга чақириб олинади. Штат қисқаруви сабабли ишдан кетади ва 1925 йилга қадар тамаки устахонасида ҳисобчи бўлиб ишлайди.

Тошкентда Макс биринчи фотоаппаратини сотиб олади. Бу воқеа унинг ҳаётида бурилиш ясайди. Суратга олиш иштиёқи унинг бутун вужудини қамраб олади. Пенсон бадиий кўникмалар, уйғунликни ҳис эта билиш ва техникага муҳаббат ҳамда янгиликка интилишни ўзида жамлай олганди. 1925 йилдан бошлаб у фоторепортажлар тайёрлай бошлайди. Максни ҳар ерда учратиш мумкин эди: узоқ қишлоқда ҳам, ҳарбий қисмда ҳам, пахта далаларида ҳам.

Марказий Осиё солномачиси Ўзбекистоннинг мураккаб ва ўзгаришларга бой даврини суратларга муҳрлади. Паранжи ташлаш, оммавий механизациялашув, саноатлаштириш ва колхозлар ташкил этилиши, спор тарғиботи, уруш йилларидаги эвакуация, фабрика-заводлар, кутубхоналар, стадионлар, парклар, театр ва институтлар қурилиши… Ҳеч ким ўша пайтдаги Тошкентнинг кундалик ва байрамона ҳаётини бунчалик тўлақонли ва ажойиб тарзда ифодалаб бера олмаган.

1926 йилда Пенсон “Правда Востока” таҳририятининг фотограф-мухбири бўлади. Унинг фоторепортажлари 20–30- йилларда бутун собиқ иттифоқда шуҳрат қозонади. Фотосуратлари кўргазмаларда ютуқли ўринлар эгаллай бошлайди, машҳур “Огонёк” журнали муқовасига чиқади.

Репортаж-суратлар тобора бадиийлашиб боради. Унинг энг машҳур асари – “Ўзбек Мадоннаси” сурати 1937 йилда Парижда ўтган Бутунжаҳон кўргазмасида олий унвонни қўлга киритди.

Пенсон инсонларни севарди, санъатини ҳиссиётларсиз тасаввур қила олмасди. Портретларнинг кўплиги ҳам шундан – очиқ юзлар, бахтли кўзлар. 30- йиллардаги фотосуратларини кўриб, тасвирий санъат тарихига, тарихий бадиий меросга бўлган эҳтиромига, бу борадаги чуқур билимига қойил қолади киши. Композиция ҳам, кадрдаги ёруғлик ҳам – буларнинг бари Уйғониш даври буюк усталарининг таъсиридир. Унинг тасвирий санъат намуналари ҳам, кўмирда чизилган гўзал суратлари ҳам бўлган. Устидан ҳамшира сув қуяётган ва баданида ёруғлик тажалли этаётган яланғоч одам суратида эса, рассомлардан бири Леонардо да Винчи билан бевосита боғлиқликни кўрганди.

Пенсоннинг услуби авангард ва социалистик реализмдан таркиб топган. Ўзбек маданиятини чуқур ўрганиб, у республиканинг тўлақонли фотографик портретини ярата олди. Макс Пенсоннинг камераси Ўзбекистон ҳаётидаги ўзгаришларни ҳужжатли асосда қайд этди, шу билан бирга, унинг ҳар бир сурати эстетик жиҳатдан бенқусон мажоз касб этарди. Болалигидан ўзлаштиргани – бадиий кўникмалар ва фитратидаги синчковлик юксак даражадаги фотографик тафаккурни таъминлади. Унинг эстетикаси бироз соддаликка йўғрилган образ монументаллигини ўзида акс эттирарди.

Пенсон фотосуратларининг иккита хусусияти бор: Биринчиси – ғайриоддий ракурслар, ҳажм, геометрия, макон ҳисси. Бу физкультурачилар соялари ёки пахта даласи эгатлари, параддаги ҳарбийлар сафи ёки қуриётган хом ғиштлар бўлиши мумкин, улар бари макон ва ҳиссиёт эффектини берувчи геометрик чизиқлар кўринишида қайд этилган.

Пенсоннинг фотосуратлари – аждодларимиз ҳаётининг борлигича акс этишидир. Сергей Эйзенштейн ёзганди: “Фарғона ҳақида ҳикоя қилганда ҳар ерда ҳозиру нозир Пенсонни тилга олмай бўлмайди, у ўз камераси билан бутун Ўзбекистонни кезиб чиққан”. Пенсон жуда кўп фотосуратлар олган. Сақланиб қолган архивида 50 мингга яқин фотосуратлар негативи мавжуд.

Чорак асрдан зиёдроқ вақт давомида Макс Пенсон ҳар куни “ўзи учун” йирик форматдаги кўргазмавий суратлар чоп этарди, фотобосма техникасида кўп синовлар ўтказарди. Бу нусхаларнинг қадри 1980 йиллар охирларига келиб, унинг архиви “қайта кашф этилгач”гина билина бошлади.

40- ва 50- йиллар Макс Пенсон учун оғир кечди. Уни фотографиядан четлатишди, органларга “суҳбат”га тез-тез чақира болашди. 1949 йилда у фотограф лицензиясидан маҳрум бўлди ва 20 йилдан ортиқ фаолият юритган газетасидан ҳайдалди. Ишдан четлаштирилган собиқ ТАСС агентлиги фотомухбири, халқаро мукофотлар соҳибини ҳатто учинчи даражали газетага ҳам ишга олишмади.  Бу кўпчиликка хуш ёқмаган 1949 йил эди. Ҳар ерда космополитларни ва бошқа “халқ душманлари”ни овлаш авж олганди. Пенсон ҳам шулар сирасига киритилди.

Ишдан ҳайдалишни фотограф оғир қабул қилди. Танишлари серғайрат инсон дея билган 56 ёшли Пенсон севимли ишисиз, уйда ўтиришга мажбур бўлди. У кучли тушкунликка тушиб қолди, саломатлиги ёмонлаша бошлади. Макс Пенсон 1959 йилда, 66 ёшида вафот этди.

1966 йилдаги Тошкент зилзиласида Пенсон фотосуратлари вайроналар остида қолиб кетганда фотографнинг қизи ва куёви уларни бирма-бир йиғиб, сақлаб қолишганди. Кейинроқ, кўргазмалар уюштириш ҳақида гап-сўзлар бошланганда, Пенсоннинг фарзандлари эски негативларнинг қанчалик қадрли эканлигини тушуниб етишди. Макс Пенсон меросининг оммалашувига Москва фотосуратлар уйи ва унинг раҳбари Ольга Свиблова ҳам кўп саъй-ҳаракатлар қилди. Энди у – эътироф этилган фоторассом, ХХ аср фотографияси классигига айланди.

Макс Пенсон қатнашган асосий кўргазмалар:

1936 йил. “Правда” газетаси фототанлови. “Ўғил” сурати учун учинчи ўрин.

1937 йил. Биринчи умумиттифоқ фотосанъат кўргазмаси, Москва. “Охирги яккамчининг колхозга қабул қилиниши” сурати учун иккинчи даражали диплом.

1944 йил. ЎзССР Рассомлар уюшмасидаги шахсий кўргазма: “20 йиллик ҳисоботи”.

1958 йил. Биринчи республика бадиий фотография кўргазмаси, Тошкент. “Халқ рассоми Исаев”, “Дўстлар”, “Бобо” суратлари учун биринчи даражали диплом.

1958 йил. “СССР фотосанъати – 40 йил ичида” умумиттифоқ кўргазмаси, Москва.

1998 йил. Лувр, Париж (Франция).

2000 йил. Санъатлар маркази, Москва (Россия).

2001 йил. Bildens Hus Фотосуратлар музейи, Сунсвалл (Швеция).

2003 йил. Москва фотосуратлар уйи, Москва (Россия).

2004 йил. БМТ бош қароргоҳи.

2005 йил. Тошкент фотосуратлар уйи, Тошкент (Ўзбекистон).

2007 йил. Лондон (Буюк Британия)

Манба: “Kommersant.uz”

3 комментария

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Этот сайт использует Akismet для борьбы со спамом. Узнайте как обрабатываются ваши данные комментариев.