Ўзбегим, жон, ўзбегим…

Олдиндан айтиб қўяй, мен ҳар бирингиздан кўпроқ севаман, Ўзбекистонни!
Мен яхши кўраман, миллатимни! Яхши кўраман, миллатдошимни!
Яна айтиб қўяй, миллатчи ҳам эмасман!
Ёзганларимни ўқиб, маолмат қилишга ошиқманг! Дўппини олиб қўйиб, бир ўйланг:
Биз киммиз ўзи?!

Тафсилотини билиб бўлдингиз, Қозоғистонда қозоқ ҳайдовчилар бошқарган, ичида 57 та ўзбек бўлган автобус ёниб кетди. 52 киши ёниб ўлди. 5 киши тирик қолди. Иккитаси қозоқ ҳайдовчилар. Ўзбекистон ҳукумати ҳалок бўлганларнинг жасадини олиб келиш учун махсус самолёт юборди. Ҳукумат Бош вазир бошчилигида махсус комиссия юборди. Бутун дунёдаги мамлакатлар зиёли инсонлар президентимизга, халқимизга ҳамдардлик билдириб турибди. Ўзбекистонда ҳам, Қозоғистонда ҳам жума номозларида шу фожеа қурбонлари учун Қуръон ўқилиб, дуолар қилинди. Мен ҳам ўлганларнинг оила аъзоларига таъзия изҳор қиламан. Албатта, жуда қайғурдим. Аммо кўнглимни бир-бирига зид ҳислар қамраб олди, фикрларим тинчлик бермай қўйди. Эй, милатдошлар, кўзингизни очинг, нималар бўлаяпти, бир ўйланг.

Эсланг, 2017 йил 8 октябрь. Россиянинг Владимир областида икки қозоқ бошқараётган ва ичида 58 ўзбек кетаётган автобус темир йўл устида тўхтаб қолди ва 17 киши, икки ёш бола ҳалок бўлди. Қозоқлар тирик қолди… Жароҳатланганлар ва ҳалок бўлганларни Ўзбекистондан юборилган махсус самолёт Ўзбекистонга олиб кетди.
Ундан олдироқ бўлган фожеани ҳам эсланг, 2017 йил 22 июнь. Қозоғистоннинг ўша Актюбинск областида, ўша Самара-Чимкент трассасида Волгограддан келаётган, 52 ўзбек минган автобус ағдарилган ва 9 киши ҳалок бўлган эди. Ўлганлар ўзбеклар. Қозоқ шопирлар тирик қолган эди…

Булар сизга ҳеч нарса демаяптими? Ҳар гал аварияда ўзбеклар ўлиб кетиб, қозоқ ҳайдовчилари тирик қолиши кўнглингизда шубҳа уйғотмаяптими?

Нега узоқ сафарга чиққан автобусда бунча одам кўп, ҳар гал 57-58 киши? Улар қандай автобуски, неча кунлаб давом этадиган сафарга шунча одамни олиб чиқади? Зўр автобуслар бўлса, темир йўл устида тўхтаб қолармиди? Зўр автобуслар бўлса, 57 ўзбекдан 3 тагина ўзбек қочиб чиқиб, қолганлар ёниб кетармиди? Ё бизнинг ўзбеклар темир йўлда тўхтаб қолган автобусдан поезд келгунча тушиб қоча олмайдиган ёки ёна бошлаган автобус ойнасини синдириб, ўзини ўлимдан олиб қоча олмайдиган даражада тўнками?
Мен шунча одам ёниб кетгунча 5-10 киши автобусдан ўзини ташлаб қочмаслигига ишонмайман. Бу ерда бошқа гап бор, шекилли. Ё автобус портлатилган ё ҳамма эшик ва ойналар очилмайдиган қилиб маҳкамлаб, кейин олов қўйилган.

Майли, бу бошқа масала. Бош вазир бошчилигида комиссия кетган, текширишар, бир хулосага келишар.

Тасаввур қилишингиз оғирдир, мени тушунишингиз қийиндир, ёзмоқчи бўлаётганимни қабул ҳам қила олмассиз, аммо эндиги мурожаатим
кейинги сафар қозоқларнинг автобусга чиқиб, ёниб кетадиган 58 кишига!

Аччиқ бўлса ҳам ўқинг!

Эй, миллатдошларим, Россияга турли йўллар билан ўғри мушукка ўхшаб бориб, на тилни билмай, на ҳуқуқингизни билмай, эшакдай ишлаб, топган сўнгги рублингизгача уйга юбориб, кейин қозоқларнинг шалтоқ автобусларида ит ётиш, мирза туриш қилиб Ўзбекистонга қайтгандан кўра, бир ойгина ўзингиз учун ҳам ишлаб, самолётга чипта олиб, Ватанга одамдай келсангиз бўлмайдими? Россияга ҳам самолётда одамдай борсангиз бўлмайдими?

Олдинги сафар ҳам, бу сафар ҳам фуқароларининг ўлигини олиб келиш учун Ўзбекистон ҳукумати махсус самолёт юборди! Эътибор бераяпсизми? Ўликларни олиб келиш учун!
Ўлигингиз учун самолёт юборадиган президент тиригингиз учун ҳам беради шу самолётни! Унинг учун сизларнинг ўлигингиз эмас, тиригингиз керак! Президент нима қилсам халқим тўқ бўлади, нима қилсам бой бўлади, деб туну-кун тиним билмаса-ю, қайси давлатга борса, сизлар учун бир нима ундириб келса-ю, чет эл сармояларини жалб қилиб, сизлар учун иш ўринлари яратиб юрса-ю, кечаю кундуз халқим деб, элим деб ўзига уйқуни ҳаром қилса-ю, сизлар ўзингизни, ўз тақдирингизни, ўз ҳаётингизни ўз президентигизга эмас, у яратиб бераётган имкониятларга эмас, шалтоқ автобуси бўлган қозоқларга топширасизми? Сизда ақл борми?

Энди Россияга ишлагани бормаса, кўнгли жойига тушмаётганлар,
сизларга мурожаат қиламан!

Борманг эмас, шунга қарор қилибсизми, боринг, аммо кетишдан олдин ақлни ҳам озроқ ишлатинг! Давлат, ҳукумат, президент сизлар учун қандай имкониятлар яратиб қўйган, шуни ҳам бир ўрганинг! Сўраб ўрганишга ақлингиз етмаса, мана ўқинг, мен шу бугун Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги матбуот хизмати бошлиғи Карим Баҳриев билан боғланиб, сизга ўхшаганлар учун нима имкониятлар борлиги ҳақида сўрадим. Мана у нималарни айтди:

“Россия. Президентимиз Ш.М.Мирзиёевнинг 2017 йил апрел ойидаги Россияга давлат ташрифи давомида Ўзбекистон Ҳукумати билан Россия Ҳукумати ўртасида “Россия Федерацияси ҳудудида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ташкилий асосда қабул қилиш ва жалб этиш тўғрисида” Битим имзоланди ва мазкур Битим жорий йил 21 декабрда кучга кирди. Россиянинг 24 та корхона ва ташкилотлари билан тузилган шартномаларга асосан 922 нафар фуқаро меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун Россияга юборилди.
2017 йил 7 ноябрда Самарқанд шаҳрида меҳнат мигрантларини кетиш олдидан тайёрлаш ва Россияга юбориш маркази очилди. 2018 йилда Фарғона шаҳрида ҳам шундай марказ очилиши мўлжалланган. Россиянинг бир қанча ишлаб чиқариш корхоналари ишчи сўраган ва агентлик бу корхоналарга мигрантларни юборишга тайёр.

Корея. Президентимиз Ш.М.Мирзиёевнинг 2017 йил 22-25 ноябрь кунлари Корея Республикасига расмий ташрифи доирасида қатор икки томонлама ҳужжатлар, ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандумлар имзоланди. Корея томонидан 2359 та меҳнат шартномаси, 2231 та виза тасдиқномаси олинди, 2672 та ҳужжатлар тўплами виза тасдиқномаси учун Корея элчихонасига топширилди. 2613 нафар фуқаро меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун Корея Республикасига юборилди.

Япония. 17 нафар Ўзбекистон фуқаролари Япония давлатига ташкиллаштирилган тартибда меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун юборилди. Япония делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи якунларига кўра, беморлар ва қарияларни парваришлаш учун тиббиёт соҳасидаги 35 кишидан иборат техник стажерлар гуруҳини тайёрлаш ва Японияга юбориш режалаштирилди.

Польша. 2017 йилда Польшанинг “JPConstruct sp.z.o.o.” қурилиш компанияси билан Ўзбекистонлик мутахассисларни жалб этиш бўйича алоқалар ўрнатилган. Компания Польшада йилига 2500 нафар Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ишга жойлаштиришни режалаштирмоқда.

Туркия, Бирлашган Араб амирликлари, Уммон Султонлиги, Германия билан Ўзбекистон фуқароларини вақтинчалик ишга жойлаштириш соҳасида халқаро шартномалар тузиш соҳасида иш олиб борилмоқда.
Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги орқали қонуний ишга кетганларнинг хавфсизлиги, саломатлиги кафолатланади. Уларга меҳнат дафтарчалари очилиб, хорижда ишлаган вақти меҳнат стажига ўтади. Сиз сўраган масалада жавобим шуки, агентлик ўзи ишга юборадиган одамларни самолётда юборади, поезд билан кетишни истайдиганлар бўлса, албатта, уларга агентлик томонидан кузатувчилар бириктирилади. Улар ишга борувчилар эсон-омон иш жойларига етиб олгунларича жавобгар бўлишади”.

Эндиги мурожаатим Ўзбекистон ҳаво йўллари миллий авиакомпанияси раҳбарига!

Кеча ёниб кетган 52 кишининг ўлимида Сизнинг ҳам айбингиз бор! Нега? Чунки Ўзбекистондан самолётларда учиш дунёнинг ҳеч бир мамлакатида Сиз белгилайдиган нархларчалик қиммат эмас!

Москвадан Истамбулга одамлар 50 доллар билан учишади. Ўғилларим 60 долларга Москвадан Истамбулга бориб келишга чипта олишади. Қизим Америкадан Москвага ва Москвадан Истамбулга 300 доллар билан келди. Истамбулдан Самарқандга эса Сизнинг самолётингига 380 долларга чипта олди.

Ҳурматли жаноб, Нью-Йорк қаерда-ю, Москва қаерда-ю, Истамбул қаерда? Шунча жойга 300 доллар билан келган қизим Сизнинг самолётингизда Истамбулдан Самарқандга 380 доллар тўлади.

Шу бугун бир танишимга Самарқанд-Истамбул-Самарқанд йўналишига чипта олдим – 4.500.000 сўм! (560 доллар!)

Самарқанддан ё Тошкентдан Москвага учиш чиптаси-чи? 250-300 доллар!

Мана, нима учун одамлар чет элларга ўзимизнинг Втанимиздан кам учишади, кўзи очиқ одамлар Москвага, Киевга, ҳеч бўлмаганда Олмаотага бориб, ўша ердан учишади.

Муҳтарам жаноб! Сизнинг самолётингиз керосинда учса, бошқаларники метан газда учадими? Ёки улар халқининг пулини шилишда Сиз ўқиган мактабда ўқишмаганми? Улар ўз фойдасини билмайдиган каллаварамларми?

Ўзбекистон ҳаво йўллари миллий авиакомпанияси раҳбари! Билмасангиз айтиб қўяй: Ўзбекистон фуқаролари Олмаотага бориб, қозоқларнинг самолётида Сиз белгилаган нархнинг ярим пулига бошқа давлатларга учиб кетмоқда. Билмадим, бундан ким ютиб, ким ютқизаяпти? Балки арзон, лекин кўп чипта сотаётган қозоқ авиакомпаниялари фойда қилаётгандир, балки қимматдан қиммат чипта сотиб, Сиз фойда қилаётгандирсиз? Аммо халқ ютқизаётгани аниқ, у сизнинг қиммат самолётингизга чипта оломагани учун қозоқнинг автобусида ёниб кетаяпти. Сиз ҳам ютқизаяпсиз, тирик ватандошларингиз учун қиммат қилиб қўйган самолётингизни уларнинг ўлигини олиб келиш учун БЕПУЛ юбораяпсиз! Нима бўлганда ҳам қозоқларнинг автобусида ёниб кетган ўзбекларнинг уволи Сизнинг ҳам бўйнингизда. Эртага Қиёматда улар Сиз, муҳтарам жанобнинг ёқангиздан тутишса, асло ҳайрон бўлманг!

Кейинги мурожаатим фожеа сабабини ўрганувчи Ҳукумат комиссиясига!

Нега ҳар гал фожеада ўзбеклар ўлиб, ёниб кетиб, қозоқлар тирик қолаётганининг сабабини билиб келинг ва буни, яъни авариядан ҳам, оловдан ҳам тирик чиқишнинг сирини ўзбекларга ҳам ўргатинг! Чунки, барибир, ўзбеклар яна ва яна қозоқнинг автобусида Россияга бораверади. Борма десангиз, баттарроқ қилади, бизнинг халқимиз шунақа. Ахир қозоқ шопирлар Ўлмас Кашейлар ёки Самандар қушлари эмас-ку?! Бунинг бир сири бўлиши керак! Мен тепада айтдим, қайтариб айтаман, миллатчи эмасман, қозоқ халқига ҳурматим баланд. Аммо сиз ўша икки қозоқ шопирининг ўзбекларга муносабатини ҳам бир ўрганинг!

Муҳтарам Ҳукумат комиссияси аъзолари! Нега ўзбеклар Ўзбекистонда, ўз ватанларида, ўз она шаҳарларида самолётга ўтириб, Россияга учишнинг ўрнига Қозоғистонга бориб, қозоқларнинг шалтоқ автобусларида Россияга кетишаяпти? Шунинг ҳам асл сабабини ўрганинг! Нега улар 57 тадан, 58 тадан бўлиб, автобусларда йўлга чиқишаяпти? Бунинг ҳам сабабини ўрганинг!

Кейинги мурожаатим Ўзбекистон президенти Ш.М.Мирзиёевга!

Фожеада Сизнинг фуқароларингиз ҳалок бўлишди. Сизга ҳам бу нарса оғир. Сизга ҳаммамиз ҳамдардмиз. Тепада ҳам айтдим, шу юртни, шу элни деб тинмаётганингизни эл кўриб турибди. Сиз амалга ошираётган эзгу ишларда ёнингизда турсам, озгина мадад бўлсам дейман.

Аммо Ўзбекистон ҳаво йўллари миллий авиакомпанияси самолёт чипталарига белгилаган нархларни Сиз кўриб чиқмасангиз, сиз уларни “турткиламасангиз” икки дунёда улар халқни ўйлаб, чипталарини арзон қилмайди. Дунёдаги барча авиакомпаниялардаги нархларни қаранг, биздагидек қиммат нархларни бирор мамлакатда топа олмайсиз. Дунёнинг бошқа мамлакатлари қатори Ўзбекистондан учадиган самолёт чипталарининг нархлари ҳам арзон бўлганида одамларимиз қозоқларнинг шалтоқ автобусларига чиқмас эдилар, тириклай ёниб кетмас эдилар.

Сиз халқни деб кўп эзгу ишларни қилаяпсиз, Ўзбекистондан учадиган самолёт чипталарининг нархини ҳам ИНСОФ ҚОЛИПИГА солиб берсангиз, кўплаб юртдошларимизни автобусларда ҳалок бўлиб кетишларидан сақлаб қолган бўлардингиз.

Охирги мурожаатим ёниб кетган ўғлонларнинг оналарига!

Аслида, сизларга бирон нима дея олмайман. Аксариятингизнинг фарзандларингиз Москвада ишлаётган икки ўғлимнинг тенгдошлари экан. Уларнинг биронтасига бирон нима бўлишини, ҳатто касал бўлиб қолишларини мен кўтара олмайман!

Оналар! Сизларга тасалли ҳам бера олмайман. Эр йигитларидан айрилган оналарга қайси сўзим тасалли бўлиши мумкин?

Кечагина соғ-омон кузатган ўғилларингизнинг кўмирга айланган жасадини қучоқлашингизни ўйласам, кўзимдан ёшлар тўхтамаяпти.
Оналар! Онажонлар! Ўғлингиз менга бегона, аммо сизнинг дардингиз, фожеангиз менга бегона эмас! Бу хабарни эшитганимдан бери кўзимни юмсам, ёниб кетган синглим кўз олдимга келади. Унинг фарёдлари қулоғим остида жаранглайди. Димоғимга куйган гўшт ҳиди, куйган одам гўштининг ҳиди келади!

Онажонлар! Йиллар ўтади, аммо бу фожеа эскирмайди! Йиллар кўнглингиздаги армонларни эскиртиролмайди! Сизлар ҳеч қачон бу кўргуликка кўника олмайсизлар!

Оналар! Сиз ўғилларингизнинг ўлимида айбдор бўлганларга кўп сўзларни айтасиз! Ўтинаман, уларни қарғаманг! Бугун сизнинг қарғишингиз тўхтовсиз ўтади!

Онажонлар! Осмон узоқ, ер қаттиқ! Кўнинг! Кўнамиз! Дуо қиламиз: Аллоҳ бу дунёда олов ичида жон берганларга дўзах оловини ҳаром қилсин! Ҳамммаларини жаннат боғчаларида ота-оналарини, жондан азиз болаларини кутиб ўтирадиган қилсин! Амин!

Ўзбегим! Жон, ўзбегим! Биз ким эдик, ким бўлдик? Улуғ аждодларимиз билан фахрланишни боплаймиз! Аммо уларга муносиб ворис бўла олаяпмизми?

Дўппини олиб қўйиб, яхшилаб бир ўйланг: биз киммиз ўзи?

Қайси автобусда одам ўлса, бизмизми ўша?!

Қайси автобусда одам ёнса, бизмизми ўша?!

Биз қозоқнинг автобусида ёниб кетишга муносиб эмасмиз!

Тўра Мурод

37 комментариев

    1. Бердимурот ака шунча коментни укидиб, аммо мен мана шу гапни кимдир ёзармикин деб кутган эдим. Рахмат ака, агар авиа билет арзон булганда улар кийналиб автобусда кетармиди. Узим хам укишдан Питердан келаётганимда транзид билан Алма Ата, Чимкен ундан кейин Чимкентдан таксида Тошкентга келдим. Нега нега беш соат ичида Тошкентга келишим мумкин эди. 11000 минг рубль Чимкентгача, 18000 минг рубль тугри Тошкентга. Хуп кайсини танлайсиз? Фарки 100 ёки 150 доллар. Нима бизнинг авиакомпанимизнинг шоки борми? Менга Алма-Ата нинг хам авиакомпанияси ёкди.

  1. Туппа тугри узбек хаво йулларини нархи космосда юради Москва дан Стамбул 100$гаям бормиди бизада 600-700$ гаям ноз килиб билет йук дийишади бирхиллари. Каттан олишади бунака нархлари хайронман

  2. Менда фахр туйғуси авж олади қачонки сиз каби элу-юрт ташвишини, долзарб кун масаласини оммага ошкор, қўшмасдан борини бонг урадиганларни кўрсам ёки эшитсам, орланаман қачонки нафсининг қулига айланиб, худбин нияти йўлида муқаддас аталмиш ўз Ватандоши манффатини умуман ўйламайдиган «одам»ларни кўрсам ёки эшитсам. Чуқур мушохадали аччиқ ҳақиқатингиз учун ташаккур сизга, оқкўнгил Ҳамюртим!

  3. Аввало хар канча калбни юмшатадиган калбга малхам буладиган гапларни гапирмайлик утганларни оила азоларини ва якинларини кунгилларини олиш жуда кийин . Биз хам уз хамюртларимиздан айрилганимизга кайгудамиз Аллох утганларни уз рахматига олсин жаннат богларидан жойлар ато этсин оила азоларига сабр суреман.Шуни алохида такидлаб утмокчиманки , хукумат алохида комиссия тузиб , утганларни уз ватанига кайтиб олиб келган ва ердам курсатган барчага хусусан президентимиз Ш.М.Мирзиеевга алохида рахмат айтмокчиман, чунки сизи фидокорона узбек халкига килаетган мехнатингизни бутун узбек халки куриб турипти , Аллох уз панохида сизни асрасин .

  4. Adashmanglar bu yerda boshqa muammolar ham bor. Asosiy muammolarimiz monopolistlar. Tepada oʻtirishib hamma pul keladigan joylarni monopoliya subʼektlari qilishni oʻylashadi. Chunki ularga yaxshida olma pish ogʻzimga tush deb oʻtirishadi. Bizning qishlogʻimiz asosiy tirikchiligi bu dehqonchilik edi. Bahorda ham kuzda ham asosan koʻkat bilan shugʻulanishardi. Va juda katta foyda keltirardi. Buni eshitgan tepada oʻtirganlar darhol buni ham monopoliya qilshdi qoʻyishdi. Natijada bitta furani chiqib ketishini 20000$ qilib qoʻyilgan. Halqimiz esa dehqonchilikdan foyda olish uyoqda tursin faqat zarar bilan chiqishdi. Zarar koʻrgan dehqonlar esa zararni qoplash uchun Rossiya oʻrmonlariga borib oʻtin yorishdan boshqasiga yaramaydi. Xoʻsh kim aybdor. Qozoqlarmi, Oʻzbeklarmi Yoki Amerikaliklarmi…

  5. Худо инсоф берсин бу авиакомпанияга , энг ривожланган мамлакатларда бу даражадаги нархлар йук! Факат «Узбекистон хаво йулларида » космические цены (((

  6. Зумрад ва Киммат хакидаги эртакни биласизлар .
    Ахвол шуки , оддий халк — Зумрад — хар доим кули мехнатдаю , боши маломатда . Хукумат ва монополистлар — бу Киммат . Доим рохатда , иззатда , нима хохласа килади , кимни хохласа камайди , кимни хохласа мукофотлайди . Истаган нархларни куяверади . Газгаям , электргаям , самолёту , бензингаям . На бир маслахатлашайку , узи зурга яшаятгандирку дейиш йук .
    Угайми бизга булар ?
    Аааазгиина чидаб туринглар , бу ёги яхши булиб кетади деган эртак эшитавериб , «муъжиза» ёки инсоф кутавериб умримиз утиб кетдию .
    Адолат ва инсоф борми узи сизларда ???

  7. Мусибат

    Эллик беш нафар инсон
    Йўлга чиқди излаб нон.
    Муҳтожлик мажбур этди,
    Бўлса ҳамки қаҳратон.

    Эллик беш забардаст жон,
    Ўйламанг: улар — нодон.
    Ночорликдан кўнишган —
    Автобус эди арзон.

    Эллик беш ўзбек ўғлон
    (Кўзланган манзил — Қозон)
    Билишмасди: Оқтўбе
    Бўлишин сўнгги макон.

    Ёнғин чиққани ҳамон,
    Бошланди кўп тўполон.
    Тақдир илоҳий экан —
    Уч киши қолди омон.

    Эллик икки навқирон
    Ёниб кетди беомон.
    Аза очди Косонсой,
    Мотамда Тўрақўрғон.

    Эллик икки ёш ўғлон
    Кулга айланган замон,
    Фарзанд доғида ёнди
    Эллик икки онахон.

    Эллик икки паҳлавон
    Вафот этгани ҳамон,
    Унсиз фарёд қилолди
    Эллик икки отахон.

    Эллик икки қаҳрамон
    Олов ичра берди жон.
    Бўзлаб, сочи оқарди
    Бева қолган кўп жувон.

    Эллик икки нафар жон,
    Учганда жаннат томон.
    Етим номини олди,
    Билмам, қанча болажон.

    Эллик икки — катта сон,
    Лекин эмас илк қурбон.
    Яна юзлаб тобутлар
    Хорижда бўлган сарсон.

    Тириклай ёнди инсон,
    Йўлга чиқиб излаб нон.
    Мотам тут, бу аҳволга
    Йиғла, эй Ўзбекистон!

    Эллик икки мусулмон
    Биттада бўлди қурбон.
    Дуо қилинг ортидан,
    Бағишланг, ўқиб Қуръон.

    Бешак, Аллоҳ — меҳрибон.
    Дуодан тинмас забон:
    Шаҳидларга раҳм қил,
    Бизга сабр бер, Раҳмон!

  8. Офарин сизга мени калбимдаги гапларни йозипсиз илойим сизни сузларингиз тегишли жойларга етиб борсин омин

  9. “Ellik Ikki”

    — «52»!
    Naqadar,
    omadsiz sonsan,
    Turishing eslatar qop-qora kulni.
    Ayblama, ne qilay qiyshiq qomating,
    Eslatib yuborsa qujragan gulni,
    (Zor-zor yig’layotgan 52 tulni.)

    — «52»!
    Qo’rqaman,
    sendan yomonam,
    Endi darslardan ham ololmam «5» lar.
    Qon kabi qizargan ruchka uchlari,
    Yarador yurakka bigizin nishlar.
    (Gullar bilan qolgan yetim g’unchalar…
    Bog’boni yo’q gulga qiyin bunchalar?!)

    — Oh bolam, sen uchun nonlar yopolmam,
    Alovda ko’rinar kulgan sura’ting.
    Ketmasang bo’lardi olis yurtlarga,
    Yerda qolmas edi qora mehnating.
    (O’lgach qadring oshdi, topding izzating.
    Uchoqlarda qaytding, «oshib hurmating»!)

    Sochimda oq qirov, ichimda alov,
    Xatto mazza yo’qdir tuzsiz oshimda.
    Sen emas, men borsam bo’lmasmi edi?
    Tashlab ketding bolam ellik yoshimda,
    (Yetim omonating qoldi boshimda.
    O’g’ilchang o’ynaydi qabr toshingda!)

    Olam to’lib ketdi ohu-nolamdan,
    Robbim rozi bo’lgin “mardkor” bolamdan!

  10. Ахири чидаб туролмадим.

    Автобус фожиасида, қурбон бўлган Ака — Укаларимни, жойлари жаннатда бўлсин илоҳим …
    Оталарига, Оналарига,
    Яқинларига Аллоҳим сабр берсин !

    Хайрлашмай кетдимда Она…

    Мусофирлик чорлади мени,
    Ўзга юртда бўлдим равона.
    Болажоним кутмагин мени,
    Видолашмай кетдимда Она …

    Йўл қарама келмайди боланг,
    Шамолдайин елмайди боланг.
    Кеча, кундуз куйганинг билан,
    Фойда бермас, минг арзу ноланг.

    Рисқим териб келмоқни кўзлаб,
    Боламга тўй бермоқни кўзлаб.
    Қизим бўйи етиб қолди деб,
    Ўғлимга ўй қурмоқни кўзлаб.

    Сенга борса бу аччиқ хабар,
    Хайр — хуш қол,
    Эй мунгли дилбар.
    Алвидо деб сукут тортма жим,
    Йўлда тугар сўнгги нафасим…

    «Ундай дема ўлмагандирсан,
    Очилмайин сўлмагандирсан.
    Оллов ёниб кулга айланди,
    Балки шу чоҳ, бўлмагандирсан»…

    Кечир Отам,
    Кечир Онажон.
    Сўнгги йўлда бўлдим равона,
    Бир сўзгина юракда исён,
    Хайрлашмай кетдимда Она …

    Кунин — кўрар, тирик бўлса жон,
    Мендан рози бўлинг Онажон !

    20.01.2018.
    Абдувоҳид Сувонов .

  11. Утганларни Оллох рахматига олсин. Якинларига сабр каноат тилайман Хеч кимни бошини тушмасин. Хакикатни ёзганларга Катта рамат. Мен хам Худди Шу фикрга кушиламан. Аммо юртбошимиз улардан сурашларига ва тегишли чора куришларига ишонаман

  12. Man qoshilmiman avtorni gapiga avtobus arenda bogan haedovchisi ilgari Ozbekistonda yashagan avtobusni texasmotiri 3yil oldin otib ketkan qozoqistonda gai sini ozi reket pulini tolasa boldi avtobus qayta jihozlangan tagida yonilgi toshishga monjanlangan alohida sisternasi bolgan kamida avtobusni tagida 3tonna yonilgi bolgan ozimizadayam odiy viloyat nexialari benzin tashidiku atayin bomagan oelab gapirila hali avtobusni egasi topilmadi eng yomoni shuki avtobusni haqiqi egasi Ozbek ekan

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *