ЎзА раҳбари ўзгарди. Навбат услубигами?

Бугун таниқли журналист Абдусаид Кўчимов Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги — ЎзА бош директори этиб тайинлангани ва шу вақтгача мазкур ловозимда ишлаб келган Маматқул Ҳазратқуловнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти девонига масъул лавозимга ўтказилгани қилинди хабар қилинди.

Журналистикадан йироқ одамда табиий савол туғилади: ЎзА қандай ташкилот? Бу саволга мазкур агентликнинг расмий веб-сайтида қуйидагича ёзиб қўйилган:

“Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги давлат расмий ахборот манбаи ва мамлакатдаги етакчи ахборот агентлигидир.

Агентлик солномаси 1918 йили Тошкентда РосТА бўлими очилганидан бошланади. Кейинчалик у ТАСС тизимидаги ЎзТАГ – Республика Телеграф Ахборот агентлигига айлантирилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига асосан 1992 йил 5 февраль кунидан эътиборан агентлик Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзА) сифатида қайта ташкил этилди.

Бугунги кунда ЎзА Ўзбекистон Республикаси давлат органлари фаолияти ва мамлакатдаги муҳим ижтимоий-сиёсий воқеаларни тўлалигича ёритиб келмоқда. Агентликнинг вилоятлардаги мухбирлар тармоғи мамлакатнинг барча ҳудудларидаги ўзгаришлар ва янгиликлар ҳақида тезкор ва объектив ахборот узатиш имконини беради.

ЎзА ахбороти ўзбек, рус, инглиз, француз, немис, испан, араб ва хитой тилларида тарқатилади”.

Менимча, мазкур маълумотларнинг ўзи бу Агентлик ҳақида етарлича хулоса бера олади. Анчайин қудратга, салоҳиятга эга ташкилот. Саккиз тилда фаолият олиб бориши, айниқса, “давлат расмий ахборот манбаи“ экани бу ташкилотга катта вазифалар қўйилганини кўрсатиб турибди. Демак, мамлакатнинг расмий Биринчи манбаси.

Чиндан ҳам энг муҳим сиёсий хабарлар айнан шу Агентликда, янада аниқроғи, ташкилотнинг Uza.uz сайтида берилади. Шу сабабли мамлакатдаги барча ОАВ ЎзАнинг “оғзини пойлайди”. Кунига бир-икки бор айнан шу важ билан расмий сайтга кириб туради, десак муболаға бўлмайди.

Аммо интернетнинг бошқа фойдаланувчилари тармоқдан сайтни атай қидириб, ҳар куни янгиликларига кўз югуртириб чиқади, десам, аниқки, устимдан куласиз! Негаки, сайт тили, услуби жуда расмий, мураккаб ва ҳаддан ортиқ жимжмадор. Матнлар услуби икки томчи сувдек бир-бирига ўхшаш: узундан-узоқ эргашган қўшма гаплар, охири кўринмайдиган матн, бошини ўқиб, охирига етгунча мазмуни анлашилмайдиган, баланпарвоз мазмундаги ялтироқ жумлалар..

Бу билан бугунги эринчоқ ўқувчини қизиқтириш  амри маҳол. Қизиқмайди, аксинча, ҳамиятига тегади. Мажбурликдан, оиласини боқиш учун қайсидир мамлакатда қийналиб меҳнат қилаётган одам адашиб сайтга кириб қолса, баландпарвоз мазмундаги  материалларни ўқиб, муаллифга “чиройли сўзлар” атамаслигига кафолат йўқ. Ёки қишин-ёзин ваколатидан йироқ ишларга жалб қилинувчи ўқитувчининг таълим ҳақидаги «осмондаги» гапларга ишонмаслиги турган гап. Ёки ҳуқуқлари поймол қилинган тадбиркорнинг ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар тўғрисида “бол томиб турган ширин жумлалар”ни ўқиб, аллергияси қўзғашининг эҳтимоли юқори. Айтмоқчи бўлганим, агентлик материалларида некбинлик ҳаддан ортиқ юқори-ки, аҳвол ҳафсалани пир қиладиган даражада. Эҳтимол, Uza.uz сайтига кирувчилар сонининг камлиги ҳам айнан шундандир?!

Қолаверса, шундай катта агентликда эски материалларнинг бир оз ўзгартириб бериш ҳолатлари ҳам учраб туради. Масалан, Сардорбек Сайидов исмли “Фейсбук” фойлананувчиси ўз саҳифасида ЎзА сайтидаги бир ҳолат бўйича маълумот-расмни эълон қилди. Унда 2017 йилнинг 26 май кунги “Буюк аждодларимиз мероси – халқимизнинг бебаҳо маънавий бойлигидир” мақоласидаги  матнлар 2014 йил 1 октябрдаги “Президент Ислом Каримов эзгулик масканига ташриф буюрди” номли мақоладан кўчириб қўйилгани ҳақида сўз боради. Шармандали томони шундаки, мақолада фақат президентлар исм-шарифи ўзгартирилган холос.  Бу каби ҳолатларнинг мавжудлиги агентлик учун шармандали аслида…

 

Атай www.uz миллий қидирув тизими сайтига кириб, ЎзАни изладим. Шундай катта ваколатга, улкан салоҳият ва имконият эга Агентликнинг расмий сайти рейтингнинг дастлабки ўнлиги тугул, қирқлигида ҳам йўқ. Ҳар кунлик ташрифлар сони ўрта ҳисобда 5 мингга яқин. Бу, албатта, жуда кулгули. Сабаби, аниқ: бу сайтда жамоатчилик учун қизиқ ва муҳим бўлган маълумотлар камлиги ва юқорида тилга олинган “омон-омон замон мадҳи”…

Бугунги ўқувчини бундай мазмундаги маълумотлар гапларга ишонтириб бўлмайди. Тан олиш керакки, охирги йилларда мадҳиябозликни қиёмига келтириб юборганимиздан жамиятда журналистларнинг обрўси тушиб кетди, халқнинг бу соҳа вакилларига ишончи камайди. Бир танишим “Сизларнинг мақтовларингиз эшитсам, худди қулоққа биров  ханжар санчгандек туюлади”, деганди. Демак, аҳвол шу даражага етибди. Мақтов ва салламноларнинг “лимит”ини аллақачон тугатиб бўпмиз! (бир оз лирик чекиниш учун узр)

Яна ЎзАга қайтаман: мазкур Агентлик сўнгги ойларда бир оз жонлангандек бўлди. Бир-икки нафар ёшлар матн услубини ўзгартиришга уринишяпти. Танқидий-таҳлилий материаллар ҳам кўзга ташланмоқда. Бироқ уларнинг сони ва фоизи жуда кам, денгиздан томчидек гап. Аниқроқ таассурот учун www.uza.uz сайтида эълон қилинган материаллардан парчалар келтираман. Мазмуни ва услубига баҳони ўзингиз беринг:

                 “Қашқадарё— истиқлол нуридан яшнаган воҳа”

 “Мустақиллик йилларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, улкан бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари самарасида мамлакатимизда мисли кўрилмаган ўзгариш ва янгиланишлар рўй берди. Халқимиз фаровонлиги юксалиб, онгу тафаккуримиз, ҳаётга, меҳнатга муносабатимиз тубдан ўзгарди.

Ўтган йиллар мобайнида Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида халқимиз ғоят мураккаб бир шароитда оғир синов ва иқтисодий қийинчиликларни мардонавор енгиб ўтди. Ғалла ва ёнилғи-энергетика мустақиллигига тўла эришилди. Иқтисодиётимизда чуқур таркибий ўзгаришлар амалга оширилди. Ўзбекистон собиқ тузум даврида асосан хомашё етказиб беришга ихтисослашган ва иқтисодиёти бир ёқлама ривожланган ўлкадан саноати йил сайин юксалиб, ҳар томонлама тараққиётга эришаётган қудратли давлатга айланди…” 

 Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар самарасида ерга, меҳнатга муносабат ўзгаргани, деҳқончилик маданияти юксалганини Қашқадарё вилояти иқтисодий салоҳияти йилдан-йилга ортаётгани мисолида ҳам кўриш мумкин…”

“Айни пайтда инвестициялар, айниқса, хорижий сармояларни тўғридан-тўғри жалб этиш, кўплаб янги ва замонавий ишлаб чиқариш корхоналари барпо этиш орқали реал иш жойлари яратиш ҳамда аҳоли турмуш фаровонлиги ва даромадини янада оширишга, энг муҳими, одамларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшаши учун барча шароитларни яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда…”

(Манба: http://uza.uz/oz/society/ash-adarye-isti-lol-nuridan-yashnagan-vo-a-07-08-2017 )

 “Фарғона вилоятидаги умумтаълим мактабларида ҳам янги ўқув йилига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда”

 Мамлакатимизда ёш авлоднинг жисмонан соғлом ва маънан етук инсонлар бўлиб улғайиши, замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта ўзлаштиришига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Таълим тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар соҳадаги баъзи муаммоларни амалий ҳал этиб, ўқитишни сифат ва мазмун жиҳатидан янги босқичга кўтаришга хизмат қилаётир…” 

 “– Янги ўқув йили ва куз-қиш мавсумига пухта тайёргарлик кўрилди, – дейди мактаб директори Дилбар Мамажонова. – Педагогларимиз ёш авлодга замон талаблари асосида таълим бериш учун илғор педагогик технологияларни пухта ўзлаштирмоқда. Айниқса, 10-11 синфлар қайта ташкил этилаётгани ота-оналарни хурсанд қилмоқда…” 

(Манба: http://uza.uz/oz/education/yangi-uv-yiliga-pukhta-taraddud-09-08-2017 )

 “Кексалар тажрибаси –ибрат мактаби”

“Ўқув-семинар давомида “Маҳаллаларда ва оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиш, жойлардаги ижтимоий объектлар фаолиятини мониторинг қилиш ҳамда аниқланган ижтимоий муаммоларнинг мутасадди ташкилотлар томонидан бартараф этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишда фуқаролар йиғини раисининг ўринбосари – кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича маслаҳатчиларининг иштирокини кенгайтириш масалалари”, “Тўйлар ва бошқа маросимларни миллий қадриятларимизни ҳисобга олган ҳолда ўтказиш билан боғлиқ масалалар”, “Ёш авлод қалби ва онгига Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳини сингдиришда комиссиянинг ўрни», «Тарбияга оид масалаларда “Оила – маҳалла – таълим муассасаси ҳамкорлиги” механизмини татбиқ этишнинг амалий жиҳатлари”, “Диний экстремизм, ақидапарастлик ва миссионерликнинг аҳоли, айниқса, хотин-қизлар ва ёшлар онгига салбий таъсири ҳамда бундай ҳолатларнинг олдини олиш бўйича маънавий-маърифий тадбирларни ташкил этишнинг долзарб масалалари”, “Вояга етмаганлар ва ёшларнинг миллий маънавиятимизга зид бўлган иллатлар ҳамда турли экстремистик оқимлар таъсирига тушиб қолишининг олдини олиш, уларга имкон туғдирувчи сабаблар ва шароитларни аниқлаш ҳамда бартараф этишда маслаҳатчиларнинг ўрни” каби мавзуларда маърузалар тингланди.” (нуқтани қидирманг, буларнинг барчаси битта гап)

 (Манба: http://www.uza.uz/oz/society/keksalar-tazhribasi-ibrat-maktabi-09-08-2017)

            Хуллас, булар хамир учидан патир…

Агентликка 1997-2005 йилларда ЎзМТРКга раислик қилган Абусаид Кўчимов раҳбар этиб тайинланди. Бу инсонни адабиёт мухлислари яхши билади. Умид қиламизки, янги раҳбар билан ЎзА яхши натижаларга эришади. Ишонамизки, одамларни қулоғига ханжар санчадиган ялтоқиланишлар, мадҳиябозлик, бир неча йил аввалги матнларнинг санаси ва шахслар исмини ўзгартириб, шармандаларча “copy-past” қилишлар ва “охири кўринмайдиган гаплар”га қурилган шаблон мақолаларга барҳам берилади…

Хушёр БЕК

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *