Ўткир Қаламтебратар: «Жиддий» газеталарни нега ўқимаймиз? (иккинчи қисм)

Сайтимиз ижодкорларидан бири бўлмиш Ўткир Қаламтебратарнинг «Жиддий» газеталарни нега ўқимаймиз?» сарлавҳали мақоласи кичиккина шов-шув кўтаргач, бир қанча раддияларни қабул қилиб олганлигини эсласангиз керак. Бугун ижодкоримиз ўша — «Жиддий» газеталарни нега ўқимаймиз?» номли мақоласига сиғмай қолган айрим мулоҳазаларини биз билан баҳам кўришга ҳозирлик кўрган. Қуйида муаллифнинг ушбу мулоҳазаларини мутолаа қилиб чиқишингиз мумкин.

Демак, мулоҳазаларимизни давом эттирамиз. Биринчи мақолада сиёсий нашрлар тарғиботининг сустлиги, партиялараро рақобат ва танқидий-таҳлилий материалларнинг камёблиги, шунингдек газеталарнинг Интернет ва ижтимоий тармоқлардаги “фаоллиги” ҳақида сўз юритгандик. Қуйида ўша мақолага “сиғмай” қолган айрим шахсий кузатувларни эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Биринчи тасаввур: “Газета — ахлат»

Ҳар қандай тадбиркор ўз маҳсулотини оммага “едириш” учун ишни энг аввало истеъмолчида биринчи тасаввурни шакллантиришдан бошлайди. Скидка қилади, бонуслар беради, хуллас кишиларда ўша маҳсулот ҳақидаги илк таассурот ижобий бўлиши учун жон куйдиради. Қоида шундай! Агар бошидаёқ “парод” қилсангиз, тамом, бу ёғига уларнинг фикрини ўзгартириш қийин бўлади…

Газета ҳақида биринчи тасаввур одамларда уларнинг “юзи” — дастлабки саҳифасига қараб шаклланади. Яъни, муқованинг кўриниши, мазмуни, биринчи бетга чиқарилган сарлавҳа ва суратлар киши эътиборини торта олмадими, бўлди — ичини очиб ўқишга ҳам ҳеч ким ҳафсала қилмайди. Бу дегани, биринчи муносабат шаклланиб улгурди: “Газета — ахлат”.

Хўш, сизнингча Ўзбекистондаги сиёсий нашрлар ҳақидаги биринчи тасаввурингиз қандай? Аминманки, ўзимизнинг “жиддий” газеталарни “башараси”га қараши билан кўпчиликнинг кўнгли айнийди. Уларнинг бош саҳифасида ҳар сафар бир хил “шовла” қайнатилади: Уч-тўртта депутат ёки сенаторнинг “жонсиз” қиёфаси, “Истиқлол шарофати” билан бунёд этилган қандайдир бино сурати, “Бахтли оила” ва ислоҳотлар “самараси”дан сўзловчи “қизил” сарлавҳалар… Сабаби, журналистика факультетларида босма нашрлар дизайни ёки макети билан шуғулланувчи профессионал мутахассислар, стилистлар тайёрланмайди. Фотожурналистика эса — икки-учта депутатнинг чақчайган суратидан иборат бўлиб қолди. Америкалик машҳур журналист Мишель Картер ўзининг 1995 йилда ёзган “Нашрларнинг замонавий дизайни” китобида “Матбуот — янгича бозор муносабатларида жон сақлаб қолиши учун нафақат ахборот бериши, балки кўриниши билан ҳам ўзига жалб эта олиши зарур”, деб ёзган эди. Яъни, бошқалар ХХ асрдаёқ нашр дизайни масаласига жиддий эътибор қаратган бўлса, бизникилар ҳали ҳам совет мафкурасидан қолган чориғини судраб юрибди!

Янги “жанр”
ёки охирги марта қайси ижтимоий-сиёсий нашрда фельетон ўқидингиз?

Дунё матбуотида — очерк, лавҳа, мақола, хабар, фельетон, репортаж каби жанрлар борлигини журналистикадан хабари бўлган инсонлар яхши билади. Яқин-яқингача ўзимизнинг миллий матбуотда ҳам улардан кенг фойдаланилган.

Масалан, ХХ асрнинг бошларида чоп этилган “Тараққий”, “Хуршид”, “Тужжор” каби чин маънодаги жиддий нашрларда “Фельетон” рукни остида жамият ҳаётида учраб турадиган, тараққиётга тўсиқ бўладиган камчилик, иллатларни ҳажв, кулги воситасида кескин танқид остига оладиган, фош қиладиган материаллар — фельетонлар мунтазам бериб борилган. Шундан бўлса керак, юқоридаги газета-журналларнинг бир ойлик умумий тиражи 150 мингдан ошиқни ташкил этган.
Хўш, сиз охирги марта қайси ижтимоий-сиёсий нашрда фельетон ўқидингиз? “Муштум”ни айтмаяпман. Йўғ-а? Мен ҳам эслолмадим.

Аммо ўзига хос “ютуқларимиз” ҳам бор. Масалан, мустақилликни қўлга киритгач, ўзбек миллий матбуотида жаҳон журналистикаси тажрибасида учрамайдиган мутлақо янги, замонавий жанрга асос солинди. Яшанг, топдингиз, бу — “Пресс-релиз” жанри! Айниқса, кейинги йилларда бу жанр кескин оммалашди.

Сабаби оддий. Бунинг учун муборак бошингизни ортиқча қотириб ўтирмайсиз, изланиш, э боринг ана, фикрлаш ҳам талаб этилмайди. Қайсидир идора матбуот котиби тайёрлаган ҳисоботни шартта саҳифага кўчирасизу, тагига “Писмадон Фалончиев” деб ўз исмингиз ёки тахаллусингиз билан “мақола” қилиб чиқараверасиз. Фақат битта “кичкина” муаммо бор — “Асар”ингизни сиз ва ўша жабрдийда котибдан бошқа ҳеч ким ўқимайди…

Мақоланинг мазкур қисмини Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси қошидаги мониторинг гуруҳи хулосасида келтирилган сўзлар билан тугатаман: “Нима учун аксарият ижодкорлар “журналист текшируви”, “фельетон” жанрларига мурожаат қилишдан ўзини тортади? Негаки, “силлиққина” материаллар ёзиш осон, бунинг учун ортиқча жавобгарлик ҳам, масъулият ҳам йўқ. Лекин бундай қараш, бундай ёндашув давом этаверса, оммавий ахборот воситаларининг ижтимоий таъсири қаерда қолади-ю, журналистнинг мавқеи нима бўлади?…”

Газеталарда “ҳаёт” йўқ!

Баъзан яхши бир китоб ўқисак ёки кино кўрсак, уларни кўпинча — “ҳаётий ёзилибди”, “ҳаётга яқин фильм бўлибди” деган иборалар билан эътироф этамиз. Яъни, ҳаётимиз, турмуш тарзимиз, бугунимиз қандай бўлса ўшандай — оддий, ортиқча муболағасиз, борича тасвирланган, самимий асарларни юракка яқин оламиз. Яхши кўрамиз. Афсуски, “жиддий” газеталарда ўша биз билган, биз яшаётган, биз гувоҳ бўлаётган ҳаёт йўқ! “Электорат манфаати доим эътиборда”, “Пировард мақсад — инсон ҳуқуқ-манфаатини ҳимоя қилиш”, “Электорат манфаатларини рўёбга чиқариш — асосий вазифамиз” каби сунъий, мавҳум иборалар сиёсий нашрларимизни ўқийдиган одамларни ҳам ўзидан бездириб қўйди.
Қуйида “Халқ сўзи” газетасидан олинган иқтибосга эътибор қилинг:

“…Маҳаллий ҳокимият, жамоат ташкилотлари, ёшлар вакиллари ҳовлимизга ташриф буюриб, Президентимиз номидан бир марталик пул мукофоти ҳамда мамлакатимизда ишлаб чиқарилган енгил автомашинани навбатсиз сотиб олиш ҳуқуқини берувчи сертификатни тантанали равишда топширишди”.

Энди савол: сизнингча, узундан-узун ҳамда ўта расмий оҳангда айтилган бу жумла кимга тегишли бўлиши мумкин? Йўқ, азизим, ҳатто “Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи”нинг анча гапга чечан фаоли ҳам бир нафасда бунақа монологни “шариллатиб” ташлаши мушкул. Юқоридаги сўзлар- диққат қилинг — иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, демакки, камида тўқсонни уриб қўйган отахон тилидан гапиртирилаяпти! Шундай экан, қайси ақл-хуши жойида одам уларга ишонади? Сунъийлик ҳам эви биланда!
***

Яна қайтараман. Буларнинг бари каминанинг камтарона мулоҳазалари. Агар сизда бу борада ўзгача қарашлар, фикрлар (раддиялар) бўлса, “fayzbog.uz” билан ўртоқлашинг. Айтишадику, ҳақиқат — баҳсларда туғилади!

Ўткир ҚАЛАМТЕБРАТАР

2 комментария

  1. Барибир бюджет ташкилотларидан МАЖБУРИЙ обунани йўқ қилиб бўлмаяпти. Хар хил баҳоналарни ўйлаб топиб, ундириб олишади доим. Рақобат бўлса, ривожланиш бўлади!

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *