Ўткир ҲОШИМОВ: Уволига қоламиз

(Жияним Рустамнинг ҳангомаларидан)

Кўп йиллар сидқидилдан хизмат қилган эски “Москвич” машинамни миниб бораётиб, ҳовлимизга ярим чақирим қолганида йўл қоидасини буздим – катта кўчадаги узлуксиз чизиқни кесиб ўтдим. Ердан чиқдими, осмондан тушдими, ДАН ходими таёғини кўтариб, “тўхта” деб имо қилди. Шундагина эрталаб ишга кетаётганимда кийимимни алмаштирганим, ҳайдовчилик гувоҳномам бошқа костюмимнинг чўнтагида қолгани эсимга тушди. Кўрмаган киши бўлиб, тўхтамай кетавердим. Ходим чуриллаб ҳуштак чалди. Қарасам, аҳвол чатоқ. Ўттиз-қирқ қадам нарига бориб машинани тўхтатдим. Ўнг эшикни очиб, овозим борича бақирдим:

– Бу ёққа келинг! Тезроқ келинг! – Эшикдан қўлимни чиқариб имо қилдим. – Келинг, деяпман!

ДАН ходими иккиланиброқ яқин келди.

– Нима гап? – деган эди, баттар ҳовлиқтирдим:

– Ўтиринг, тез ўтиринг!

Ходим беихтиёр олдинги ўриндиққа ўтирди.

– Нима бўлди? – деди ҳеч балога тушунмай.

– Чатоқ бўлди, укажон! – дедим бош чайқаб. – Ҳозир етиб бормасак, бир бегуноҳнинг уволига қоламиз. – Шундай дедиму машинани мингга қўйиб ҳайдаб ҳовлимиз дарвозасига етиб келдим. – Бир минутга, – дедим-да, уйга кириб ўн дақиқача йўқ бўлиб кетдим. Нариги кийимдаги “правам”ни чўнтакка солиб ташқари чиқдим. ДАН ходими ҳамон машинада ўтирар эди.

– Сиз дўхтирмисиз? – деди хавотирланиб. – Оғир беморингизнинг ҳаёти хавф остидами?

– Йўқ, – дедим ростини айтиб. – Мен математикман. Ҳаёти хавф остида қолган “бемор” ўзим эдим. “Заҳар танг қилиб” қовуғим ёрилиб кетай деб турган эди. Яхши йигит экансиз, савобга қолдингиз.

Ходим нима дейишини билмай нуқул кипригини пирпиратади.

– Энди, укажон, гап бундай, – дедим ётиғи билан. – Қутлуғ уйдан қуруқ кетма, деган гап бор. Ўзиям тушлик пайти бўпқолди. Бирга “абед” қиламиз.

Меҳмонни қўярда-қўймай уйга олиб кирдим. Келинингиз мастава қилган экан. Сузиб келди. Йигит овқатдан уч-тўрт қошиқ олгач, бирдан миясига “тепди” шекилли, кўзимга синчиклаб тикилди:

– Менга қаранг, ака, – деди. – Ростини айтинг. Ҳали мен тўхтатганимда “права”нгиз ёнингиздамиди-йўқми?

– Э, укажон! – дедим кулиб. – “Правам” ёнимда бўлса мени “заҳар танг” қилмасди, сиз тушликни “исталавой”да қилган бўлардингиз!

Йигит одамохунгина экан, маза қилиб кулди… Ўшандан бери қачон кўчада кўришиб қолсак, мен эски “Москвич”имнинг сигналини чаламан, у қўл силтаб саломлашади…

 

 

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *