Ўткир Ҳошимов. Мантиқ қани? (1989)

Буюк адибимиз Ўткир Ҳошимовнинг ушбу мақоласи ўқисангиз худди бугунги кунда ёзилгандай таасурот пайдо бўлади.

Бир мухбир ўндан ортиқ ёзма савол билан мурожаат этиб, Ўзбекистон қишлоғининг бугунги аҳволи, турли муаммолар ҳақида мулоҳазалар айтишимни илтимос қилди. Бир саволни ўқиганимда беғараз кулдим. «Биринчи марта қишлоққа борганингизда Сизда қандай таассурот қолган?»
Ўзим қишлоқда туғилган бўлсам, болалигим қишлоқда ўтган бўлса, қандай қилиб «биринчи марта борганимда» деб гапирай? Ҳамма қишлоқ болалари қатори мен ҳам шудрингли ўтлоқларда мол боққанман, чиллак ўйнаганман, молхона тозалаш, таппи ёпиш, кузда ёнғоқ қоқиш, жийда териш, томсувоқ ҳашари… ҳаммаси бўлган. Бу гапларни саволнинг иккинчи қисмига алоқадорлиги учун айтяпман. «Бундан анча йиллар илгари кўтарилган, «хутор системасини йўқотамиз, шаҳар билан қишлоқ ўртасидаги тафовутга чек қўямиз», деган шиор, Сизнингча қандай натижа берди?»
Буниси энди жиддий масала! Аслида шаҳар билан қишлоқ тафовутини йўқотиш нияти ёмон эмас эди: қишлоқ маданиятини кўтариш, колхоздаги ёшларнинг шаҳарга кетиб қолишини тўхтатиш… Афсус, орзу билан ҳаёт ҳамиша ҳам мос келавермас экан… Шаҳар типидаги замонавий посёлка деганда, аксарият ҳолларда кўз ўнгимга мана бундай манзара келади: чала-чулпа асфальтланган кўча. Қийшайиброқ қолган бетон сим-ёғочлар (чироғи йўқ). Ундан нариси сувсиз ариқ ва шағал тўкилган (ёки тағин ўша чала асфальт босилган) йўлка. Қейин қатор кетган, бир-бирига айнан ўхшайдиган, очилса ёпилмайдиган, ёпилса очилмайдиган яхлит ойнаванд деразали икки ёки бир қаватли файзсиз уйлар. Кўчанинг бир бетида озиқ-овқат дўкони, олдида бидон кўтариб, сутга навбат кутаётган одамлар (ўзи сигир боқолмаганидан кейин сутни дўкондан олади-да); иккинчи бетида эшиги қулфлоғлиқ «Дом бита». Кўча адоғида ёзлик кинотеатр (номи албатта «Космос» ёки «Орбита»)… Шаҳар бўлиб шаҳар эмас, қишлоқ бўлиб қишлоқ эмас. Қора бўёқни қуюқлаштириб юбораётган бўлсам, узр сўрайман. Лекин бари бир «шаҳар типидаги посёлка» шаҳарга ўхшаса, унда албатта марказлашган иситиш системаси, канализация, иссиқ-совуқ сув, табиий газ, аниқлик билан қатнайдиган автобус бўлиши керак. Агар қишлоқ бўлса, шарқираган сувлари, сой бўйида соя-салқин чойхона, сўрилар, сайроқи беданалар бўлиши керакми, ахир?
Бу — масаланинг бир томони. Иккинчи томондан қарайдиган бўлсак, бундан ҳам ғалатироқ манзарага дуч келамиз. Уч йил илгари Арнасой районига пахта теримига ҳашарга чиққан қизимни кўриш учун борган эдим. Соат 12 ларда пайкал четига прицепли трактор келиб тўхтади. Прицепдаги одамлар сакраб ерга туша бошлади. Маълум бўлишича, булар — совхоз ишчилари экан. Ҳашарчилар соат-саккиздан далага кирган, ишчилар эса 12 да етиб келишди. Начора, бир неча чақирим наридан — «шаҳар типидаги посёлка»дан тракторга осилиб, етиб келгунча вақт ўтади-да!
Аслида, 70-йилларда пайдо бўлган «хутор системаси» деган гап бир-биридан 50—60 чақирим масофада жойлашган, ўрмоннинг у ёки бу бурчида қолиб кетган ўн-ўн беш хонадон истиқомат қиладиган Россия хуторларига алоқадор тушунча эди. Ўзбекистонда эса бундай хуторлар жуда кам эди. Андаза бир хил бўлди, деҳқонлар шевқин-суронли кўча четига қурилган бир қолипдаги ўйларга кўчирилди… Энг ёмони — бундай «марказлаштириш» деҳқонни ердан маълум маънода ажратиб қўйди. У ер нафасини сезмайдиган бўлиб қолди. …Шаҳарлик болалар-ку, ўз йўлига, ҳозир қишлоқ болалари орасида ҳам молхонага кирса, бурнини жийирадиганлар учрайди. Масаланинг бу томонларини жиддийроқ ўйлаш мумкин эмасмиди? Туппа-тузук, обод қишлоқларни (ўша пайтдаги ибора билан айтганда — хуторларни) бузиб, посёлкалар қургандан кўра янги ўзлаштирилаётган ерларда, чинакам замонавий, қулай турар-жойлар бунёд этиш, чўлқуварлар учун яхши шароит яратиш ҳар томонлама арзон, фойдали бўлмасмиди?
Аслида, бу — жуда ҳам катта фожиа эмас. Ўйлаб қарасангиз, қишлоқдагина эмас, бошқа жойлар ва соҳаларда ҳам шу қадар антиқа «мантиқ»лар, аниқроғи, мантиқсизликлар борки, ҳайрон қоласиз. Одам эрта баҳордан кеч кузгача ишлаб, охир-оқибат қарз бўлиб қолиши ва дўкондан макаронни насияга олиши мумкинми? Бир хил меҳнат учун бир жойда, айтайлик уч сўм, худди шундай меҳнат учун бошқа жойда бир сўм ҳақ олиш мумкинми?
Одам ўз қўли билан парваришлаб ўстирган, энди мевага кирган дарахтларга ўз қўлй билан ғарот солиши ва бундан қаноат ҳосил қилиши мумкинми?
Бир одам бир нарсани сотолмай гаранг бўлса-ю, бошқа одам худди ўша нарсани ололмай боши қотса, буни нима билан изоҳлаш керак?
Масалан, ўн сўм маблағ сарфлаб, ўзи тайёрлаган маҳсулотни саккиз сўмга сотган, яъни этигини сотиб, пайтава олган киши қанақа одам бўлади?
Одам-ўзига етишмай турган нарсани қўшнисига бериши ва аксинча, ўзида ортиқчалик қилаётганидан қаерга қўйишни билмайдиган нарсани қўшнисидан тиланиб олиши мумкинми?
Тадбирли, ишнинг кўзини биладиган кишини «учар», «лўттивоз» деб таъқиб қилса бўладими?
Одам қанча истеъдодли бўлса, шунча кам ҳақ олиши керакми?
Парранданинг номи шоирдан азизроқ бўлиши мумкинми?
Мумкин! Ҳаммаси мумкин! Булар шу қадар «табиий мантиқки», ўйлаган сайин калаванинг учини йўқотиб қўясан ва охир-оқибат ё ўзинг телбага айланасан ёки шунча бемаъниликларни «кашф этган» жишиларнинг ақли кўплигидан боши тарс ёрилиб кетмаганига ҳайрон қоласан!
Қайта қуриш ва ошкоралик замонида ютуқлардан кўра иллат ҳақида кўпроқ гаплар айтиляпти, бу соҳада айниқса қаламкашлар фаоллик кўрсатишяпти. Бундан бирмунча муддат аввал Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетида республика партия ва давлат раҳбарларининг бир гуруҳ ёзувчилар билан учрашуви бўлди. Қарийб икки кун давом этган бу суҳбатда кўп йиллар мобайнида йўл қўйилган хато ва камчиликларни тузатиш учун қилинаётган ишлар ошкора, дўстона вазиятда айтилди. Рости мен бир қаламкаш сифатида мамнун бўлдим; яхши ишлар қилиняпти. Инсоф билан эътироф этиш керакки, узоқ йиллар мобайнида издан чиққан нарсаларни қисқа фурсатда ўнглаб олиш осон эмас. Устига устак, шундай муаммолар борки, уларни республика миқёсида, бамаслаҳат, бир ёқадан бош чиқариб ҳал этса бўлади (шундай қилиняпти ҳам). Бироқ шундай проблемалар ҳам борки, уларни фақат республиканинг ўзи ечиши мушкул. Улар бугун, кеча, ўн йил, йигирма йил, ҳатто ўттиз йил илгари пайдо бўлган эмас. Илдизи олисларга бориб тақалади. Бундай муаммолар кўп: иқтисодий, маиший, моддий, маънавий…
Йигирманчи йилларни эслайлик. Гражданлар уруши… «Ер юзидаги жамики золим бойларни йўқотамиз!» деган шиор… Ажаб, бу — ер юзидаги жамики бойларни йўқотиб, ҳаммани қаторасига камбағал қиламиз, деган маънони англатмасди-ку! Лекин колхоз тузиш пайтида, амалда гап шуёққа айланиб кетмадими?
Мустай Каримнинг «Болалик йилларим» қиссасида бир лавҳа бор. Асар қаҳрамонларидан бири — тадбиркор ва ишбилармон деҳқон колхозга киришдан бош тортади. Мен фалончи-пистончига ўхшаган танбал, пандавақилар билан ишлагандан кўра колхозга кирмаганим маъқул дейди. Нозик ишора! Чиндан ҳам шундақ бўлди. Ер илмини яхши биладиган, тадбиркор деҳқонлар «қулоқ» қилинди, ер эгасиз қолди.
Эслаб кўринг: яқин-яқинларгача зиёлилар «оқбилак текинхўрлар» деб келинди. Ҳатто «интеллигент» деган сўзнинг ўзи ҳақорат сифатида ишлатилар эди. Сталинчилик замонида мамлакатнинг энг даҳо ақллари — партия ва давлат арбоблари, олимлар, саркардалар репрессия қилинди, лагерларда ит азобида ўлиб кетди. Бу нарса совет армиясини уруш бошларида таҳликали аҳволга солиб қўйди, миллионлаб бегуноҳ одамларни немис замбарагига ем қилди. Совет фани, адабиёти, маданияти ва санъатининг бошқа мамлакатлардан орқада қолишига сабаб бўлди. Ҳолбуки, оддий ҳақиқат бор: ҳар бир одам — академикдан тортиб фаррошгача ўз соҳасининг зиёлиси бўлиши шарт. Бусиз тараққиётга эришиб бўлмайди.
Сталиндан кейин Хрушчёв замонида янги шиор ўйлаб топилди: «Плюс бутун мамлакатни химиялаштириш!» Химиялаштиришга шу қадар енг шимариб киришилдики, ер ҳам, осмон ҳам заҳарга тўлди. Кимёга тўла овқат едик, чет элда ямоқчилар этик мойлаётган пайтда киядиган елим жомакорни меҳмонга борганда кийиб, кўз-кўз қилдик…
Кейин… Брежнев замони… Фойдаси кўпми, зарарими, тушуниб бўлмайдиган «аср қурилиши» — БАМ… Оролни ажал ёқасига олиб келган сув омборлари… Юз гектар янги ерни ўзлаштириб, саксон гектар тайёр ерни бой беришлар… Монокультуралар… Қўшиб ёзишлар… Афғонистондаги беъмани уруш…
Келинг, гапни чувалаштирмай, асосий мақсадга қайтайлик.
Шундай қилиб, нима учун деҳқон (айтайлик, ўзбек пахтакорлари) эрта баҳордан то кеч кузгача ишлаб устига устак давлатдан қарздор бўлиб қолади?
Мен иқтисодчи эмасман. Рақамлару ҳисоб-китобларни умумлаштириб айтишга мажбурман. Иқтисодиётчиларимиздан гина қилсак арзийди. Бир центнер (борингки, бир кило) пахтани етиштириш учун ерни шудгорлашдан тортиб, ҳосилни заводга етказиб бергунча қанча меҳнат, қанча маблағ сарфланиши (яъни пахтанинг таннархи қанчага тушиши)ни тийин-тийингача аниқ ҳисоблаб берган иқтисодчи олимни ҳам, худди ўша бир центнер (борингки, бир кило) пахта заводга борганидан кейин унинг толасидан мато ва кийим, чигитдан — ёғ, порох, нитроглицирин, корд, глюкоза, совун, шулха, кунжара ва бошқа шу каби ўнлаб охирги маҳсулотлар олингунча қанча маблағ, ишчи кучи, энергия сарфланишию пахта охир оқибатда давлатга неча сўм даромад келтиришини аниқ-равшан ҳисоб-китоб қилиб берган азаматни ҳали учратганимча йўқ.
Сабаби оддий: бир иқтисодчи пахтанинг қишлоқ хўжалик турли жиҳати билан овора, бошқаси тола билан, бири чигит билан, тағин биттаси енгил саноат билан, яна бири ёғ-мой билан… ўша «даҳо» иқтисодчилар бир ерга тўпланиб, шу муаммо устида бош қотириши, ақалли бугунги ошкоралик замонида «ҳой, биродарлар, бир кило пахта охир-оқибат мамлакатимизга фалон сўм, фалон тийин соф даромад келтиради, бу техник экин давлат томонидан ноинсофларча арзон-гаровга сотиб олиняпти, агар унинг нархи фалон сўм «бўлса, адолат қарор топади», деб исботлаб бериши наҳотки шунчалик қийин бўлса?
Албатта, пахтакор заҳмати осон эмаслигини виждонан айтаётган имонли олимлар йўқ эмас. Иқтисод фанлари доктори В. А. Осминин бир центнер пахта етиштириш учун кетадиган меҳнат худди шунча ғалла етиштиришга кетадиган меҳнатга нисбатан 22 марта кўплигини, айни пайтда ғаллага давлат томонидан тўланадиган ҳаққа нисбатан пахтага тўланадиган пул бор-йўғи 4—5 марта ортиқлигини, қолаверса, Ўзбекистондан қардош республикаларга олиб кетиладиган тола (чигит ва ундан олинадиган ўнлаб маҳсулотларни ҳисобга олмаган тақдирда ҳам) қайта ишланиб, тайёр маҳсулот даражасига етказиладиган жойларда 25 миллиард сўмлик миллий даромад беришини ёзиб чиқди. Раҳмат шу олимга!
Республикамиз раҳбарияти бундай адолатсизликка чек қўйиш ва пахта толасидан келадиган соф фойданинг ақалли бир улушини Ўзбекистон миллий бюджетига ўтказиш масаласини қўяётгани, бундан ташқари шахтага тўланадиган ҳақни оширишни талаб қилаётгани бежиз эмас. Бироқ пахтанинг таннархини сунъий равишда қимматлаштириб юбораётган ва охир оқибат йил бўйи ишлаган пахтакорни қарздор қилиб қишлоқ дўконининг «насия дафтарига» қайси куни неча кило макарон олганини қайд этишга мажбур қилаётган бошқа омиллар ҳам бор.
Мана улар: бундан бир неча йил аввал «Т-4-А»-(«Олтой») ҳайдов тракторининг баҳоси 4 минг 100 сўм эди. Ҳозир 10.000 сўмдан ошди (Бу сершовкин трактор қандай қилиб икки ярим ҳисса «зўр» бўлиб кетганини ҳеч ким тушунмайди). Устига устак, аввал бу тракторга хўжалик 50 фоиз пул ўтказиб, қолган нархини йилма-йил тўлаб борарди. Ҳозир бор бўйича сотиб олади. Демак, колхоз харажати кескин ошиб кетади. Раислар «Худо хайрингни берсин, менга бунақа трактор керакмас, ўзимники етарли, деса, оласан деб тиқилинч қилишади. «Сийловига» кераксиз эҳтиёт қисмларни ёпиштиришади. (Завод ишлаб чиққан машинани кимдир сотиб олиши керак-ку!) Бундан бир неча йил аввал «Т-28» маркали трактор баҳоси 3800 сўм эди. Энди 8.300 сўм (Ҳайрон қоласан киши: нима, бу трактор кабинасида совутгичдан тортиб саунагача борми?) Пахта териш комбайнлари 8 минг сўмдан 18 мингга чиқди (Туясидан қўнғироғи қимматлашиб кетмаяптими?).
У ёғини сўрасангиз, сўнгги 50 йил ичида бир гектар» ерга ишлатиладиган асосий моддий фондлар, сарфиёти бир неча ўн марта ошди. Замонавий техника, замонавий ёнилғи, замонавий мойлаш материаллари, замонавий ўғит… Аммо замонавий ҳосилдорлик ўнлаб марта ошмайди-ку. (Ер жонли организм, имконияти чекланган). Шу тариқа ҳар гектар ернинг иқтисодий самарадорлиги пасайиб кетди.
Кейинги йилларда хўжаликларда ишлатиладиган ёнилғи (солярка) баҳоси 2 ҳисса, азот ўғитлари нархи 3,5 ҳисса кўтарилди. Пахтанинг давлат харид баҳоси эса деярли ўзгармади. Аҳвол шу ҳолда давом этаверса, пахтакор ишлайверади ва қарздор бўлиб қолаверади.
Фарғона водийсида бир хўжалик уруғчилик билан шуғулланади (Номини айтмайман: кўз тегмасин!). Бир гектар майдондан 15 минг сўмлик пиёз уруғи олинади. Албатта, ҳамма ердан пиёз уруғи олиш шарт эмас, керак ҳам эмас. Лекин бир гектар пахтадан 40 центнер ҳосил олинганида бу ҳом ашё баҳоси ўртача 2 минг 500 сўм бўлишини ҳисобга олсак, пиёз уруғи олти марта кўпроқ пулга айланиши аён бўлади. Ғалати мантиқ (Худо асрасин, бу билан уруғчиларнинг пулини камайтириш керак демоқчи эмасман, пахтакорникини кўпайтириш керак демоқчиман).
Иккинчи муаммо. Республика миқёсида эмас, мамлакат даражасида ҳал этилиши лозим бўлган, деярли, 60 йилдан бери ечилмай келаётган масала. Нима сабабдан бир хилдаги меҳнати учун биров 3 сўм, бошқа биров 1 сўм ҳақ олиши керак?
Ўзбекистонда аъло навли пилланинг килоси 12 сўмдан сотиб олинади. Минг раҳмат: бу тадбир сўнгги йилларда амалга оширилди. Аввал пилла боққанга «носвой пули» ҳам тегмас эди. Пилланинг ўртача харид баҳоси республикамизда 6 сўмларга тўғри келади. Еримиз билан ери, сувимиз билан суви туташ бўлган қардош Қирғизистонда олий навли пилланинг бир килоси 20 сўм, Озарбайжонда эса бир кило олий навли пилланинг давлат харид баҳрси 25 сўм, ўртачаси 17 сўмга тўғри келади. Қизиқ, Ўзбекистонда пилла қурти Қирғизистон ёки Озарбайжондаги қуртлардан камроқ тут барғи ейдими? Ёки бир ой эмас, бир ҳафтада пилла ўрашга тушадими? Нима учун ўзбек пиллакори қардош Озарбайжон пиллачисига нисбатан икки-уч ҳисса кам ҳақ олиши керак? Қани мантиқ?
Бундан икки йил илгари Ургутда бўлганимда қувонган эдим. Хайрият, оғир меҳнатига яраша фаровон турмуш кечираётган одамлар ҳам бор экан! Оилалар тамакизорларни талашиб олади? Бола-чақаси билан ишлайди. Лекин шунга яраша ўн жонли оила йилига 10—15 минг сўм даромад қилади. Дуруст иморатлар қуради, орзу-ҳавас кўради… Буни қарангки, сўнгги йилларда ушбу машаққатли меҳнат (ишонмаган одам тамаки плантациясида бир соат айланиб кўрсин) ҳам чўмичда қоқиладиган бўпти. Авваллари бир гектар ердан олинган ортиқча ҳосилга 1.5—2 баравар устама ҳақ тўланган. Оилалар жон-жаҳди билан ишлаган. Энди эса пландан ортиқча тамакини олмасликка қарор қиинган. Бу ҳам етмагандек, колхозчилар техника, ёнилғи, ўғит… бало-баттарлар учун ўз даромадидан 40 фоиз атрофида ҳақ тўлаган ва баъзилар қарздор бўлиб қолган. Савол туғилади: тўғри, тамаки соғлиқ учун зарарли. Балки уни ортиқча етиштириш шарт эмасдир. Лекин деҳқон кўпроқ меҳнат қилгани ва кўпроқ маҳсулот етиштиргани учун айбдор эмас-ку. Бутун бошли оила тер тўкиб етиштирган қўшимча 100 кило тамакини чақалоқ боласи-ю, кампир бувиси билан қўшилиб чексинми?! Қаёққа қўйсин?! Қани мантиқ?!
Ичкиликбозликка қарши кураш узумзорларни йўқ қилишдан бошланди (Одамлар самагон тайёрлаб, шакар анқонинг уруғига айланиб кетгани ўз йўлига). Иштихон районидаги «Коммунизм» колхозида 15 минг туп, Свердлов номли совхозда 11 минг туп токка қиров келди. 1986 йили қабул пунктлари одамлар не машаққат билан етиштирган арава-арава узумни сотиб олишдан бош тортди, уни молга беришни тавсия қилди (Яхшиям сигирнинг эси йўқ. Эси бўлса, шунча узум егани эвазига сут ўрнига мусаллас берармиди!…).
Бу — битта райондаги ҳангома. Мамлакат бўйича, эса миллионлаб гектар узумзорлар қўпориб ташланди… Ой ўтар, йил ўтар… Пайти келиб ўшанда хато қилган эканмиз, деб афсусланмаслигимизга ким кафолат бера олади!
Майиз нега магазинда йўқ, бозорда эса нархи осмон баравар?! Негаки майиз етиштириш осон эмас. Соҳибкор майизнинг килосини 2 сўмдан давлатга сотишдан оғринади. Ундан кўра 4 сўмдан чайқовчига сотади. Чайқовчи эса 8 сўмдан пуллайди. Давлат харид баҳосини жиндай кўтариш ёки соҳибкорнинг ўзига бозорда савдо қилиш имконини бериш мумкин эмасми? Нега деҳқон ўзи етиштирган помидорни «оралиқ ташкилот» — қабул пунктларига топширолмай саситиб юборади-ю, бозорда ёки магазинда помидор топилмайди? Нега шафтоли базаларда чириб ётади-ку магазинда кўринмайди? Биров сотолмай гаранг, биров ололмай… Нима учун бир хўжалик ўз маҳсулотини хоҳлаган пайтда хоҳлаган жойида сотмаслиги керак! Қани мантиқ?!
Биз бир томондан текинхўр чайқовчиларга қарши курашамиз, иккинчи томондан уларга ўзимиз йўл очиб берамиз. Бир мисол. Ҳаққулободда мол бозори бор. Ҳафтада бир марта бозор бўлади. Дарвозадан кириб келган ҳар бош майда туёқли мол ҳисобига бир сўмдан, қорамол учун уч сўмдан «чўтал» олинади. Бир-бозорда ўртача минг бош мол савдо қилинса, икка минг сўм тушади. Демак, ойига 8 минг сўм. Бозор мутасаддилари бу пулнинг арзимаган улушини давлатга топшириб, қолганини киссага уради. Энди тасаввур қилинг: меҳмонхонадаги ўртачароқ жойнинг баҳоси ҳам 3 сўм. Меҳмон бу пулни тўлаб, бир кеча-кундуз оппоқ тўшакларда дам олиши, электр энергиясидан, радио, телевизор, телефондан фойдаланиши мумкин. Мол етаклаб бозорга борган чорвадор ёки деҳқон эса офтоб тиғида ёки ёмғир остида ярим кун тургани учун шунча ҳақ тўлайди. Бу — мол боққан оддий меҳнаткашни қақшатиб, бозорчини бойитиш эмасми?
Умуман, деҳқоннинг бозорга бориши йўлида талай ғовлар бор. Дейлик кимдир томорқасида бодринг, помидор, гилос ёки қулупнай етиштирди. Тўрт пақир бодринг ёки икки пақир узумни бозорга олиб борай деса, улови йўқ, йўлкира, тарози ҳақи, жой ҳақи тўлаши керак. Бу ҳам етмагандек, бозорни эгаллаб олган чайқовчилар уни «еб қўяди». Шундай экан, хўжаликларнинг ўзи шаҳарда, саноат районларида дўкон очиши, биттами-иккита юк машинаси ажратиши, деҳқондан ўша маҳсулотни инсофлироқ баҳода сотиб олиши, имонли пенсионерлардан бирини шу ишга мутасадди қилиб қўйиши мумкинми? Борингки, колхознинг ўз дўкони бўлмаса, шу йўл билан маҳсулотни бозорга чиқариши мумкинми? Мумкинмас! Қоидада буниси ёзилмаган. Ўзимиз йўқ жойдан муаммо чиқарамиз-да, унга қарши ўзимиз «қаҳрамонона» курашиб юраверамиз. Хўжалик юритишни қачон ўрганамиз, ахир?
Олтиариқ районидаги «Октябрь 60 йиллиги» совхозида бўлдик. Бу — Қизилтепа зонасида очилган янги совхоз. Чўлқуварлар билан учрашдик. Одатдаги гаплар айтилди. «Сиз — пешонаси чўл шамолидан ялтираган, қалб даъвати билан чўл қувишга келган ўтюрак ёшлар…» «Ўтюрак ёшлар» орасида соқоли кўксига тушган чоллар ҳам, саккиз нафар болани катта қилиб қўйган оналар ҳам оз эмас эди.
— Биламан, — дедим, —Фарғона водийсида аҳоли зич. Сизлар янги ерда томорқа тузукроқ бўлишини, бола-чақаларинг, эмин-эркинроқ яшашини, дурустроқ маош олишни ўйлаб чўлга келгансизлар. Туп қўйиб палак ёзинглар!
— Бор экансиз-ку, ака! — Совхоз директори Эркин Тойиров ростига кўчиб қўяқолди. — Ерга ҳам тушайлик-да, мундоқ. Осмонда муаллақ юравериб чарчаб кетдик-ку.
Совхозда дирекция идораси йўқ. Директор каталакдек хонада ўтиради. Аммо ишчиларга замонавий уйлар қурилган. Инсоф билан айтганда, яхши уйлар. Табиий газ келтирилган. Деярли ҳар бир хонадонда қорамол бор. Болаларга яхши боғча қуриб беришган. Кичкинтойлар гўшт, сут, ҳўл мева, картошка, сабзавот билан мунтазам таъминлаб турилади. Агар Ўзбекистон қишлоқ аҳли жон бошига гўшт истеъмол қилншда мамлакат миқёсидан 6—7 марта, Москва шаҳри аҳолисидан эса қарийб 20 марта орқада туришини, картошка истеъмол қилишда мамлакат миқёсидан 4 марта ортда қолаётганини ҳисобга олсак, совхоз таъминоти ёмон эмаслиги аён бўлади.
Совхозда бир тонна пахта таннархи ўртача 800 сўмга тушади ва давлат уни ўртача 600 сўмга сотиб олади. Демак, киримдан чиқим кўпроқ. Бу дегани — хўжалик дотацияда ўтирибди, қарзга яшаяпти. Ҳозир совхоз янги хўжалик, аммо олмоқнинг бермоғи ҳам бор… Яна ўша ғалати мантиқ. Аслида-ку ҳар қандай мантиқсизлик тагида ҳам бари бир қандайдир мантиқ бўлади. Масалан, тўртинчи навли пахта хўжаликка ғирт зиён. Лекин уни бари бир териб олиб давлатга топшириш керак. Агар бир тонна пахта чиқиндиси — шулха давлатга 2 сўмдан тушиши, глдролиз заводи ундан 70 сўм атрофида фойда кўришини ўйласак, баъзи нарсалар ойдинлашгандек бўлади. Ҳар қалай пахтакор хўжаликларнинг дотацияда ўтиришини ақлга сиғдириш қийин.
Ечимини кутаётган муаммолар бошқа соҳаларда ҳам бор. Марғилондаги «Атлас» ишлаб чиқариш бирлашмаси ўзи тўқиган маҳсулотдан зарар кўришини айтишди. Ажаб, «Ўтган кунлар»даги қашшоқ Уста-Олим атлас тўқиган, аммо алмисоқдан қолган усулда ишлаган ўша одам ҳам беш-ўн танга фойда кўрмаса, бу юмушни йиғиштириб қўйган бўларди. Улкан, замонавий комбинат эса зарарга ишласа! Қани мантиқ? Бу муаммони ҳеч ким дурустроқ тушунтириб беролмади. Фақат тушунганим шу бўлдики, умуман олганда давлат зиён кўрмайди… Билмадим, у ёғига ақлим етмай қолди.
Пилла деганда ёдимга тушди. Олтиариқда Маматожи Иброҳимов деган қария бор. Ёши бир жойга бориб қолган бу одам тиниб-тинчимайди, доим бирон янгилик яратиш пайида бўлади. Оқсоқол қизиқ воқеани айтиб берди. Пилланинг қорапачоқ дегани бўлади. Қорапачоқ пилланинг килосини Япония 2 сўмдан сотиб олади. Маматожи ака ўйлаган: япон аҳмоқ эмас, қорапачоқни бекорга олмайди. Ўйлаган ва… қорапачоқ пилладан ипак толасини ажратиб олиб сифатли атлас тўқиш йўлини топган. Бу — янги ғоя. Маълумки, цивилизацияга эришган ҳар қандай мамлакатда ғоя учун ҳақ тўланади. Ҳатто махсус шундай касб ҳам бор. Маматожи ака кўп эшикларга бош урган (Бу фикрни рўёбга чиқариш учун амалда синаш керак, синаш учун маблағ керак). Пиллашунос олимлар мийиғида кулиб қўяқолишган, ипакчилик бобида шунча ихтиро қилган одамлар олдида ким бўпти бу киши? Охири Маматожи ака ўз жамғармаси, бола-чақаси, қариндош-уруғларининг пулини тўплаб, ушбу усулнинг давлатга миллионлаб фойда келтиришини, уйда ўтирган минглаб аёлларни иш билан таъминлашини тажрибада исботлаган. Ҳозир у атласдаги битта нуқсон — сув тегса ранги айнашининг олдини олиш устида бош қотиряпти.
— Атласда яхши бир хусусият бор, — дейди Маматожи ака. — Бадандаги тошмаларни йўқотади, нохуш ҳидни олади. Агар атласнинг ранги айнимаса, Франция хоҳлаган пулга хоҳлаганча сотиб олишга тайёр. Бир вақтлар ота-боболаримиз атласга ишлов беришда ўсимликдан олинадиган табиий рангларни ишлатишган. Балки шу йўлни ўйлаш керакдир.
Ақалли мана шу ғоялари учун ҳам Маматожи акага ўхшаган кишилардан фойдаланиш керак эмасми? Тасаввур қилинг: Олтиариқда ўн минг аёл ишлайдиган атлас фабрикаси очилса. Давлат фойда кўрса, одамлар меҳнат қилса… Ахир Фарғона водийсидаги ортиқча ишчи кучларини Сибирга жўнатамизми, Ноқоратупроққами деб бош қотяптику…
Аслида бу масалада ҳам ғалати «мантиқ» кўзга ташланаяпти. Ўзбекистон Ноқоратупроқ зоналарга одам жўнатишдан аввал ўша зоналардаги тадбиркор-деҳқонлар нега ўз қишлоғини тарк этди деган саволни ҳам ўйлаш керакдир… Қолаверса, нега Ўзбекистонда қурилаётган саноат корхоналарига марказий районлардан ишчилар олиб келиш керак-да, бу ердан у ёққа ишсизларни юбориш керак? Бунақа кўч-кўч қилиб юришлар давлатга арзон тушмайди, шекилли… Шу ернинг ўзида пахта хом ашёси, мева, сабзавотдан сўнгги маҳсулот ишлаб чиқарадиган корхоналар қурилса, маҳаллий одамларга ҳунар ўргатилса, ҳар тарафлама фойдали бўлмасмикан?
Менимча, агар лозим бўлса, бундай муаммолар ҳақида ҳам ишнинг кўзини биладиган, ҳаёт тажрибаси кўп, иқтисодни сув қилиб ичиб юборган Маматожи Иброҳимов сингари отахонлар, халқ вакиллари билан маслаҳатлашиш зиён қилмайди. Ҳолбуки, биз талантларни ҳамиша ҳам етарли даражада қадрламаймиз.
Матбуотда янгича солиқ системасининг қонун лойиҳаси эълон қнлинди. Бу ҳужжат ижодкорлар ўртасида норозилик туғдираяпти. Ижод аҳлининг йиллик даромади маълум суммадан ошса, 20 фоиздан 50 фоизгача давлатга ўтказиш мўлжалланган. СССР Ёзувчилар союзи правлениесининг биринчи секретари В. В. Карпов СССР Олий Совети сессиясида ёзувчилар давлатнинг станогини ишлатмасдан, ҳавони заҳарламасдан, ижодхонасида ўтириб, дам олиши, отпускаси, уйқуси, соғлиғи ҳисобига китоб ёзиб, давлатга аввало маънавий, қолаверса, миллионлаб сўм моддий фойда келтираётганини, оладиган қалам ҳақи эса жуда камлигини куюниб гапирган эди. Шу йил бошида қалам ҳақи бирмунча ошди. Уч ой ўтиб… манави лойиҳа эълон қилинди. Композитор билан коммерсантни, шоир билан комбинаторни тенглаштириб бўладими? Демак, кинорежиссёр иложи борича, камроқ фильм қилиши, бастакор камроқ куй яратиши, хонанда камроқ қўшиқ айтиши, ёзувчи камроқ асар ёзиши керакми? Бу — мамлакатга ҳам моддий, ҳам маънавий зиён эмасми? Йил бошидаги қарор қаёқда қолди-ю, буниси қанақа ҳужжат? Мантиқ қани?!
Ниҳоят яна бир масала.
Маданий савиямизга алоқадор гап. Эсли одам ўз фарзандига ном қўйишда минг томонни мулоҳаза қилади. Лекин биз ўзимиз яшаб турган кўчалар, ўзимиз фойдаланадиган маданий муассасалар номидаги мантиқий ғарибликларга ўрганиб кетганмиз. Қайси район марказига борсам, «Космос» деган кинотеатрга кўзим тушади. Ҳой, барака топкурлар, космосга «бош-қоронғи» бўлганмисизлар? Қолипни нега шунчалик яхши кўрасизлар? Шу районда бирон тарихий шахс, уруш қаҳрамони, давлат ёки маданият арбоби ўтмаганми? Шахсга сиғиниш замонларида қон-қонимизга сингиб кетган хавотир ҳисси, масъулиятдан халос бўлиш туйғуси, бу борада ҳам ўз ишини қилган. Тўрт йил илгари Андижонда бир воқеани эшитгандим. Жданов номида бир эмас, бир қанча мактаб бор экан. Шулардан бирини Бобур номи билан алмаштирган одамга жазо берилибди… Бугун аён бўлдики, Жданов шунақанги «ҳунарлар» кўрсатган эканки, унинг олдида Бобурнинг «гуноҳи»дан савоби кўпроқ экан. Ҳозир «Ленинграднинг ўзида Жданов номини жамики муассасалару кўчалардан йўқотиш масаласи кўриляпти.
Тошкент шаҳар ижроқўмидаги топонимик комиссияга аъзо бўлганимдан кейин кўп йиллар мобайнида бу соҳада талай хатолар қилинганини яна бир бор тушундим.
Аниқ эсимда бор: бундан роса ўттиз йил аввал машҳур демократ шоир, рус халқига меҳр билан асарлар бағишлаган Фурқатнинг 100 йиллиги кенг нишонланган эди. Ўшанда Чилонзор марказида гранит тош пайдо бўлди. Тошга шундай сўзлар ёзиб қўйилган, эди: «Бу ерда Фурқат номидаги майдон, «Фурқат» кинотеатри бунёд этилади, Фурқатнинг ҳайкали қўйилади». Майдон билан ҳайкал сувга уриб кетди. Аллақандай гадой топмас жойдаги пастқам кинотеатрга Фурқат номи берилди. Гранит тош ўрнида эса… «Чайка» кинотеатри қурилди. Билмадим, чайка (чағалай) яхши қуш бўлса — бордир. Лекин чайканинг Тошкентга нима алоқаси бор? Тошкент денгиз бўйидаги шаҳар» бўлмаса, уни биров кўриб, биров кўрмаган бўлса… Мабодо кинотеатрни қуш номи билан аташ шунчалик шарт бўлса, тошкентликлар яхшироқ биладиган паррандалар ҳам оз эмас: чумчуқ, мусича, қизилиштон, попишак… Бари бир тушунмайман: парранданинг нимаси шоирдан азиз? Қани мантиқ?!
Бундан икки йилча илгари дўмбрободлик отахонлар дили оғриб гапиришган эди: аллақандай ҳунар-техника билим юртидан «антиқа» илтимос бўпти: Дўмбробод деган сўзни айтишга тили яхши келишмаётган эмиш. Шу боисдан уни «Солнечная» деб ўзгартирса бўлмасмикин, деб таклиф қилишибди. Кўнгилнинг кўчасини қаранг! Айтайлик, мен Москвадаги Кузнецкий мост деган сўзни айтишга тилим яхши келишмаяпти, Темир кўприк деб қўяқолайлик, десам, саккизта психиатр мени саккиз кун текшириб, телбага чиқарган бўларди. Ва тўғри қиларди!
Биргина Фрунзе районининг ўзида 30 дан ортиқ алмойи-алжойи номдаги кўчалар бор экан. Високая, Временная, Западная, Зимняя, Кустарний, Литейная, Нитонная, Короткая, Ремонтная,.. Борингки, Фигурная, Парфюмерная деганигача бор (Танноз бўп-кет-е!), 50—60 йил аввал аллақандай «додо» ўйлаб топган бундай «гўзал» номлар туппа-тузук одамларнинг паспортини «безаб турибди-ю» ҳеч ким ғинг демайди. Наҳотки, исмини абадийлаштиришга арзийдиган одамлар ёки шу ердаги тарихий номлар йўқ бўлса?!
Афсуски, бу камчиликларни тузатиш ўрнига эски.. қолипдан чиқишни истамайдиганлар ҳамон учраб турибди. Тошкент кўчаларида ўзбекча ёзувлар бўлиши лозимлиги қатъий қилиб айтилди. Раҳбар ташкилотлар бу жўяли фикрни маъқуллади. (Қачонгача Хуршидни Хуршида, Зиё Саидни эса Зия Саида деб ўқиш керак?) Бу юмуш учун 400 минг маблағ ажратилди. Иш бошланди. Шунда… «Ташкентская правда» газетасида «шаҳримизда касалхона ва тураржой бинолари танқис бўлиб турганида бунча маблағни бекорчи ишга сарфлаш шартми» деган «ғаройиб мантиқли» гап чиқди. 70 йил мобайнида қилиб келинган хатоларни тузатиш учун 400 минг эмас, 4 миллион сўм сарфласа ҳам арзийди!
Бошида айтганимдек, ҳозир камчиликлар ҳақида кўп ёзилаяпти. Узр, мен ҳам нуқул шунақа гаплар билан сизларни чарчатдим. Республикамизда талай йиллар мобайнида йиғилиб қолган муаммоларни ечиш йўлида кўп хайрли ишлар қилиняпти. Уларни бирданига ҳал этиш қийин. Бундан кўз юмиш — гумроҳлик бўлар эди. Лекин бу проблемалар ҳақида гапирмаслигимиз, уларни поёнига етказишга биргалашиб киришмаслигимиз ҳам мумкин эмас. Мақсад— шу.
“Ёш ленинчи” газетаси, 1989 йил 16 май.

Биринчи изоҳ

  1. Ха, тарих такрорланади. Факат масалага шундай тахлилий ендашадиганлар кам. Булмаса аналитиклар кайнаб етибди. Ишкилиб яна 25-30 йилдан кейин суз эркинлиги аввал хам булган экан деб эсламасак булди…

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *