Ўқитувчи саргузаштлари

Юртимизда бугунги кунда қилинаётган ислоҳотлар албатта кишини қувонтирмай қўймайди. Ҳар қандай вазиятга танқидий назар билан қараш ривожланиб бораётган дунёда ҳеч кимдан кам бўлмай, ҳеч кимдан орқага қолмасдан ҳаракат қилишнинг асосий шартларидан бири эканлиги сир эмас.

Бу ҳаракатлар халқ таълимини ҳам четлаб ўтгани йўқ, бу эса мактаб ўқувчиларининг билим ва дунёқарашининг ўсишига ўзининг самарасини беради.

Аммо! Ҳа, шу тўрт ҳарфдан иборат бўлмиш сўз кўпгина соҳалар ривожига тўсқинлик қилишини кўп жойда кузатганмиз. Келинг, шу сўзга боғлаб мавзу бўйича юришни давом этайликда, журналистларнинг осон нишонига айланган ўқитувчининг ҳозирги кундаги аҳволига назар солайлик.

Куни кеча дўстим билан оёғи лат еган кичик укасини дарси тугаши билан уйга олиб бориш (ўзи юришга жуда ҳам қийналади) учун сўнги дарс соатлари тугашини кутиб синф хонасининг ёнида бир неча дақиқа туриб қолдик. Мактаб коридоридан қўлида бир уюм қоғоз кўтариб ўқитувчилар ўтиб қайтар, кўзларида эса жуда ҳам кучли чарчоқ аломатлари яққол кўриниб турарди. Синфдан эса болаларнинг ўқитувчи билан дарс юзасидан суҳбатлари ва яхши маънодаги мавзу бўйича баҳслашувлари давом этмоқда эди.

Дарс давом этмоқда… Ва қанақадир журнал кўтариб олган бир ёшроқ йигит ва мактаб маъмуриятига тегишли бўлган шахс синф хонасининг эшиги таққилатиш уёқда турсин на салом, на алик бор кириб давомат ва яна қанақадир масалалар хусусида гапириб чиқиб кетди. Очиқ қолган эшик узра ичкарига боқар эканман дақиқа олдин баҳслашишга ёниб турган кўзлардан учқун ҳам йўқ, фикрлар бўлиниб кетган, дарснинг бориши бузилган бир ҳолатни кўрдим.

Дарс тугади… Ўқитувчи ҳорғин ҳолатда синфдан чиқар экан унга яқинлашиб келаётган ҳамкасбига “Бугун шанбалик бор экан, чиқишимиз керак экан” деб ҳўрсиниб қўйди, “Ҳа, эшитдим, ҳали тўгарагим ва танловга тайёрланаётган ўқувчим билан ишлашим керак, коспектларимни бугун кечасига ёзаман энди” деган жавобни олиб икки ҳамкасб “бир қоп” қоғозларни кўтариб юриб кетишди.

Ўйланиб қолдим, соат 13 дан ошган, шанбаликка камида икки соат, тўгарагига келинг бир ярим соат ва танловга тайёрланаётган ўқувчига яна шунча вақт ажратадиган бўлса бечора ўқитувчи соат 6 да мактабдан уйига кетади… Уйига бориб эса ўша катта дафтарга конспект ёзиб ярим тунни кутиб олади.

Майли, ҳозир вақт масаласини четга суриб қўяйликда, эътиборимизни давоматни олиб гўёки ўқувчиларни тартибга чақирган икки шахсга қаратайлик, бири “Камолот” тарбиячиси иккинчиси адашмасам директор муовини ёки биз ўрганиб қолгандек “завуч”.
Дарс бўлаётган вақтда синфга кириб келиб ўқитувчи ва ўқувчиларни хаёлларини ҳар ёққа тарқатиш шартми? Тўғри улар ҳам ўз вазифасини бажармоқда, аммо (яна шу сўз) шу фоизи тушмагур давоматни танафус вақтида олишнинг иложи йўқми? Бу ҳам ўқитувчи, хам фанга бўлган ҳурматни кўрсатиб беради.

Шахсан ўзим бир вақтлар магистрлик юкламасини бажариш даврида дарс ўтганман ва дарс вақтида кириб келиб ниманидир талабалардан сўраган ва фикрлар занжирини бузган “замдеканни” аудиториядан “Узр, мен дарс ўтяпман. Ҳамма саволларингизни дарсдан сўнг беришингизни сўрайман.” қабилидаги сўзлар билан аудиторияни тарк этиши талаб қилганман. Қайсидир маънода талабаларни билим олишига тўсиқ бўлиб кўринган кичкина тошни олиб ташлаганман. Муовин эса узр сўраб чиқиб кетган ва йиғилишда миннатдорчилик билдирган эди.

Энди ўқитувчига кун давомида бириктириладиган ишлар билан яна қайта танишсак:
1) дарс бериш
2) ўқувчилар билан дарсдан сўнг қолиб тайёргарлик кўриш
3) дарсга келмаган ўқувчилар холатини ўрганиш
4) танловлардаги конкурсантлар билан ишлаш
5) Ҳар хил мажлислар
6) шанбалик (ҳафтанинг қайси кунлигидан қатиий назар)
7) конспект ёзиш
8) эртанги дарсга тайёрланиш

Бу рўйхат дарсни қизиқарли олиб боришни ўйлаб юрувчи фидокор ўқитувчилар ва уларни қўллаб қувватловчи мактаб раҳбарияти учун қанақадир чегара вазифасини ўтамаяптимикан? Нима деб ўйлайсиз, дўстим?

Бунга Халқ таълими вазирлиги сал эътибор қаратса жуда ҳам соз иш бўлган бўлар эди, манимча…

Ўзи учун вақт топа олмай юрган ўқитувчини осон нишон қилган журналистлар уларни салгина тинч қўйиб ўткир қаламини мактабдан юқорида турган ташкилотларга қаратиши мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайман.

Олдинроқ бир блогер ўқитувчиларни танқид остига қўйган журналистларни нишонга олганида журналистнинг хатти-харакатини ўзимиз кузатдик.

Ҳурматли журналист хоним, илтимос, билимингиз ва назарингизни ўқитувчининг ёмонлигини қидиришга эмас, нега шу аҳвол бўлаётганига қаратинг ва шунда сизга дунё қарсак чалади. Мана сизга мендан кўрсатувингиз учун бир мавзу. Илтимос, ўқитувчини қўйиб юборинг!

Мактаб ишлари билан шуғулланувчи ташкилотларга эса ўзимнинг бир қанча таклифларимни бермоқчиман:

1) Ўқитувчига юклатилган қоғозларни сал бўлсада камайтириш
2) Дарс бериш методикасини танлашда эркин ҳаракат қилишни таъминлаш (албатта дарс мавзуси бўйича ва ундан чиқмаган ҳолатда)
3) Унинг устидан ўрнатилган текширувлар ва текширувчилар сонини камайтириш
4) Ўқитувчи тайёрлашда уларда психологик, малакавий билим бериш тизимини яратиш. Зероки, ўқитувчи кунига 180 га яқин ўқувчи билан алоқада бўлади ва ҳар бир ўқувчи алоҳида бир олам
5) Ўқитувчи бўйнидаги режалаштирилмаган шанбалик (якшанбалик, душанбалик, сешанбалик, …лик)ларни таг-туги билан йўқотиш.
6) Ўқитувчига ўқитувчи сифатида фаррош ёки деҳқон сифатида қарашни БАС ҚИЛИШ.

Менинг фикрларимни қабул қилиш қилмаслик албатта ташкилотларнинг иши, ҳар ҳолда у ерда ўз ишининг фидоилари меҳнат қилаётганига чин дилдан ишонаман.

Ҳурматли ўқувчи, бири тоғдан бири боғдан келган фикрларим билан бошиншиз оғритганим учун узр.

Блогерлар мусобақаси учун HBlogger

4 комментария

  1. Maktabda ishlagan vaqtlarim o’qituvchiligimning eng yorqin xotiralari bilan boy, men bu davrda asrlarga ta’tigulik narsalarni o’rganganman. O’qituvchiga qanchalik qiyin ekanligini bilaman, qishloq joydagi o’qituvchilar q/x ishlariga jalb qilinsa, shahardagilari turli tuman hokimiyat topshiriqlariga jalb qolinadi. Haqiqatdan maktablarda tekshiruvlarni maksimal darajada kamaytirish, o’qituvchini o’z ishini qilishga imkon berish kerak. O’qituvchiga bo’lgan munosabatni o’zgartirish kerak, to’g’risi birovga o’qituvchiman deyishga uyaladigan darajaga kelib qoldik.

  2. Shukur…
    Hozirgi ishimdan charchab ketkan paytlarimda, kompyuterimni ochib o’qituvchilik qilgan paytimdan qolgan hujjatlarni titkilayman. Bir zumda hozirgi ishimga shukur tuyg’usi paydo bo’ladi va yana g’ayrat bilan ishimni davom ettiraman.

  3. Va yana o’qituvchilar maoshini oshirish kk.
    Kamida hozirgi kursda 250$ to’lanishi kerak.
    Yana televideniya tomonidan faqat harbiylarni ko’klarga ko’taravermasdan oqituvchilarga ham etibor berish kk.
    Men bitta ham tasirchan video rolik ko’rmaganman.

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Этот сайт использует Akismet для борьбы со спамом. Узнайте как обрабатываются ваши данные комментариев.