“Умид дарахти” дегин, ошна!

Яқинда таътил олиб, оилам билан қишлоққа бордим. Ота ҳовлига бормаганимга ҳам бир йил бўпти. Иш, бола-чақа ташвиши деб, ойларни йилларга улаб юрибмиз. Гоҳида ишнинг кўплиги, гоҳида эса чўнтакнинг “шамолга макон” экани бормасликка важ бўлади.

Қишлоқ ҳали-ҳамон ўша-ўша. Ёз келиб, Россияда ишлаётган йигитлар пулига қурилаётган, таъмирланаётган уйларни, ўтган давр ичида бир неча ҳамқишлоқларимнинг дорилбақога риҳлат қилганини айтмаганда, айтарли оламшумул ўзгариш сезмадим (доимгидек).

Кўчага чиқсанг, хотин-халаж, бола-чақа, кексалар ёки меҳнатга лаёқатсиз касалванд одамлар, қолаверса, тайинли иши бор эркаклардан бўлак одам кўринмайди. Болалигимда тушлик чоғида ҳамма катта толнинг тагида, кичкина анҳор бўйида салқинлаб ўтирарди. Гавжум бўлиб турарди. Ким билсин, бугун ҳамма иш билан бандми ёки аввалгилар бекорчи-танбал бўлишганми?! Менимча, биринчи вариант ҳақиқатга яқинроқ.

Бошқа жойларда қанақа билмайман, лекин биз томонларда қўлидан иш келадиган, аниқроқ айтганда, битта ғиштқолипни кўтаришга қуввати бор болалар ҳам бекор юрмайди. 15-16 ёшли ўсмирлар ҳам ўз эхтиёжи, айтайлик, кийим-кечак, китоб-дафтар учун пулни аксар ҳолларда ўзи топар экан. Энг кенг тарқалгани ғишт қуйиб, пуллаш. Қўлидаги қиммат телефон, устидаги кийим-кечаклар ана шу пуллардан. Хуллас, бекор ўтирадиган одам йўқ!

Узр, бир оз чалғиб кетдим. Бир куни ўртоғим телефон қилиб, “Зерикмадингми? Юр, Риштонга бориб келайлик, иш бор”, деди. Менга ҳам маъқул тушди. Ўртоғим қишлоқда инглиз тилидан дарс беради. Ҳаётидан мамнун. Ойлиги ҳам яхши. Қишлоқ болаларига репиторлик қилади. Ўқувчилари ҳам кам эмас. Қийналиб ўқиганларининг чарчоғи бугун чиқаётганини айтади. Менга ҳам “Нима қиласан шаҳарда қийналиб, кел, ўзимизда ишла”, дегани деган. Биз эса юксак чўққиларга кўз тиккан мағрур. Ҳали бери қайтиш нияти йўқ…

Риштон вокзалини ёнида одамлар тўп бўлиб турган жойга кўзим тушди. Бу ер бадиийроқ қилиб айтганда «Меҳнат бозори», халқона айтганда эса «Мардикор бозор». Қарасам, одамлар кўп эмас. “Мардикор бозор сустроқми”, деди. Ўртоғим “Мардикорбозормас, бу ерни номи ўзгарган”, деди. “Нима бўлди?”, десам, “Умид дарахти”, деб жавоб қайтарди. Мен кулиб юбордим. “Нега энди “Умид дарахти”?», деб сўрадим. “Бир куни шу бозорга чиқадиган танишим айтиб қолди. Ўзлари бу ерни “Умид дарахти” дейишаркан. Ҳар куни тонгда, умид билан, ризқ қидириб шу бозорга чиқишади. 5-10 сўм ишлаб, рўзғорига ул-бул олиб киради. Четга бора олмайдиганларнинг аксари шу ердан иш топиб, рўзғор тебратади”, деди. Мен “Ҳа, ҳақиқий шоирона ўхшатиш бўпти”, дедим.

Ҳа, ажойиб халқимиз бор. Ҳеч ҳам тушкунликка тушмайди. Ҳар қандай муҳитдан қувонч қидиради. “Умид дарахти” деб қўйилган номнинг ўзиёқ бу инсонларнинг яшашга иштиёқини англатиб тургандек…

“Қийналиб, тунни тонгга улаб ўқимаганимизда, бизам шу “Умид дарахти” тагида ўтирган бўлармидик. Одам ўз тақдирини ўзи белгилайди”, деди ўртоғим. Мен эса уларга қараб туриб, “Ҳа, балки сен ҳақдирсан”, дедим. Бу пайтда эса “Умид дарахти” тагидаги одамлар қий-чув қилиб машинада ўтирган ишга ёлловчи билан гаплашишарди…

Хушёр Бек

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *