УМАР ХАЙЁМ: «Бу дунё ҳеч кимга қолмас абадий»

Кошки тинч жой топиб, кетиб бўлсайди,
Ё бу узоқ йўлни ўтиб бўлсайди.
юз минг йилдан кейин орзу умидлар
Тупроқдан кўкатдай униб кулсайди.
*********************
Мен кетдим, чунки бу жаҳони бедод,
Бунда яшамоқнинг охири барбод.
Ким қочиб қутулса ажал дастидан,
Майли ўша бўлсин ўлимимдан шод.
******************************
Ўлик тирик ишни тузаткувчисен,
Тарқоқ коинотни кузаткувчисен.
Ёмон бўлсам ҳамки, сенинг бандангмен,
Мен нима қилай? яраткувчи сен.
***************************
Кўплар донишманд деб билдилар ўзни,
Худонинг зотидан очдилар сўзни.
Ҳеч бири билолмай азал сирларни,
Алжираб валжираб юмдилар кўзни.
********************************
Афсуски, бекордан бекорга сўлдик биз,
Фалакнинг дастидан кукун бўлдик биз.
Кўз очиб юмгунча кўрган аламдан
Тилакка етолмай, охир ўлдик биз.
**********************
Кекса,ёш ҳаётга ҳар кимки етар
Ҳаммаси изма из, бирма бир ўтар.
Бу дунё ҳеч кимга қолмас абадий,
Кетдилар, кетамиз, келишар, кетар.

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *