ТВда ёш чегарасини кўрсатиш вақти келмадими?

Яқинда Ахборот ва оммавий коммуникация соҳасида эксперт комиссияси томонидан Ўзбекистонга олиб кириш, нусха кўчириш ва тарқатиш тавсия этилмайдиган хорижий фильмлар рўйхати тасдиқланган эди. 225 та фильм ўрин олган рўйхатда сюжетида зўравонлик, шафқатсизлик, ваҳшийлик, беҳаёлик, наркотик ва психотроп моддалар, алкогол ва тамаки маҳсулотлари истеъмолини, шунингдек аҳлоқий бузуқлик, енгилтабиатлик, шаҳвоний нафсга эрк бериш, бесоқолбозлик, свингерликни тарғиб қилувчи саҳналар мавжуд кинокартиналар номи келтириб ўтилган.

Тавсия этилмайдиган фильмлар рўйхатидаги «Арра: яшаб қолиш ўйини» фильмидан лавҳа.

Табиийки, бу фильмлар миллий ва маҳаллий телеканалларда намойиш этилмайди. Аммо яна бир масала борки, алоҳида эътибор қаратиш вақти келди (балки аллақачон ўтиб кетган). У ҳам бўлса телеканалларда эфирга узатилаётган барча лавҳалар, кино ва мультфильмлар, реклама роликлари ва бошқаларга ёш чегарасини белгилаш. Бу амалиёт аллақачон хориж давлатларида мавжуд. Бирор реклама, кўрсатув ёки кино бошланишидан аввал экранда + белгиси ва тавсия этилган ёш чегараси намойиш этилади: +0, +6, +18  ваҳоказо.

Бу нима учун керак? Келинг, ушбу масалага оддий мультфильмлар мисолида эътибор қаратайлик. Одатда биз мультфильмлар болалар учун мўлжалланган, деб қабул қиламиз ва болаларга ҳар қандай мазмундаги мультфильмларни томоша қилишга рухсат берамиз. Аммо шундай муьтфильмлар борки, катталарнинг ҳазм қилиши қийин. Уларда ўзига хос тажовузкорлик, беҳаёлик, атрофдагиларга салбий муносабатда бўлиш ғоялари ошкора ёки яширин тарзда сингдирилган. Оддий мисол: айрим болалар ота-онаси айтганини қилмаса ёки урушса “Сизни ёмон кўраман”, деб аразлаб қолади. Бу ҳолатни кўплаб мультфильм ёки киноларда учратишимиз мумкин.

Беҳаёликка ундовчи саҳналарку, сон-саноқсиз. Хориж мультфильмларидаги қиз бола ёки аёл эпизодларнинг аксарияти очиқ-сочиқ кийинади, айниқса сонлари ва кўкракларининг яққол кўзга ташланиб туришига алоҳида урғу қаратилади, бирор саҳнада севги изҳор қилинса, албатта ортидан ўпишиш саҳнаси берилади.

Қўрқинчли, тушкунликка туширувчи, кичик ёшдаги болаларнинг руҳиятига салбий таъсир кўрсатадиган мультфильмлар ҳам етарлича топилади.

Шунингдек, клиплар, киноларда севги-муҳаббат, кашандалик ва ичкиликбозликни тарғиб қилувчи саҳналар, зўравонлик, агрессияга яширин тарғиб ҳолатлари жуда кўп учрайди. Ҳатто миллий медиамаҳсулотларда ҳам бу каби вазиятларни кўплаб учратиш мумкин.

Тўғри, баъзида фильм бошланишидан аввал унда тамаки ёки алкоголь маҳсулотлари истеъмол қилингани эҳтимоли, уларнинг организмга зарари ҳақида огоҳлантириш берилади. Аммо ҳамма ота-она ҳам телевизорда берилаётган саҳналарнинг фарзандига таъсир кўрсатиши мумкинлиги ҳақида билим, тушунча ва тасаввурга эга эмас. Шу боис улар бошланишидан аввал ёш чегараларининг кўрсатилиши ўз вақтида болаларининг хулқи, тарбияси ва одобига салбий таъсир кўрсатувчи аудиовизуал ахборотлардан ҳимоялаш чораларини кўришларига замин яратади.

Санжар Саид.

Биринчи изоҳ

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *