Тўра Мурод:Бу ерда бошқа гап бор

Мен сиёсий шарҳловчи эмасман. Сиёсатга ҳам аралашмайман. Аммо чет элларда, хусусан, АҚШда содир этилган террористик ҳаракатлар атрофида бошланган қизғин баҳсларни ҳам кузатиб бораяпман. Бунга ўзимизникиларнинг ҳам, ўзимизга дўст бўлганларнинг ҳам, бизга ғараз кўз билан боқадиганларнинг ҳам фикр-мулоҳазаларини ўрганаяпман.
Ғанимларимиз бундан хурсанд экани, “Ана, ўзбеклар ундай қилди, мана, ўзбеклар бундай қилди”, деб аюҳаннос солиб ётишибди. Ҳатто биттаси “Ўзбекистон − террористлар еткизиб берувчи давлат” ҳам деб юборди.
Дўстларимиз бундан хафа бўлиш билан чекланибгина қолмай, бизни катта хавфдан огоҳ этишга ҳам уринишмоқда. Бошидан катта фалокатларни ўтказганлари “Бизнинг кўйимизга тушиб қолманглар”, деб бонг урмоқда.
Энг ёмони, ўзимизникилар, катталаримиз, диний идораларнинг катталари, оғзига микрофон тутилган таниқли “зиёли”лар тўтиқушдек битта гапни такрорлаш билан овора: “Террорчининг миллати бўлмайди, террорчининг дини бўлмайди, террорчининг ватани бўлмайди! Анов бола бизданмас!”
Бир йил олдин ғирт тошконлик бўлиб турган болани беватанга чиқаришмоқда. Бутун дунё ўзбек деб турган болани миллати йўқ нусха дейишмоқда. Динсизга ҳам чиқариб бўлишди. Кимнинг дини, эътиқоди, илми, амали, тақвоси қанчалиги Қиёмат куни Аллоҳнинг тарозисидагина аён бўлади!
Аммо бу ерда бошқа гап бор, миллатдошлар, бошқа гап. Буни тушуниш учун отнинг калласидек катта калла бўлиши ҳам, бу каллага ўралган катта салла бўлиши ҳам шарт эмас. Не-не гуллаган диёрларни АҚШ расво қилиб бўлди. Ироқни ҳам, Афғонистонни ҳам, Мисрни ҳам, Ливияни ҳам, Покистонни ҳам, Яманни ҳам, Сурияни ҳам ва ҳоказо. Сезиб турибсизлар, навбат Ўзбекистонга келди. “У ёғи бир қадам”. Кейин АҚШ асосий рақибининг биқинига пичоқ тирайди.
ИИШИД-ИШИД деб, Суриянинг бир тарафини АҚШ, бир тарафини Россия дабдала қилиб бўлди. Камига гоҳ унисига, гоҳ бунисига ёқишга уринган Туркия ҳам анча иш кўрсатиб қўйди. АҚШ ИШИДнинг ичидаги “ўзиникилар”ни ҳам чиқариб кетди. Ана энди қолган-қутган ИШИДчи борми, “Толибон”чи борми, ҳаммаси секин-секин Ўзбекистонга қараб ўрмалайди. Ҳатто уч-тўрт кундан бери Бин Лодин деган шайтонни ҳам кўрсатиб қолишди. АҚШнинг ўша шайтони лоп этиб, Ўзбекистон тоғларида пайдо бўлиб қолса ҳам асло ажабланманглар!
АҚШ жуда ғаддор, ўриснинг тушига кирмайдиган ҳийлаларни ўйлаб топади. Атом излаб бир мамлакатга киради, бехижолат халқи сайлаган давлат раҳбарини осади, Бин Лодинни излаб бошқа мамлакатга киради, мамлакатнинг кулини кўкка совуради, ИШИДни ўзи тузади, ўзи уни урган бўлиб, у ҳудуднинг тутунини осмонга чиқаради, “Сизларга демократия ўрнатиб берамиз”, деб бир давлатга киради ва обод диёрни пароканда қилиб, демократиянинг онасини кўрсатади ва ҳоказо.
Сезилаяптики, АҚШ энди кичкинагина давлат бўлса ҳам Ўзбекистонга кўз тикаяпти. Тепада айтганимдек, “У ёғи бир қадам” бўлгани учун ҳам. Ўзбекистонга айрича бир фитна билан кириш режасини тузаяпти АҚШдаги катта шайтонлар. Манови терактлар, ўзбек бола “Аллоҳу акбар”, деб одамлар устига машина ҳайдаши арзимаган ишлар. Бу катта ўйинлар олдидан машғулот ўйинлари ёки бизни шунга секин-аста тайёрлаш.
Нима қилиш керак?
Биз нима ҳам қилардик? Нима қилса, катталар қилади. Сиёсатчилар қилади. Ҳарбийлар қилади. “25 йил нима қилганини билмай юрган”, биттагина “Мастер класс”дан кейин кўзлари ярқ этиб очилиб кетган, ҳатто кўз қисишни ҳам ўрганиб олган депутатлар қилади. Бизлар майда, оддий, кирчимол одамлармиз.
Аммо огоҳ бўлайлик! Фарзандларимизни депутат қилиб эмас, амалга, мансабга, сайланишга ўч қилиб эмас, бойликнинг кетидан қувадиган қилиб эмас, ВАТАНПАРВАР қилиб, ВАТАНПАРАСТ қилиб тарбиялайлик!
Ўғли 15-16 дан ошиб қолган оталар, ўғлингизни ВАТАН учун фидо бўладиган АСКАР қилиб тарбияланг!
Ўғлингизга Дин нима, Ислом нима, Мазҳаб нима, Ҳалол нима, Ҳаром нима, Бировнинг ҳақи нима, ўргатинг!
Фарзандингизга ВАТАН нималигини ўргатинг! Ватан катталар бошқараётган давлат эмас, ота-бобосининг мозори ётган Она-Замин эканини, уни ва авлодларини боқаётган, эртага уларга ҳам сўнгги манзил бўладиган Она-Ер эканини англатинг! Ана шу Ерни, Заминни, Ватанни севдиринг!
Ватан байроғи Ҳасанбой рақибини нокаут қилгандагина ҳилпирайдиган мато эмаслигини англатинг! Унда ота-боболаримизнинг орзу-умидлари акс этганини англатинг! Бу мато улуғларимиз қони билан бўялганини англатинг! Байроғимизни севдиринг!
Фарзандларимиз байроқпараст бўлишсин! Бир-бирларига байроқ совға қилишсин! Уйларига катта-катта байроқлар илишсин! Бой йигитларимиз баланд-баланд қилиб қурган кошоналарининг тепасида Ўзбекистон байроғи ҳилпираб турсин!
Байроғимиз бир шаҳарда биргина ҳокимият биноси тепасида эмас, ҳар биримизнинг айвонимизда ҳилпираб турсин!
“Мен ўлсам, байроғимга ўраб кўминглар!” дейдиган ватанпараст, байроқпарастларни тарбиялайлик!
Катта хавотир билан ҳадиксирайманки, биз бу ишларга улгурамиз ё улгурмаймиз, фарзандларимиз ОНА-ВАТАНИМИЗНИ ҳимоя қилиш учун қўлларига қурол олишларига тўғри келади!
Мен эртага ё индинга уруш бошланади, деб ваҳима қилмоқчи эмасман. Мен урушдан қўрқмайман! Мен заҳирадаги зобитман. Ватан хавф остида қолиб, ғаним юртим сарҳадига бир қадам босган куни мен сафларнинг олдида Ватаним ҳимоясига чиқаман! Бу шоирона гап эмас! Газетабоп сўзлар ҳам эмас! Қалбимда бори шу!
Сўзим ёқмаганлар ён-атрофларига боқсинлар, мусулмонлар яшаган ёки яшаётган мамлакатларни бир бошидан АҚШ нима қилиб келаётганини бир мушоҳада қилиб кўрсинлар.
Ёшларга эса айтар сўзим шу: Ризқ излаб, илм излаб, бахт излаб, қайси диёрга борсангиз боринг, “Америка – сеҳрли диёр” бўлиб кўринган бўлса, боринг ўша Америкага ҳам. Аммо Ўзбекистонни, ўзбек эканингизни, мусулмон фарзанди эканингизни унутманг! Борган диёрингизда сизга, айнан сизга минг бир тузоқ қўйишади. Ана шу тузоқларга илинманг! Арзимаган пулга ёлланиб, юртимизга кўз тиккан ғанимларимизнинг малайларига айланиб қолманг! Авлодларнинг лаънатига дучор бўлманг!
Ҳушёр бўлинг, миллатдошлар, ҳушёр бўлинг!

Тўра Мурод

3 комментария

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *