Тўра Мурод: Ёшлар давлат таянчи

Раҳбар алмашди. Сиёсат алмашди. Мамлакат раҳбари “Менга ҳақ сўзни айтадиган журналистлар керак”, деяпти. “Камчиликларни тўғри кўрсатадиган, танқид қила оладиган журналистлар керак”, деяпти. Борми шундай журналистлар?

Бор.

Шерзодхон Қудратхўжаев.

Халқаро пресс-клуб раҳбари бўлиб иш бошлаганидан бери, ҳамма журналист қилган ишдан кўпроқ ишни қилди.

Халқаро пресс-клуб раҳбари сифатида амалга оширган ишларини бир-бир санамоқчи эмасман. Битта нарсани айтсам, ҳаммаси тушунарли бўлади: одамлар Халқаро пресс-клубнинг жонли кўрсатувларини пойлаб томоша қилаяпти! Кутишаяпти “Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги сони қачон бўларкан?” деб. “Халқаро пресс-клуб ўз ишини бу гал қайси вилоятдан тайёрлар экан?” деб. “Бизнинг вилоятимиз ёки туманимизга Шерзодхон Қудратхўжаев қачон келар экан?” деб.

Бу Шерзодхон Қудратхўжаев қандай ишлаётганини кўрсатади.

Одамлар “Ахборот”ни эмас, “Давра суҳбати”ни эмас, “Долзарб мавзу”ни эмас, айнан Шерзодхон Қудратхўжаев олиб бораётган Халқаро пресс-клубдаги жонли мулоқотларни кутишаяпти, қолдирмасдан кўришаяпти.

Энг муҳими, одамлар Шерзодхон Қудратхўжаевга ишонишаяпти, унга саволлар йўллашаяпти. Ўз дардини, муаммосини айтишаяпти. Қизиғи, одамлар Халқаро пресс-клуб учрашувларига изҳор қилган дардларининг малҳамини Шерзодхон Қудратхўжаев шу ернинг ўзида топиб бераяпти. Халқаро пресс-клуб мулоқоти чоғида ҳокимлар, тегишли идораларнинг раҳбарлари анчагина муаммоларни ҳал қилиб юборишаяпти. Булар мулоқот чоғида “Халқаро пресс-клуб кўрсатувидан соғ-саломат ўтиб олиш” учун айтилмаяпти, шу муаммолар амалий ҳал қилинганига ҳам гувоҳ бўлаяпмиз.

Соғинган кўзлар

Тан олиб, тан бериб айтайлик, чорак аср мобайнида мана шундай очиқ, ошкора кўрсатувларни кутмаганмидик? Орзу қилмаганмидик? Мана шу кунларни соғинмаганмидик! Кўзларимиз тешилиб кетаёзган эмасмиди?

Яшириб нима қилдик, бунақа эркин мулоқотларни, бунақа очиқ суҳбатларни ният қилиб ухлаб, тушимизда ҳам кўра олмас эдик!

− Э, қара, Халқаро пресс-клубда Фалончи бунақа саволни бериб юборди, кўрдингми?

− Саволни қўй, жавобни эшитдингми?

− Шерзодхон Қудратхўжаев анови ҳокимга дангалига бундай деганини кўрдингми?

− Ҳоким ҳам катта ваъда бериб юборгани-чи?

Оддий одамлар орасида бунақа суҳбатлар деярли ҳар куни бўладиган бўлиб қолди.

Ўзбекистон халқи орзиқиб кутган жонли мулоқотлар Халқаро пресс-клуб шарофати билан, Шерзодхон Қудратхўжаев саъй ҳаракатлари билан амалга ошди.

Ҳокимларнинг ваъдалари

Бутун бошли вилоятларнинг ҳокимлари унча-бунча журналистга интервью ҳам бермайди, саволига жавоб ҳам бермайди. Муаммони айтсанг, “Сенинг ишинг нима?” дейиши ҳам мумкин. Аммо Шерзодхон Қудратхўжаевнинг саволларига неча-неча ҳокимлар, “каттакон”лар ўрнидан туриб жавоб бераяпти, айтилган муаммони бартараф қилишга ваъда бераяпти.

Сир эмас, ўқитувчилар ва шифокорлар кўча тозалаш ва ободончилик ишларига, пахта теримига, ҳатто пахта чопиққа ҳам чиқарилаётгани юртимиз шаънига муносиб иш эмас эди. Бу муаммо Республика телевидениесида ва деярли барча ОАВда, ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинди. Сенаторлар ТВга чиқиб, “Ўзбекистонда бундай ҳолат кузатилмаган”, деганлари билан айнан Халқаро пресс-клубда вилоят ҳокимлари мана бундай сўзларни очиқ-ойдин айтишди:

− Бу бор ҳақиқат, буни яшириб бўлмайди. Ўқитувчилар ва духтурларни нафақат ободонлаштириш ишларида, ҳатто қишлоқ ҳўжалиги ишларида ҳам ишлатиб келдик. Ўқитувчига ўзининг ишини қилдирмадик, фермерга боғладик. Врачларимизга ўз ишини қилдирмадик, ҚВП да ўз ишлари қолиб, қишлоқ хўжалиги ишлари билан банд бўлишди. Натижада нима бўлди, натижада бугун оналар ўлими ошди, гўдаклар ўлими ошди, лекин хеч ким ҚВП га ёрдам бергани йўқ. Қачонки энди биз кўзимизни очиб кўрсак, улар оғир аҳволда. (Наманган вилояти ҳокими Хайрулла Бозоров.)

Ҳоким Хайрулла Бозоров айнан Халқаро пресс-клуб мулоқоти чоғида ТВ орқали Ўзбекистон халқига ваъда бериб юборди:

− Ўқитувчиларимизни, умуман, бюджет ходимларини бошқа ишларга жалб қилиш бизда ҳозир қатъий чекланган. Бу энг забардаст икки соҳа ҳам ишонган соҳаларимиз. Мана ҳокимлар ҳам турибди, ўқитувчи ва шифокорларни унақанги ишларга жалб этиш таъқиқланади! Чиқармаймиз уларни бундай ишларга!

Шерзодхон Қудратхўжаев Сурхондарёда ўтказган Халқаро пресс-клуб мулоқоти энг очиқчасига ўтди, энг завқли бўлди, десак хато бўлмайди. Сурхандарё вилояти ҳокими ҳам ўзини тутишда Шерзодхон Қудратхўжаевдан андоза олди, назаримда. Сурхондарёда раҳбарлар “Бажарамиз!” “Ҳал қиламиз!” “Боплаймиз!” “Ҳаммаси яхши бўлади!” деган гапларни айтишмади. Реал жавобларни берди.

Гапини бежамасдан гапириш, ёлғон қўшмасдан, баландпарвоз шиорларни қўшмасдан, шоирона ибораларни келтирмасдан, бошқалардан иқтибос келтиравермасдан, борини борича гапириш қандай яхши!

Вилоят ҳокими газ масаласида ҳам “сийпалаб” ўтирмади: “Қишлоқларнинг газини узамиз, Термиз шаҳрида газни ўчмайдиган қиламиз, қишлоқларга баллонда газ етказиб берамиз”, деди. “Узмаганимиз билан барибир газ ҳам бормайди, баллон ҳам”, деганини қаранг!

ЭркинТурдимов ўқитувчиларни кўча супуришга, пахтага чиқариш тўғрисида ҳам аниқ ва адолатли гапни айтди:

− Ўқитувчи ва шифокорларнинг дала ишларига, кўчада қатор бўлиб ободончилик ишлари билан шуғулланишига тўлиқ барҳам берамиз. Ўзингиз ўйлаб кўринг, мажбурлаб, меҳнатига пул тўланмасдан далага олиб чиқилган ўқитувчи ё шифокор чопиқ ва бошқа дала ишларини виждонан бажарадими? Қарғаб-қарғаб ишламайдими? Бу ахир пахта ҳосилига ҳам таъсирини ўтказмасдан қолмайди-ку? Фермерлар ўзлари йиғиб-териб олишади пахтани керак бўлса. Ўқитувчиларни далага чиқарадиган бўлсак, фермерлар дангаса бўлиб қолади. Мана, илгари мактаб ўқувчиларигача пахтага чиқариларди. Барҳам берилди. Кейин коллеж ўқувчилари чиқариларди, бунга ҳам барҳам берилди. Пахта терилмасдан қолиб кетаётгани йўқ-да. Такрор айтаман: Сурхондарёда на ўқитувчи, на шифокор пахта йиғим-теримига жалб қилинмайди. Бировга яхши кўриниш, режани бажариш учун бошқаларни мажбурлаб пахтага олиб чиқиш − ноинсофлик!

Эътибор беринг: бир вилоят ҳокими Халқаро пресс-клубда, Республика телевидениеси орқали  “Мажбурлаб пахтага олиб чиқиш – ноинсофлик!” деди.

Менинг ёшим 60 га бораяпти, аммо ҳали бунақа ваъдаларни на кўрганман, на эшитганман! Умид қиламанки, вилоят ҳокимлари элга берган ваъдаларини амалда ҳам бажарадилар. Шерзодхон Қудратхўжаев ҳам бу ваъдалар қанчалик бажарилаётганини кузатишда давом этади, деб ўйлайман. ТВ ходимларининг тилида айтсак: “Халқаро пресс-клуб бу мавзуга яна қайтади”.

Хулоса

Шуки, эски, Совет тузумида тарбия топган “отахон кадрлар”дан янгилик кутиш қийин, улардан янги сўз ҳам, янги ташаббус ҳам, янги ғоя ҳам кутиш амримаҳол. Уларнинг кўксида қўрқув, эҳтиёткорлик, ҳамма нарсага шубҳа билан қараш, гумонсираш, “Бунга каттакон нима дейди?” “Каттаконга ёқармикан?” “Айтсам, ўлиб қолмасмиканман?” деган  даҳшатли хавотирлар томир отганки, уларни юлиб олиб бўлмайди. Юлсангиз, юраги бирга чиқади.

Журналистика соҳасида ҳам, телевидение соҳасида ҳам, умуман, мамлакат миқёсида барча соҳаларда ҳам раҳбарликни эркин фикрли, эркин сўзли, журъатли, шижоатли, Шерзодхон Қудратхўжаевга ўхшаган ёшларга ишониб топшириш керак.

Шерзодхон Қудратхўжаевга ўхшаган ёшлар мамлакат равнақига ҳисса қўшишда, Ўзбекистон буюк давлат бўлишида ҳозирча бир ўзи куйиб-ёнаётган, эл деб, халқ деб, халқни рози қилай, деб тинмаётган президентимизга камарбаста бўла оладилар.

Шерзодхон Қудратхўжаевга ўхшаган ёшларгина мамлакат раҳбарига ҳақ сўзни айта оладилар, халқнинг аҳволи ҳақида реал маълумотларни бера оладилар.

Фақат кўзни бўяш билангина шуғулланган “эскилар” нима қилганини, мамлакатни қай аҳволга олиб келганини эса ҳамма яхши билади.

Ўзбекистон дунёда энг гуллаб-яшнаган мамлакат бўлсин!

Ўзбекистон халқи дунёдаги энг бой мамлакат бўлсин!

Ўзбекистон эркин сўз айтиладиган демократик мамлакат бўлсин!

Шу ишга бел боғлаган Шерзодхон Қудратхўжаевдек ёшларга бу йўлда Аллоҳ мададкор бўлсин! Уларни Ўзи ёмон кўздан асрасин!

Тўра Мурод

5 комментариев

  1. Бош вазир нимага очик, мулок,атга так,ик, к,у’йди?. У бу так,ик,и билан Призидентга к,арши сиёсат бошладими?. Журналист ни хак,орат к,илиб худди совет даврида яшаятган амалдорга у’хшатибди у’зини. Энди Узбек халк,ини эшитадиган Призидент келди деб халк, хурсанд эди, афсуски ту’ск,инчи бузгинчилар борлиг аён бу’лди. Призидент Шавкат Миромонивичга елкадош эмас экан бош Вазир!

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *