Тўра Мурод: «Тангалар ва каламушлар»

Катта пуллар чиққани яхши. 5.000 сўмлик чиқди, бир хурсанд бўлдик, 10.000 сўмлик чиқди, яна хурсанд бўлдик. Ҳали уни қўлига ушлаб кўришга ким улгурди, ким улгурмади, мана, 50.000 сўмликнинг дараги чиқди. Бу яхши, аммо кўнгилдан баъзи мулоҳазалар ўтади, бир нималар эсга тушади…

Отамнинг гапи

«Қачонки танга пул ишласа, юртда арзончилик бўлади», дердилар отам раҳматли.
Отам бизга «Мактабдан у-бу олиб ейсизлар», деб ҳар куни 20 тийиндан пул берарди. Олти кунда бу тангаларни йиғсак, бир сўму йигирма тийин бўларди. Шунчадан пули бор жўраларимиз билан шаҳарга борардик. Қишлоғимиздан шаҳаргача автобус 30 тийин оларди. Қайтиш ҳам 30 тийин. 20 тийинга кино кўрардик. Агар у ҳиндча бўлса, 40 тийин бўларди (ҳиндларники доимо икки серияли бўларди-да). 20 тийинга музқаймоқ ердик. Агар икки ҳафтада бир борсак, Регистондаги кабобхонадан бир «порс»дан «шашлик» ҳам ердик. Бир сўмга беш сих «шашлик»берарди. «Шашлик»дан воз кечсак, «парк»ка бориб, «карусел»ларга учардик. Кечгача учганимиз бир сўм бўларди. Шундай қилиб, қишлоқдан келиб, тангаларни ишлатиб, бир кун шаҳарда маза қилиб дам олиб кетардик.
Бор-йўғи бир сўм ёки бир сўму йигирма тийинга!

Отамнинг бошқа гапи

Яна битта гаплари бор-у, айтсам айримлар хафа бўлиб қоладими, дейман-да.

«Танга йўқолса, каламуш кўпаяди, кейин қимматчилик бўлади», дердилар отам.
1993-94 йиллармикин, аниқ йили эсимда йўқ, пул тополмасдик, пул топсак, ун тополмасдик. Бир унлар келди-ки, нон қилиб есанг, тишинг ғижирлайди. Ўша йиллар Жомбой ун комбинатининг ичидаги битта тепалик йўқ бўлиб кетган, дейишади. Билмадим, мен комбинатнинг ичини ҳам, тепаликни ҳам кўрмаганман.

«Камбағалнинг бозори кўп бўлади», дерди отам раҳматли. Биз томонлардаги деярли ҳар бир қишлоқда биттадан бозор қурилди. Ана шунда бизнинг дўппидеккина Жаласойда ҳам бозор очилди. Вилоят ҳокими Пўлат Абдураҳмонов очиб берганди. Одамлар унга қўйган уятроқ бир ном билан машҳур бўлди бу бозор. Уни «Кўтанбозор» дейишарди. Бир қишлоқнинг одами нимани сотарди-ю, шу қишлоқнинг одами ундан нимани оларди? Бозорга бошқа қишлоқлардан одам келса қизир экан савдо ҳам. Аммо бошқа қишлоқларнинг ҳам ўз бозорлари бор эди-да.

Жаласойликлар бозорга келар ва у ерда бозор атрофидагилар пишириб чиққан овқатларни ейиш билангина машғул бўлар эдилар. Қизиғи, калла-почча, шўрва, палов, нўхат шўрва каби овқатлар ҳамманинг уйида ҳам қилса бўладиган овқатлар эди, аммо эркакларга шу овқатларни бозорда ейиш қизиқ бўлган бўлса керак-да. Қолаверса, улфатлари билан, «ҳалиги»дан бир-иккитасини «ағдариб»…

Бозорга ун ҳам келарди. «Ғижирлайдиган» унлар, арпа унлар, маккажухори унлари.
Маккажухори унидан нон қилиб кўрдик. Бир бурдасини чойга ташласанг, «тўп» этиб, чойнинг тубига тушади. У нонни еганимизда ошқозонимизнинг қаерда эканини аниқ билиб турардик. Ҳазм бўлгунча оғриб туради…

Мактабда ишлардим ўшанда. Саккиз ойлаб ойлигимизни беришмаган. «РайОНО пулларимизни «оборот»га қўяркан, кейин директор ҳам бир-икки «айлантириб оларкан», деб эшитардик, Аллоҳ билади. Аммо менинг билганим, эсимда қолгани шуки, ўша йиллари ўзим ҳам, аёлим ва ёш болаларимиз ҳам ярим косадан сутни нонсиз ичиб, рўзамизни тутардик ва ифторликка ҳам нонсиз сут ичардик, аммо рўзамизни бузмасдик, Аллоҳга шукур, ажрини бериб, Ўзининг уйига ҳам чақирди кейинроқ…
Аммо ўша йиллари каламуш ёмон кўпайган эди…

Ўзбекистонда оқ каламуш борми?

Каламушлар уйларда, оғилларда, ошхоналарда, ертўлаларда, ҳатто чордоқларда ҳам ўз ҳукмронлигини ўрнатган эди. Болалар ертўлага тушгани қўрқарди, катта-катта каламушлар одамдан ҳайиқмай чийиллаганча чопиб юрарди. Ертўлада чуқур кавлаб, узунчоқ идишларни кўмиб қўярдим, тагига озгина сув солиб. Деярли ҳар куни 2-3 та каламуш «қопқоним»га тушарди. Аммо каламуш камаймасди.
Мен ертўладан оқ каламуш ушлаганман! Бунақаси Ўзбекистонда борлиги ҳақида ўқимаган эдим.

Биз каламушга қарши ишлатмаган усул қолмади, қопқонлар ҳам қўярдик, электр токини ҳам улаб қўярдик. Каламушлар босиб олганда электр чироқларимиз ўчиб қоларди-ю, каламушни ток урмасди…

Ражабнинг мушуги

Бир қизиқ воқеа ҳеч эсимдан чиқмайди. Газ учун қурилган печканинг ичида каламуш борлигини билдик, аммо ҳеч чиқара олмадик. Олов ёқиб ҳам кўрдик, фойдаси бўлмади. «Ражабнинг мушуги роса каламушнинг додини беради, шуни олиб кел», деб маслаҳат беришди қўшнилар. Олиб келдим. Печкага тиқиб юбориб, печка оғзини ёпдим.
Сал ўтмай ичкарида чийиллашлар, чинқиришлар бошланди. «Ражабнинг мушуги каламушнинг додини бераяпти», деб ўйладик. Бир маҳал Ражабнинг мушуги печкадан отилиб чиқди. Бечоранинг ҳамма ёғи дабдала бўлган, тирналмаган, шилинмаган жойи қолмаган, бир кўзи ўйиб олинган эди. Бечора мушук бизга норози бўлиб, бир қаради-ю, инграганча ўз уйига равона бўлди…

Хуллас, каламушни биз йўқота олмадик. Аммо ўз пулимиз чиқиб, тангалар ишлашни бошлагач, каламушлар ўз-ўзидан йўқолиб кетди…

Сўнгсўз

Кўрганимни айтаман, Туркияда ҳам катта пуллар чиқиб кетган, битта банан бир миллион лира турар эди. Кейин, яъни 2005 йилда бир миллионни бир лира қилиб қўйишди ва тангалар ишлашни бошлади. Шундан кейин ҳаммаси изига тушди.
Сиёсатга ишим йўқ. Фалон пул чиқсин ё чиқмасин ҳам демайман. 100.000 сўмлик чиқса ҳам, насиб қилган бўлса, ишлатаверамиз. Аммо ҳар гал катта пул чиққанда отам раҳматлининг гаплари эсимга тушиб кетаверади-да:

«Қачонки танга пул ишласа, юртда арзончилик бўлади»…

Тўра Мурод

3 комментария

  1. Яхши ҳикоя чиқибди! «Ражабнинг мушуги» ибораси бутун юртга тарқаладиган бўлди. Фақат, ўзларинг чиқавермай, бошқаларгаям имкон берсаларингиз янада яхши бўларми-ди!

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *