Тўра Мурод: «Раддияга раддия ёзмайман»

Ҳали мен ёзган “Кун.уз” сайтида чоп этилган «Гап бошқа, иш бошқа: ўқитувчи ва шифокорлар мажбурий меҳнатга жалб қилинмоқда» мақоламга раддия эълон қилингунча бир воқеа бўлиб ўтди.

Шаҳар ҳокими ҳокимият газетасининг редакторини чақириб олибди.
− Тўра Мурод дегани ким, танийсанми?
− Танийман.
− Унда зудлик билан уни бу ёққа топиб кел!
− Нима қиласиз, урасизми?
− Ўзим биламан, сен олдингга солиб кел!
− У, у аввало менга бўйсунмайди, қолаверса, “Сизни ҳоким чақираяпти”, деган гапим билан олдимга тушиб, ҳокимиятга ҳам келмайди.
− Унда сен газетангда ўша Тўра Мурод ёзган мақолага раддия ёз!
− Нима деб ёзаман? Битта ёлғон сўз ишлатганида нима деб раддия ёзишни билардим, аммо у ҳозир 100 эмас, 150 % рост гапни ёзган. Мен раддия ёзолмайман, ўзингиз ёзинг!
− Йўқол, ҳамманг бир гўр! Ўзим ёзаман, ёздираман!

Бу суҳбатнинг тафсилоти менга айтиб берган устозим Тошпўлат Раҳматуллаев “Энди ҳоким жавоб юриши қилади, кўрасиз”, дедилар.

“Жавоб юриши” тайёрланаётгани ҳақида айрим юраги қўрқувдан ҳали бутунлай сўнмаган врачлар ва ўқитувчилар қўнғироқ қилиб, огоҳлантиришди:

− Каримберди ака, мақолангиз эълон қилинганидан сўнг ҳокимиятдан ҳар бир шифохона, ҳар бир ўқув юртига одам келиб, “тушунтириш ишлари”ни олиб боришди, олдинги число билан “Ташаббуснома” ёздиришди. “Бузилаётган уйларни ўзимиз бузиб берамиз, шу ишга интиқ эдик, шундай бир иш бўлса-ю, биз ҳам қатнашиб, ватанпарварлигимизни, она шаҳримизга муҳаббатимизни кўрсатсак эди, деб юргандик, мана, имконият туғилди: иккита кўча кенгайиб, уйлар бузиладиган бўлиб қолди. Шу уйларни биз, шифокорлар ва ўқитувчилар, уйимиздан лом, белкурак, кувалдо, киркаларни олиб чиқиб, бузиб беришдек ташаббус билан чиқдик. Ана шу савоб ва ватанпарварлик ишида қатнашиб, уйларни бузиб беришимизга рухсат беришингизни сўраймиз!” деб айтиб туриб, мурожаатнома ёздиришди.
− Сизлар ҳам индамай ёзиб беравердиларингми?
− Ака, бола-чақамиз бор, ишдан кетсак, ҳар биримизнинг ўрнимизга саккиз киши қараб ўтирибди, кетган кунимиз ўрнимизга камида иккитасини олишади.

Ҳа, ажаб замон бўлди. Гап бошқа-ю, иш бошқа!

Президентимиз ҳақ сўзни айтинглар, кўпроқ танқидий чиқиш қилинглар, менга ҳақиқатни айтинглар, деб турибдилар. Пастдаги майда раҳбарлар нима қилишаяпти? Камчилигини айтсанг, “Шу камчиликни тузатиб қўяйлик”, демайди. Биттаси ҳам! “Танқид қилганни топинглар, оғзини йиртамиз!” дейди.

Барака топгур, ҳоким бува, мен ўзимга бир тўғрам нон сўрамайман, эшигингизга бориб! Мен сиздан иш ҳам сўрамайман! Обрў ҳам, иззат ҳам тиламайман! Мен ўзим учун битта чўп, битта хас сўрамайман сиздан!

Шу юртда ижобий ўзгариш бўлсин, дейман! Шу эл кун кўрсин, дейман!

Шу бечора ўқитувчи билан шифокорлар ҳам одамдай яшасин, дейман!

Ўзи уларнинг ойлиги “отнинг калласидек” эмас! Улар сизга “Ўнта негр боласи” эмас-ку?! Нега кўча супуришга ҳам, уй бузишга ҳам, пахта яганасига ҳам, пахта теришга ҳам, боғларни тозалашга ҳам нуқул ўқитувчи билан шифокорни чиқарасиз? Сизнинг итоаткор қулларингизми улар? Улар сизнинг лотореянгизга чиққанми?

Аслида амалингиз, мансабингиз сизга лотореяга чиққан! Майли, амал лотореянгизга чиқибдими, қандингизни уринг! Аммо унутманг, халқ сизнинг эмас, сиз халқнинг хизматкорисиз! Ишингиздаги камчиликни кўрсатган одамни топиб, оғзини йиртишга шошилманг!

Топшириғингизга биноан “Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати” мени журналистик этикага риоя қилмаганликда айблабди. Аммо ёлғон гапларни ёзиш ҳар қандай ахлоқ нормаларига зид эканини ўзлари унутиб қўйишибди.

“12 та умумтаълим мактаби жамоаси июль ойи бошларида бундай хайрли ишга бош қўшиш мақсадида ташаббус билан чиқишди. Уларнинг ушбу ташаббуси қўллаб-қувватланди, шаҳар ҳокимлиги томонидан ишлар тартибли ва тез муддатда амалга оширилишини таъминлаш мақсадида уларга ҳудудлар тақсимлаб берилди, холос”, дейишибди.

Биринчидан, ўша мактабларнинг ташаббуслари менинг мақолам чоп этилгандан кейин ёздириб олиниши, яна аввалги сана билан ёздириб олиниши одобданми?

Иккинчидан, “Ахборот хизмати” “Шаҳар ҳокимлиги томонидан ишлар тартибли ва тез муддатда амалга оширилишини таъминлаш мақсадида уларга ҳудудлар тақсимлаб берилди, холос” деб ёзишдан олдин шаҳар ҳокими имзолаб, муҳрлаган ҳужжатнинг иловасини яна бир бор синчиклаб ўқишса бўлмасмиди? У ерда оққа қора қилиб ёзиб қўйилган: “Самарқанд шаҳар ҳокимлиги томонидан бириктирилган масъул ходлимлар зиммасида бўлган талаблар: 10 кун муддат мобайнида бириктирилган уйни бузиб, бўш ер майдонини очиб бериш; ҳар бир масъул раҳбар ҳар куни камида 20 нафар ишчи ходимларни бузиш ишларига жалб қилиш; ишчи ходимлар ўзлари билан иш қуроллари: (лом, белкурак, болға, кувалдо ва ҳоказолар) олиб келишини таъминлаш; ишчи ходимлар транспорт ва озиқ-овқатини таъминлаб бериш”.

“Ахборот хизмати” айтган “Ўз ташаббуси билан Самарқанднинг мана шундай обод ва кўркам масканга айланишида ҳисса қўшишни истаган қалбидарё ва меҳнаткаш самарқандликлар”га “Ҳар куни камида 20 нафар ишчи ходимларни бузиш ишларига жалб қилиш, ўзлари билан иш қуроллари: (лом, белкурак, болға, кувалдо ва ҳоказолар) олиб келиш, ишчи ходимлар транспорт ва озиқ-овқатини таъминлаб бериш” БУЮРИЛМАЙДИ!

Ташаббус кўрсатган мактаб ё касалхонанинг ўзи билади, нечта ходимини ҳашарга чиқаришни! Ўзи билади, белкурак олиб борадими, кувалдо олиб борадими, асфальт текислайдиган машина олиб борадими? Ўзи билади, ходимининг қорнини қандай тўйғизшини ҳам!

Афсуски, “Ахборот хизмати” шаҳар ҳокимининг топшириғини ҳоким хурсанд бўладиган даражада адо этибди, аммо виждони олдида қанчалик хижолат ё хижолат эмаслигини Ўзи билади!

Мен раддияга раддия ёзиш ниятида эмасман!

Ҳурматли шаҳар ҳокимига шунақа ишлаш маъқул экан, омадини берсин! “Ахборот хизмати”дагилар шунақа уятли раддия тайёрлашга уста эканлар, ҳали улар узоққа боришади, ўсишади, ўзлари хурсанд қилган раҳбарнинг сояси давлатида узоқ йиллар “самарали” меҳнат қилишади, мукофотлар олишади, уларнинг ҳам омадини берсин!

Мен, “журналистик этикага риоя қилмаган” бир гумроҳ эса “барчамизнинг фахримиз бўлмиш шу азиз маскан бизнинг она шаҳримиз” эканини, “унинг ободлигини, гўзаллигини таъминлаш самарқандликман, деган ҳар бир фуқаро ёшу-қари, аёлу-эркак, раҳбару оддий ишчи-ходим учун ҳам фарз, ҳам қарз” эканини, “бугун она шаҳрини севувчи, уни кўз қорачиғидек асровчи ҳамшаҳарларимиз жуда кўп” эканини билмабман. Бечора ўқитувчилар ва шифокорлар бир йил олдинги сана билан ҳам сизлар сўраган “Ташаббусни кўрсатиб”, сизлар айтиб турган “Мурожаатнома”ларни ёзиб беришини ҳам билмаган эканман.

Мен бундан жуда уялаяпман. Ўқитувчиларнинг, шифокорларнинг олдинги сана билан “Мурожаатнома” ёзиб беришидан эмас, уларнинг шунчалар ташаббускор эканини билмаганимдан уялаяпман.
Шунинг учун ўқитувчилардан ҳам, шифокорлардан ҳам, уларга шунчаки ҳудудларни тақсимлаб берган ҳоким бувадан ҳам, ақлли инсонлар ишлайдиган “Ахборот хизмати”дагилардан ҳам кечирим сўрайман!

Ана шундай ташаббусларни кўпроқ кўрсатинглар ва шаҳримиз сиз азиз ўқитувчилар ва шифокорларнинг ташаббускорона меҳнатларингиз билан кундан-кунга чирой очиб бораверсин!

Ҳорманглар!

 

Тўра Мурод

3 комментария

  1. Oxiri nima bo’larkan. Hardoimgidek bir tushunmovchilikga aylanadimi yoki quldorlar jazosini oladimi. Davlatni nomi bilan xalqni qul qilayotgan amaldorlarda kuch katta. Balki haqiqiy demokratyaga o’tib bunaqa quldorlarga qarshi ommaviy norozilik elon qilib kovushini to’g’irlab qo’yadigan vaqt, zamon kelgandir.

  2. Нахотки, Хокимлар одамлар шунака раддияларга ишонади деб уйлашса?! Жиннига хам айён булиб турибтику, укитувчиларга ёздириб олингани бунака хатлар. Бунака ишлар, яъни хокимлар томонидан шунга ухшаш ноконуний ишларини купайишлари бора-бора халкни нафакаи Хокимларга, балки Президентга хам булган ишончларини йуколишига олиб келади деб уйлайман. Сабаби, агар хокимлар шунчалик енгил елпи отпискага ухшаш, хакикатдан йирок булган мурожаатномалар билан осонгина кутулиб кетишиб, одамларга кулдек муносабатда булишларини давом эттираверишсалар, Президент бу нарсаларга ишонаетганлигини куриб ва билиб турган халкда, уз Президентига ишончсизлик уйготади. Демак, Президент хам бир экан деган тушунча пайдо булади, хеч качон оддий одам Президентни хам ишонтира олибтида Хоким демайди. Бу эса жуда емон нарса, айникса хозирги кунда Президентимизга нисбатан халкни ишончи ута ва ута катта булиб турган вактда. Президентимизга гап булиши мумкин эмас, назаримда битта шу одам ишлаяпти холос, лекин шу хокимга ухшаганлар у одамни подставка килишаетганга ухшайди. Туй, артистларни ва бошкаларни йиккандек, Президент хокимларни хам алохида йигиб айнан шунга ухшаш масалаларда халк олдида йигилиш килиб, Президент сиесатини тушунмасдан нотугри олиб бораетганларни уша йигилишнт узидаек ишдан олиб ташласалар, сал хокимларимизни бунака найрангвозликлари пасаярмидикин.

  3. Каримберди Турамурод домлони «Друзья»ларини кўздан кечирдим, журналистлар талайгина. Нега «охири нима бўларкан» позициясини эгаллашган. Нега «мум тишлаган»сизлар? Ё сизлар шу даражада қўрқоқмисиз? Бирлашиб, кенгроқ ёритсангиз бўлмайдими? Ораларингда тв-журналистлар бор экан, нега даврага ўқитувчи-ю шифокорларни чорламайсиз? Қачонгача кузатасиз? Ахир биргина соғлиқни сақлаш тизими Президент томонидан танқид қилинганда одам бормас чекка қишлоқларгача бориб, тез ёрдам хизматини таҳлил этдингиз-ку?! Нега уларни танқид қила олиб, муаммосини кўтариб чиқа олмайсиз?

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *