ТЎРА МУРОД: Китоб ўқияпсизми?

Китобхонлик Ўзбекистонда давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Республика президенти қисқа давр ичида икки марта китоб ва китобхонлик борасида фармон чиқариб, китобхонлик масаласига катта эътиборни қаратиб қўйди.
Президент, давлат, ҳукуматнинг китоб ва китобхонликка эътибори катта бўлган бир даврда ўзимиз китоб ўқияпмизми?
Охирги ўқиган китобимиз қайси?
Китоб қидириб, қайси китоб дўконига кирдик?

Китоб ўқиш завқи
Эслайсизми, болалигимизда қўй боққани кетсак, белимизда яримта нон билан бирга, албатта, битта китобимиз ҳам тугилган белбоғимиз бўларди. Имкон топилди, дегунча қўлимизга севиб ўқиётган китобимизни олардик.
Ариқлардаги сувга оёғимизни осилтириб ўтириб, китоб ўқиганларимиз эсингиздами?
Томларга чиқиб, беда ҳиди анқиб турган бостирмаларнинг ичига кириб олиб, китоб ўқиганларимизни унутганингиз йўқми?

Ётиб олиб, оёқларни ликкиллатганча, дунёни унутиб, китобдаги воқеа-ҳодисалар ичига ғарқ бўлганларимиз ёдингиздами?

“Ўтган кунлар”ни ўқиб, Кумушга аза тутганларимиз, Отабекка қўшилиб йиғлаганларимиз, Юсуфбек ҳожига қўшилиб, аза тутганларимиз, Ўзбекойимга қўшилиб, фарёд урганларимиз, Зайнабни қарғаганларимиз ёдингиздадир?

“Уфқ”ни ўқир эканмиз, отаси отган ўқ Турсунбойга тегмасин-да, деб титраб-қақшаганларимиз, Икромжон ота “Тегмади”, деганида елкамиздан нафас олиб, “Худога шукур, тегмади”, деганларимиз ҳам эсингиздадир?

Чингиз Айтматовнинг “Кунда”сини ўқиб, Тошчайнар ва Акбарага, бўриларга аза тутиб, йиғлаганларимиз эсингиздами? Чингиз Айтматов ўзбек эмас, у қирғиз деган одам билан уришиб юрганларимиз-чи? “Бекор айтибсан! “Жамила”ни, “Оқ кема”ни, “Алвидо, Гулсари”ни ёзган одам ўзбек бўлмайдими?” деганларимиз-чи?

Битта китобни бир синф бўлиб ўқиганларимиз, ҳамма ўқиб бўлгач, бир синф бўлиб, муҳокама қилганларимиз ҳам эсингиздадир?
Мактаб кутубхонасидаги китобларни ўқиб бўлиб, бошқа мактабларнинг кутубхонасидан китоб олиб келиб ўқиганларимизни эслайсизми?

Шаҳарга бораётган отамиз “Сенга нима олиб келай”, деганида “Ўткир Ҳошимовнинг китобини олиб келинг”, деганларимиз эсингиздан чиқмагандир?
Ҳа, унутмайсиз! Ахир шундай дилбар лаҳзаларни унутиб бўладими?
Ана шу унутилмас лаҳзаларни, бир олам завқни бизга китоблар берган эди.

“Ёшлар китоб ўқимайди!”

Кўпчилик биз тенги ё биздан катталар ана шу гапни кўп қайтаради. Аслида-чи?
Аслида, ёшларимиз биздан ҳам кўп ўқишади, барака топгурлар! Аммо улар бизга ўхшаб, оёқларини ариққа осилтириб эмас, томга чиқиб эмас, ой нурида ё шамчироқ ёруғида эмас, телефонларидан, планшетларидан ёки компьютерларидан ўқишади. Бизлар ойлаб қидирган китобларнинг электрон нусхасини бир неча лаҳзада интернетдан топиб ўқишади.

Тўғри, интернет орқали, умуман, китобларнинг электрон шаклдагисини ўқиш биз ўрганган китобларни ўрта бармоғимизга “туф” деб олиб, варақла-а-аб ўқигандаги завқни бермайди, аммо ўқиганларига шукур.

“Кўзингга таъсири бор, ундан кўра, мана, тайёр китобдан ўқи, кўзингга ҳам таъсир қилмайди”, дейсиз, аммо ёшлар барибир электрон китобни афзал билишади. “Шрифтини ўзим истагандек қилиб оламан, керак бўлса рангини ҳам ўзим истагандек қилиб оламан”, дейди фарзандингиз. Бемаза ўйинлар ўйнагандан кўра, интернетдан китоб ўқиётганига, билим олаётганига шукур қиласиз.

Янги давр келди

“Китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини оширишга доир тарғибот ишларини тизимли ва самарали ташкил этиш, бу борада китобхонлар, кутубхоначи ва тарғиботчилар ўртасида «Энг китобхон мактаб», «Энг китобхон маҳалла», «Энг китобхон оила», «Энг фаол кутубхоначи» каби кўрик-танловлар ўтказиш йўлга қўйилсин”, дейилда президент фармонида.

Биз ҳам газетамизда “менинг кутубхонам” танловини ўтказмоқчимиз. Танловда қатнашинг. Ўз кутубхонангиз ҳақида, китобларингиз ҳақида ҳикоя қилинг!
“Мен ўқиган китоб” деган рукн ташкил қилмоқчимиз. Ўзингиз ўқиган китоб ҳақидаги таассуротларингизни ёзиб юборинг, биз чоп этайлик!

“Мен севган китоб” деган танлов ташкил этмоқчимиз. Севган китобингиз ҳақида иншо ёзинг, энг яхши иншо муаллифига совринимиз бор.

Ўзи китоб ўқияпсизми, замондош? Китоб ўқишни унутиб қўймадингизми?
Нималарни ўқияпсиз? Кимларнинг асарларини ўқияпсиз

Ана шулар ҳақида бизга ёзиб юборинг!

“Афросиёб” газетасининг 23.11.2017 кунги сонида эълон қилинган

 

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Этот сайт использует Akismet для борьбы со спамом. Узнайте как обрабатываются ваши данные комментариев.