Тўра Мурод: Ҳазрат Навоийни англашга уриниш

Эртага Ҳазрат Навойининг таваллуд кунлари. У кишини тушунишга уриниб, бир нималар қоралаган эдим…

• “Ҳинд шоҳига бир ойина келтирдилар. Бу ойина сеҳрли бўлиб, кимки унга қараб рост сўйласа, ул ойина равшан бўлар, гар ёлғон сўйласа қорайиб қолар эрди”.
“Сабъаи сайёр”дан.

Яхшиямки, бизнинг замонга етиб келмадинг, эй, ойина,
Етиб келсанг оқармаслигинг, қорайишинг эди тайин-а?
Ўзим ҳам бир қўлимга олиб, сўз айтишим эди қийин-а?
Ёлғон ўлим эди у замон, энди эса қара, ўйин-а?

• “Агар маъноли сўзи бўлмаса, ичида гавҳари йўқ садаф сингари, инсоннинг ҳеч қандай обрў ва эътибори йўқдир. Ичидан гавҳари чиқариб олинган садафнинг тошбақа косасидан фарқи қолмайди”.
“Садди Искандарий”дан.

Туну-кун ёлвораман, сўзимни маъноли қилгин, деб.
Элга суюмли ҳам ибратли, иффат, ҳаёли қилгин, деб.
Ёлвораман, эътибордан қўйма, зиёли қилгин, деб,
Тошбақа қилиб қўйма, ичимни тиллоли қилгин, деб.

• “Инсон жисмини жонлантириб турган оби ҳаёт − сўздир! Исо алайҳиссалом ўликни ўз сўзи билан тирилтиргани каби, сўз тирилтириш қобилиятига эга бўлгани баробарида тирикни ҳалокатга ҳам олиб боради”.
“Садди Искандарий”дан.

Бир тиргизар сўзга муҳтожман, аслида муҳтожман Исога,
Муҳтождирман мен ўшал Масиҳ қиладиган бир хуш имога.
Воҳ, эл бўлди чаёнсуханлар, мени топди илонсуханлар,
Қай қилиғим ёқмади экан бундай жазо берган Худога?

• “Кўрагон исмли бир подшоҳ ҳисобсиз мамлакатларни босиб олиб, дунёнинг энг катта шоҳига айланган эди. Тангри унга кўп ҳунар баробарида бир айб ҳам берган эди. У хазиналарни тўплаб, йиғаверар эди-ю, лашкарини ундан баҳраманд қилмас, ғоят хасис эди. Иттифоқо, Абу Саид қўшин тортиб келганда шоҳидан озурда бўлган лашкар душман ғалабасини кўзлаб қолдилар. Кўрагон фармонларидан бўйин товлаб, Абу Саид қўшинига мадад бердилар. Оқибатда Кўрагон асир тушиб, Абу Саид аскарлари ўз қиличларини Кўрагон қони билан бўядилар.
Қайси шоҳданки, фуқароси хурсанд бўлмаса, ишнинг долзарб пайтида пушаймон бўлиб ўтиришнинг фойдаси йўқ. Шоҳ фуқароси билан ошиқ-маъшуқлардек бир-бири билан иттифоқ бўлишлари керак”.
“Садди Искандарий”дан.

Эй фалак, асло мени бахтиқаро қилмагин,
Ўз элимда шод қил-у, ёт элда Доро қилмагин!
Кўрагонимни қўйиб, Абу Саидлар йўлига
Кўз тутар тузлуқ тутар, хор фуқаро қилмагин!

 

• Тенгсиз мол-мулк, хазиналар соҳиби, аммо карами билан, саховатда тенгсизлиги билан ном қозонган Масуъд бу нарсаларга икки нарса туфайли эришганини айтади.
“Биринчиси, ҳар вақт Яратганга шукр қилдим, у давлатимни зиёда қилди. Иккинчиси, доимо шоҳимизнинг ҳақига дуо қилдим. Сабаби, ким бошимизга шоҳ бўлмасин, у Аллоҳнинг олам аҳли бошидаги соясидир. Нимага эришган бўлсам, унинг соясида эришдим. Агар у тинчликни барқарор қилмаса, адолат тарозусини тўғри ўрнатмаса, бу бахт ва обрў қаерда эди? Унинг адли ва марҳамати бутун жаҳон элига машҳурдир. Тангри шоҳимизнинг умрини узун қилсин ва унинг салтанатини бошимиздан олмасин!”
“Сабъаи сайёр”дан.

Илоё! Йўқдин мени бор этдинг, Ўзингга шукр!
Гоҳ ортда, гоҳида илғор этдинг, Ўзингга шукр!
Жаннатий бир юртни диёр этдинг, Ўзингга шукр!
Элсевар одилни ҳукмдор этдинг, Ўзингга шукр!

 

• “Бу жаҳоннинг вафоси йўқ. Ўзинг вафодор бўлгин-у, аммо дунёдан вафо кутма!
Агар бу дунёда наво истасанг, бенаволиғ йўлини тут!”
“Садди Искандарий”дан.

Эй улуғлар! Маъзур тутинг! Сиздан вафо кутибман,
Бир оғиз сўз айтмай кетган қиздан вафо кутибман.
Менку, асли бенавоман, истагайман ҳам наво,
Навоийдек зотлар босган издан вафо кутибман…

Тўра Мурод

Биринчи изоҳ

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *