Тўра Мурод: Ҳайратларим

Бугун, 7-декабрь тонгида “Ўзбекистон-24” каналидаги ахборотни томоша қилдим. Бу кўрсатув кеча намойиш қилинган бўлиши ҳам мумкин.

Унда кеча, 6-декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 25 йиллигини нишонлаш арафасида Президентимиз томонидан 2 минг 700 нафар маҳкумни афв этиш тўғрисидаги Фармон имзоланганлиги тўғрисидаги хабар берилди.

Албатта, бу, кўрсатувда айтилганидек, 25 йил давомида кузатилмаган катта авф. Катта воқеа! 2.700 хонадонда байрам, дегани бу.
Аммо айрим лавҳалар ҳайратимни оширган бўлса, айримлари энсамни қотирди.

Биринчи ҳайратим

Кеча авф тўғрисида фармон эълон қилинибди, аммо маҳбуслар турмахоналардан чиқарилаётгани, улар яқинлари бағрига қайтаётгани намойиш қилинди. (Кўрсатув байрамона кайфиятда бўлса-да, озод бўлган маҳкумларнинг кўзида ёш. Бир озод бўлган маҳбуса ўзи йиғлаб, “Не плачь, доченька, мы с тобой домой пойдём», деб йиғлаётган қизчасини овутганида, кўзимдан ёш чиқиб кетди…)

Савол

Фармон ўзи кеча имзоланган бўлса, бу маҳбусларни озод қилиш шунчалик тез содир бўлиб, уларни тасвирга олишга ҳам улгуришдими?

Хулоса

Энди фармонлар яшин тезлигида ижро қилинадиган бўлибди-да. Аллоҳга шукур!

Иккинчи ҳайратим

Маҳбуслар кутубхонада ўтиргани, саф тортиб, ҳарбийлардек юриб боришаётгани такрор-такрор кўрсатилди. Маҳбуслар такрор-такрор йирик планда, яқиндан кўрсатилди: ҳаммаси 18-20 ёшлар атрофидаги келишган йигитлар! Келажакда буюк бўлиши такрор-такрор айтилган Ўзбекистоннинг келажаги уларнинг қўлида экани такрор-такрор айтилган ёшлар!

Савол

Ўзбекистон келажаги бўлган ёшлар турмада экан-да, нега?

Хулоса

???

Энсам қотгани. Бир маҳбуса озод қилинган экан. Чаққон мухбирлар ўша маҳбуса яшаган маҳалла раиси бўлган ОПАни топишибди. Энди бу ОПА маҳбусага берган таърифни эшитиб бўлгунча, бўйним оғриб кетди. “Шу маҳалладошимизни озод қилгани учун Президентимизга маҳалламиз номидан миннатдорчилик билдирамиз, жуда адолатли иш бўлди, чунки бу аёл жуда одобли, ахлоқли, ҳаммага меҳрибон, каттага ҳам, кичикка ҳам бирдай эътиборли, ҳаммага ёрдам беришга шошиладиган куюнчак аёл, маҳаллада катта ҳурмат, эҳтиромга эга аёл эди” ва ҳоказо ва ҳукузо.

Савол

Нега шундай аёл, салкам авлиё турмада ўтирибди?

Хулоса

Хулоса ўрнида шуни айтаман ва ЮЗ ФОИЗ ишончим комилки, ўша авлиёсифат аёл суд қилинганда худди ўша ОПА бу аёлга ўта салбий тавсифнома берган, “Бундай ярамасларнинг жойи турмада, тиқинглар, турмада чириб кетсин!” деган. Авлиёдек маҳалладоши қамалиб кетаётганида уни ҳимоя қилиш тугул, юқоридаги гўзал сўзларнинг яримтасини ҳам айтмаган!

Умумий хулоса

“Ўзбекистон-24” телеканали “ижодкор”лари ўта сохтакор ва уларнинг бу “тезкор”ликлари ҳеч кимга шараф олиб келмайди. Бунинг устига “Фармонларга лаббай деб тез жавоб берамиз”, дея яхшигина қовун тушириб қўймоқдалар.

Сўнгсўз ўрнида

Оталари, акалари, укалари, фарзандлари, севимли ёрлари, Оналари, опалари, сингиллари, қизлари, хотинлари қайтиб борадиган (балки бориб бўлган) 2.700 хонадонга бу хушхабар муборак бўлсин! Аллоҳ Президентимизнинг бундай хайрли ишлари бардавом бўлишини насиб қилиб, қиладиган яна кўп эзгу ишларида Ўзи унга мададкор бўлсин!

Тўра Мурод

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *