Тўра Мурод: Эгасини топган тош

Бугун эътиборингизга Каримберди Тўрамуроднинг долзарб мақоласини эмас, долзарб ҳикоясини ҳавола қилмоқчимиз. Ҳикоя ҳам долзарб бўлар эканми, дейсизми? Ўқиб кўринг, бунга ўзингиз амин бўласиз.

1

Келинг, менинг қаерданлигим ҳам, исмим ҳам сир бўлиб қола қолсин. Сирлибой ака деб қўя қолинг мени. Сабаби, мен сизга айтиб берадиган воқеа камдан-кам учрайди. Бу воқеани бир жойга ёзиб юрмаганингиз маъқул. Токи ўқиганлар шунақа одамлар кўп экан, деб ўйлашмасин. Барибир дунёда яхши одам кўп-да, биродар!
Мен кичикроқ бир шаҳарда яшайман. Умрим ўқитувчилик билан ўтди. Билганим мактаб бўлди, уйим бўлди. Ўзи ўқитувчиликни тақдирим деган одамнинг оёқ кийими мактабнинг кўчасида адо бўлади. Мен ҳам мактабдан ортмадим. Бировларга ўхшаб, турли идораларнинг эшигини пойлашга вақтим бўлмади.
Аммо ёшим бир жойга борганда бир идорага ишим тушди. Мактабнинг кўчаси адо қилолмаган оёқ кийимларим ана шу идорага бора-кела, тўзиди. Иккинчи ўғлимни уйлантирганимдан сўнг жой олиб, битта ўғлимга иморат қилмасак бўлмайдиган бўлиб қолди. Керакли ҳужжатларнинг ҳаммаси тахт бўлгач, иморатга жой олиш масаласи ана шу идоранинг каттаси қўядиган имзога қараб қолди. Келинг, шу одамнинг ҳам исми ошкор бўлмасин, у каттаконни Каттаев деб қўя қолайлик.

2

− Оббо домулло-ей, ўғилчага ҳовли солмоқчи бўлибсиз-да? − хуш кайфият билан кутиб олди Каттаев. − Яхши, яхши. Жуда яхши. Сизу бизнинг вазифамиз шу-да, домулло. Шуларни деб югуриб-елиб юрибмиз-да. Оласиз, албатта оласиз. Сиздай устозларга ёрдам бермасак, кимга ёрдам берамиз?
− Раҳмат, барака топинг, − дедим худди ҳовли жойини олиб бўлгандек бўлиб.
Каттаев ҳужжатларга кўз югуртирар экан, ўғлимнинг нима иш қилиши билан қизиқди:
− Хў-ўш, домулло, Аслиддинжон нима иш қиладилар?
− Ёшлар замонавий касб-корнинг бошини ушлашаяпти, − дедим ҳам ўғлим менинг касбимни эгалламаганидан ўпка қилиб, ҳам ўғлимнинг касби билан фахрланиб. − Аслиддинимиз тижорат билан шуғулланади. Савдо институтини тугатган. Бир тижорат фирмасида ишлайди.
− Яхши, яхши. Жуда яхши-да. Ҳа, эндиги ёшлар мактабга бормайди, заводга бормайди. Эндигилар бозорга уради ўзини, чет элларни кўзлайди эндигилар, − деди Каттаев оҳистагина ва қоғозлардан кўзини узиб, деди: − Аслиддинжоннинг иш жойидан биттагина маълумотнома олиб келасиз, бўлди. Аризангизга қўл қўйиб берамиз. Насиб бўлса, ҳовли тўйига чақирасиз.
− Албатта чақирамиз, − дедим хурсанд бўлиб. − Аммо, адашмасам, Аслиддиннинг иш жойидан маълумотнома бор эди, ҳужжатларнинг ичида.
− Кўрдим, қаерда ишлаши ҳақида экан, − деди Каттаев. − Ойлик даромади қанча эканлиги тўғрисида ҳам биттагина маълумотнома олиб келасиз, бўлди. Бу ёғини ўзим тўғрилайман.
− Майли, майли, − деб эшикка йўналдим, аммо уйга келгунча ҳам ер олишга ўғлимнинг маоши тўғрисидаги маълумотнома нега керак бўлишини, Каттаев яна қаёғини ўзи тўғрилашини тушунмадим.
Чамаси, ўғлим тушунар экан, бу гапларни эшитиб “Ўзим борайми, дада?” деб қолди.
− Сен ишингдан қолма, битта маълумотнома олиб келиб берсанг бўлди, ўзим олиб бораман. Мен нафақадаги одамман, шу ишларни ҳам қилмасам бекор ётишим керак уйда.
− Майли, дада, ўзингиз биласиз, − деди Аслиддин кулиб. − Аммо, мени айтди дерсиз, сиз айтган маълумотнома билан иш битмайдиганга ўхшайди.

3

Тавба, қирқ йил ўқитувчилик қилган одамнинг ақли етмаган нарсаларга болаларнинг ақли етишига ҳайронман. Аслиддин тўғри айтган экан.
− Ҳа, яшанг, − деди Каттаев мен олиб борган маълумотномани ҳужжатларга қўшиб. − Энди туман ер тузувчисидан ҳовли олиш учун ер борлиги тўғрисида биттагина маълумотнома олиб келасиз, бўлди, домуллажон.
Шунақа идора ҳам борлигин энди билдим.
− Шунақа дедими? − деди ўша идоранинг каттаси кулиб. − Муаллиммисиз дейман-да?
− Қаердан билдингиз? − ҳайрон бўлдим.
− Пешонангиздан, − яна кулди у катта. − Муаллимларнинг пешонаси кенг бўлади.
Мен пешонамни ишқалаб қўйдим. У катта эса қўлимга бир қоғоз тутқазди.
− Мана Каттаев сўраган маълумотнома. Унда ер борлиги ҳам, у ернинг қаердалиги ҳам, қанчалиги ҳам ёзилган, − деди негадир яна кулиб у сертабассум раҳбар. − Шу маълумотномани олиб борганингиздан кейин ер олсангиз, менга айтасиз, мен ишимни алмаштираман.
Мен ер олсам, бу одамнинг нега ишини алмаштиришини, ўлай агар, тушунмадим. Аммо ҳали-бери ер ололмаслигимни у билган экан.
− Ҳа, яшанг, жуда яхши, − деди Каттаев мен олиб келган бу маълумотномани ҳам ҳужжатларга қўшиб.
Каттаев ҳужжатларни бошидан охирига ва охиридан бошига қараб икки-уч марта варақлаб чиқиб, деди:
− Энди ўша, Аслиддинжонга ер бериладиган жойнинг маҳалла оқсоқолидан биттагина розилик хати олиб келасиз, бўлди, домуллажон, қолганини ўзим тўғрилайман.
Яна қанақа қолгани бўлиши мумкинлигини ўйлай-ўйлай, сертабассум раҳбар айтган маҳаллага йўл олдим.
Маҳалла оқсоқоли ўзимга ўхшаб ўқитувчиликдан нафақага чиққан одам экан, гапимиз келишиб қолди. Оқсоқол дарров битта розилик хатини ёзиб, муҳр босиб берди.
− Шошманг, ҳамкасаба, битта иш қиламиз. Яна сарсон бўлиб, келиб юрмаслигингиз учун яна бир-иккита қоғоз бериб юбораман сизга, − деди оқсоқол ва котибига маҳалла фаолларидан беш-олти кишини йиғишни буюрди.
Аслиддин шу маҳалладан ер олиб, уй қуришига қарши эмасликлари тўғрисида бўлажак қўни-қўшнилар, маҳалла фаоллари далолатнома ёзиб, имзоладилар. Унга маҳалла оқсоқоли муҳр босди. Оқсоқол маҳалла аҳолиси сони, ундан қанчаси аёл, қанчаси эркак экани ҳақида, маҳаллада нечта мактаб, боғча, дўкон, сартарошхона борлиги ҳақида, нечта ёрдамга муҳтож оила борлиги ҳақида, маҳаллага қайси автобусларда бориш мумкинлиги ҳақида алоҳида-алоҳида маълумотномалар ёзиб имзолади. Ҳаммасига муҳр уриб, қўлимга тутқазди.
− Ғайрат қилинг, сизнинг фарзандингиз бизнинг маҳаллага келиб яшашига тарафдормиз!

4

Аттанг, бу қоғозлар ҳам ер олишимиз учун етарли бўлмади. Яна қанақа қоғозлар олиб бормадим дейсиз? Аслиддин алоҳида ҳовли-жой қилиб чиқишига онасининг қаршилиги йўқлиги тўғрисидаги, биздан ажралиб, алоҳида чиқишларига Аслиддиннинг хотини рози эканлиги тўғрисидаги тилхатлар, бизга ҳовли торлик қилиб қолганини исботловчи қўни-қўшниларнинг номидан билдиришнома, эҳ-ҳе, санайверсам эсингиз кетади. Маълумотнома сўраб, Каттаев чарчамади, маълумотнома йиғиб мен.
Хуллас, орадан олти ой ўтиб, Каттаев қанақа маълумотнома йўқлиги тўғрисида маълумотнома олиб келишимни талаб қилишдан бошқа баҳонаси қолмади.
− Оббо домулло-ей, − деди кулиб Каттаев. − Нимадан дарс бергансиз мактабда?
− Адабиётдан, − дедим ва шошиб портфелимни кавлаб, қўшимча қилдим: − Директоримиздан бу ҳақда ҳам маълумотнома олганман.
− Керак эмас, − деди Каттаев биринчи марта маълумотномани рад қилиб. − Адабиётдан дарс берган экансиз, дарсларингизда ўзбек халқ мақолларидан ҳам фойдаланармидингиз?
− Мақоллар ҳақида дарсларимиз бўлган, умуман, халқ мақолларидан кўп фойдаланганмиз, − дедим портфелимни яна очиб. − Иш режамни кўрсатайми?
− Ёпинг шу алмисоқдан қолган портфелингизни, − деди Каттаев негадир сал қизишиб. − Умрингизда бирор марта “Қуруқ қошиқ оғиз йиртади”, деган мақолни эшитганмисиз?
Ана энди мен Каттаевни сал тушунгандай бўлдим.
− Биродар, менинг умрим муаллимлик билан ўтди, − дедим секингина. − Умримда бировдан пора олмадим, пора бермадим. Энди ёшим бир жойга борганда пора берсам қандай бўларкин?
− Жим-э! Жим! − деди Каттаев уёқ-бу ёққа қараб олиб. − Сизга ким пора беринг, деяпти. Ахир бутун бошли бир ҳовлига ер олган одам кўнглидан чиқариб, бир совға бермайдими? Мен ҳам жўжабирдай жонман, домулло. Қолаверса, “фалон кишига ер берибсан, бизнинг улушимиз қани?” деб биздан ҳам ҳисоб-китоб сўрайдиган катталар бор. “Қирқ йил бола ўқитдим”, дейсиз. Мактабга бориб келаверибсиз-у, атрофда нима ишлар бўлаяпти, бир қизиқмабсиз-да, домулло? Замондан орқада қолибсиз, жудаям орқада қолибсиз. Боринг, мен айтган гапларни яхшилаб ўйлаб, душанба куни келинг. Ҳужжатларингизга қўл қўйиб бераман. Тушунган бўлсангиз, хўп-хўп. Тушунмаган бўлсангиз ҳам ўзингиз биласиз, боринг!
Душанбагача тўрт кун бор. Тўрт куннинг ичида минг хил ўйни ўйладим. “Ҳамма ҳужжатлар тўғри бўлса ерни берсин-да, нега пора беришим керак?” ҳам дедим. “Бечора жўжабирдай жон экан, озроқ пул бериб, рўзғорига қарашиб юборсам савоб бўлар”, ҳам дедим.

5

− Ҳа, мулла Сирлибой, нега бунча хомушсиз? − деб қолди масжидимиз имоми Шом намозини ўқиб чиққанимиз маҳал.
− Хонангизга ўтайлик, айтиб бераман, − дедим дардимни айтишга одам топилганидан суюниб.
Имомнинг хонасига киргач, бошимдан ўтган савдоларни бошидан охиригача имомга айтиб бердим. Пулни бериш билан бермасликнинг ўртасида иккиланаётганимни айтиб, маслаҳат сўрадим.
− Пора олган Қиёматда қандай жазога мустаҳиқ бўлса, порани берган ҳам у билан баб-баравар жазога лойиқдир, − деди имом. − Уламаоларимиз “Динингиз учун тўсқинлик қилаётган нарсани ҳар қандай йўл билан бартараф қилсангиз жоиз”, дейдилар. Масалан, “Бир олим имом ё иймони мустаҳкам киши бирор туҳмат билан золимларнинг қўлига тушиб қолса, пора эвазига бўлса-да, у кишини золимларнинг қўлидан халос қилиб олиш лозим”, дейдилар. Сиз рўбарў бўлгандек дунёвий мақсад йўлидаги тўсиқни пора билан ҳал қилишингиз ножоиз. Аммо мен бу масалада бир нима дея олмайман, сабаби, пора беринг десам, сизни гуноҳга бошлаган бўламан, мабодо берманг десам, фарзандингиз уйсиз қолиб кетишига сабабчи бўлиб қолишдан қўрқаман. Замон ўша Каттаевларники бўлганидан сўнг нима қиласиз, бола-чақанинг бошидан садақа, деб берасиз-да. Бермасангиз ана шунақа сарсон бўлиб юраверасиз.
Бу гап уйдагиларга ҳам жўяли кўринди.
− Аллақачон шундай қилиш керак эди, сўраган нарсасини олмагунча икки дунёда ҳам Каттаев имзо қўймайди. Бир нима десам, “тарбиявий соат”ингизни бошлайсиз, савобу гуноҳдан гапирасиз. Каттаевлар савобни биладими, гуноҳни биладими? − деди Аслиддин ва хонасига кириб, битта конверт олиб чиқди. − Эртага ҳужжатларга мана шуни қўшиб узатинг, дарҳол имзо қўйиб беради.
Эртасига Каттаевнинг идорасига боргунча уч марта тўхтаб, орқамга қайтдим. Аммо барибир “Ўғлим уйсиз қолиб кетмасин”, деган андиша устун келиб, ўзим ўзимнинг ёқамдан олиб, Каттаевнинг идорасига судраб бордим.
− Мана шу нарсани ҳужжатларга қўшиб қўяр экансиз, − дедим тўнғиллаб.
Овозим ўзимга ҳам узоқ-узоқлардан эшитилгандек бўлди.
− Бу нима экан? − деди Каттаев талмовсираб ва энгашиб, столи панасида менга кўрмасдан конверт ичидаги пулни санаб кўрди.
Каттаевнинг бирданига юзи ёришиб кетди. Ўрнидан туриб, катта столини айланиб ўтиб, менинг олдимга келди. Қўлларимни олиб сиқди.
− Оббо домулло-ей. Оббо домулложон-ей. Яхши одамлар кўп. Барибир яхши одамлар кўп бу дунёда. Қайси барака топгур бу маълумотномани ҳужжатларга қўшиб қўйишни ўргатди сизга? Ишни ана шундан бошлаш керак эди, домулло, − деди ва котибасини чақирди: − Дарров битта чой олиб киринг! Аччиққина бўлсин!
Каттаев бир пиёла чой ва конфет билан мени меҳмон қилган бўлди. Кейин менинг ҳужжатимга имзо қўйиб, муҳр уриб берди. Кетар чоғимда эшиккача кузатиб қўяр экан, илиқ хайрлашди:
− Домулложон, ҳовли тўйига айтиш эсингиздан чиқмасин!
Каттаевнинг идорасида чиқиб кетар эканман, кўнглимдан ўтгани ҳам, тилимдан учгани ҳам шу бўлди:
− Ўзингниям, идорангниям елкамнинг чуқури кўрсин!

6

Аллоҳга шукр, мен ҳам муборак Ҳаж зиёратига борадиган бўлдим. Ўғилларим “Ҳажга бориб келинг, ҳамма харажатларини тўғрилаб берамиз”, дейишди. Ўзлари ҳужжатларни тўғрилашди. Самолётгача кузатиб ҳам қўйишди.
Аллоҳ, Аллоҳ! Маккаи мукаррамага борганингдан хонаи Каъбага интилар экансан!
Каъбатуллоҳни кўрганингдан кўзингга ёш қуйилиб келаверар, тилингга истиғфор калимаси келаверар экан! Каъбатуллоҳда қилган ҳар бир гуноҳинг бор бўйи билан кўринар экан!
Худога шукур, бир умр ҳалол меҳнат қилдим, рўзғоримга ҳаром аралаштирмадим. Болаларимни нопок пул билан боқмадим. Уларга яхши тарбия бердим. Бари Аллоҳни танийдиган, Ҳақ йўлида юрадиган фарзандлар бўлиб вояга етишди. Ҳаммаси ўқиди, элнинг, юртнинг хизматига кирди. Савоб ишни деб умрим ўтди. Гуноҳга қўл урмадим. Ичиш, чекиш нималигини билмай ўтди умрим. Аммо…
Каъбатуллоҳга юзма-юз бўлганимда Каттаевга олиб бориб берган конвертим рўпарамда туриб олди. Кўзимни очсам ҳам, юмсам ҳам ўша конверт кўз ўнгимда тураверди.
Каъбатуллоҳ деворига бошларимни ураман, қани лаънати конверт нарироққа кетса!
Масжиди Ҳаромнинг мармар остоналарига бошимни ураман, қани у ярамас конвертнинг тасвири салгина хира тортса!
Қайтанга кўнглим хира тортди. Фикру хаёлимда ўша конверт айланиб қолди.
− Эй, Аллоҳим, менинг гуноҳимни кечир! − деб йиғладим. − Мен осий бандангнинг гуноҳини кечир! Биров билмади дебман. Ўзинг билиб турганингни менга билдирдинг! Сенинг уйингга келганимда кўнглим қоп-қора бўлди. Ана энди Ўзинг кечирмасанг, икки юзи қоп-қора бўладиган бандаларингдан бўлдим. Аллоҳим, бу гуноҳимни кечир! Кўнглимни мунаввар қил!
Аллоҳ, Аллоҳ! Тавбам қабул бўлмади, шекилли. Дуоларими мустажоб бўлмади, чоғи. Лаънати конверт кўз олдимдан кетмади-кетмади.
Мақоми Иброҳимда икки ракаат намоз ўқиб ҳам шу гуноҳимни кечишини сўрадим. Кетмади.
Зам-зам суви билан кўзларимни роса ювдим, кетмади кўзимдан конверт тасвири.
Сафога қараб юрганда ҳам, Марвога қараб юрганда ҳам шу гуноҳимни кечишини сўрадим.
Минода турганда ҳам, Арафотда ҳам шуни сўрадим.
Муздалифада тун бўйи шуни сўрадим. Кетмади-кетмади кўз олдимдан, лаънати конверт.
− Эртага шайтонга тош отасизлар, шу водийдан тош териб олинглар, − деди элликбошимиз. − Мошдек-мошдек тошчаларни олсангиз кифоя. Бу тош отиш рамзий маънога эга. Катта тошларни отиш шарт эмас.
Эртасига “Жамаротул кубро” деган жойда шайтонга тош отдик.
Тошларим мўлжалга тегмади, чоғи, кўнгилхиралигим тарқамади.
Қурбонлик қилганимизда ҳам, соч-соқолларимизни олдирганимзда ҳам, Ийд намозини ўқиганимизда ҳам ҳалиги хиралик кўнглимни тарк этмади. Ҳатто Ийддан кейинги икки кун шайтонга тош отиб ҳам кўнгилхиралигим тарқамади.
Тош отаётган айрим биродарларимнинг шайтонни кўриб тургандек тош отишлари, ғазаб билан тош отишларини кўриб, кўнглимдан кўп гаплар ўтди. Ҳамма азобларимга лаънати шайтонни айбдор деб билдим. Мен унинг измига юриб қўйдим. Шайтон йўлдан урмаса, ўша лаънати конвертни олиб бормас эдим. Бунинг ўрнига тегишли жойларга шикоят қилиб, ўша уй учун бериладиган ерни порасиз олишим мумкин эди. Мени шайтон йўлдан урди. Мен эртага, охирги марта тош отгани келганимизда катта-катта тошларни териб келаман. Мени йўлдан уриш қанақа бўлишини шайтонга кўрсатиб қўяман! Уриб, унинг бошини ёраман!
Мен Муздалифага боришни ихтиёр қилдим. Мен каттароқ тошларни териб келишни ихтиёр қилдим!
Зулҳижжанинг ўн учинчи куни Муздалифадан териб келган ёнғоқдай, ундан ҳам каттароқ тошларимни кўтариб, “Жамаратул ақаба” деган жойга келдим. У ерда одам бениҳоя кўплигидан олдинги сафларга ўтолмадим. Аммо шайтоннинг рамзига отиб етказа олишимга кўзим етган жойгача боргач, такбир айтиб, тош отишни бошладим. Охирги тошимни отишга шайланар эканман, шайтон макри туфайли тортган азобларимни эслаб, ҳатто Аллоҳ таолонинг уйида ҳам унинг қутқуси боис дилим ёришмаётганини эслаб, дард билан фарёд урдим:
− Даф бўл, эй, шайтон! Илоё мен отган тош сенинг бошингни ёрсин! Инсон шаклида юрган шайтонлар ҳам даф бўлсин! Бисмиллаҳи Аллоҳу акбар!
Бор кучим билан кичикроқ олмадек келадиган тошни шайтонга отдим.

Аллоҳ, Аллоҳ! Эҳтиросларим боис шекилли, отган тошим хато кетди! Шайтоннинг рамзи қолиб, бутунлай бошқа томонга ўқдай учган тош менга тескари қараб турган бошқа бир ҳожининг калласига канкиллаб тегди-ку! Унинг алам ва важоҳат билан тош келиб теккан томонга қарагани, чаккасидан қон оқиб тушгани ва секин ёнига йиқилганини кўрдим.
“Бировни ўлдириб қўйдим шекилли?” деб, ўша томонга интилдим. Хайрият, у ўлмабди. Хизматчилар замбилга солиб кўтариб кетишаётганини кўрдим. Бориб узр сўрай, деб орқасидан югурдим. Унга етиб олдим-у, кимлигини кўриб, ҳайратдан қотиб қолдим.
Мен отган тош бошини ёрган одам − Каттаев эди…

7

Кимлигидан қатъий назар, бир кишини майиб қилганим, яна Ҳажда шу иш бўлганидан хижолат бўлиб, кўнглимнинг хиралиги ортди.
Маккага қайтганимизда бир мўъжиза юз берди. Зам-зам сувидан тўйиб-тўйиб ичдим ва бу сувни бошим ва елкаларимдан қуйдим. Видолашув тавофи учун Каъбатуллоҳ сари юзландим. Каъбатулло назаримда ўзидан ажиб бир нур, ғаройиб бир мунавварлик таратаётгандек эди.
Ана шу мунавварлик кўнглимда акс этиб, бирданига кўнглим ёришиб кетди.
Йўқ, керакли сўзни тополмадим, чоғи? Кўнглим чароғон бўлиб кетди. Нурафшон бўлиб кетди, кўнглим!
Ўзим ҳам шунчалар енгил бўлиб қолдимки, “Юраяпманмикин ёки учиб кетаяпманмикин?” деган гумонда оёқларим остига қараб-қараб олдим.
Мени барча кўнгилхираликлар бирданига тарк этган эди.
Ўша лаҳзада менинг Ҳажим қабул бўлган бўлса не ажаб?
Ўша лаҳзада меҳрибон Аллоҳим менинг гуноҳларимни кечирган бўлса не тонг!

Тўра Мурод

2 комментария

  1. БУНАҚАДА ўЗБЕКСИТОННИНГ жамики амалдорларини Каъба зиёратига олиб боиш ва тош отиш жойига қўйиш керакми???? Уларга тош ҳам етказиб бўлмаса керак!

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *