Туман ва сектор раҳбарлари унутган маҳалла

Маълумки, мамлакатимизнинг қишлоқ ва шаҳарларида «уйма-уй» кириш орқали фуқароларнинг дардлари, талаб ва таклифларини ўрганиш, жойлардаги йиллар давомида йиғилиб қолган ижтимоий-иқтисодий муаммолари ҳал этиш туман ва беркитилган сектор раҳбарларининг асосий вазифаларидан бири этиб белгиланган. Тан олиш керак бу борада катта ишлар амалга оширилди ва оширилмоқда. Бу саъй ҳаракатларнинг барчаси аҳолининг турмуш фаровонлигини, ҳудудларнинг ободончилигини оширишга, пировардида эса халқда давлатдан розилик туйғусини шакллантиришга хизмат қилиши аниқ. Аммо жойларда бўлаётганимизда ҳамма жойда аҳвол бир хил эмаслигига, баъзан ишлар номигагина, ҳисобот учун амалга оширилаётганига гувоҳ бўляпмиз.
Янгибозор туманининг Чўболончи қишлоғи “Чўболончи” маҳалласида истиқомат қилувчи бир гуруҳ фуқаролар бизга мурожаат қилиб, ўз маҳаллаларида йиғилиб қолган қатор муаммоларни ўрганинглар дея илтимос қилишди. Биз аҳолининг мурожааатларини ўрганиш мақсадида мазкур маҳаллада бўлдик.
Маҳалла фуқаролар йиғини қишлоқдаги 8-мактабгача таълим муассаси биносида жойлашган экан. Шу муассаса олдида маҳалла фуқаролар йиғини раиси Музаффар Тожимуродов билан учрашиб, ташрифимиз мақсади билан танишдирдик. Маҳалла раисининг гапларига қараганда маҳаллада муаммолар умуман йўқ, ҳаммаси бинойидек. Аммо маҳалла аҳлининг фикри тамомила бошқача эди…

Ахлатхона қонунийдир, аммо….

Маҳалла идорасига келган ҳар қандай одамнинг кўзи биринчи навбатда икки қаватли болалар боғчаси ва қишлоқ врачлик пункти бинолари ўртасида ташландиқ бўлиб ётган 10 сотихлик ернинг ўртасидаги ахлатхонага беихтиёр кўзи тушади. Анчадан бери йиғилиб қолган ахлатлар ачиб-сасиб кетган, Об-хавонинг қизиши натижасида турли касалликларни ташишга сабаб бўлувчи ҳашоротлар кўпайган. Энг ачинарлиси шуки, ахлатхонадан бир неча метр нарида мактабгача таълим муассасасининг тарбияланувчилари ўйнаб юришибди. Бир ёнда эса аҳолининг соғлиги учун маъсул бўлган саломатлик посбонлари ишлаб ўтиришибди. Бу холга изоҳ сўраб маҳалла раисига юзландик.
-Бу ер нейтрал ҳудуд, ахлатхона типовой проект асосида қурилган, шу боисдан бу ерга ахлат ташлайдиган фуқароларга чора кўриб бўлмайди. Машина кириш имконияти йўқлиги боис, бу ахлатларни олиб кетиш имкони бўлмаяпди,-дейди раис.
Ахир кимдир ўша жойни ковлаб хандак қилганидан кейин, машина ахлатхонага қандай кирсин.Унинг устига хандак тўла сув бўлса.
Маҳалла раисининг хотиржамлик билан айтган ушбу гапларидан ҳайрон бўлиб яна савол бердик:
-Ушбу ахлатхона ҳақиқатдан ҳам қонунийдир, аммо бу жой инфекция маконига айланиб, болалар боғчасидаги тарбияланувчилар, шу яқин атрофда яшовчилар ўртасида турли хил касалликлар тарқалишига сабаб бўлмайдими? Наҳотки, теварак-атрофни тозалаб, ахлатларни олиш ва бу жойни обод қилиш шу даражада қийин иш бўлса?
Маҳалла фуқаролар йиғини раиси Музаффар Тожимуратов “ўзи бугун эрта шу ишни қилишни режалаштириб тургандик“ дейишдан нарига ўта олмади.
Шунчалик ҳам бефарқлик бўладими? Наҳотки 10 сотихлик ташландик ердаги бу ахлатхона ҳеч кимни ташвишга солмаса? Ахлатхона ёнидаги болалар боғчасига шу маҳалла фарзандлари боряпди, врачлик пунктида шу маҳалла аҳли даволаняпди, шу теварак атрофда шу маҳалла одамлари яшаяпди. Ахир бу ердаги ахлатлар кеча ёки бугун ташланган эмас йиллар давомида йиғилиб ётгани, болалар боғчасини биқинидаги ахлатхона аҳволини маҳаллада муаммоларни ўрганиш учун келган сектор раҳбарлари кўриб ёки бошқа мутасаддилар, бу муаммони ечимини топишга ҳаракат қилмаганлари ажабланарли. Боз устига шу ахлатхона деб 10 сотих ердан файдаланилмай ташландиқ бўлиб ётганига ичинг ачийди. Балким, шу маҳаллада истиқомат қилувчи онахон Тозагул Каримованинг “уйма-уй” юриш номигагина, ўзимизнинг мактаб ўқитувчилари кириб, муаммоларнинг ёзиб кетишади, лекин бирон марта ҳам тумандан келган раҳбарлар, оддий халқ билан учрашиб, уларни муаммоларини эшитгани йўқ.” , деган гапларида жон бордир. Акс ҳолда ушбу маҳаллага келиб, маҳалладаги иккита муҳим ижтимоий соҳа объектлари ўртасидаги ахлатхонани кўрмаслик асло мумкин эмас!
Биз маҳаллага бориб кетганимиздан уч кун ўтиб маҳалла фуқаролар йиғини раиси телефон орқали ахлатхонани тозалаганини маълум қилди. Мана бўларканку, дея бу масалага хотима ясаш мумкин эди. Аммо фикримизча, ушбу ахлатхонани бу ердан кўчириб, ташландиқ бўлиб ётган 10 сотих ерни қонуний асосда кимгадир бериб обод қилмаса, сал ўтмай яна ахлат уюми пайдо бўлиши ҳеч гап эмас, чунки маҳалла раиси айтгандай ахлатхона қонуний, бу ерга ахлат ташлаганларга чора кўриш мумкин эмасмиш.

 

Болаларимиз боғчага борса эди….

Биз билан суҳбат чоғида шу маҳаллада истиқомат қилувчи фуқора Лолахон Оллаберганова болаларини мактабгача таълим муассаси билан боғлиқ муаммосини кўтарди:
-Маҳалламиздаги болалар боғчасига қўшимча гуруҳлар очиш, иситиш тизимини яхшилашни сўраб қишда Президент қабулхонасига мурожаат қилгандек, тумандан раҳбарлар келиб, муаммомизни ўрганиш ва ечиш ўрнига, боғчани бутунлай ёпиб кетишди. Биз боғчани ёпишни эмас, қишнинг совуқ кунлари боғчани иситиш чорасини кўришни сўраган эдик. Ўн кун деганда идорама идора югуриб-елиб қайтадан очишга рухсат олдик. Маҳалланинг кучи билан кўмир билан иситиш мумкин бўлган печларни қурдик. Аммо кўмирнинг жуда сифатсизлиги боис қиздиришни иложи бўлмади. Тарбиячилар ўзлари бутун ёз бўйи таппи тайёрлаб қишга жамғаришади, аммо етмайди, берилган кўмир эса ёнмайди. Бирор жойга мурожаат қилишга ҳам қўрқиб қолдик. Шикоят қилсак боғчамизни бутунлай ёпиб ташлашса нима бўлади?, дейди куюниб.
8- МТМ мудирасини тополмай, шу муассада ишловчи Санобар Болтаевага юзландик.:
-Мен бу ерда 30 йилдан бери ишлайман. Муассасамиз 140 ўринга мўлжалланган, лекин бугунги кунда 75 нафар тарбияланувчилари бор холос. Аммо маҳаллада боғча ёшига етган анчагина болалар бор.Маҳалла аҳли, ҳомийлар ёрдамида, ўз кучимиз билан хоналарни таъмирладик, аммо деразаларнинг ойнаси, жиҳозларга келганида кучимиз етмади. Бу муаммолар ҳал этилса бемалол қўшимча гуруҳлар очиш имкони бор. Қишда ёпилганига келсак, бу рост, шахсан мени ўзим боғчани қайтадан очиш учун барча ташкилотларга югурдим.
Давлатимиз тамонидан мактабгача таълим соҳасига берилаётган эътибор туфайли янгидан янги давлат ва нодавлат мактабгача таълим муассалари ташкил қилинаётган бир пайтда, мавжуд имкониятлардан фойдаланишга нималар тўсқинлик қилаётганини билиш мақсадида Янгибозор туман мактабгача таълим бўлимига бордик. Бу ерда биз ҳисобчи Муҳаммад Худайбергановдан ўзгани топа олмаганимиздан сўнг вилоят мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи Ирода Ботировна билан учрашдик. Муаммони баён қилганимиздан сўнг, масалага ойдинлик киритиш учун, Ирода Ботировна зудлик билан мактабгача таълим Янгибозор туман бўлими бошлиғи Умид Исмоиловни топди. Суҳбатимиз Умид Исмоиловнинг 2018 йил 1 июнига қадар 8-МТМда яна иккита гуруҳ очилиши ва қиш мавсумигача муассасани замонавий иситиш тизими билан таъминлаши тўғрисидаги ваъдаси билан якунланди. Олинган жавоблардан қониқиш қилдик, аммо биз ҳали бу мавзуга албатта яна қайтамиз.

Газ қирқилди, майли, аммо ўрнига нима?

— Маҳалламизга газ келтириш пайтида ҳар бир хонадон бу ишга ўртача 500-600 сўм пулдан ўз ҳиссасини қўшган эди. Ўша пайтлари бу пулга бир соғин сигир бузоғи билан берарди. 2013 йили эса Вазирлар Маҳкамасининг Қарори билан қишлоғимизга табиий газ бериш тўхтатилди. Майли, буни тушунамиз! Лекин ҳозирда бизга суюлтирилган газ ҳам етарлича етказиб берилмаяпди. Суюлтирилган газ ҳар бир хонадонга ҳар ойда бор йўғи 9-10 килограммдан берилмоқда. Бунда хонадонда неча киши борлиги умуман эътиборга олинмаган. Баллонларни тижорат асосида туман марказидан сотиб олайлик десак, йўл харажатлари билан жуда қимматга тушиб кетади.Ҳар бир газ балонини тўла қилиб тўлдириш қиш пайтлари 100 минг сўмга тушишини ҳисобга олсак, ҳамманинг ҳам бунга қудрати етмайди. Майли табиий газ бериш тўхтатилибди, ўрнига ҳеч бўлмаса суюлтирилган газни етарлича етказиб беришса бўлмайдими? Иккинчи масала, уйларни иситишимиз учун бизга кўмир етказиб берилади, лекин етказиб, берилаётган кўмирнинг сифати шу даража ёмонки, ярмидан кўпи чиқитга чиқиб кетади. Натижада қишлоғимиз атрофидаги, дарё бўйидаги гектарлаган тўқайзор ва дарахтзорларга қирон келмоқда. Бу кетишда ҳадемай қишлоғимизда дарахтнинг ўзи қолмаса керак. Халқ қаҳратон қишда ўтин тополмай мевали дарахтини ҳам кесишга мажбур бўляпди. Сифатли кўмир, етказиб бериш муаммосини ёшуллилар ҳал қилмаса аҳвол чатоқ,-дея куйинади маҳалла аҳли.
Уларнинг дарду ҳасратини, муаммоларини эшитиши лозим бўлган раҳбарлар эса “Чўболончи”га боришга вақт топмайдилар. Ахир тўқайзорларнинг йўқ бўлиб кетиши, эртага экологияни,табиат мувозанатини бузилишига олиб келиши мумкинлиги билан ҳеч қайси мутасаддининг иши йўқ. Умуман олганда, Янгибозор тумани “Чўболончи” маҳалласида биз дуч келган баъзи ҳолатлар айрим раҳбарларда халқ билан мулоқот қилишга, уларни дардларини, тинглашга, давлат, маҳаллий ҳокимият томонидан қабул қилинаётган қонун ва қарор қарорларни оддий халққа тушунтиришга иштиёқ ҳам, истак ҳам, вақт ҳам йўқдай тасаввур уйғотади. Оддийгина мисол келтирамиз. “Янгибозоргаз” идорасидаги маъсуллар табиий газ етказиб берувчи қишлоқ чеккасидаги қувурларни демонтаж қилишни бошлайдилар. Бундан хабар топган маҳаллий аҳоли кесилган қувурларни газ идора вакилларига бу қувурларни кесиб олишни тўхтатишни талаб қилишади. Ушбу идора вакиллари, ёки бошқа мутасадди раҳбарлар эса ушбу қовурлар нима мақсадда демонтаж қилинаётганлигини сабабларини халққа тушунтириш ўрнига кесилган қувурларни ташлаб жуфтакни ростлаб қолишади. Демонтаж қилиш агар қонуний асосда бўлса, нима учун бу тўғридаги ҳужжат ҳеч кимга кўрсатилмади. Бунинг натижасида эса халқ орасида турли миш мишлар пайдо бўлган.
Шу ўринда савол туғилади, ўзи умуман газ қувурларини демонтаж қилиш шартмикан? Негаки кейинги пайтда Республикамизда табиий газ қазиб олиш ҳажми кўпаймоқда, балким ҳадемай вақтинча газ тармоғидан узилган ҳудудларга қайтадан газ таъминоти йўлга қўйилса, ҳаммасини қайтадан бошлагандан кўра бор нарсани асраб, керак пайтда қайта ишга тушириш осон бўлармиди? Бу оддий мулоҳаза ва алоҳида мавзу.

.

Дарё ёнида яшаб сувга зор бўлган “Чўболончи”ликлар

“Чўболончи” маҳалласининг бир томонидан “Қиличбек арна” канали ўтса, иккинчи томонидан Амударё ўтади. Шунга қарамай бу ерда ичимлик сув масаласи ҳам, деҳқончилик учун зарур сув масаласи ҳам катта муаммо. Қишлоқдан унча узоқ бўлмаган жойга сифатли ичимлик суви қувури келганига бир неча йил бўлди. Маҳаллага олиб келиш кераклигини, мутасадди ёшуллилир унутган бўлса ажабмас! Аҳоли ичишга яроқли сувни олиб келувчи машинада келишини интиқлик билан кутишга ўрганиб қолди. Деҳқончиликка яроқли сув эса аҳолини пулига ўрнатилган эски сув насос ёрдамида берилади. Шўринг қурғур бу насос ҳадеб бузилаверади, тузалдим деганда свет ўчади. Оқибатда маҳалла аҳли таморқасидан икки , уч марта ҳосил олиш у ёқда турсин, бир марта эккан нарсасини ҳосилини йиғиб олса хурсанд бўлишга мажбур. Чўболончиликлар Республикамизнинг, вилоятимизнинг бошқа ҳудудларидагидай таморқасидан икки уч марта ҳосил олиб мўмай даромад олиш учун тиним билмай ишлашга тайёр, лекин сув бўлмаса, ер сувга қонмаса, мўл ҳосил ҳақда, такрорий экин ҳақида фикр маҳалла аҳли учун фақат орзу бўлиб қолаверади. Бутун республикамизда таморқалардан самарали фойдаланишга катта эътибо берилиётган бир пайтда янгибозорлик мутасаддиларнинг бу масалага панжа орасидан қараши тушунарсиз ҳолат. Балким, улар “Чўболончи” маҳалласи туманнинг чекка ҳудудларидан ҳисоблангани учун бу ерга “тепадан” ҳеч ким келмайди, келганларни бир амаллаб кўзини шамғалат қилиб , Чўболончи қишлоғининг “Олтинкўл” маҳалласидан қайтарамиз, “шунда ёпиқ қозон ёпиқлигича қолар” деган мулоҳаза юритишар. Акс ҳолда туман раҳбарларидан бирортаси бу маҳаллада яшовчилар билан учрашиб, ҳолидан хабар олган бўлармиди. Афсус янгибозорлик раҳбарлари ҳамон фақат ҳисобот учун ишлашдан воз кечолмаган кўринади.

 

 

Ёшларимиздан ҳеч ким хабар олмайди.

Янгибозор туманидаги “Чўболончи” маҳалласида 654 хонадонда 3620 киши яшар экан. Улардан деярли 2000 нафари ишга яроқли аҳоли бўлиб, шундан деярли 1250 нафари 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил қилади. Аммо маҳалладаги битта умумтаълим мактаб, битта мактабгача таълим муассаси, битта қишлоқ врачлик пунктидан бошқа биронта ҳам имтимоий соҳа объекти йўқ. Кутубхона, спорт майдончаси ёки ёшларни бўш вақтларини мазмунли ва фойдали ўтказишга хизмат қилувчи бошқа масканларни бу маҳалла ёшлар фақат орзу қилишади халос. Маҳаллада бор йўҳи 20 та фермер хўжалиги, бармоқ билан санарли савдо объектлари, шунингдек 11 нафар пиллачилик бўйича касаначилар бор халос.
— Қишлоғимизда на ёшларимизни ишлаши ишхона бор, на касб ҳунар ўргатадиган марказ бор. Бўш вақтларини фойдали ўтказишлари учун керак шароитлар ҳақида гапирмасам ҳам бўлади. Оддийгина уяли алоқа ҳам маҳалламизда катта муаммо. Телефонда гаплашиш учун томга чиқиш керак. Шу боисдан ёшларимиз ўзга юртларга мардикорчиликка кетишга мажбурлар. Телевизорда Президентимиз катта умидлар билан ташкил қилган ёшлар иттифоқининг бошқа вилоятларда чекка ҳудудларда ёшларга яратиб бераётган шароитларини, уларга бераётган кўмакларини кўриб ҳавас қиламиз. Лекин бизни маҳаллага шу пайтгача на туман, на вилоят ёшлар иттифоқидан биров келиб, фарзандларимизни ишга жойлаштириш нарида турсин, бормисизлар деб келгани йўқ! Маҳалламизда ҳадемай ёшлар қолмаса деб қўрқаман. Мактабни тугатгандан маҳалламиздавн узоқроққа кетишга ҳаракат қиладилар. Уларни тушуниш мумкин, улар ишлаш, ўсиш, ўз қобилият ва салоҳиятларини намоён этиш учун шароит бор жойга интиладилар. Бизда эса ёшларимиз учун ҳеч қандай шароит йўқ! Бизга энди ҳар нарсага чидаймиз, аммо ҳеч бўлмаса ёшларимиз учун шароитлар яратилса, уларнинг ҳолидан ёшулллилар хабар олса деб ният қиламиз. –дея куйинади ўз қадри учунмас, ёшлар келажаги учун шу маҳаллада яшовчи Шукуржон опа.

Секторнинг янги раҳбари аҳволни ўзгартиришга аҳд қилган

“Чўболончи” маҳалласида ким билан учрашмайлик барчаси ўтган “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари” йили давомида ҳам бу йил ҳам на сектор раҳбари, туман ҳокими, уйма-уй юриш нарида турсин, маҳалла аҳли билан бирон марта бўлса ҳам учрашиб уларнинг дардини муаммоларини тинглащ учун келмаганини иддао қилди Гарчи маҳалла раиси уларни гапини инкор қилишга ҳаракат қилсада, фуқаролар мактаб ўқитувчиларидан бошқа ҳеч ким нима муаммо бор деб, уйма уй кирмаганини тасдиқлашдан чарчамади. Маҳалла аҳли билан суҳбатлар жараёнидан маълум бўлдики, бу қишлоқда сектор раҳбарлари ишни номигагина, ҳисобот учун ташкил қилган. Акс ҳолда уйма-уй кириш жараёнида аниқланган муаммоларни ҳал қилиш чораларини кўрган, қайси муаммо қайси тартибда, қайси муддатда ҳал қилинишидан хабардор қилишган бўларди. Наҳотки сектор раҳбарлари халқ билан учрашишга бир соат вақтларини ажратолмалар? Ушбу саволларимизга жавоб истаб, биз ушбу маҳалла жойлашган ҳудуд сектори раҳбари туман ички ишлар бўлими бошлиғи Жамолбек Пирёзовни изладик. Сектор раҳбарини биз қўшни “Олтинкўл” маҳалласида шахсан ўзи “уйма уй” юриб муаммоларни ўрганаётган пайтида учратдик. Мақсад ва муддаомизни тинглаб Жамолбек Пирёзов шундай изоҳ берди:

— Мени ИИБ раҳбарлигига тайинланганимга кўп бўлгани йўқ. Аммо эътирозларингиз ўринли, муаммоларимиз кўп. Бундан кейин биз “уйма-уй”кириб муаммоларни ўрганувчи ишчи гуруҳга айнан шу маҳаллаларда яшовчиларни маъсул қилиб тайинламаймиз, чунки улар батафсил маълумотларни йиғишга холисона ёндашмасдан, аниқроқ айтадиган бўлсак муаммони “уйдан” чиқармасликка интиладилар. Бу эса аслида ишимизга ҳалақит беради. Шу боисдан секторимизга қарашли ҳудуддаги муаммо ва камчиликларни ўрганиш учун шахсан ўзим ишчи гуруҳ билан ҳар бир маҳаллада бўлиб, аҳоли билан учрашмоқдаман. Режамизга кўра “Олтинкўл” маҳалласидан кейин “Чўболончи”га борамиз. Барча муаммоларни ўрганамиз ва ечимини топиш бўйича барча чора-тадбирларни амалга оширамиз. Мен маҳалла фаолларидан муаммоларни яширишга ҳаракат қилмай, биргаликда, фуқаролар билан ҳамжиҳатликда ечимни топиш устида ишлашимиз изланишимиз кераклигин уқдиряпман. Агар аҳоли ва биз ҳаммамиз бир ёқадан бош чиқарсак ҳал қилиб бўлмайдиган масаланинг ўзи йўқ. Фақат қарс икки қўлдан чиқишини унутмаслигимиз лозим!

Сектор раҳбарининг ишонч ва қаътият билан айтган гаплари бизга сал бўлсада таскин берди. Очиғи биз ҳали яқиндагина Янгибозор туман ички ишлар бўлими бошлиғи ловозими сифатида иш бошлаган 3 сектор раҳбари сектор фаолиятида тубдан ўзгариш ясаб, халқнинг давлатдан розилик туйғусини шакллантириш учун жон куйдириб ишлашга тайёрлигига ишондик. Бироқ сўз билан иш бирлигини қай даражада бўлишини вақт кўрсатади.

Секторнинг раҳбари янги бўлибди, аммо бу вазифада  аввал  ишлаган мутасадди бошқа туман ИИБ бошлиғи лавозимига  ўтганини эшитиб ажабландик. Ишқилиб у ерда халқ билан дардлашишга озгина вақт топа олсинда!

Янгибозор халқи, хусусан «Чўболончи »  маҳалласи аҳли асли меҳнаткаш халқ! Улар биз билан мулоқот чоғида моддий кўмак  илинжида мурожаат қилмагани, уларда боқимандачилик кайфиятининг йўқлигини исботидир. Улар маҳаллий ҳокимиятдан    маҳалладаги ижтимоий ва иқтисодий муаммоларни  ечимини топиш учун озгина эътибор беришларини истаяпдилар халос. Туман ҳокимидан , сектор  раҳбаридан  ва ёшлар иттифоқи туман кенгаши раисидан қоғозда эмас амалда иш талаб қилмоқдалар, ўзларининг йиғилиб қолган саволларига юзма юз кўришиб аниқ жавоб  олишни истайдилар халос!

Биз ушбу мавзуга албатта қайтамиз!

Давлатназар Рўзметов,
Болтабой Матқурбонов
журналистлар.   Хоразм вилояти

 

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *