Туман газеталари эскилик сарқитими?

 Ҳурматли ҳамкасбимиз  Аброр Машарипов хабар.уз сайтидаги мақоласида туман ҳокимликлари муассислигидаги газеталар матбуотга советча ёндашувнинг ёрқин мисоли сифатида баҳо беради. Муаллиф ушбу мақоласида туман газеталаридан воз кечишни таклиф қилади.  Муаллифнинг нуқтаи назарини ҳурмат қилган ҳолда бир қатор эътирозлар билдиришга жазм қилдим.

Аброржон, мен билган ва танийдиган жуда кўпчилик журналистлар учун туман газеталари дастлабки тажриба мактаби бўлган ва ишонаверинг бугунги кунда ҳам шундай бўлиб қолмоқда. Тўғри туман газетасининг муҳаррирининг иш берувчиси туман ҳокимлиги ҳисобланади. Шу боисдан ҳам у қайсидир маънода ҳокимга қарам бўлиши мумкин, аммо бу менимча бевосита муҳаррирнинг шахсига ва фуқоралик позициясига боғлик масала. Журналистнинг оғзини ҳеч ким ўзи истамаса «ёпа» олмайди. Журналистнинг ўзи қўрқоқ, журъатсиз бўлса, у маддоҳликни ўзига касб этиб, кимнидир кўзига «ёмон» кўринишдан  тийилади. Боғот туман газетасига  жуда кўплаб республикамизга таниқли журналистларни вояга етишига замин яратган Ражаббой ака Раззоқов  жуда кўп йиллар муҳаррирлик қилган. Бу устоз журналист туман ҳокимлари олдида «ҳокимлар келиб кетар, газетамиз доим бор бўлаверади» дея дангал гапирганларига кўп бора гувоҳ бўлганман. Демоқчиманки, туман газеталарининг ўз ўрнига эга бўлиши  газетанинг ижодий жамоасига боғлиқ. Айбни ўзгага (муассисга) тўнкаш нўноқ журналистларга одат. Шу боисдан фикримча,  туман газеталаридан воз кечиш масаласини эмас, балки уларни давр талабига жавоб берадиган, ўз ўқувчиларига эга бўлган ўз овози ва услубига эга нашрга айлантиришга қодир журналистлар қатламини шакллантириш мақсадга мувофиқ деб ўйлайман.

Зеро туман газеталари эскилик сарқити эмас, балки бўлғуси журналистлар учун дастлабки мактаб вазифасини ўтовчи, туман ҳаётини кенг кўламда ёритувчи  зиё тарқатувчи минбардир!

Давлатназар Рўзметов, журналист.

 

 

Туман газеталари нега керак?

Очиғи, шу саволга бирор жўяли жавоб топишни истайман. Кимдадир ана шундай жавоб бўлса, илтимос, баҳамлашсин.

Шахсан мен учун туман ҳокимликлари муассислигидаги газеталар матбуотга советча ёндашувнинг ёрқин мисолидан бошқа нарса эмас. Кўпгинасининг номидан ҳалиям совет даврининг нафаси келиб туради:

«… тонги»

«… байроғи»

«… садоси»

«… ҳақиқати»

«… ҳаёти».

Шу уч нуқтанинг ўрнига исталган туманнинг номини қўйишингиз мумкин, ҳеч нарса ўзгармайди. Кимдир шу газеталарга ўз ихтиёри билан обуна бўлса, ўша одамга раҳмим келиши аниқ: қаранг-а, ахборот олиш имконияти шунчалик чекланган эканки, азбаройи газета ўқиш учун туман газетасига обуна бўлибди!..

Келинг, дўппини бир четга қўйиб, мундоқ ўйлаб кўрайлик: туман газетасининг вазифаси нима ўзи? Яшанг, тўғри топдингиз — тумандаги воқеа-ҳодисаларни ёритиб бориш. Интернет замонида, қолаверса, маҳаллий телевидениелар ишлаб турар экан, туман газетаси ҳафтада бир марта чиқиши билан янгилик етказа олишига ишониш қийин. Ҳозир интернетнинг дастидан манаман деган марказий газеталарнинг ҳам тиражи тушиб кетяпти, туман газеталарини гапиришга ҳожат ҳам йўқ. Қолаверса, туманларда бирор муҳим янгилик бўлса, шундоқ ҳам ОАВдан олдин тарқаб кетган бўлади.

Хўп, унда туман газеталари туман ҳаётига оид таҳлилий материаллар тайёрласин дейлик. Баландпарвоз гапларга, мақтовларга тўла мақолалардан фойда йўқ, чунки ОАВда шунчалик кўп мақтов ишлатдикки, бу тахлит гапларга тўйиш тугул бўкиб ҳам қолдик. Унда бошқа бир йўли бор — танқидий мақолалар тайёрлаш. Айтайлик, ҳоким бува ғирт сўконғич, мажлисларда болахонадор қилиб, авра-астарини келтириб сўкишни яхши кўради. Ана энди тасаввур қилиб кўринг: «… садоси газетаси» ҳоким бувани сўкинишлари туфайли уриб чиқди. Бунақаси ҳатто тасаввурга ҳам сиғмаяпти, а? Газетага пулни ҳокимлик бериб турганидан кейин ҳоким бувага тил теккизиб бўларканми? Ана энди мана бу саволга жавоб беринг: туман газетаси ҳокимликнинг тарғибот-ташвиқотидан бошқа нимага яраяпти?.. Бюджет деганлари солиқлар ҳисобидан шаклланади деб ҳисобласак, сиз тўлаган солиқ эвазига туман ҳокимлиги ўзини сизга реклама қиляпти-да.

Эсиз қоғоз, эсиз пул.

Аброр Машарипов

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *