Тошмат аканинг “Бало севда” қиссаси

— Хмм, дадаси, оғзингиз қулоғингизда?! Худди данак топган тентакдек хурсандсиз?! Тинчликми?

— Нимасини айтасан хотин, “Зўр ТВ” каналидаги анави сериалинг бор-ку, “Қаро Севда”ми, “Бало Севда”миди, ўша?!

— Хўш??? Нима, Амир ўлибдими? Ёки Зайнаб туғибдими?

— Йўқ, нима десам экан…

— Ҳаа, балки, Камол уйлангандир?!

— Ээ, гапни бўлмасанг-чи! Хуллас, сериал эфирдан олинибди. “Зўр ТВ”да берилмас экан энди!

— Ия, вой, нимага? “Миллий ТВ”дан узатилар эканми энди?

— Йўқ, бутунлай “Капут” бўлибди

!- Нимаа??? Шунақасиям бўладими? Ҳе йўқ, бе йўқ туппа-тузук сераиални эфирдан олиб ташлаш қайси калласи каттанинг кичкинагина миясига келиб қолди экан?! Нега қиқирлаб кулаверасиз, дадаси?

— Ўзим, кулгим келди-да хотин…

— Менга қаранг, нега у сериал олиб ташланибди ўзи?

— Миллий менталитетимизга зид экан, хотин.

— Ҳаҳ, қуриб кетсин шу менталитетимиз ҳам, махалладаги Кинначи кампирдан ҳам инжиқ бу менталитетимиз! Ҳеч ким ва ҳеч нима билан келиша олмайди-да. Тунов куни махаллага чиқувдим, болалар пулини олишга. Қарасам, қорни катта, сочи йўқ бир одам…

— Сочининг бор ёки йўқ эканлигини айтишинг унчалик муҳим бўлмаса керак-а?

— Ээ ишқилиб, ўша кал одам маҳалла вакилларига алламбалолар деб ваъз ўқиётган экан. У ҳам айтаётганди, демократиянинг айрим принциплари менталитетимизга тўғри келмайди, деб. Ўшанда “ҳаҳ, ўлсин менталитет дегани”, деб қўя қолган эдим. Ўзи, дадаси, Менталитет ким? Шунчалар катта одаммики, ҳаммамиз у билан ҳисоблашишга мажбурмиз? Ўзбекка ҳам ўхшамайди аломат исмига қараганда-а?

— Эҳ хотииин, нималар деяпсан! Бу гапингни болалар ёки қўни-қўшни эшитиб қолса ким деган одам бўламиз?! Наҳотки йигирма биринчи асрда яшаб менталитет нималигини билмасанг? Эҳ, калтафаҳм хотин-а?!

— Ээ, ҳадеб калтафаҳм деявермасдан айтинг-да унда, унинг кимлигини! Мен қаёқдан билибман у Менталитетбек ёки Менталитетхоннинг ким эканлигини?! Ҳўш ким у?

— У одам эмас, галварс! Менталитет деганда, айрим киши ёки ижтимоий гуруҳга хос ақлий қобилият даражаси, маънавий салоҳият тушунилади, хотин.

— Нима-нима? Нималар дедингиз ҳозир? Секинроқ гапиринг, ҳеч вақога тушунмадим.

— Менталитет дегандаааа, ааайрим кишиии ёки ижтимоииий гуруҳга хос ақлий қобилият даражасииии, маънавий салоҳият тушунилади, дедим!

— Барибир тушунмадим… Хуллас, у одам эмас экан-да?! Ҳа-амма телевизорга чиқиб олиб ҳам, радиода ҳам, газета-журналларда ҳам менталитетимизга тўғри келмайди, деяверганига, у менталитет ўлгур бирорта каттароқ раҳбар одам шекилли, деб ўйлабман-да. Хўш, менталитетимизга сериалимнинг нимаси тўғри келмабди?

— Қўй хотин, гапирганим билан барибир тушунмайсан…

— Дооим шунақа дейсиз, бирор гапни бошлайсизда, билмасам, тушунтириш ўрнига тушунмайсан барибир, деб осонгина қутилиб қоласиз. Ўтган йиллари, ҳа деса, Цензура деб куйдирар эдингиз. Ўшанда ҳам “ким у Цензура?” десам жавоб беришдан қочар эдингиз. Яна нимага куляпсиз? Энди тушуняпман, ўша Цензура ўлгур сизни ўйнашингиз шекилли, ҳали ҳаммасини тагига етаман. Мендан кўра ёш ва келишганроқдир-а? Ҳозир кулиб туринг, мен бу қинғирликларингизни тагига етганимдан кейин кўрасиз, менинг кулишимни! Цензура, Цензура?! Бирорта ўрис блондинкалардан шекилли-а?! Исми ўзгача?!

— Цензурани кимлигини билмоқчимисан, хотин?

— Ҳа айтинг, мард бўлиб.

— Гуугл амакидан сўра ўша билади Цензура кимлигини, вуҳаҳаҳа!

— Уфффф .. Сиз яна мени устимдан куляпсизми? Ким у Гугл амаки? Икки соатдан бери мени аҳмоқ қилиб кулавериб, кал бошингиз ҳам қизариб кетди. Ия, соат нечи бўлди?! “Миллий ТВ”га олинг “Кўсем” сериали бошланди!

*****
Махалладаги пистачи хотинларнинг айтишича, Тошмат аканинг хотини аламига чидай олмай, Цензурахонни фош қилишга қаттиқ киришиб, кутилмаганда Зайнабни фош қилиб қўйганмиш. Зайнаб билан Тошмат ака синфдош бўлишган экан. Узуқ-юлуқ гапларга қараганда, Тошмат ака аламзада хотини томонидан болаларини кўриш ҳуқуқидан маҳрум қилинганмиш.

Ўшандан сўнг Тошмат ака цензуранинг ҳам, менталилетнинг ҳам нима эканлигини хотинига бафуржа тушунтириб берибдию, аммо “ўзбек менталитети” нима эканлигинию, қайси кўрсатув ё сериал, қайси актёр, актриса ё қўшиқчининг унга (“менталитет”га) тўғри келишини, қайсиси эса тўғри келмаслигини тушунтириб беролмабди…

Ривожиддин Абдумаликов

8 комментариев

  1. Бу гийбатчиларгаям хайронман. Энди келгуси 1 ой шу сериални олиб ташланганини чайнайди. Лекин бозорга бориб, дискини сотиб олиб, уйида оилавий куришда давом этади. Кимдир шу темани кутариши билан чайнайверади-чайнайверади. Нима? Кийинмиди шу сериал бошланган вактда шартта телевизор пультини олиб, «учир бу бузук сериални» деб, канали билан учириб ташлай олмасмиди? Нимага айта олмайди ZOR TV ва бошка бир иккита каналлар «БАЧКАНАЧИЛИК, МАКТАНЧОКЛИК, САВИЯСИ УМУМАН ЙУК» каналлар деб!!! Буларга кимдир мавзуни очиб бериши керак, булар чайналиши керак. Халиям «камчиким туйлар» мавзуси анча пасайиб колди

  2. Хиндча сериал хам боракану ушаниям опташаш кере узи. Мактабга борсен укитувчи у ёкда турсин укувчиларам сериални мухокама килишади.

  3. Ахолини ишга ярокли 70 фоизи чет элда булса. Уйга бир йил деганда бир марта келса. Мана шу четдагиларни менталитетини ким уйлайди? Нима учун Россия ва Кореяга кетаётганларни такдири тугрисида спектакл ва кинолар ишланмайди? Качонгача реалликдан кочасизлар, хурматли Маънавият пешволари?! Ахир четга чикиб кетганлар узлари билан минг хил менталитет олиб келадику Узбекистонга. Нима учун кинолар менталитетни бузади деб жар соласизлару, аммо четга чикиб онги ва дунёкараши умуман узгариб кетаётган тугрисида биров мик этмайди? Чет эл киноларини куймасдан менталитетни тугирласа буладими? Унда кани менталитемизга мос Узбек кинолари? Курсен кунглинг айнийди, узбекфилмни киноларини! Гиж-гиж менталитет! Актерлар ролини тошканни шевасида бошланиб, анжандикида тугатади. Чет эл киноларига нима учун хамма кизикади? Чунки уларда сенарий кучли! Сюжетлар реаллика якин ишланади… Актерлар шундай махорат билан уйнашадики, телевизордан кузини узмай киледигон ишлариниям унутиб куясан керак булса. Биздачи, биздачи? Бизда куйилаётган киноларни сенарийси хаммаси бир колипда. Бир биридан андоза олади. Хожибой рахматли айтмокчи сафсатаген! Янгилик йук киноларда. Актерларниям бир карасез осмондаги юлдузни ургандек битта кинодан кейин юриш туришлари узгариб колади. Кошки уни уйнаган киносини биров курса. Агар мажбурлаб ёки бирор манфаат асосида таргиб килмаса бугунги Узбекфилмни кинолари бир тийинга киммат!!! Бюджетни пулини кукка совуришни талантлари буладилар жаноби ясама никобли узбек кино ижодкорлари.
    Нима учун Абдулла Кодирий ва Чулпонни хаёти ва ижоди тугрисида кино олинмайди? Нима учун Амир Темур, Мирзо Улугбек, Ибн Синолар хакида дунёни ларзага соладиган сериаллар ишланмайди? Ахир бу инсонлар узларини дунёкарашлари билан дунёни ривожланишига буюк хисса кушганлар ку? Мана каерда «йиглаб» ётибди Узбегимнинг огир огир нафас олаётган бечора ва уз юртидаги угай маънавияти!
    Сафсата сотиб кун кечиради бугунги Маънавият ва менталитет таргиботчилари! Амалда хеч нарса узгармайди. Чунки биринчи уринда уларни узи карши одамларни дунёкарашини узгаришига. Уларни вазифаси битта! У хам булса кандай булмасин халкни кузини буяш.
    Зур сенаристлар анкони уруги буп кетган. Куплари Россияда ишлаб юришибди. Чунки у ерда ижодий эркинлик бор. Шароф Бошбеков ёзган «Темир хотин»дан кейин бирорта халкни хакикий дардини курсата оладиган на спектакл на да филм олинди. Аммо унвонлар уз урнида кечиктирилмай берилди! Телевиденияда чикиб лотерея уйнатгангаям хизмат курсатган берилди! Улган Узбек маънавиятни кумишга мана энди турк сериаллари келибди! Агар кино санъатини хакикий миллат фидокорлари уз кулига олмас эканлар, «Аросат гоя»ларда тарбия топган авлоддан (инкубацияда очилган жужадек) фаросатсиз дидсиз мияси минг хил олди кочди улдим кетдим билан лик тулган одамлар етишиб чикадилар.
    Эссиз, маънавият, эссиз уни тиклаш учун кетган давлатнинг пуллари!

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *