Тошкент шаҳридаги Инҳа университетига кириш имтиҳонлари бўлиб ўтди

20-21 июль кунлари Тошкент шаҳридаги Инҳа университети(IUT)га 2017-2018 ўқув йили учун кириш имтиҳонлари бўлиб ўтди, деб хабар қилди университет ахборот хизмати. Мазкур имтиҳонларда 1,4 минг нафарга яқин абитуриентлар иштирок этишди.

Ёшларга қулайлик яратиш мақсадида Тошкент шаҳридаги Инҳа университети абитуриентлардан ҳужжат қабул қилишнинг янги онлайн тизимини ишлаб чиқди. Мазкур тизим вилоятлардаги абитуриентларга Тошкентга келиб ўтирмасдан, ҳужжат топшириш имконини яратди. Бундан ташқари абитуриентлар СМС-хабарнома орқали қабул жараёнидаги барча янгиликлардан бохабар бўлиб туришди.

Мазкур вақт оралиғида IUTга 2490 нафар абитуриентлар онлайн рўйхатдан ўтиб, улардан фақат 1358 нафаригина барча талабларга тўлиқ жавоб беришди. Абитуриентларнинг 920 нафари «Компьютер ва дастурий инжиниринг» йўналиши бўйича ўқиш истагини билдиришган бўлса, 438 нафари «Логистика» йўналишини танлашди.

2017-2018 ўқув йилида IUT 400 нафар талабани қабул қилишни режалаштирган бўлиб, уларнинг 300 нафари «Компьютер ва дастурий инжиниринг» йўналишига ҳамда 100 нафари «Логистика» йўналишига қабул қилинади.

Бунда яна шуни қайд этамизки, ҳозирнинг ўзида 42 нафар абитуриентлар 2017 йилнинг 20 июнь куни бўлиб ўтган IUT нинг Тайёрлов курслари якуний имтиҳонлари натижасига кўра Тошкент шаҳридаги Инҳа университетининг талабаларига айланишди. Уларнинг 34 нафари «Компьютер ва дастурий инжиниринг» йўналишига ҳамда 8 нафари «Логистика» йўналишига қабул қилинди. Шунингдек, улар грант ўринларини эгаллаш учун кириш имтиҳонларида иштирок этиш ҳуқуқига ҳам эга эдилар.

Ўтган йили ҳужжат топширган абитуриентларнинг умумий сони 1,43 минг нафарни ташкил этган бўлиб, талабалар учун ажратилган квота 330 та эди.

IUTга кириш имтиҳонлари Тошкентдаги «Ўзкўргазмасавдо» АЖ биносида бўлиб ўтди. Барча имтиҳон саволлари Корея Республикасидаги Инҳа университети профессорлари томонидан тайёрланган бўлиб, саволномалар Корея Республикасидан ёпиқ конвертларда келтирилди ҳамда бевосита имтиҳон олинаётган залда кореялик экспертлар томонидан очилди ва абитуриентларга тарқатилди.

Кириш имтиҳонларини ўтказиш жараёнини оптималлаштириш мақсадида Тошкент шаҳридаги Инҳа университети кириш имтиҳонларига OMR Card System (оптик белгиларни таниш) тизимини жорий этди. Ушбу тизимдан илк бор 2017-2018 ўқув йили кириш имтиҳонларида фойдаланилди. Мазкур тизим имтиҳон варақаларини баҳолаш жараёнининг самарадорлигини ва шаффофлигини ошириш мақсадида жорий этилди.

Имтиҳонлар якунланиши билан абитуриентларнинг жавоблари ўрин олган барча саволномаларни кореялар мутахассислар йиғиб олишди ва баҳолаш учун ўзлари билан Корея Республикасига олиб кетишади. Имтиҳон натижалари 2017 йилнинг 9 август куни эълон қилинади.

Шунингдек, хоҳлаганлар IUT кириш имтиҳонларини live.inha.uz саҳифаси орқали кузатиш имкониятига эга бўлишди. Шунингдек, IUTнинг “Facebook” ижтимоий тармоғидаги https://www.facebook.com/inha.uz расмий саҳифаси орқали кириш имтиҳонларининг видео-стриминги ташкил этилди.

Бу йил кириш имтиҳонлари жараёнларини бевосита кузатишлари учун оммавий ахборот воситалари вакиллари таклиф этилди ва улар учун тўлиқ имконият яратилди. Бу эса ўтказилаётган имтиҳонларнинг шаффофлиги ҳамда очиқлигини оммавий ахборот воситалари вакиллари томонидан намойиш этилишига хизмат қилди.

Биринчи изоҳ

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *