Тошкент пропискаси қарийб 400 миллион сўмга баҳоланди

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 19 июлдаги қарори билан вилоятликлар, хорижликлар ва фуқаролиги бўлмаганлар учун Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида кўчмас мулкларни сотиш олиш шартлари белгилаб олинди. Бу ҳақда Norma.uz хабар қилди.

Ушбу шахслар фақатгина қурилганига уч йил тўлмаган уйларни харид қилиш ҳуқуқига эга бўлиб, турар жойларнинг энг кам нархи ва тўловларни амалга ошириш шартлари аниқ белгиланди.

Шундай қилиб, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий пропискаси бўлмаган Ўзбекистон фуқаролари энг кам ойлик иш ҳақининг 2500 баравари миқдорида нархланган уйларни харид қилиш ҳуқуқига эга бўлди. Улар бу пулни банк ҳисоб рақамига ўтказиб беришлари лозим. 2017 йил 25 июль ҳолатига кўра бу сумма 374 миллион 437 минг 500 сўмни ташкил этади. Шу билан биргаликда шартномада кўрсатилган сумманинг 5 фоизи миқдорида нотариал тасдиқлаш учун давлат божи белгиланган. Бу эса энг арзон уй 374437500 сўмнинг 5 фоизи, яъни 18 млн 721 минг 875 сўм демакдир. Шундай қилиб, Тошкентда уй ва прописка олмоқчи бўлган вилоятликлар жами бўлиб 393 млн 159 минг 375 сўм тўлашларига тўғри келади.

Чет элликлар ёки фуқаролиги бўлмаган шахслар эса шартнома имзоланган муддатда Ўзбекистон Марказий банки курси бўйича энг камида 150 минг доллар қийматдаги уйни хорижий валютани Ўзбекистоннинг ваколатли банки орқаkи сотишдан олинган миллий валютада сотиб олиши мумкин. Улар нотариал тасдиқлаш учун шартнома суммасининг 10 фоизи миқдорида қўшимча тўловни амалга ошириши лозим. Бу эса Тошкентдаги прописка чет элликлар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга камида 165 минг долларга тушишини англатади. Янги қурилган кўчмас мулкларни сотиб олиш ҳуқуқи туман (шаҳар) ҳокими қарори асосида юзага келади.

Ушбу харид қилинган уйлар уч йил муддатда сотилса, савдо-сотиқ, алмаштириш ва совға қилиш шартномаларини нотариал тасдиқлаш учун давлат божи ЭКОИҲнинг 400 баравари миқдорида бўлади.

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *