Тил ҳақида: байрамдан аввал ва кейинги фикрлар

21 октябрь – ўз тилига давлат тили мақоми берилганининг 30 йиллиги арафасида ўзбек тилининг бугунги аҳволи ҳақидаги айрим фикрларимни ва таклифларимни ўртоқлашгандим. Тасодифни қарангки, байрам куни имзоланган Президент Фармони ва давлат раҳбарининг байрам муносабати билан сўзлаган нутқида мақоламда кўтарилган кўплаб масалалар тилга олинди.

Хусусан, президент ўз нутқида ўзбек тилида сўзлашувчилар сонининг дунё миқёсида 50 миллион кишига яқинлашиб қолганини (мен 60 миллиондан ошиқ деб ёзгандим) тилга олинди. Буни Ўзбекистоннинг бошқа давлатларда яшаётган ўзбекларни тан олиши, ўзига алоқадор деб билиши томон ташланган қадам деб қабул қилиш мумкин. Фармонда эса «хорижда истиқомат қилувчи ватандошлар ва ўзбек тилини ўрганиш истагида бўлган чет эл фуқаролари учун ўзбек тили дарсликлари ва электрон дастурларни ишлаб чиқиш ва уларни кенг миқёсда тарқатиш, ўзбек тилини ўргатиш бўйича махсус курсларни ташкил этиш» топширилди.

Хуллас, 21 октбярдаги нутқ ва фармонни тарихий ҳодисалар сифатида қабул қилиш мумкин. Аммо менда бир савол туғилмоқда: уларда тилга олинган режалар, топшириқлар ижроси билан ким шуғулланади? Яна ўша шу пайтгача деярли ҳеч нарса қилмаган тилшунос олимлар, ўзбек тилини «ўлимга» ҳукм қилган мутасадди амалдорларми? Ишлашни истамаганлар, ўзгаришларни хоҳламаганлар, тинчи бузилишини ёқтирмайдиганлар, масъулиятни зиммасига юклашдан қочадиганлар, етти эмас, етмиш минг марта ўлчаб, каттаси айтган жойдан кесадиганларга яна ишонч билдириладими? Менимча, бу масалада илмий тадқиқот институтлари, олий таълим муассасалари, нодавлат нотижорат ташкилотлар, шахсий ташаббускорларга бирдек имкон яратиб, улар томонидан илгари суриладиган лойиҳалар ҳар томонлама қўллаб-қувватланиши керак. Яъни, масалан, истаган номзод ўзбек тили дарслиги ва уни ўқитиш дастури лойиҳаларини тақдим этсин. Бунда тилшунос эмассан, сенинг бунга ваколатинг, ҳақ-ҳуқуқинг йўқ, деб кўксидан итарилмаслиги керак. Кўчадан келган оддий одам ҳам энг мукаммал лойиҳани таклиф этиши мумкин – жаҳонга машҳур Оксфорд луғатининг дунёга келиш тарихини эсланг!

Барча номзодларнинг лойиҳалари диққат билан ўрганилиб, педагогик, методик ва техник жиҳатдан минимал мезон ва талабларга жавоб берса, бир вақтнинг ўзида уларнинг барчасига амалиётга жорий этилиши учун рухсат берилиши керак. ЎзМУ, Ўзбек тили ва адабиёти университети, ЎзДЖТУ, ФарДУ, СамДУ, ГулДУ, Тил ва адабиёт институти ваҳоказо. Уларнинг ҳар бири аллақачон ўзининг мукаммал ўзбек тили дарсликларига эга бўлиши керак эди. Аммо бу борада пичоққа илинадиган бирор иш қилинганини эшитмаганман (ҳар ўлим ҳолда бир неча йил корейсларга ўзбек тилини ўргатиб, дасрлик ва қўлланмалар борасида қанчалик ортда қолганимизга гувоҳ бўлганман).

Бугунги ҳолатимизда ўзбек тили дарсликларининг мазмуни ва сифати минимал талабларга жавоб бериши етарли. Агарда бу борада рақобат кучайиб, ҳақиқий бозор механизмлари кириб келса, вазият қисқа вақт ичида ўзгаради. Қолаверса ҳақиқий баҳони истеъмолчилар – ўқувчи ва ўрганувчилар беради. Шунга кўра дарсликлар ҳар бир нашрда такомиллаштирилиб, бойитилади, замон талабларига мослашиб бораверади.

Давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши масаласига келсак, Президент фармонида бу борада аниқ кўрсатмалар берилган. Айниқса жамоатчилик назоратининг самарали шаклларини жорий этиш бўйича топшириқ жуда муҳим. Бироқ бу борада ҳам қонунларга риоя қилмаган мутасаддиларнинг фармон ижросини таъминлашларига ишончсизлик бор. Демакки, тил борасидаги қонун ҳужжатларига риоя этилмаслик учун жазо чораларини муқаррар қилиш ва уларни кучайтириш керак. Барча соҳада бўлгани каби қонунни буздими – жавоб берсин, жазосини олсин!

Санжар Саид

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Этот сайт использует Akismet для борьбы со спамом. Узнайте как обрабатываются ваши данные комментариев.