Телефонингиз иккита сим-карталими? Унда буни ўқинг. Кейин айтмадилар деманг.

5 993 views

Ўзбекистонда телефонлар IMEI рақамини рўйхатдан ўтказиш бўйича энг оддий шарҳ

Телефон сотиб олаётганингизда унинг IMEI коди рўйхатдан ўтганини албатта текширинг.

Агар янги телефон олган бўлсангиз, 2019 йил 1 ноябргача унга бир марта сим карта солиб, ишлатсангиз, у автоматик тарзда регистрация қилинади. Бунинг учун сиздан ҳеч нарса талаб қилинмайди.

2019 йил 1 ноябрдан IMEI кодини рўйхатдан ўтказиш автомат бўлмайди, регистрация SMS/USSD сўровлар, UZIMEI тизими оператори ва бошқа усуллар орқали амалга оширилади. 2019 йил 1 декабргача бу амалиёт бепул бўлади.

Демак янги телефон олсангиз, 2019 йил 1 декабргача IMEI кодини рўйхатдан ўтказиш бепул.

2019 йил 1 декабрдан эса IMEI коди рўйхатдан ўтказиш пулли бўлади. Битта IMEI кодини регистрация қилиш учун жисмоний шахслар бугунги кун ҳисоби билан 44600 сўм тўлайди.

2019 йил 1 декабридан, агар телефонингиз IMEI коди рўйхатдан ўтмаган бўлса, у 30 кундан сўнг ишламай қолади. Агар 30 кун давомида регистрация қилмасангиз, 44600 эмас, 55750 сўм тўлашга тўғри келади.

Дарвоқе, 1 ноябрдан сўнг ишлаб чиқарувчиси номаълум, IMEI коди тўғри бўлмаган арзон Хитой телефонлари ишламай қолади. Уларни 1 ноябрга қадар бир ишлатиб автоматик рўйхатдан ўтказса бўлади. Шунингдек, 1 ноябрдан сўнг аввал ишлатилган телефонларни сотиб олишда ҳам эҳтиёт бўлган зарур. Аввало, IMEI кодини текшириб олинг. Шунингдек, аввал ишлатган одам телефон билан боғлиқ бирон “ишкал”га аралашган бўлса, сизга ҳам зарар етиши мумкин.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги мулозимининг айтишича, IMEI маълумотини рўйхатдан ўтказиш ва UZIMEI лойиҳасини жорий этиш орқали мобил қурилмаларни ўғирлаш ва ноқонуний фойдаланишнинг олди олинади. GSMA халқаро стандартларига жавоб бермайдиган ва инсон саломатлигига зарар етказадиган сифатсиз мобил қурилмаларнинг сотуви чекланади. Шунингдек, ички бозорни сохта мобил қурилмаларни олиб кириш ва сотишдан ҳимоя қилинади.

Агар бу тизим тўлиқ амалга оширилса, Ўзбекистонда телефон қурилмалари нархи ошади. Чунки, бу ҳолатда фақатгина қонуний равишда олиб кирилган қурилмалар рўйхатга олинади. Бунда божхона ва солиқ харажатлари, шунингдек IMEI учун тўланган миқдор ҳам телефон нархига қўшилади. Кейинчалик соғлом рақобат муҳити шаклланиб, энг катта телефон компанияларининг расмий ваколатхона ва дўконлари, хизмат марказлари очилса, нархлар тушиши мумкин.

— Телефоним IMEI рақамини қандай билсам бўлади?

— IMEI рақамини билиш учун телефонингиз орқали *#06# буйруғини теринг.

— Ўзбекистонда мобил телефонлар кўп ўғирланадими?

— Ички ишлар вазири ўринбосарининг ҳисоботига кўра, охирги уч йилда Ўзбекистонда содир этилган ўғрилик жиноятларининг ҳар учинчиси мобил телефон билан боғлиқдир.

— Ўғирланган ёки йўқотилган, “қора рўйхатга” тушган телефонни сотиб олса, ишлатса нима бўлади?

— Телефонга сим карта қўйганидан кейин алоқа оператори томонидан бу телефон ўғирланган ёки йўқотилганлар рўйхатида экани, қурилмани ички ишлар бўлимига топшириш кераклиги ҳақида СМС хабар келади.

— Ўзбекистонда “қора рўйхат”га киритилган телефонни бошқа давлатларда фойдаланса бўладими?

— Ўзбекистонда “қора рўйхат”га киритилган қурилмалар GSMA халқаро ташкилоти базасига киритилади. GSMAга аъзо бўлган 40 дан ортиқ давлатда бу телефон ишламайди. Шунингдек, бошқа давлатда “қора рўйхат”га тушган қурилмалар ҳам Ўзбекистонда ишламайди.

— Смарт соат, компьютер, ноутбук, автомобилни бошқариш қурилмалари ҳам пулли равишда рўйхатдан ўтказиладими?

— 1 декабрдан фақатгина телефон, смарфон ва планшетлар пулли асосда рўйхатдан ўтказилади.

— Агар телефонда иккита ёки кўпроқ сим карта слоти бўлса, ҳар бири алоҳида регистрация қилинадими?

— Ҳа, телефон қурилмаларида ҳар бир слот учун алоҳида IMEI рақами бириктирилади. Агар иккинчи ёки учинчи слотдан ҳам фойдалансангиз, уни ҳам рўйхатдан ўтказишга тўғри келади.

️ Давронбек Тожиалиев

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Этот сайт использует Akismet для борьбы со спамом. Узнайте как обрабатываются ваши данные комментариев.